Музей экскурсовкаси

Музей экскурсовкаси

Сўз бош ўрнида

 

Музей-халқ тарихининг кўзгуси эканлигини назарда тутсак, у шу халқнинг фарзандлари-келажак авлод қалбида фахр-ифтихор туйғусини уйғота олиши керак. Бизнинг вазифамиз эса буюк тарихимизни мана шундай маърифий масканлар ёрдамида авлодларимизга тўлалигича етказиб беришдан иборат.

Ислом Каримов

 

Ҳа, ҳақиқатан ҳозирги замон музейлари маданий-тарихий ва табиий-илмий қадриятларни мушоҳада қилишга мўлжалланган ижтимоий ахборот институтини ўзида намоён этади. Улар музей ашёларини ахборот воситасида муҳофаза қилиш, тўплаш ва тарқатиш, жамиятнинг маънавий эҳтиёжларини қондириш учун хизмат қилувчи ихтисослаштирилган маданий-маърифий муассасалар ҳисобаланди. Музейлар нафақат табиат ва жамиятнинг ноёб ва хилма-хил ашёлари хазинаси, балки муҳим илмий, маърифий-тарбиявий марказлари ҳам ҳисобланади.

Мустақиллик туфайли мамлакатимизда ҳукуматимиз томонидан музейларга эътибор кучайиши билан биргаликда кўплаб янги йўналишлардаги музейлар очилмоқда. Айниқса, тарихий мавзудаги музейларнинг очилиши Ўзбекистон ўз фуқаролари, хусусан ёшларнинг тарих бўйича билимларининг ривожланишига, уларда ватанпарварлик, она-Ватанга меҳр туйғуларининг камол топишига аҳамият бермоқда. Зеро, Ўзбекисон Республикаси Президенти Ислом Каримов таъкидлаганларидек, бу табаррук туйғу йўлчи юлдуз, ишончли компос бўлиб хизмат қилади, у ислоҳотлар йўлини кўрсатади, кўзланган мақсаддан тойилишга йўл қўймайди. Тарихни билиш одамни маънан бой, кучли ва инсонпарвар қилади. “Маънавийлик- ўз халқи тарихи, унинг маданияти ва мақсадларини чуқур тушуниши ва билишига таянганида қудратли кучга айланади”,- деб хақли равишда таъкидлайди давлатимиз раҳбари.

Юртбошимизнинг бу кўрсатмаларига амал қилган Наманган вилоят ўлкани ўрганиш музейи жамоаси Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармасининг қарорлари асосида музей фаолиятини замон талаблари асосида юқори савияга кўтариш, республика музейлари орасида   ўз ўрни, нуфузига эга бўлишини таъминлаш мақсадида қизғин изланишлар олиб бормоқдалар.

Бу борада музей салкам бир асрлик тарихи мобайнида катта тажриба ортирганлигини музейга ташриф буюрган ҳамда унинг кўргазма залларидаги экспозицияларни зиёрат қилган хар қандай киши бир зумда гувоҳи бўлиши мумкин.

Чунки музей илмий ходимлари ўз иш фаолиятларини Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг 1998 йил 12 январдаги “Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида” фармони, Ўзбекистон Республикасининг “Музейлар тўғрисида”ги 2008 йил 12 сентябрдаги Қонуни асосида ташкил этганликлари музей иш жараёнида катта ўзгаришлар амалга оширилиши билан бизларга масъулиятни ҳам оширди.

Ислом Каримовнинг “Тарихий хотирасиз баркамол киши бўлмаганидек, ўз тарихини  билмаган халқнинг келажаги ҳам бўлмайди”, “Тарих халқ маънавиятининг асосидир”, “Тарихий хотирасиз келажак йўқ”, “Ўзлигини англаш тарихини билишдан бошланади”, “Инсон учун тарихдан жудо бўлиш-ҳаётдан жудо бўлиш демакдир”-деган методологик аҳамиятга молик сўзлари музейлар ва музей ходимлари учун дастур амал бўлиб хизмат қилмоқда.

Наманган вилоятидаги табаррук қадамжолардан бири ҳисобланган вилоят ўлкани ўрганиш музейида олиб борилаётган маданий, илмий-маърифий йўналишдаги ишлар ва экспозицияда намойиш қилинаётган экспонатлар ёшлар ўртасида катта тарбиявий аҳамиятга эга.

Наманган вилоят ўлкани ўрганиш музейида ҳозирги кунда 55 мингдан зиёд экспонатлар жамланган бўлиб, шундан музей кўргазмаларидан жой олган 12 мингдан зиёд тарихий экспонатлар шубҳасиз ҳозирги ва келажак ёш авлодни она-Ватанга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялашдаги аҳамиятини сўз билан ифодалаш қийин.

Музей илмий ходимлари ва экскурсоводлари томонидан тайёрланган экскурсовка матнлари, илмий маърузалар, суҳбатлар, музейда ва музейдан ташқари вилоятнинг мактаб, коллеж, МФЙ ҳамда жойларда уюштирилаётган тадбирларда ҳамда музей кўргазма залларига зиёрат учун ташриф буюраётган кенг қамровли фуқаролар, ёшлар хамда шаҳримиз мехмонлари онгида ўлка табиати, тарихи, анъаналари ва ҳунармандчилик санъати сирларини очиб беришда экскурсоводларимиздан  билим-тажриба, равон тил, муомала маданиятини талаб этилишини ҳамма вақт ёдда тутиш даркор.  

Диёримизнинг таниқли мутафаккирларидан Мунаввар қори Абдурашидхон ўғли “Жаннат каби гўзал юртинг бугун сендан иш кутадир”-деб нурли келажакка умидвор бўлган эди. Ана шунинг учун тарихни ўрганайлик. Ватан тарихи инсонга сабоқ беради. Эътиқодни мустаҳкамлайди. Маънавият –тарих бешигида улғаяди. Аждодларимиз тарихидан катта маънавий куч-қувват олинади.

Демак, бу борада музей илмий ходими ва экскурсаводи олдида катта масъулият турганлигини ҳамиша ёдда сақлаган ҳолда ўқитувчи 45 минутлик дарс машғулотига қай йўсинда ёндошишини ҳисобга олиб, иш кўрса, музей илмий ходимлари, экскурсоводлари ҳам экскурссия ўтказишда ўта ҳушёрлик, катта масъулиятни ҳис этган ҳолда иш олиб боришлари керак. Бунинг учун музей илмий ходими, экскурсоводи тинимсиз, мунтазам равишда ўз устида ишлашни тарк этмаслиги керак, чунки у бир қарашда тарихчи ёки адабиётчи қиёфасига кира олсагина ўз ишини уддалаган бўлади.

Бунинг учун биринчидан, экскурсовод юқорида айтилганидек, ўз устида тинимсиз ишлаши, сиёсий- ғоявий билимини ошира бориб, ҳозирги замон фан ва маданият янгиликларидан орқада қолмаслиги зарур, бунинг учун тарихий, бадиий-адабий китобларни ҳамда ойнома, рўзномаларни ўз вақтида кўриб ўқиб бериши лозимдир.

Иккинчидан, у равон тилда мароқли мисоллар асосида экскурсия олиб бориш санъатини эгаллаши лозим. Бунинг учун у нотиқлик санъатига оид адабиётларни ўқиб ўрганиши керак. Экскурссия шундай ташкил этилиши керак. Экскурсавод ўз маърузасини  музейга келаётган ўқувчи-талаба, кенг қамровли фуқаро, зиёли ва бошқаларни савияларини тезлик билан англай олиши ва шунга мослаштириш қобилияти бўлиши зарур. Акс ҳолда, экскурсия зерикарли чиқиши мумкин.

 

Юртимиз келажаги бўлган ёш авлод музейимизнинг доимий меҳмолари

Учинчидан, экскурсовод  ўлка тарихини иложи борича босқичма-босқич маданий тараққиёт ривожланишини асосида тушунтириш учун билимни яхши эгаллаган бўлиши лозим. Жумладан, у авваломбор ўлкашуносликнинг асосий манбаларини моддий,  маданий ёдгорликларини, этнографик, топономия (жой номлари), ҳунармандчилик санъати сирларини, ўлкадан чиққан буюк сиймолар ҳаёт ва ижод фаолиятини ҳамда шу каби экскурсовод ўзи яхши эгаллаган бўлиши керак.

 

Тўртинчидан, экскурсовод ҳар бир олиб борилаётган экскурсия-маърузасида ана шу экспозициянинг ёшлар тарбиясидаги ўрнини очиб бериш қобилиятига эга бўлиши лозим. Бу билан ёшлар орасида миллий ғурур, ифтихор туйғуларини шакллантириш манбасини юзага келтириш экскурсияни қизиқарли чиқишига омил бўлади.   

 

Ассалому-алайкум, ҳурматли меҳмонлар! 

 

Музейимизга хуш келибсиз! Бу илмий маърифий даргоҳга 1920 йилда Наманган шаҳридаги 1-мактабнинг физика ўқитувчиси Владимир Иванович Иванов ташаббуси билан асос солинган.

 

Музей нафақат Фарғона водийсида балки,  респубилкамиздаги кекса, илмий ва маданий масканлардан бири ҳисобланиб, салкам бир асрдан буён кенг қамровли фуқароларга, ёшларга шаҳримизга ташриф буюрган зиёратчи-меҳмонларга хизмат қилиб келмоқда.

Ҳозирда музейимиз хазина-кўргазмаларида аждодларимиздан мерос бўлиб қолган ёки ўтмишдан садо берувчи экспонатларимиз сони 55 мингдан ортиқ бўлиб, уларни айримлари ўта ноёб нодирлиги билан кишини ўзига ром этади. Буни сиз билан биргаликда саёҳатимиз давомида кўргазмаларимизда гувоҳи бўламиз.

 

Ҳозир эса, Сизни ажаблантирётган мана бу нақш-нигорлар муаллифи ҳақида ҳамда бу жимжимадор нақшлар ҳақида икки оғизгина сўз юритсак. Бу сиз кўриб турган санъат асари 1991 йилда Ўзбекистон халқ устаси Асқарбек Акпаров томонидан ганж ва наққошлик уйғунлигида ишланган бўлиб, бу билан унутилиб кетган кундал услубини танлади (кундал-девори бўртиб ишланган безак техникаси). Уста бу безакларда ислимий, турунж ва гирих мужассамотидан кенг фойдаланилган (ислимий-ўсимликсимон нақш, гирих-форсча чигал, тугун дегани).

 

Ҳақиқатан ажойиб-а?

