Вилоятимизнинг меъморий обидалари

Иш вақти

   
Ҳар куни 08:00 дан - 17:00 гача
   

 ХЎЖАМНИНГ  МАҚБАРАСИ

Наманган шаҳрида сақланиб қолган ноёб ёдгорликлар қаторида Кўзагарлик кўчасидаги «Хожамнинг қабри» мақбарасидир. Ушбу мақбара хақида И.Е.Плетновнинг 1968 йилги «Ўзбекистон» нашриётида «Хўжа Амин қабри» номи билан чоп этилган рисоласи бор. Унда мақбарани «Хожа Амин қабри» деб нотўғри талқин қилинади ва мақбара қурилишига оид деярли хеч қандай маълумот берилмайди, асосан мақбарага таъриф бериш билан кифояланилади.

Шарқ меъморлари қадимдан биноларни безашда араб ёзувларидан фойдаланишган. Жумладан, «Хўжамнинг қабри» мақбарасининг ташқари ва ичкари қисмлари хам араб ёзуви хати кўфий, хати райхоний, хати насталиқ турлари билан жимжимадор қилиб безатилган. Айниқса, меъмор ўз диққат - эътиборини мақбаранинг ички деворларига хамда халқа каби айлантириб ёзилган оятларга берган. Мазкур ёзувлар орасида ёдгорликнинг қурилиш тарихига оид бўлган кўп жойлари тушиб кетган, бироқ бинони қурган устанинг номи сақланиб қолган.

Мақбарага кираверишдаги ўймакор эшик устига ва мақбара ичидаги гўрхонага чиқиш эшиги устида «Амалии уста Мухаммад Иброхим ибн Абдурахим», яъни Абдурахим ўғли уста Мухаммад Иброхим ишлади, деб ёзиб қўйилган. Уста Мухаммад Иброхим мақбаранинг шарқ томонидаги эшик устига 

                            Хат давр варақи дахр бинобад сад сол,

                            Бечора нависанда ки дар хок равад, 

         Яъни, «Бу ёзилган хатлар олам сахифасида юз йиллар қолади, бечора ёзувчи эса тупроқ бўлиб кетади», деган сўзларни ёзиб қолдирган. 

         Мақбаранинг ғарб томонидаги хўжалар, қабристони эшиги устига турли диний сўзлар ёзилган. Мақбарадаги мавжуд ёзувлар уста Мухаммад Иброхимнинг мохир хаттот эканлигини хам тасдиқлайди. Уста махаллий меъморчилик мактаби анъаналарининг ўз даври даражасидан бирмунча юқори турадиган нодир монументал, меъморчилигининг намунасини яратишга муваффақ бўлган.

 

 

 МАВЛАВИЙ НАМАНГОНИЙ МАҚБАРАСИ

Бу ёдгорлик Наманган шаҳрининг шимолий шарқий қисмида, шимолий Фарғона каналининг қирғоғида қад ростлаган бу махобатли мақбара биноси XVII асрнинг иккинчи ярмида яшаган машхур шоир ва олим Мавлавий Муллахўжа хотирасига бағишлаб қурилган. Мавлавий ўзи ким бўлган ва бу хақида қандай маълумотлар бор?

         Бу хақида дастлабки маълумотлар Мухаммад Азиз Намангоний ёзган ва шахсий кутубхонасида сақланаётган «Мажзуби Намангоний» номли қўлёзма девонида хамда марғилонлик котиб Усмонхўжа бинни Мухаммад Алихўжаев Марғилоний китобат қилган Фарғона водийсининг фозил кишилари хақида маълумот берувчи «Рисоилул фузало» номли асарда учрайди.