Экскурсавод Х.Валиева ўқувчи ёшларни музей экспозиция залларига бошламоқда

Музей биноси уч қаватдан иборат бўлиб, сиз турган биринчи қаватни чап томонида маъмурият ва илмий ходимлар хоналари жой олган. Иккинчи ва учинчи қаватлари эса кўргазма залларидан иборат.

Мана энди ҳурматли меҳмонлар кўргазма залларимизга марҳамат, экскурсиямизни сиз орзиқиб кутган табиат кўргазма залларидаги табиат экспозицияларидан бошлаймиз. 

Ҳурматли меҳмонлар (ўқувчилар, талабалар), биз сиз билан музейимизнинг табиат бўлими кўргазма залларига қадам ранжида қилмоқдамиз. Табиат бўлими айниқса ўқувчи ёшларни энг севимли маскани ҳисобланиб, бу ерда барча ўлкамиз тупроқлари, ўсимликлар дунёси, ҳайвонот олами, фойдали қазилмалари, сувлари, тоғлари, парранда-ю қушлари, умуман, табиат дунёси билан атрофлича танишади.

 

Табиат кўргазма зали

 Бошқача қилиб айтганимизда, Наманган вилоятида мавжуд бўлган ва “Ўзбекистон Қизли китоби”га киритилган ўсимлик гербарийлари, ҳайвонлар ва қушлар турларининг қотирмалари, вилоят табиати, экологияси, ландшафтлари, қишлоқ хўжалиги, чўл ҳудудлари, қумлик ва ботқоқликлар ва у жойлардаги ўсимлик дунёси ва уларга хос ҳайвонларни яшаш тарзига ўзингиз гувоҳ бўласиз. 

Биринчи экспозициямиз “Наманганнинг физик-географик таърифи” деб номланиб, унда сиз Наманганнинг табиати ҳақидаги кўргазмалар билан танишасиз. Бунинг учун Наманган географиясининг асосий қисмлари акс эттирилган катта рельеф харитаси ва лавҳасини кўздан кечириш билан бошлаймиз.

Наманган республикамизнинг энг кўркам вилоятларидан биридир.

Қадим-қадимдан Фарғона водийсининг ижтимоий-иқтисодий, маданий тараққиётида Наманганнинг ўзига хос ўрни ва аҳамияти бўлган. У вилоят сифатида 1941 йилнинг 6 мартида ташкил топган. Вилоят Фарғона водийсининг шимоли-ғарбий қисмида Чотқол ва Қурама тоғ тизмалари олдида жойлашган. Чўзилган тўртбурчак шаклини эслатади ҳамда ғарбдан шарққа 130 км, жанубга эса 35 кмдан 80 кмга қадар чўзилган. Вилоят ҳудудининг катталиги жиҳатидан республикада 9-ўринда туради.

Шимолий шарқдан Қирғизистон республикасининг Жалолобод вилояти, шимоли-ғарб ва ғарбда Тошкент вилояти ва Тожикистон Республикасининг Хўжанд вилояти, жануб,  жанубий-шарқда Фарғона ҳамда Андижон вилоятлари билан чегарадош.    

Вилоятнинг умумий майдони 7.44 минг кв.км, аҳолиси 2109.5 минг киши, шундан шаҳарда 633.5минг киши, қишлоқда 1476 минг киши истиқомат қилади.

Вилоят маркази Наманган шаҳри бўлиб, унда аҳоли сони 414.9 минг кишини ташкил этади.

Вилоятда 69 миллат вакиллари яшайди. Аҳоли зичлигига кўра 1 кв.кмда 279 кишига тўғри келади. Аҳоли сони жиҳатидан республикада 6-ўринда туради.

Наманган вилоятининг рельефи текислик-тоғ минтақаларига эга бўлиб, ер юзаси шимолдан жанубга ва ғарбдан шарққа томон пасайиб борган. Денгиз сатҳидан ўртача 350-220 м.бадландикда жойлашган.

Наманган вилояти ҳудудининг асосий қисми Норин ва Сирдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган бўлиб, денгиз сатҳидан 400-700 м.баландликда жойлашган. Наманган вилояти нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиё ҳудудида такрорланмас табиий манзаралари билан ажралиб туради.

Иқлими кескин континентал бўлиб, жанубий, яъни текислик минтақаси чўл субтропик иқлимга мансуб. Ёз ойлари ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб, қуруқ ва иссиқ бўлади. Ёзи иссиқ узоқ, қиши нисбатан юмшоқ ва қисқа. Ўртача ҳарорат январ ойида 3-5, июл ойида 25 даражани ташкил этади. Йиллик ўртача ёғингарчилик 100 мм, тоғ ҳудудига 600 мм.ни ташкил этади.  Тоғ ва тоғолди зоналарининг эса ҳавоси салқин, намлиги юқори бўлиб, бу жойларда кўплаб дам олиш масканлари жойлашган. Бу ҳудудлар иссиқ маъданли булоқларга бой. Айниқса, Чортоқ, Шаханд, Косонсой, Учқўрғон сувлари шифобахшлиги билан шуҳрат қозонган.   

Навбатдаги экспозиция “Наманган вилоятининг геологик тавсифи” деб номланиб, бу экспозициядан жой олган Сиз вилоят ҳудудидаги геологик ривожланишини кўрсатувчи геологик харита ҳамда ўлкадан топилган геологик жинс тошларнинг турли намуналарини кўриб турибсиз.

Ер пўстлоғи қатламларининг қалинлигини геология, полеонтология ВС текширишнинг радиологик услублари маълумотларига кўра таркибида органик чўкмалар ва  тоғ жинслари турлича бўлиши асосида тоғ жинслари алоҳида гуруҳларга ажратилади, уларнинг вужудга келиши учун кетган вақт-эра деб аталади.

Архей эраси-ернинг геологик тарихида энг қадимий эра бўлиб, 1 млрд йилга яқин давом этган.

Протерозой эраси-тахминан 2.2 млрд йил илгари хосил бўлган қопламаларни қамраб олган.

Полезой эраси  қадимги Кембрий даври-750 млн. йил.

Ордовик ва силурий даврлари (70 ва 40 млн.йил)

Девон даври (400 млн.йил)

Тошкўмир даври (320 млн.йил)

Перм даври (270 млн йил)

Триас даври (229 млн.йил)

Юра даври (185 млн йил)

Бўр даври (240 млн.йил)

Кайназой ёки янги эра.

Палеоген (39 млн йил) ва неоген даврлари (25 млн.йил)

Тўртламчи давр (1млн йил илгшари бошланган). Тўртламчи даврнинг бошланишига қадар ер пўстлоғи ҳозирги геологик таркибининг ва унинг физик-геграфик қиёфасининг асосий хусусиятлари вужудга келган эди.

Тўртламчи давр органик дунёси ҳозирги замон органик дунёсини эслатади. Бу давр ўрталарида мамонт, юнгли каркидонлар кенг тарқалади.

Фаннинг гувоҳлик беришига қараганда, бир вақтлар ҳозирги Фарғона водийси Циеста номли денгиз қучоғида бўлган экан. Денгиз остидан вулқонлар отилиб, бирин-кетин Қурама, Тянь-Шань ва Помир тоғлари туғилади. Бу денгиз то Сирдарё ўз ўзанини топиб, Орол сари йўл очгунча мавж уриб турган. Ён атрофимизда ҳанузгача топилиб турган турли шаклдаги қайроқ тошлар ўша мавжларнинг ижодидир. Чодакнинг шарқи-жануб қисмидаги Чап (Жийдалисой) массиви мана шундай чўкиндилардан иборат. Шимолий томонлардаги тоғ яйловлари (Кўхжон, Соз, Эгрисув, Чақмоқтош, Қузғунтош)да  ҳам “Муғ тирноғи деб аталадиган чўмичнусха чиғаноқлар қотишмаси мавжуд.

Тоғ ва адирлар, тор водийлар тўртламчи геологик даврнинг катта-кичик дарёлари ва ирмоқларнинг фаолиятидан ҳосил бўлган. Наманган вилоят ҳудуди геологик фаол зонада жойлашган ва 8 балгача зилзилалар бўлиб туради.  

Навбатдаги экспозиция “Наманган вилоятининг фойдали қазилмалари” деб номланади. Бу экспозицияда Сиз фойдали қазилмалардан намуналар агат, бренгия, олтини бор кварц, актимонит, аурипигмент ҳамда шиша колбачалаларда нефть маҳсулотини кўришингиз мумкин.

Фойдали қазилмалар (маъданли хом ашё) ер бағрида катта тўпламлар холида учрайди, турли маъданларнинг қоришмаси бўлган газ-сувли эритмалар ҳосил қилади. Бу эритмалар жинсларнинг ёриқлари орқали юқорига кўтарилиб, тегишли шароитда ер томирларини ҳосил қилиб, маъданлар қатламини вужудга келтиради. Эритмалар рудали бўлиб, уларнинг таркибидаги қўрғошин, руҳ, мис, қалай, вльфрам, молебден, сурма, маргимуш, олтин ва бошқа фойдали қазилмалар рудали ер томирларини вужудга келтиради. Одатда, нефть, кўмир, газ, ёнувчи сланецлар, торф, лой, туз, гипс, марганец рудалари каби фойдали қазилмалар чўкинди холида пайдо бўлади. 

Наманган вилоятинингМингбулоқ туманида турли фойдали қазилмалар кўп. Жумладан, Мингбулоқ туманида 1992 йилда неть фаввораси отилиб чиққан.

Табиий газ-Поп, Чортоқ туманида, кўмир Чотқол ва Қурама тоғ ён бағрида учрайди.

Зиёратчилар табиат кўргазма залларида

Шунингдек, олтин, уран, рангли металл, қурилиш материалларидан мармар, гранит, оҳактош, гил, гипс, тош,қум, шағал ва бошқаларни учратамиз.

Поп тумани Чодак қишлоғида Олтинкон ва Олтин саралаш фабрикаси олтин қазиб олиши, саралаш ишларибўйича республикамизда нуфузли ўриндалиги қувонарли холдир. Чодак кони тўғрисидаги илк маълумот 1873, 1890-1912 йилларда И.А.Северцев, И.В.Мушкетов, Г.Д.Романовский ва С.Ф.Машнавцев ҳисоботларида келтирилган.

Пирмироб олтин кони Чодаксой водийсида, катта сойнинг юқори қисмида, Чодакбоши қишлоғидаги 1.5-2 км шарқда денгиз сатҳидан 1250-1650 метр баландликда жойлашган. Пирмироб олтин конининг Оқтош бўлаги “Шарқий” Пирмироб бўлагидан 1.5 км2 майдонни эгаллаган. 

Навбатдаги экспозиция “Қамчиқ довони” деб номланади. Унда сиз кўриб турган Фарғона водийсини пойтахт Тошкент билан боғловчи мустақиллик йиллари қайта қилинган замонавий халқаро аҳамиятга эга “Қамчиқ” довони йўли ва ундаги тунелларни  ҳамда йўлда ҳаракатланаётган транспортларни макети, тоғ қоялари, табиат манзараси, оқиб турган сув, дарахтлару кўмкўк ўтлоқ манзараларини акс эттирилганлигига гувоҳ бўласиз.

Тарихан не-не кунларга гувоҳ бўлмаган бу довон Тянь-Шань тоғининг Қурама тизмасидаги сув айирғич қисмида жойлашган бўлиб, денгиз сатҳидан 2268 метр баландда жойлашган. Тарихчи олимларнинг эътироф этишларича, “Қамчиқ” сўзи луҳавий жиҳатдан  “Кемшик” ёки “синиқ, чети чиққан” деган маъноларни англатар экан. Бу ҳудудда Резак, Қизилча довонлари ҳам бор. Аммо, довоннинг энг юксак нуқтаси Қамчиқ довонидир.

 

Кексаларнинг айтишларича, илгари бу ердан карвонлар жуда кам қатнаган. Сабаби йўл ниҳоятда тор бўлиб, бир от зўрға ўта олган. Шунингдек, бу йўл савдо карвонлари учун ёзги йўл вазифасини бажарган. 

 

“Қамчиқ довони” диораммаси

Ҳозирги кунда Қамчиқ довони Чодак қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудига киради. Қамчиқ довони орқали Тошкент-Қўқон автомобил йўли 1958 йилда хашар йўли билан ўтказилган. Йўл жуда тор ва хавфли бўлиб, қиш мавсумида ҳаракатлар тўхтатилган.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, бу ерда жуда катта йўл қурилиши ишлари бажарилди. Ҳозирги кунда жами узунлиги 1.5 км бўлган Резак ва Қамчиқда замонавий иккита туннел иншоотлари ишга туширилди. Йўлга бошдан оёқ асфальт ва бетон йўл солинди. Эндиликда довонда транспорт ҳаракати йил давомида хавфсиз бўлиши учун барча имкониятлар яратилган.

Бу эса, Буюк ипак йўлининг қадимий тармоғини халқаро андозалар асосида тикланишига йўл ёқаларида дам олиш, овқатланиш масканларини бунёд этилганлиги йўловчи, зиёратчиларга қулай имкониятлар яратилганлиги қувонч устига қувонч бахшида этмоқда. 

Навбатдаги экспозиция –диорама “Наманган ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси Қизил Китобига киритилган ўсимликлар дунёси” деб номланиб, унда Сиз кўриб турганингиздек, ушбу китобнинг биринчи жилдига киритилган Наманган ҳудудига хос 17 та ўсимликлар сурати ҳамда уларни номлари берилган.

Шунингдек, китобга киритилган ўсимликлар ва замбуруғларнинг кам учрайдиган ва йўқолиб бораётган 301 та турлари киритилган. Шундан Наманган ҳудудида ўсувчи ўсимликлардан “Ангрен тангаўти”, “Кауфман лоласи”, “Гумонли лола”, “Қурама невроламаси”, “Бигизсимон оқ тикан”, “Шарипов лоласи” ва бошқалар ўрин олган. 

Қизил китобнинг ушбу нашри 2009 йилда чоп этилган бўлиб, Ўзбекистон ҳудудида ўсувчи ўсимликлар ва замбуруғларнинг кам учрайдиган ва йўқолиб бораётган турларини ўрганашимизда ҳамда уларни шифобахшлик хусусиятларини аниқлашимизда, ўсимликлар дунёсини ҳимоя қилишимизда бош манбаа вазифасини бажаришини ҳаммамиз ёдда тутмоғимиз керак. 

 Навбатдаги экспозиция-диорама “Наманган ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ҳайвонот олами” деб номланади.

Сиз бу диорамада Ўзбекистон Республикасининг Қизил китоби иккинчи жилдига киритилган ҳайвонот оламининг 184 турларидан Наманган ҳудудида яшаган ҳозирда кам учрайдиган ёки йўқолиб бораётган “Умуртқасизлар”, “Балиқлар”, “Судралиб юрувчилар”, “Қушлар”, “Сут эмизувчилар”дан 21 турини суратларини ҳамда номларини ўз кўзингиз билан кўриб, улар ҳақида тасаввурга эга бўлмоқдасиз.

Улар хашаротлардан-“федченко йиртқиччаси”, “Леман қандаласи”, “Тўранқи пиллақаши”.

Балиқлардан- “Сирдарё куракбурун”, “Қоракўз (оқ сазан)”, “Чўртансифат оққайроқ”, “Туркистон мўйлабдори”, “Туркистон шайтон балиғи”, “Туркистон лаққачаси”.

Қушлардан-“Туркистон оқ лайлаги”, “Болтаютар”, “Оқ бошли қумой”, “Лочин”, “Қора каптар”, “Тасқара”.

Шунингдек, тоғ, чўл-дашт зоналарида яшовчи – “Кўк суғур”, “Қўнғир айиқ”, “Бўз эчкиэмари”, “Штраух тўгаракбоши”, “Фарғона қум калтакесаги”, “Саид-Алиев тақир тўгаракбоши” ҳамда “Тиббий зулук” сурати берилган, уларни кўриб улар ҳақида ўз тасаввурингизга эга бўласиз. 

Навбатдаги экспозиция “Она ер саҳовати” деб номланади. Ушбу кўргазмада она еримизда етиштириладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан намуналар ҳамда узум ва бошқа полиз маҳсулотлари-қовун-тарвузларни суратларини кўриб турибсиз.

Манбалардан маълумки, Наманган қадимдан боғлари-ю, боғбонлари, миришкор деҳқонлари билан нафақат Фарғона водийсида Ўрта Осиёда машҳр бўлишган. Наманган боғлари ва хўл, қуруқ мевалари хонлик ва Ўрта Осиё бозорларида олди ҳисобланган. 1813-1814 йилларда Қўқон хонлигида бўлган таржимон Ф.Назаров ўз эсталикларида бу ердаги мевалар бошқа ерларда учрамайди, деб ёзса, П.М.Небольсиннинг ёзишича, Наманганда кўплаб боғлар бор, меваларнинг турлари кўп, хусусан, ўрик жуда лаззатли бўлганлигини айтиб ўтган. Н.Аристов узум сифатибўйича энг яхшиси Наманганники, деб таърифлаган. Сайёҳ ва шифокор И.Краузе маълумотларига кўра, хонликда анжир ва анор етиштиришда Наманган машҳур бўлган.

Наманган мевалари хонлик бозорларида, хусусан, Тошкентда “Наманганники” номи билан танилган. XIX аср ўрталарида Наманганда 1 ботмон узум 1 тилло, 1 ботмон олча 1.5 танга, 1чакса нон 1 танга, 2 ботмон ўрик 1 тиллодан сотилган.

Ҳозирда ҳам Наманган ўзининг шириндан шакар мевалари, қовуни-тарвузлари, қирмизи олмаю-анорлари, Косон ноклари-узумлари, олчаю-гулослари, шафтолию-шиннилари миришкор боғбону-деҳқонлари билан она заминимиздан Аллоҳ инояти ила мўл ҳосил олиб, бозорларимизни арзон ва ҳаётимизни фаровон бўлишига ўз ҳиссаларни қўшмоқдалар. 

Навбатдаги экспозиция “Наманган вилоятининг тупроқлари” деб номланади. Бу эскпозицияда Сиз вилоят ҳудудида мавжуд бўлган тупроқ турларидан намуналарни кўриб турибсиз.

Тупроқ-қаттиқ қисм, суюқ қисм ва тирик таркибий қисмлардан иборатдир. Тупроқ пайдо бўлишидаги омиллар, яъни она жинс, иқлим, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, рельеф таъсирида вужудга келади.

Наманган тупроқлари пролювиал, ўтлоқ, ўтлоқи-ботқоқ, оч тусли бўз, айрим жойларда шўрхон, оч тусли қўнғир, жигарранг. Адирлар қумтош, мергель, лиёс ва чағиртошлар билан қопланган. Баҳорда эфемер ўсимликлар ўсади, чорва моллари боқилади. Текислик қисмларда бўз, қўнғир тупроқлар, қадимдан деҳқончилик қилиб келинганидан табиий холати ўзгарган ва унумдорлиги оширилган. Косонсой туманида типик ва қорамтир бўз тупроқ, Наманган, Учқўрғон, Чуст туманларида оч бўз тупроқ тарқалган. Текислик қисмининг экин экилмайдиган ерларида шўра, шувоқ, лола, отқулоқ, Сирдарё бўйларида бетача, астрагал ва бошқалар ўсади. Вилоятнинг Поп туманидан токи Уйчи туманларини шарқий ҳудудлари оч тусли бўз тупроқдан иборат.

Бир сўз билан айтганда, вилоятда қуйидаги тупроқ турлари мавжуд:

Жигарранг тупроқ

Оч қўнғир тупроқ

Тўқ қўнғир тупроқ

Оч жигарранг тупроқ

Гилли-чиринди тупроқ

Бўз тупроқ

Ўтлоқ тупроқ

Тупроқлар вилоятимиз қишлоқ хўжалигининг асосий ишлаб чиқариш воситасидир.  

  Навбатдаги экспозиция “Наманган вилояти сувлари” деб номланади. Бу экспозицияда Сиз вилоят ҳудудидаги дарё, сойлар, каналлар, булоқлар ва сув омборлари акс эттирилган харита хамда уларни айримларининг суратларини кўриб турибсиз.

 

Наманган вилоятида 16 дарё ва сой, кўплаб мавсумий сойлар мавжуд. Энг катта дарё - Сирдарё, унинг узунлиги 96 км бўлиб, унинг сув ўтказиш қуввати 4000 м3/с.ни ташкил этади.  У Норин Қорадарёнинг қўшилишидан ҳосил бўлади. Норин ва Сирдарёга Чотқол тоғларидан ошиб тушадиган Подшоотасой, Чортоқсой, Чустсой, Олмоссой, Чодаксой, Ғовасой, Косонсой, Намангансой каби серсув тоғ дарёлари қуйилади.

 

“Чодаксой”

Шу ўринда айрим дарё, сой ва каналларнинг узунлиги ва номлари билан таништириб ўтмоқчимиз.