         Ўрта Осиё меъморчилиги бўйича кўзга кўринган олим,  тадқиқотчи Л.Ю.Маньковская ёзганидек «Мавлон бува» мақбараси ривоятларга кўра XVI асрда қурилган. Архитектура услуби буни рад этмайди, аммо гумбазнинг қурилиш усули эса шакл жихатидан XVIII асрга хосдир. Бу обида XIX аср бошларида, аниқроғи 1806 йилда қурилган. Кириш пештоқида «хижрий 1221 йил» деб ёзилган сана сақланиб қолган. Тадқиқотчи И.Азимов ўзининг «Фарғона водийсининг архетектура ёдгорликлари» рисола - йўл кўрсаткичида ушбу сана обиданинг қурилган санаси деб қайд этиб ўтган. Наманган Давлат Университети доценти, тарихчи олим, мархум Й. Қосимов ўзининг «Наманган тарихидан лавхалар» китобчасида бу сананинг обидани таъмирланиш санаси эканлигини эътироф этиб ўтади. Мавлавий Намангоний мақбарасининг қурилиш тарихи хақида ёзма манбалар йўқ. Бироқ мақбаранинг биринчи таъмиридан бошлаб хозиргача олиб борилган меъморчилик ишлари ва наққошлар хақида айрим маълумотлар бор. Чунончи, Наманганлик мархум шоир Мулла Отахон Нисорий (1975 йилда вафот этган) томонидан мақбара ичкарисидаги деворларга берилган ёзувлардир.

 

 

МУЛЛА  ҚИРҒИЗ МАДРАСАСИ 

Наманган шаҳрига ажойиб хусн бериб турган архетектура ёдгорликларидан яна бири қурилиши 1910 йилда бошланиб, 1912 йилда тугалланган Мулла Қирғиз мадрасасидир. Нихоятда қисқа фурсатларда қуриб битказилган бу ноёб иншоот 41 хужра ва 3 та гумбаздан иборат. Мадраса асосан пишиқ ғиштдан арк услубида қурилган. Бу эса қадимий Ўрта Осиё меъморчилик анъаналарига мос тушади. У ғишт териш услуби, беш бурчак шаклида ишланганлиги билан ажралиб туради хамда бино пештоқидаги кошинкорларнинг нафислиги билан кишини мафтун этади. Ёдгорликнинг бош фасади икки қаватли қилиб қурилган. Ховлига кирилгач, ўнг томонида гумбазли дарсхона хамда масжид жойлашган. Пештоқ равоғи ичига эса: «Забаржат току зар олтин бирла бу хат ёзилмишдир. Карам ахлининг эхсонидан, ўзга қолмагай боқий», яъни «Хар ким ўзи кетса хам, унинг эхсони абадий қолади». Унинг ёнига эса: «Боқий Мулла Қирғиз ибн Машраббой тижорий. Уста Мулла Қирғиз ибн Иброхимбой меъмори» яъни Мулла Қирғиз Машраббой савдогар ўғли. Уста Мулла Қирғиз Иброхимбой меъморнинг ўғли» деб, мадрасани қурдирган одамнинг номи хамда меъмори қайд этилган.

Пештоқ юзаси хамда унинг ичига ганчсиз қилиб терилган сиркорлик усули қўлланилган бўлиб, у Фарғона водийси ёдгорликларига хос бўлган оқ, зангори, хаворанг, сариқ, кўк ва оч кўк рангдаги кошинларни ташкил этади. 

Мулла Қирғиз мадрасасининг ўта нафис дид, хамда зўр махорат билан миллий меъморчилик услубида қурилганлиги, унинг анъанавийлиги билан эмас, балки бино ўрни, табиий шароитига қараб лойихаланиши, тарихийечимининг ўзига хослиги билан диққатга сазоворлиги меъморнинг юксак махорат эгаси эканлигидан далолат беради.

 

 

 МУЛЛА БОЗОР ОХУНД МАЖМУАСИ

Мулла Бозор Охунд ёдгорлиги мажмуаси Наманган шаҳрининг Курашхона дахасидаги Охунбобоев кўчасида жойлашган. Мажмуа шоир Боборахим Машрабнинг устози, XVII асрнинг йирик мутасаввифларидан бири олим Хожа Убайдуллох ибн султон Мухаммад Бобур Қорахон Мулла Бозор Охунд номи ва яшаган жойи билан боғлиқ. 

         Мулла Бозор Охунд XVIIасрнинг биринчи ярмида дунёга келган. Илмга ташналик уни Туркистоннинг илму фан маркази бўлмиш Бухорога олиб келган. Узоқ йиллар мадрасада ўқиш билан бирга, донишманд олим Мирзо Баходир Бухорийдан таълим олиб, у зотдан иршод хати, яъни пирнинг ёрлиғини олгач, Бухородан чиқиб, Ўрта ва Яқин шарқ мамлакатларига саёхат қилган. Қашқарнинг Хўтан, Ёркент ва бошқа шаҳарларида бўлган. Мулла Бозор Охунд фикх, хадис, фароиз, жуғрофия, илмий хисоб, тарих, адабиёт, тасаввуф ва бошқа илмларни мукаммал эгаллаган йирик олим эди. 