Норин дарёси узунлиги                            38 км

Қора дарё узунлиги                         20 км

Косонсой                                         86 км

Подшоота сой                               50 км  

Чортоқсой                                     60 км

Намангансой                                  41 км

Шим. Фарғона канали                             142 км

Катта Наманган канали               162 км 

Охунбобоев канали                         37,3 км

Янгиариқ канали                             110 км 

Булар вилоятдаги йирик дарё, сой, каналлардир.  Аммо вилоятда кўплаб сойларимиз борки, улар ҳам қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда катта манбадир. Улардан Қандиғонсой, Парпарсой, Ғайналисой, Резаксой ва бошқалардир.

Вилоят ҳудудида айниқса тоғлихудудларда 100дан ортиқ булоқлар мавжуд бўлиб, улар ҳам қишлоқ хўжалигида катта аҳамиятга эгадир. Улардан Каттабулоқ, Курак булоқ, Сарбулоқ, Совуқбулоқ, Танга булоқ, Теракли булоқ, Қамишбулоқ, Қозибулоқ, Қизилбулоқ ва бошқалардир.

Косонсой, Чортоқ, Эсниф сув омборлари мавжуд бўлиб, улар сув захирасини тиклаш, сақлашда қишлоқ хўжалигида катта аҳамиятга эгадир. 

 

Навбатдаги экспозиция бу каркидон-индрикотерий бўлиб, бу экспонат Наманган шаҳридаги вилоят Навоий номли театр атрофидаги ободонлаштириш-қазиш ишлари давомида бугунги кунда мавжуд бўлмаган жонзотнинг бош суяги чиқди. Вилоят ўлкани ўрганиш музейи тарих бўлими бошлиғи, тарих фанлари номзоди доцент Э.Мирзалиев топилмани музейга олиб келди. Энди унинг қандай жонзот эканлигини ва қай даврга мансуб эканлигини аниқлаш лозим эди. Бунга НамДУ олимлари жумладан Эркинбой Икромов ва бошқалар жалб этилди. Улар турли тахминларни ўртага ташлашди, чунончи бош суяк қўнғир айиқники бўлса керак деган тахминлар илгари сурилди. Иттифоқо Тошкент Давлат табиат музейи директори Зубайдулла Каримовнинг Наманганга ташрифи масалани бир мунча енгиллаштирди. Пойтахт олимлари тегишли тахлил ва текширишлардан сўнг бир тўхтамга келишди ва нихоят Тошкентдан ёзма жавоб олинди. Унда айтилишича Намангандан топилган ушбу номаълум ҳайвоннинг бош суяги INDRIKOTERIY (илмий атамаси indricotherium) га тегишли. Унинг баландлиги 5 метрга етиб ўз даврида замин куррасининг энг йирик сут эмизувчи махлуқидан саналган. Индрикотерийлар кичик тўдалар ҳолида ҳозирги Қозоғистон худудида кезиб юрган, ўт-ўлан ва дарахтлар шохлари билан озиқланган. Жанубий Қозоғистон ва Орол бўйи минтақаларидаги қазишмалар вақтида унинг скелетлари топилган. Эволюцион нуқтаи назаридан индрикотерийлар каркидонларнинг энг қадимий авлодларидан (лекин улар бурнида шохи бўлмаган) ва ер тарихининг тўртламчи даврида қирилиб кетган. Бу давр геохронология илми хисоб китобига кўра, бизнинг замонга нисбатан 600 минг йилдан-3,5 миллион йил бурун хам Наманган худуди 600 минг йил аввал ҳам дашт бўлмаганлигини тасдиқлайди. Баландлиги 5 метрлик узунлиги 8 метр бўлган ушбу жонзот яшаганки, уларга зарур ўт-ўлан хам ўсган. Бу ғаройиб каркидонлар камида 600 минг йил аввал йўқ бўлиб кетган, аммо, негадир номи яшаб қолган. Бу хам бежиз бўлмаса керак, қолаверса, Чустлик пичоқсозларда дастанинг мугуз-каркидон суягидан тайёрланиши хам бир анъана. Аммо бу матох ҳозирги кунда топилмайди. 

 

Ноёб экспонатлардан бири “Индрикотерий” (каркидон) бош суяги

Ҳаёлга келадики уларнинг аждодлари уни ер остидан юз миллион йиллар бурун ўлиб кетган, махлуқ скалетларидан олишмадимикин.?  Чустдаги катта бир қишлоқнинг номи хам Каркидон бу ном бекорга қўйилмагандир балки? Каркидон Наманганда яшаган эканки, мана суяги чиқди. Бу факт юртимиз эмас, балки сайёрамиз тарихига тааълуқлидир.     

Навбатдаги экспозиция “Наманган вилоятининг сиҳатгоҳлари” деб номланиб, Сиз унда вилоят ҳудудидаги сиҳатгоҳлар ҳақида берилган маълумотнома ва айрим санаторийларни суратларини кўриш орқали улар ҳақида қисқача тасаввурга эга бўласиз.

Наманган вилоятининг Чортоқ, Косонсой, Янгиқўрғон, Чуст,Поп сингари туманларининг Чодак, Ғова, Нанай сингари тоғ ёнбағрида жойлашган қишлоқлари ўзининг гўзал табиати, мусаффо ҳавоси, соя-салқин боғлари-ю, тошдан тошга урилиб, хайқириб оқаётган Чодаксой, Пошоотасой, Косонсой, Ғовасой қирғоқларидаги сўлим сиҳатгоҳлар ёз келди дегунча одамлар билан гавжум бўлиб, шахарликларни, вилоятимиз мехмонларини хамда хорижлик сайёҳларни ўзига оҳанграбодек мафтун этади.

Чунки бу тоғ олди сиҳатгоҳларга келган ҳар қандай киши мусаффо ҳавони, зилол сувларни, танаси-ю баргига чанг юқмаган, барқ уриб ўсаётган дарахтларни, улуғвор тоғларни кўриб асаблари тин олади, танаси ором олади, руҳи дам олганини ўзи ҳам билмай, маза қилибқайтади. Бу борада Нанайдаги “Пахтачи”, “Машинасозлик”, “Кўксарой” сиҳатгоҳларининг ўрни беқиёсдир.

Наманган вилояти бундан ташқари иссиқ маъданли булоқларга бой. Айниқса, Чортоқ, Шаханд, Косонсой, Учқўрғон сувлари шифобахшлиги билан шухрат қозонган.

Чортоқ санаторияси 1961 йил 1 мартда ишга туширилган.   Унинг шифобахш иссиқ суви 3003 метр чуқурликдан чиққан бўлиб, меъда-ичак, юрак-томир, асаб тизими, сурункали тери (экзема) касалликларини даволашда катта аҳамиятга эга.

Шаханд санаторияси 1978 йилда ишга туширилган. Унинг шифобахш иссиқ суви 2850 метр чуқурликдан чиққан бўлиб, юрак-қон томири, асаб тизими, таянч аъзолари, ошқозон, аёллар жинсий аъзолари, буйрак ва сийдик чиқариш аъзолари, ичак, тери касалликларини даволашда муҳим аҳамият касб этади.

“Нихол” санаторияси 1990 йилда ишга туширилган. Унинг шифобахш иссиқ суви 2100 метр чуқурликдан чиққан бўлиб, таянч ҳаракати, овқат хазм қилиш аъзолари, юрак-томир, буйрак, асаб тизими,қисман тери касалликларини даволашда муҳим ўрин тутади.

Шунингдек, Косондаги “Олмазор”, Чортоқдаги “Гулшан”, “Эркин” “Савдогар” сиҳатгоҳлари ҳам ўз ўрни, аҳамиятига эгадир.

Бир сўзбилан айтганда, Наманган вилояти бағрида Аллоҳ иноят этган шифобахш сувлар кўпки, мустақиллик шарофати ила уларни сони, сифати ортиб бораётганлиги ва уларни бу шифо масканлари тўғрисида айтган илиқ сўзлари вилоятимиз обруйига обру қўшаётганлиги қувонарлидир. 

Навбатдаги экспозициямиз “Наманганлик олимлар” деб номланади. Сиз бу экспозицияда вилоятимизнинг турли туман қишлоқ, шаҳарларида таваллуд топиб, сўнг турли нуфузли олийгоҳларда таълим, билим олиб, бутун умрни илм-фанга, кадрлар тайёрлашга бахшида этган кўп олимларимиз сарчашмасидан бир шингилгина кўриш билан ўлкамиздан шундай инсонлар етишиб чиққан эканда деб, уларни экспозициядан жой олган суратлари , илмий ишларидан намуналар кўриб бехад ўзингизда фахр-ифтихор туйилса деб улар билан бирма-бир таништирамиз. 

Тожибоев Карим Алимович Нанай қишлоғидан биология фанлари доктори, профессор. 

Улуғхўжаев Турдали Улуғхўжаевич тиббиёт фанлари доктори, профессор. 

Мирсайдуллаев Мирмахмуд  Миршохидович тиббиёт фанлари доктори, профессор. 

Абдуллаев Олимжон-иқтисод фанлари доктори,  профессор.  

Шунингдек, Шаробиддин Тожибоев биология фанлари номзоди, доцент, Ахмаджон Сиддиқов кимё фанлари номзоди, Эркин Икрамов биология фанлари номзоди, доцент, Йўлдошали Тошматов кимё фанлари номзоди, доцент ва бошқалар ўзларининг ўлка табиати, ўсимликлар дунёси ва ҳайвонот оламига бағишланган илмий тадқиқот ишлари билан  нафақат вилоятда, балки республикада ҳам ўз ўрнига, нуфузига эга.

Бир сўз билан айтганда, уларнинг хар бирларининг ҳаёт ва ижодий фаолиятлари алоҳида ўрганишга лойиқ олимларимиздир. 

Мана, ҳурматли мехмонлар, биз ҳозир бир вақтлар йиртқич судралиб юрувчи  ҳайвонлар макон тутиб яшаган “Ғор”га кириб бормоқдамиз.

Ғорлар тоғ қоялари орасида ҳозир ҳам учраб туради. Аммо, сиз кўриб турган баҳайбат ғор макони орқали Юра  даврида кенг тарқалган ва охири бўр даврида бундан 65 млн йил олдин қирилиб кетган судралиб юрувчи динозаврлар ва бошқа ҳайвон турларини кўриб турибсиз.

Динозаврларни  600га яқин тури маълум. Динозаврларнинг 2 туркуми: калтакесаксимон ва қушсимон турларига ажратилади.

Булардан бири осмону фалакда парвоз қилаётган птериодактилни кўриб турибсиз.

Уларда кейинчалик икки оёқда ҳаракатланиш кўпайган. Озиқланиши ўсимликлар бўлган.

 

Сиз, “Ғор”да Тиранозавр, Ихтиозавр сингари динозаврларни ҳамда “Ўлка” ўргимчагини, шунингдек,  динозаврларни тухумдан ёриб чиқиш жараёнини кўриб турибсиз, агарда янада тўлароқ маълумот олмоқчи бўлсангиз Ўзбекистон миллий эндициклопедияси учинчи томини топиб ўқишингиз мумкин. 

 

Катта илмий ходим Э.Қорабоев табиат бўлимидаги “Ғор”да экскурсияси олиб бормоқда

Навбатдаги диорама “Ибтидоий манзилгоҳи” деб номланади. Бу ерда сиз тоғ ёнбағри, сув бўйида ибтидоий одам манзили ҳамда унинг меҳнат қуроллари, ов қуроллари ҳамда тоғ чўққисида оҳунинг ўтлаб юрган лавҳасини кўриш билан ибтидоий одамларнинг турмуш-тарзи тўғрисида тасаввурларга эга бўласиз.

Тадқиқотлардан маълумки, инсонлар яшаш учун қулай жойларни излаб, ўша жойларда ўз манзилгоҳларини барпо этганлар. Айниқса, сув бор жойда ҳаёт мавжуд бўлган. Хўш, ўлкамизнинг қаерларида энг қадимги одамлар манзилгоҳлари топилган?

Фарғона водийсининг Сўх туманидаги Селунғур ғоридан ва Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри яқинидаги Кулбулоқ маконидан топилган ва ўрганилган. Олимлар Селунғур ғорида бундан 700-100 минг йиллар илгари одамлар яшаган, деган хулосага келдилар. Бу ердан аждодларимизнинг суяк қолдиқлари, уларни тошдан ясалган меҳнат қуроллари ҳамда улар овлаб тирикчилик қилган айиқ, қоплон, каркидон, сиртлон, оҳу ва бошқа ҳайвонларни суяклари топилди. Демак, бу манзилгоҳ мамлакатимизда одамзод илк пайдо бўлган минтақаларидан бири эканлигини исботлаб берди.

Наманган ҳудудининг Чодак, Чоркесар, Ғова, Нанай ҳудудларида ҳам илк одамлар яшаганлигини исботловчи топилмалар топилган. Чунончи мезолит яъни ўрта тош даврига оид ёдгорликлар Чодак тоғ ён бағирларидан топилди. Тош юзига чекиб туширилган тош суратлар Чодак атрофида кўплаб учраши бундан 15 минг йил илгари одамлар яшаган манзилгоҳлардан бўлганлигини билдиради.

Бир сўз билан айтганда, бу даврда одамлар ўсимликларнинг илдизларини истеъмол қилишдан, бошоқларни ва мазали меваларни истеъмол қилишга ўтдилар. Аста-секин ит, сигир, қўй, эчки каби ҳайвонларни қўлга ўргатила бошланганлигини кўриш мумкин. 

Навбатдаги диорама “Баҳор” деб номланади. Ушбу диораммага яқинлашар эканмиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Икромжон Бўроновни “Сен баҳорни соғинмадингми?” деган қўшиғи беихтиёр ёдимиздан ўтади.

Ҳа, ҳар фаслини ўз таровати зийнати бор деганларидек, ”Баҳор” фаслини ўзигача шукуҳи, таровати бор. Бу фаслини ҳамма интиқиб кутади. Сабаби табиат уйғонади, бутун борлиқ оқ либосга бурканиб ўзини кўз-кўз қилади, табиатни ифорли гул ҳиди қоплайди. Парандаю-даррандалар, булбуллар ҳониш қилади.

Миришкор деҳқон ерга уруғ тикади, ўтканлар ёдга олиниб ҳотирланади. Катта дош қозонларда сумалаклар пиширилиб, одамлар бир-бирларига омонлик-сомонлик дея Наврўз  байрамини кутиш, нишонлаш орқали соғлик саломатлик тилайдилар.

Мана ўзингиз гувоҳ бўлиб турганингиздек фасллар келинчаги бўлмиш баҳор диорамамизда ушбу фаслга оид мўйқалам билан ишланган сурат ва тоғ қарғаси, чумчуқ, қалдирғочни табиий қотирмалар диорамасидан жой олганини кўриш орқали ушбу қушлар хақида ўз тассавурларимизга эга бўламиз. 

Навбатдаги диорама-“Чўл минтақаси диорамаси”. Чўл-ўсимлик дунёсининг яхши ривожланишига  йўл бермайдиган доимий қуруқ ва иссиқ иқлимли ўлкалардаги биом типи. Чўл зоналари эса табиий ландшафти, асосан, чўллардан иборат географик зоналар.

Намгарчилик кам, йиллик ёғин 200 мм. дан баъзи ерларда 500 мм.гача. Бизнинг ўлкамиздаги чўлларда саксовул, эфемер ва шувоқдошлар ўсади. Хайвонот дунёси хилма-хил. Кемирувчилар ва судралиб юрувчилар асосий ўринни эгаллайди. Чўл минтақаси диораммасида чўлда яшайдиган  бўри, тулки, чўл бургути, типратикан, эчкеэмар, агама калтакесаги ва илон табиий қотирмалари жойлаштирилган.     

Навбатдаги диорама “Қушлар” деб номланади. Бу диорамада сиз экспозицияга қўйилган 65 та турли қушларни табиий қотирмаларини намуналарини кўриб турибсиз. Улар қарқара, тўрғай, қизқуш, курканак, бедана, чигирчи, читтак, қизилбош, чумчуқ, қирғий, сувмошак, жўрчи, укки, бўктарғи, калхат, қизилиштон, чайка, жар қалдирғоч ва бошқаларни номларини келтириш мумкин.

Биласизми, дунё бўйича 8500 га қадар қушлар тури аниқланган бўлса, шундан 460дан ортиғи Ўзбекистонда учрайди. Йиртқичлардан иотлғи, бургут, лаггар, ғумой, лочин, қарчиғай, кондор кабилар Ўзбекистон шароитига мослашган.

 

Шуни таъкидлаш жоизки, юқорида номлари келтирилган қушларнинг айримлари ҳозирги  бир кунда вилоятимиз ҳудудида учрамайди, шунинг учун ҳам камёб ва ва  йўқолиб бораётган айрим қушларимиз Ўзбекистон республикаси Қизил Китобига киритилган вилоятимизда ҳозирда хар куни кўриб турадиган қушлар кабутарлар, чумчуқ, мусичаларни ҳимоя қилиш, асраш ҳар бир фуқарони бурчи эканлигини ёдда тутмоқ лозим.

 

Вилоятимиздаги турфа қушлар қотирмаси

 

Қушларнинг пати қанча? Уларнинг пати қуролланган кўз билан кўрса бўладиган юлдузлар сонидан ҳам кўп!

Энг серпатли қуш-оққуш. Унинг 25 минг дона пати бор. Бунинг бешдан бир қисмигина танасида, қолганлари бошида ва чиройли бўйнида.

Ёввойи ўрдакнинг пати бундан икки баробар кам: каптарники эса атиги 2600 дона.

Билсангиз, ҳайрон бўласиз. Энг кўп сонли қуш ҳамма шаҳарларда изғиб юрган каптар ҳам эмас, бошқа майда-чуйда қушлар ҳам эмас, ҳаммадан кўпи оддий товуқ. Олимлар ҳисобига кўра ер юзидаги товуқлар сони уч миллиарддан кам эмас, деб тахмин қилинмоқда. Сонининг кўплиги жиҳатидан чумчуқлар товуқлардан кейин, иккинчи ўринда туради. 

Навбатдаги диорама “Ёз диорамаси”. Ушбу диорамада фаслларнинг энг иссиқ ойларидан бири ёз ойи акс этган ва бу экспозицияда бўрсиқ ва қизил суғур табиий қотирма экспонатлари жой эгаллаган. 

Навбатдаги диорама  “Чўл минтақаси” деб номланади. Сиз бу диораммада қумликлар билан қопланган чўл-чала чўл ландшафтини ва бу жойга хос ўсимликлар саксовул, эфемер ва шувоқларни ҳамда ҳайвонот оламини ранг-баранг тури, кемирувчилар, судралиб юрувчилар асосий ўрини эгалаганини кўришимиз мумкин.Улардан бўри, тулкини, чўл бургутини, типратиканни кўриб турибмиз.

Намгарчилик кам, йиллик ёғин 200ммдан баъзи ерларда 500 мм.ни ташкил этади. Бундай чўл ва чалачўлли ландшафтли жой вилоят ҳудудидаги  Мингбулоқ туманида мавжуд бўлиб, у ерда ҳам саксовул, шувоқ ҳамда ҳайвонот олами ранг-баранг кўринишга эга эканлигини гувоҳи бўласиз.  

Навбатдаги диорама “Тўқайзор (ботқоқлик)” минтақаси деб номланади. Бу экспозицияда Сиз қамишлар билан қопланган ботқоқликни, хар хил тўқайзорга хос бўлган дарахтлар ва буталарни, ҳайвонлардантўнғизларни, олмабош ҳамда қоравой жайра шунингдек, дарахтдаги инида лайлакни кўриб ўзингиз тўқайзор ўсимлик ва ҳайвонот, қушлар олами ҳақида тасаввур етишингиз мумкин.

 

Тўқайзор деганда биз қамиш босиб ётган ботоқлик  ер ва дарё бўйидаги  қалин тангазор ўрмонларни тушинилади. Тўқайзорларда сув сероб, микро иқлими атрофданнамроқ ва юмшоқроқ бўлганидан ўсимлик ва ҳайвонот дунёси  ўзига ҳос бўлади. Бу ерда дарахтлар билан буталар ва ўтлар қалин ўсади. Ҳайвонот дунёси тўнғиз, кийик, чиябўри, тўқай мушуги, тустовуқ ва бошқалар яшайди.

“Тўқайзор”да ҳайвонот ва ўсимлик дунёси

 Мана сиз диорамада тўнғизларни табиий қотирмасини кўрдингиз.Ҳозирда улар йўқ бўлиб кетган. Уни оғирлиги 300 кг.гача бўлиб, бўйи 2, 2,5 м га етади. Халқ орасида “Чўчқадан,чумчуқдан қўрқ” деган матал бор.

Илгарилари аниқроқ айтсак руслар юртимизга келгунга қадар Наманган атрофидаги тўқайзорларда ёввойи тўнғизлар жуда кўп бўлган.

Маккажўҳорини пайкалларига кириб сутли донни  еб кетар экан.

Маккажўҳорининг уриғини зўрға олган йилларимиз кўп бўлган  деб ҳотирлашади қишлоқ қариялари.

Руслар ўлкамизга келдию у балолардан халқ қутилди. Сабаби улар тўнғизларни еб юбордилар.

Ҳозирда кўриб турганимиздек музейларда улар қотирилган ҳолати. 