Мақбара ўзига хос усулда қурилган ёдгорлик хисобланади. Мақбара ичидаги Мулла Бозор Охунднинг рамзий қабрига «Хожа Убайдуллох ибн Султон Мухаммад Бобур Қорахон Мулла Бозор Охунд 1079 йилда вафот этган (мелодий 1668 йил)» деб ёзилган. Шунингдек, мармар лавхага Машрабнинг қўйидаги байти битилган:  

Маърифат ишқ гулзори Мулла Бозор девона, 

Ошиқларнинг сардори Мулла Бозор девона. 

         Мақбара ташқарисида, шимолий шарқий томонда 2 та қабр мавжуд бўлиб, бири Мулла Бозор Охунднинг устози ва сафдоши домла Ниёз Охунд ибн Жалолиддин Зомийнинг қабридир. Иккинчиси эса шу депарада шахид бўлганлардан бириники. Бу мархумлар хоки қурилиш ишлари жараёнида топилиб, қайта дафн этилган. Мулла Бозор Охунд ёдгорлик мажмуи ховлисининг ўртасида 10 метр диаметрдаги 8 қиррали ховуз бор. Сув сатхи 10 газдан ортиқроқ. Бу хам исломдаги сув исътемол қилиш қоида ва шартларига мувофиқлаштириб барпо қилинган. 

 

 


«СИРЛИ» МАСЖИД

Фарғона водийсидаги эътиборга молик ёдгорликлардан бири 1910 йилда қурилган Наманган тумани Тепақўрғон қишлоғи худудида жойлашган «Сирли» масжиддир.

         Фарғона водийсида шундай номдаги масжидларни кўплаб учратиш мумкин. «Сирли» сўзининг маъноси - сирланган, халланган демакдир. Лекин уларнинг хаммасини хам исми жисмига мувофиқ келавермайди. Бироқ бу масжиднинг номи ўзига хосдир.

         Масжид олдида тенг томонли тархда ховуз қазилган, чор атрофи тўсилган ховлида кенг чинорлар соясида синчли хамда ғиштдан қад кўтарган бино бор.

         Масжид хонақох ва икки ёнида айвонлар билан ўралган хамда айвон қисмини бетакрор нақшу - нигорлар билан безатилган. Масжид айвонидаги болор (тўсин) даги «Арабий сана 1328, Мулла Хусанбой уста Абдураззоқ» деган ёзувлар таъмир даврида сақлаб қолдирилган. Айвон устунлари пой устунли ва муккар нақшлидир.

         Бинонинг бош фасадига етти тўсинли пешайвон қурилган бўлиб, у шарқ томонга қараган, ғарбий девор қисмида, хона ва айвонда чўққисимон мехроблар бор.

         Меъморлар айвоннинг мехроб устидаги шифт хавозасини нафис мункарнасли гумбаз билан безаганлар. Хонақохда безаклар учрамайди, аммо айвон шифти серхашам, нафис ранго - ранг гуллар, нақшлар билан ишланган. Деворларнинг юқори томонлари энли геометрик нақш билан хошияланган. Ташқи томондан эътиборни тортмайдиган бу оддий бинода бамисоли оддий чиғаноқ бағридаги пинхона марварид сингари айвонга ишланган ажойиб нақш гуллар яширинган.

 

Изохларга мухтож бўлмаган хақиқий санъатнинг чинакам, буюк гўзаллигини кўрганда пайдо бўладиган хиссиётни кўз билан ифодалаб бўлмайди. Мазкур обидани бунёд этишда Фарғона халқ усталари қурилиш ва амалий безак санъатидаги ёрқин ижодий имкониятларини тўла намойиш қила олганлар.