Навбатдаги экспозиция “Ҳайвон шохлари” деб номланиб, Сиз бу ерда турли жойларда яшовчи ҳайвон шохларидан намуналарни кўриб турибсиз.

Ушбу шохлар асосан ёввойи ҳайвонлар шохлари бўлиб, улар лос, архар, туркман тоҳ эчкиси, лос шохи,  Хонгул шохларидир.

Қадимдан одамлар ҳайвон шохларидан табобатда фойдаланиб келганлар.

Мана шу шохлардан бири буғунинг шохи бўлиб, Бухоро буғуси ёки Хонгул деб ҳам аталади, унинг шохлари қимматбаҳо ҳисобланади. 

Шоҳлар намунаси экспозицияси

 

Навбатдаги экспозиция “Балиқлар ва чиғаноқлар”.  Балиқлар (Pisces)- умутқалиларнинг кенжа типининг жағли бош скелетларига мансуб катта синфи. Ўрта Осиёда 110 тагача тури учрайди. Балиқлар дастлаб силлур даврининг чучук сувларида пайдо бўлиб, кейинчалик денгизларга тарқалган.

Сувда балиқлар учун эриган кислород, органик ва анорганик моддалардан иборат овқат мавжуд. Балиқлар гавда харорати беқарор, совуққонли жонивор. Балиқлардан озиқ овқат саноатида ва дори тайёрлашда хам фойдаланилади.

Чиғаноқлар- кўпгина умуртқасиз хайвонларнинг танасини қоплаб, химоя функциясини бажарувчи скалет тузилмаси хисобланади. Чиғаноқлар асосан кальций карбонат ёки қум, диатомлар зирхи ва бошқа аралашган органик моддалардан иборат.

Чиғаноқлар баъзи бир хужайрали хайвонлар, кўпчилик моллюскалар, шунингдек бўғим оёқлилар ва елка оёқлилар учун хосдир.

Моллюскалар чиғаноғидан хўжалик ва зийнат буюмлари тайёрланади. Баъзи бир хужайрали хайвонлар чиғаноғи тўпланишидан чўкинди тоғ жинслари, моллюскаларникидан эса оҳак ва бошқалар хосил бўлади.

Ушбу экспозицияда Карп, усач. Зоғора,сом, сазан ва бошқа балиқлар табиий қотирмалари билан бир қаторда турли хил чиғаноқлар, балиқ овлаш тўри, акула жағ суяги ва бошқа экспонатлар жой эгаллаган.  

 

Навбатдаги экспозиция “Судралиб юрувчилар” деб номланиб, судралиб юрувчилар туркумига асосан илонлар, илон-калтакесаклар киради. Вилоятимизнинг қуруқлик ва ботқоқлик жойларида уларнинг кўпгина турлари учрайди. Жумладан, кўлбор илон, сариқ илон, қум илон, капча илон, кўндаланг йўлли илон, қора илон, сув илон.

 

Судралиб юрувчилар вакили - сув илон

 

Бундан ташқари, калтакесак ва калтакесак-илонларни  бир неча турини вилоятимиз ҳудудларида учратиш мумкин. Улар кемирувчиларнинг майда турмкумлари ҳашаротлар, қурбақалар билан озиқланади.

Дунёда қанча заҳарли илон бор? Уларнинг 410 тури мавжуд! Бу сон жами илонларнинг 1/6 қисмидан кўпроғини ташкил этади. Заҳарли илонлар орасида денгиз илонлари жуда кам уларнинг тури-49. Қора илонлари тури-58. Боши чуқур чала илонлар тури-122. Энг хавфли илон-асқад (капча илон, бунгор, мамба, тайпан, тарғил илон ва ўлдирувчи илонларнинг тури -181).

Илонлар туфлайдими?-Туфлайди! Ҳеч ким улардек туфлай олмайди! Лекин илонларнинг ҳамма тури эмас, балки қанча илоннинг Африкада учрайдиган икки хили: бўйинбоғли (Ошайниковая) ва Қорабўйин (Черношейная) деб аталадиган турларгина туфлайди.

Энг узун заҳарли илон-“Королевская кобра” лақаби билан юритиладиган капча илон ёкин чамадриада. Бу илоннинг узунлиги кўпинча уч-тўрт метрга тенг; энг узуни 5.58 метр.   

Навбатдаги экспозиция “Куз диорамаси”. Ушбу экспозицияда Ўлкамизнинг энг пишиқчилик даври хисобланган куз фасли  ёритилган бўлиб мавзуга оид экспонатлар билан бойитилган мисол учун у ерда бир жуфт қарқара қуши табиий қотирмаси ўрин олган. 

Навбатдаги экспозиция “Шаршара  диораммаси”. Шаршаралар- дарё ўзанидаги тик жарликлардан сувнинг пастка отилиб тушиши. Дарё юмшоқ ва қаттиқ жинслардан таркиб топган жойлардан ўтганда юмшоқ жинсли жойни ўйиб кириб поғона хосил қилади ва шу поғоналардан пастга отилиб тушади. Дарёлардаги шаршаралар кема қатнови ва ёғоч оқизишга халақит беради, бироқ ГЭС лар қуриш учун қулайдир. Вилоятимизда шаршаралар Поп, Янгиқўрғон, Чуст ва бошқа тоғли туманларда мавжуд. 

Дунёдаги энг машҳур шаршаралар Жанубий Америкадаги Анхел шаршараси баландлиги 1054 метр, Африкадаги Тугела шаршараси, баландлиги 933 метр, Шимолий Америкадаги Йоссемит шаршараси баландлиги 727 метр ва бошқалар.     

Навбатдаги экспозиция “Қиш диораммаси”. Энг совуқ ва фусункор фасл бўлмиш киш диограммаси мавзуга мос қилиб безатилган мисол учун бу ерни пастки қисмида қор қилинган ва қиш фасли қуши бўлмиш қора қарға, тоғ қарға табиий қотирмалари  ва бошқалар ўрин олган. 

 

Навбатдаги экспозиция “Кўл диорамаси” бўлиб, Сиз бу ерда турли туман парранда қушлар турини кўриб турибсиз. Улардан ўрдаклар ҳақида айтишимиз мумкин. Ўрдаклар  ғозсимон туркумининг кичик оиласи ҳисобланиб, Ўзбекистон шароитида 40 та тури учрайди. Улар тухум қўйиб кўпаяди ва озуқалари майда балиқлар, ҳашаротлар бўлиб ҳисобланади. Ўрдаклар асосан табиий кўл ва ботқоқликда яшайдилар... Жумладан, чуррак, ёввойи ўрдак, қўнғир ҳайдар кокил, олақанот суқсур, мандаринка, сўралайғоч кабиларни вилоятимизнинг сувли ҳудудларида учратиш мумкин. 

Кўлда яшовчи паррандалар 

Навбатдаги экспозиция “Уй ҳайвонлари”. Уй хайвонлари одам урчитадиган хайвонлар турлари хисобланади. Ҳамма уй ҳайвонлари ёввойи аждодларидан келиб чиққан, лекин ташқи кўриниши, хулқ-одатлари, махсулдорлиги билан ёввойи ҳайвонлардан жуда катта фарқ қилади. Бу фарқлар одамлар кўрсатган таъсир натижасидадир. Ипак қурти ва асаларидан бошқа ҳамма уй-ҳайвонлари умуртқалилар жумласидан. Кўпдан-кўп турга мансуб ёввойи ҳайвонларнинг ҳар хил тип, синф, туркум, оилага кирадиган бир қисмигина хонакилаштирилган.

Уй хайвонларига: қорамол, қўй, эчки, шимол буғуси, туя, лама, бўйвол, қўтос, бантенг, от, чўчқа, ит, мушук, қуён, денгиз чўчқаси, товуқ, ўрдак, ғоз, курка, цесарка, каптар, асалари, ипак қурти ва бошқалар киради. Аквариум ва ховузларда кўпайтириладиган балиқлар, кўркам қушлар (канарейка, товус ва хакозо), лаборатория ҳайвонлари ҳам уй ҳайвонларига яқин хисобланади. Катакда боқилаётган марал, холдор буғу, тулки, оқ тулки, сувсар, нутрия ва бошқа ёввойи ҳайвонлар ҳам ҳозирги кунда хонакилаштирилмоқда.

          Дастлабки ҳайвонларни қачон ва қаерда хонакилаштирилгани хақида, асосан, археологик, палеанталогик маълумотларга қараб хулоса чиқарилади. Қазилма топилдиқлар мезолит даврида ит, неолит даврида чўчқа, қўй, эчки, қорамол, кейинроқ от хонакилаштирилганидан далолат беради. Уй ҳайвонлари дастлаб Яқин ва Ўрта Шарқда, кейинроқ Нил, Дажла, Фурот, Ганг, Амударё, Хуанхэ, Енисей ҳавзалари каби қадимдан дехқончилик ривожланган ерларда келиб чиққан бўлса керак деган фаразлар мавжуд. Ушбу экспозицияда Ангор эчки, курка, оқ хўроз, қизил хўрозларнинг табиий қотирмалари билан бир қаторда бошқа уй хайвонларининг қотирмалари мавжуд. 

Навбатдаги диорама “Текислик минтақаси”деб номланади. Сиз бу ерда миллий ифтихоримиз бўлган пахтани пахтазорда пишиб етилган оппоқ бўлиб очилган палласини ўз кўзингиз билан кўриб турибсиз. Шунингдек, ажойиб рангтасвир билан ишланган пахтазор, узоқ-узоқларда кўриниб турган қир-адирлар, тоғлар ҳамда далалар атрофидаги дарахтларни тасвири ҳам сизга текислик минтақаси ҳақида тушунчалар олишингизга ёрдам беради. Марказий Фарғона текисликларидан бошлаб Норин ва Сирдарё водийси қоялари 1, 2, 3 терресаларини ҳамда тор минтақа ҳосил қилувчи бир неча тоғ дарё ва сойликларнинг конуссимон ёйилмаларини, конуслар оралиғидаги пастликларни ўз таркибига олади.

Текисликларнинг  денгиз сатҳидан абсолют баландлиги Сирдарёнинг чап сохили текисликларида (Мингбулоқ тумани) 400-500 м.  бўлса,  ўнг сохили қисмида 500-550 м.дан иборат. Текисликлар ҳосил бўлишига кўра аккумулятив текисликлар саналиб, аллювиаль, прорлювиал ва деллювиаль жинсларнинг қалин қатламларидан иборат.

Наманган вилоятида энг паст ҳудуд Сирдарёнинг чап соҳили, асосан Мингбулоқ тумани, Поп туманининг бир қисми (Қорақалпоқ ва Аччиқкўл) бўлиб ботқоқлашган, шўрлашган. Норин ва Қорадарё оралиғи (Учқўрғон ва Норин туманлари), текислик минтақасининг энг шарқий қисми ҳисобланади.