 

 

УЛУҒ  АЛЛОМА  ВА  МУТАФАККИР 

МАХДУМИ АЪЗАМ КОСОНИЙ МАҚБАРАСИ

XV - XVIасрлардаги Марказий Осиё тарихида хамда Ислом оламида Махдуми Аъзам номи билан маълум бўлган машҳур олим, нақшбандия тариқатининг буюк назариётчиси ва давомчиси, файласуф ва ахлоқшунос мутафаккир Сайид Ахмад ибн Мавлоно Жалолиддин Хожагий Косоний 1461 йилда Фарғона давлатининг қўхна пойтахти хисобланмиш Косон шаҳрида Мавлоно Жалолиддин оиласида дунёга келган.

         Хазрат Махдуми Аъзамнинг ота - оналари Хазрати Мухаммад пайғамбар авлодларидан бўлиб, бу тўғрисида кўплаб тарихий манбааларда маълумотлар берилган. Жумладан, Фахриддин Али ас - Сафийнинг «Рашахот айн - ул - орифин», Мавлоно Мухаммад Қозининг «Силсилат -ул -орифин», Хожа Абулбоқи ибн Хожа Бахоуддин (Хазрат Махдуми Аъзамнинг набираси) қаламига мансуб «Жомеъ -ул -мақомат», Носириддин Хусайн ал - Бухорийнинг «Тухмат ул - зоъирин» асарларида ва кўплаб бошқа тазкираларда Хазрат Махдуми Аъзам Косонийнинг 22 пуштдан сўнг пайғамбаримизга авлод бўлишлари зикр этилиб, насабнома - шажаралари тўлиқ келтирилган.

 

Хазрат Махдуми Аъзамнинг оталари Мавлоно Жалолиддин ўз даврининг етук олимларидан бўлганлиги учун хам ёш Сайид Ахмад илм ўрганишига жуда ёшлигидан киришди. Мактабда илм ўрганиш билан бирга отасининг маслахатига кўра дехқончилик билан хам шуғулланди. Бу хақда темурий тарихчилардан бўлган шахзода Мухаммад Доро Шукух (Бобур Мирзонинг авлодларидан) ўзининг «Сафинат -ул -авлиё» номли машхур китобида Хазрати Махдуми Аъзамнинг ўзлари айтган ушбу сўзларни келтирган: «Ёшлигимда падари бузрукворим мени дехқончилик ишларига жалб қилар эдилар. Лекин менда илм олишга иштиёқ катта эди ва Қуръони Каримни қироат ва тиловат қилишга мойиллик кучли эди.

"Махдуми Аъзам" зиёратгохи хашар йўли билан қурилган. Хозирда зиёратгоҳнинг 1-қаватида Наманган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи филиали Косонсой туман музейи фаолият олиб бормоқда. 2-қаватда Махдуми Аъзам рамзи қабри жойлашган. Зиёратгохда  кадастр ишлари бажарилиб музей балансига олинган. Музей ходимлари зиёратгохни ободонлаштириш учун маъсул қиинган     

 

ЮСУПХОН ЭШОНТЎРА МАЖМУАСИ

Косонсой туманининг Шайхон қишлоғида меъморий - бадиий сифатлари билан улуғвор ва эътиборга лойиқ XVIIIасрга мансуб бўлган Юсупхон Эшонтўра мажмуаси бунёд этилган. Фарғона водийсига хос анъанавий услубда қурилган панжара билан ўралган қабр, ховлига ғарб томондан тақаб солинган пештоқ - гумбазли зиёратхона (68х5 м) дан иборат. Мажмуа ўз атрофидаги ям - яшил боғларга таркибан қўшилиб кетади. Зиёратхонага кираверишда икки ёнига баландлиги 10 метрдан зиёд айлана - минора гулдастаси ишланган бўлиб, хашаматли пештоқ томонли зиёратхона жойлашган. Зиёратхона гумбази юлдузсимон йигирма қиррали пойгумбазга ўрнатилган. Бундай шаклдаги пойгумбаз Ўрта Осиёдаги илк ёдгорликларда ҳам, сўнгги давр ёдгорликларида хам учрайдики, бу анъана ва конструктив усулларнинг сақланиб келаётганлигидан дарак беради. Зиёратхона бурчакларида ривожлантирилган тўққиз қаватли шарафа ячейкалар бўлиб улар гумбазга айланиб борадиган саккиз қирраликни хосил қилади.