Бир сўз билан  айтганда, Наманган вилоятида текисликлар яхлит майдон ҳосил қилмайди, аксинча халқасимон тарзда ўраб олган адирлар бу текисликларни бир-биридан ажратиб туради. 

Навбатдаги диорама “Адирлар минтақаси” деб номланади. Сиз бу диорамада “Буғдойзорни” кўриб турибсиз. Биласизми? Ер юзида яшовчи ҳар бир халқнинг ўз миллий нонлари бор. Таъми, тайёрланиши, шакли бир-бирини такрорламайди. Лекин шуниси муҳимки, ҳар бир халқ учун ўз миллий нони азиз.

 Қамчиқ довони тугаб, Попга  яқинлашаверсангиз, магистрал йўлининг чап томонидан жойлашган, кеча-ю-кундуз одамлар аримайдиган нон бозори олдидан эътиборсиз ўтиб кета олмаймиз. Чодакдан тортиб, Найман, Санг, Тўда, Хонобод, Хўжаобод қишлоқларидаги лаълми ерларда ўстирилган буғдойдан тайёрланган нонларни емабсиз дунёга келмабсиз.

Адирлар минтақаси денгиз сатҳидан 500-1000 м бўлиб, баланд ҳудудларга киради. Адир минтақаси Фарғона водийси учун типик рельеф шаклидадир. Адирлар Наманган вилоятида шимоли-ғарбдан, яъни Чодаксойнинг қуйи қисмидан шимолий-шарқий йўналишида, Поп, Чуст, Тўрақўрғон, Косонсой, Наманган, Янгиқўрғон, Чортоқ ваУйчи туманларида ярим халқасимон тарзда чўзилиб ётади. Адирлардан чорвачиликда яйлов сифатида кенг фойдаланилади. Кейинги вақтларда ўзлаштирилиб у ерда буғдойзорларни қайроқи усулда экиш кенг йўлга қўйилмоқда. 

 

Навбатдаги диорама “Тоғлар минтақаси” деб номланади. Ушбу диорамада ҳақиқий тоғ қоялари, тошларни кўриш билан тоғ бургути, Марказий Осиё тоғ эчкиси, оқ бошли қумой, кал жўрчи, Қизил Китобга киритилган болтаютар бургути ҳамда какликлар галаси қотирмаларини кўриб турибсиз. Шунингдек, тоғдаги соф ҳаво ва ажойиб манзара берувчи арча дарахтлари ҳам жой олган.Наманган вилоятининг энг шимолий ҳудудларида ўртача ва баланд тоғлар жой олган. 

 

Тоғлар минтақаси

 

Подшоотасой ва Қорасув  дарёлари оралиғида Бойотабува тоғининг ғарбида унчалик баланд бўлмаган қоялар тизимидан иборат Ўнғор мавжуд.

Наманган вилоятида “соф” тоғли минтақа Поп тумани ҳудудидир. Чотқол тизмаси –Тянь-Шань йирик тоғ тизимининг ғарбий тармоғи, Ғовасой ва Косонсой дарёларининг бошланғич манбаси бўлиб, шимоли шарқий йўналиш бўйича 120 км масофада унинг атрофида чўзилиб ётади. 

Чотқол тизмаси кучли парчаланган, чиқиш қийин бўлган баланд тоғ тизимидир.

Энг баланд нуқтаси эса шарқий қисмида 4100-4367 м.га етади. Чотқол тоғ тизимининг жануби-ғарбий тармоғи Қурама тоғи бўлиб,  унинг Фарғона водийсига юзланган жануби-шарқий қисми жуда тик. Аммо Қурама-Чотқолга нисбатан паст.

Тоғларда қўшоёқлар, суғур, тоғ эчкиси, тоғ қўйлари, силовсин, қундуз, бўри, тулки, қуён, каклик, бургут, тасқара, қайғир, сўлтурғай, хилол (жаннат қуши), Олақўдан кўплаб учрайди.

Шунингдек, илонлар, қорақарға ва эчкиэмарлар мавжуд. 

“Наманган вилояти экологияси ва табиатни муҳофаза қилиш”.

Наманган вилоятида табиатни қўриқлашнинг ўзига хос хусусиятлари рельеф тузилиши, ҳудуднинг ўзлаштирилишини юқорилиги, аҳоли зичлиги, ер ва сув ресурсларининг чегараланганлиги билан белгиланади.

Атроф муҳитни муҳофаза қилиш тадбирлари аввало вилоятнинг табиий реъсурсларини хилма-хил фойдали қазилмаларини, ер, сувни, (ер усти ва ер ости сувлари), ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини (балиқларни) сақлаш, улардан оқилона фойдаланиш ва уни тиклаш хамда атмосфера ҳавосининг мусаффолигини сақлаш билан боғлиқдир.

Атроф-муҳит муҳофазаси эса бевосита давлат назорат испекциялари томонидан амалга оширилади. Шунингдек, табиат ёдгорликлари ҳам қўриқланади.                  

Ҳурматли меҳмонлар(ўқувчилар, талабалар), мана сиз билан ҳамкорликда музейимизнинг тарих бўлими кўргазма заллари бўйлаб саёҳатимизни бошламоқдамиз.

Тарих бўлими кўргазма – экспозицияларида сиз ўлкамизнинг энг қадимги даврларидан шу кунимизгача бўлган кишилик тараққиётининг ривожланиш босқичлари билан танишамиз.

 

Буюк аждодларимизнинг- боболаримиз –момоларимизнинг, шунингдек, оталаримизнинг шаҳарсозлик, ҳунармандчилик, илму-фан, маданияти ҳамда ажнабий босқинларга қарши олиб борган миллий озодлик ҳаракатлари билан танишиш орқали мустабид совет тузуми даври тарих сир-асрорларидан гувоҳлик берувчи аждодларимиздан бизга мерос- хазина бўлиб ҳозирда тарихий қимматга эга бўлган буюмлар-экспонатларни ўз кўзингиз билан  кўриб турибсиз. 

 

Вилоятимиз ҳудудидан топилган археологик ашёлар

 

Келинг, биргаликда биринчи экспозицияга эътибор қаратайлик. У “Наманган вилояти археологик ёдгорликлари олимлар нигоҳида” деб номланиб, унда вилоятда жойлашган археологик ёдгорликларни акс эттирувчи харита ўрин олган. Шунингдек, Наманган ҳудудида археологик илмий тадқиқот олиб борган археолог олимларимиз фото суратларини кўриб турибсиз. Уларнинг Я.Ғуломов, А.Асқаров А.Анорбоев, Б.Матбобоевлар археологик ёдгорликларни тадқиқ этган олимлардир.

Улар орасида тарих фанлари доктори, профессор, академик А.Асқаровдек (Норин туманининг Учтепа қишлоғида туғилиб ўсган ва археологик тадқиқотлар борасида улкан ишларни амалга оширган) археолог олимлар сирасига кирувчи ҳамюртимизнинг борлиги диққатга сазоводир.

Олис ўтмишдан садо берувчи археологик ёдгорликларимизни сир-асрорларини ўрганишда хорижлик шарқшунос-археологлар, тарихчиларни хизматлари ҳам катта бўлган.

Жумладан, таниқли археолог ва шарқшунос олим Н.И.Веселовский, профессор М.В.Массон, профессор А.Н.Бернштам, Бартольд, А.Литвинов, В.А.Заднепревский, Ю.Ф.Буряков, Э.Воронец, В.И.Спришевский ва бошқа олимларни номларини тилга олишимиз мумкин.

Вилоятимиз ҳудудидаги археологик ёдгорликларга археолог-олимларнинг қизиқишини катталиги шундаки, вилоятимиз ҳудудида археологик ёдгорликларнинг кўплигидир, шу билан бирга Наманган Фарғона водийсида алоҳида ўринга эга.

Бундан ташқари, бу археологик ёдгорликлар водийнинг бошқа археологик ёдгорликларига қараганда, тарихий қиммати юқорилиги ва бой манбаалар берганлиги билан ажралиб туради.

Булардан қадимги Фарғона пойтахти Ахсикент, Кушоний салтанати пойтахти, Турк когонати маркази қадимги Косон(Муғ қалъа), Чуст туманида Буонамозор, Поп туманида Мунчоқтепа, Баландтепа, Қирқҳужра, Учқўрғон ва Норин туманларида Кайвонот ва Эйлатан, Чортоқ туманида қадимий ирригация қурилмалари-коризлар, Янгиқўрғон туманининг шимолий-ғарбий қисмида Намангансойнинг ўнг соҳилидаги қадимий сирли тепаликлар шодаси муҳим археологик ёдгорликлар сифатида катта илмий қимматга эга.

1981 йилда Ўзбекистон Фанлар Академияси Археология институти илмий ходими, тарихчи олим М.Исомиддинов раҳбарлигида Учқўрғон, Уйчи, Чортоқ, Янгиқўрғон, Косонсой туманлари ҳудудидаги архологик ёдгорликлар шурф ташлаш усули билан аниқланиб, 150дан ортиқ антик ва ўрта асрларга оид археологик ёдгорликлар рўйхатга олинган ҳамда ўрганилган.

Мана, ўрганилган ва олинган рўйхат орқали уларнинг номлари билан ўзингиз танишинг.

Ҳурматли меҳмонлар (ўқувчилар, талабалар), Сиз бу ареологик ёдгорликларни айримлари билан тўлиқ маълумотни шу археологик ёдгорлик тарихига бағишланган экспозицияларимизда алоҳида-алоҳида танишиб борасиз.

Ҳозир эса ҳаммамиз учун қизиқарли бўлган ибтидоий жамоа тузуми даврида аждодларимиз турмуш-тарзини акс эттирган ғорга яқинлашмоқдамиз. 

Бу ғорни кузатар эканмиз, илк одамларни турмуш-тарзи кўз олдимизга келади. Уларнинг дастлабки яшаш маконлари, манзиллари биз кўриб турганимиздек, ғорларда, чайлаларда бўлганлигини гувоҳи бўламиз. Бу илк одамларнинг тирикчилик манбаи териб-термачалаб, ёввойи ўсимликларни меваларини териб ейиш ҳамда йиртқич ҳайвонларни овлаш орқали ҳаёт кечирганлар.