         Равоқ билан якунланган пештоққа меъмор алохида эътибор берган ва ёдгорликнинг бу қисмини ўйма безак билан ишлаган. Зиёратхонанинг меъморий - бадиий тузилиши Марғилондаги бир хонали салобатли Пир Сиддиқ мақбарасини эслатади. Хажмлар тузилиши, пештоқнинг тўғри бурчакли панноларга ажратилганлиги ва уларнинг ганчга ўйма шакллар хосил қилиб безатилганлиги жихатидан ҳам хар иккала ёдгорликда ўзаро ўхшашлик бор. Аммо Марғилондаги мақбарада кўк ва оқ нақшлардан фойдаланилган бўлса, мазкур холда безакда оч мовий ва қизил ранглар ишлатилган. Бурчак устунлари кўп учрамайдиган думалоқланган пой устунларга эга, уларнинг    эса тўғридан - тўғри ерга қўйилган бўлиб, узунлиги аста - секин кичрайиб бориб, безакли гумбаз мезаналари билан якунланади. Эшиклар сидирға ўйма нақшлар билан безатилган. Одми рангдаги гирих ва исломий нақшлар сомон сувоқнинг наввотранг ранги билан уйғунлашиб, меъморий ёдгорликни шинам кўрсатади. 

 

 

ПАЛОСБОН ОТА МАҚБАРАСИ

Палосбон ота мақбарси Тўрақўрғон туманида жойлашган. Ўрта Осиё меъморлик услубига мансуб ёдгорликлардан бири Палосбон ота мақбарасидир. Бу мақбара қайта - қайта таъмирланиши натижасида хозир хам ўз кўркини йўқотмаган.

         Тарихдан бизга маълумки, VII - VIII асрларда Ўрта Осиёни араб истилочилари босиб олиш билан биргаликда ислом динини тарғиб қилиш ишларини хам олиб боришган. Бу борада тоъбеинлардан бири  (сахобаларни кўрганларни шундай аташган) Абдулазиз Абдулвахоб ўғиллари фаоллик кўрсатган. Ислом динини  тарғиб қилиш пайтида Абдулазиз Абдулвахоб сахобалар ва тоъбеинларга кўмаклашиб, палос солиб турувчи бўлганликлари учун уларни исмлари Палосбон ота тахаллуси билан юритила бошлаган.

 

Мақбарани қурилиши хақида жуда кўп қарашлар сақланиб қолган. Шу ерлик Ортиқбой ота эса ушбу мақбарани шу ерлик махаллий меъморлар қуришган дейдилар. Хозирда мақбара атрофига янги масжид қурилган. Мақбара бир неча бор таъмирланган. Айтишларича, иккинчи жахон урушидан сўнг шу ерлик ғишт хумдон эгаси Мухаммад Носир хомийлигида уста Мирғойиб Эшон ва Мулла Искандар Охун томонидан қайта таъмир ишлари олиб борилди. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ мақбарани хамда бузилиб кетган масжид биноларини қайта тиклаш учун махаллий ахоли хашар уюштирган. Мажмуа олдинги холатга келтирилган. Мақбаранинг сағана билан умумий майдони 7,85х14 метр, зиёратхонанинг ўлчами 7,85х8,70 метрдан иборатдир.

 

 

 

 

Бонистика

Бонистика - бу пул бирликлари тўпламидир

Ёғочсозлик

Дурадгорлик – хунарманд-чиликнинг энг қадимги турлари-дан биридир. 

Каштачилик

Ўзбекни дунёда ажратиб турадиган, уни танитиш белгиси бу дўппидир. 

Кулолчилик

Кулолчилик Фарғона водийсида ҳам энг қадимий ва оммавий...

Мисгарчилик

Мисгарлик инсонларга қадимдан маълум металлардан бири хисобланади.

Нумизматика

Нумизматика - бу қадимги тангаларни тўплаш дегани.

Орден ва нишонлар

Ўзбекистон Республикаси орден ва нишонлари.

Санъат

Мамлакатимизда санъат ҳар томонлама ривожланиб келмоқда.

Тақинчоқлар

Заргарлик санъати - Ўрта Осиё санъат қадимлиги билан дунёга машҳурдир.

Қўлёзмалар

Қадимий қўлёзмалар бўлими қайта ишланмоқда.