Уларнинг ов қуроллари ҳам оддий тошдан, суякдан бўлганлиги, дастлаб ов жараёнида қийинчиликлар туфайли овни амалга оширганлигини кўрамиз. Қаранг, сиз кўриб турган ушбу ғорда илк одамларнинг кийиниши, ов натижасида қўлга тушган ўлжасини пишириш манзарасини кўриб турибсиз. Бу экспозицияда оловни кашф қилганлиги ҳамда ибтидоий илк маданият шаклланиш куртакларини гувоҳи бўламиз.

Бундай қадимий инсон манзиллари Наманган вилоятининг Поп тумани Чодак, Чоркесар қишлоқларида, Чуст тумани Ғова, Варзик, Янгиқўрғон  тумани Нанай, Заркент, Парамон қишлоқлари тоғ оралиқларидаги ҳудудларида учратамиз. Бу эса ўз- ўзидан бу ерларда ҳам бундан 15 минг йиллар илгари инсонлар яшаганлигидан далолат беради.

Ибтидоий жамоа тузуми даврлари, босқичлари ҳақида тўлароқ маълумотни биз “Ўлкамизда ибтидоий жамоа тузуми ва даврларга бўлиниши” деб номланган экспозицияда тўлдиришга ҳаракат қиламиз. 

Ҳозир эса Сиз билан биргаликда узоқ ўтмишдан акс- садо берувчи –аждодларимиз томонидан бунёд этилган “Муғ уйлари”(Тош уй) диорамаси билан танишамиз. 

 

Сиз кўриб турган Муғхона (Тош уй) текис тошлардан чодир шаклида қурилган уй бўлиб, тепа учи тешик, жануб қисмида тош йўлак ва эшик бор. Чодак ҳудудида бундай иншоотлар оралиғи 30 дан 200 метргача бўлиб, 3-6 донадан тўп-тўп қилиб қурилган. Муғхона иншооти ажойиб меъморий санъат устакорлиги билан қурилган бўлиб, деворлари 6 қиррали тошлардан қилинган. Бундай тошларни бир одам кўтара олмайди. 30-40 см. майда тошлар асосан деворларни текислашда ишлатилган. Тошлар бир-бирига мустаҳкам бириктирилиб, шу ерни ўзидан олинган бир неча қатор қурилиб, уларнинг қалинлиги 3.5 метргача бўлиб, гумбазга томон юпқаланиб борган. Баъзи муғхоналарни деворлари икки қават бўлиб, орасига майда шағал ташланган. Бу иншоотлар ҳеч қандай қоришмаларсиз қурилган. Ички хоналари диаметри 1.5-2 метр бўлиб, уларни япалоқ тошлар билан гумбазсимон қилиб ёпинган. Ташқи дунё билан ички хоналар 1та ёки 2 та узун ёки тош елкачалар 60-70 смли боғлаб туради. Аслида бу тош уй қабила бошлиғининг хонақоси бўлган. Унга саккиз-ўн киши бемалол сиғиши мумкин. 

“Муғ хона” кўриниши макети

Фарғона ва Помир тоғлари ҳудудларида милодда аввалги VIII –VI асрларда кўчманчи Сак қабилалари яшаган. Поп туманининг Қурама тоғ тизмасидаги ёдгорликларни ўрганган археолог Б.Литвинов Поп тумани ҳудудларида сакларнинг қурумлар деб аталувчи қабиласи яшаганлигини ўзининг “Қурумлар ва қўрғонлар” асарида баён этган. Қурумлар оловга сиғинишган. Бирортаси вафот этса ёқиш одати ҳам бўлган.

Археолог олимлар томонидан Муғхоналар тадқиқи шуни кўрсатдики, улар ичидан одам суяклари, кўза, тувак, дастали пиёла, пичоқ, қилич, жез ва темир ўқ учи, жез кўзгу, мунчоқ ва бошқалар топилган. Мутахассисларнинг  фикрича, муғхона топилмалари шимолий Фарғонанинг ярим ўтроқ қабилаларига мансуб эканлиги аниқланди.Ҳозирги Косонсой шаҳри яқинида илк бор А.Бернштам томонидан Муғхона иншоотлари топилиб тадқиқ қилинган.

Демак, айтиш мумкинки, бу “Муғ уйлари” қадимги аждодларимизнинг ўз даври ҳаётини ёритиб берувчи тарихий манба эканлиги билан илмий қимматга эгадир. Аммо, ҳозирги бир кунда уй қуриш мақсади ила ёки айрим ёшларимиз мол-қўй ўтлатиш баҳонаси билан у жойларда нима қиларини билмай “муғ уйлари”ни бузиб ташлаш холлари учрамоқда. Буни олди олиниб тўхтатилмас экан узоқ ўтмиш-тарихдан ҳикоя қилувчи жонли “Муғ уйлари”дан айрилиб қолиш ҳеч гап эмас.          

  Навбатдаги экспозициямиз “Ибтидоий жамиятни даврларга бўлиниши” деб номланади-ибтидоий жамият одамларнинг яшаш тарзи, жисмоний ва ақлий тузилиши, улар томонидан ясалган меҳнат қуролларининг тури ва материалига кўра бир қанча даврларга бўлинади. Археологларнинг Африка ва Ява оролида олиб борган тадқиқотлари сайёрамизда одамлар 2-2.5млн.йиллардан бери яшаб келаётганлигини кўрсатади. Тахминан ана шу даврдан бошланган ибтидоий жамият меҳнат қуроллари тошдан ясалгани сабабли палеолит (грекча “палайос”-қадимги, литос-тош деган маънони билдиради)-қадимги тош даври деб аталади.

Палеолит даври ўз навбатида уч босқичдан –илк палеолит, ўрта палеолит ва сўнгги палеолитдан иборат. Илк палеолит бундан 2.5млн йиллардан 100 минингчи йилларгача бўлган даврни ўз ичига олади.

Ўрта палеолит босқичи бундан 100-40 минг йиллар илгариги даврдир. Археологияда бу давр Мустье маданияти ҳам деб юритилади. (Франциянинг жануби-ғарби Ле-Мусте ғоридан топилган маданиятнинг номи). 

Сўнгги палеолит босқичи милоддан тахминан 40-12 минг йиллар илгариги даврдир.

Ибтидоий жамиятнинг иккинчи даври мезолит (юнонча “мезос”-ўрта, “литос”-тош деган маънони билдиради)-ўрта тош даври дейилади ва у милоддан аввалги 12 минингчи йиллардан 7 минингчи йилларгача давом этади.

Учинчи давр Неолит (Юнонча “Неос”-янги, “литос”-тош деган маънони билдиради)-янги тош даври бўлиб, унга милоддан аввалги 6-4 минингчи йиллар киради.

Тўртинчи давр энеолит, яъни мисдан қуроллар ясаш ўзлаштирилганлиги учун тош-мис даври дейилади, у милоддан аввалги 4 минингчи йилларда юз беради.

Бешинчи давр бронза, яъни мис ва қалай қотишмасидан меҳнат қуроллари ясаш ўзлаштирилган давр бўлиб, милоддан аввалги 3-2 мингинчи йилларни ўз ичига олади. Милоддан аввалги 1 мингинчи йиллар бошларида темирдан турли қуроллар ва асбоб-ускуналар ясашнинг ўзлаштирилиши натижасида темир асри бошланади.

Ибтидоий жамият даврларининг хронологик йиллари тахминан белгиланган бўлиб, маълум бир давр айрим минтақада олдинроқ, бошқасида кейинроқ бошланиши ва тугалланиши мумкин, албатта.

Ўзбекистон ҳудудида илк палеолит даври одамлари яшаган манзиллар Фарғона водийсининг Сўҳ туманидаги Селунғур ғоридан ва Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри яқинидаги Кўлбулоқ маконидан топилган ва ўрганилган. Селунғур ғори 1958 йилда археолог А.П.Окладников, 1980 йилдан бошлаб археолог олим У.Исломов томонидан ўрганилган. Олимлар Селунғур ғорида бундан 700-100 минг йиллар илгари одамлар яшаган, деган хулосага келдилар.

Мамлакатимиз ҳудудида ўрта палеолит ёки мустье даври, аввало, одамларнинг ўзгариши, иккинчи тур одамлар-Неандерталларнинг (Германиядаги Неандертал водийсидан топилган, бундан 100-40  минг йиллар аввал яшаган одамларга берилган исм) вужудга келиши билан  фарқланади. Уларнинг пешонаси ва жағ тишлари бўртиб чиқмаган, мияси каттароқ бўлган, тик юра олган. Сурхондарё вилоятининг Бойсун тоғидаги Тешиктош ғори ўрта палеолит одамларининг манзилгоҳи эканлигидан далолат беради. Ғордан 8-9 яшар боланинг қабри, калла суяги, одам суякларининг қолдиқлари, улар овлаб тирикчилик қилган ҳайвон суяклари, тошдан ясалган ўчоқ, кўл қатламлари, ҳайвон ва қушларнинг суяклари топилган.

Мезолит ва неолит даври манзиллари-одамлар ўсимликларининг илдизларини истъемол қилишдан бошоқларни, мазали меваларни истеъмол қилишга ўтадилар. Улар аста-секин от, ит, сигир, қўй, эчки каби ҳайвонларни қўлга ўргатиш, бошоқли ўсимликларни ўстириш малакаларига ҳам эга бўлиб борадилар.

Мезолит даврига оид мозорларнинг таҳлили одамларда диний эътиқод шаклланаётганини, нариги дунёга ишонганини кўрсатди. Магай қабристонида жасад чалқанчасига ётқизилгани, устига қизил ранг сепилиб, атрофига тош тақинчоқлар териб қўйилгани аниқланган. Кўхитонг, Қурама тоғлари бағридан топилган суратлар эса тасвирий санъатнинг вужудга келганлигини кўрсатди.

Неолит даври қуроллар ишлаш техникасининг ўзгариши-силлиқлаш, пардозлаш, арралаш усулларининг ихтиро этилиш билан ажралиб туради. Тош қуроллар орасида болталар, поналар, исканалар, тош тешалар пайдо бўлди. Неолит даври “Тошболталар асри” ҳам дейилади. Ҳунармандчиликнинг сопол буюмлар  ясаш тармоғи ҳам пайдо бўлди. Ўқ-ёйдан кенг фойдаланганлар.   

Навбатдаги экспозициямиз “Чуст маданияти” деб номланади. Сиз ҳозир экспозицияда кўриб турган суратлардаги булоқ, рўзғор буюмлари ва бошқа экспонатлар Чустдаги “Бибионамозор” харобасидан археологик қазишмалар вақтида топилган.

Чуст шаҳридан икки километр шимолда Ғовасой соҳилида кўҳна тепалик бор. Бу қадимий қишлоқ харобасидир. Халқ тилида Буонамозор номи билан юритиладиган бу манзилгоҳни 1950 йилда археолог М.Э.Воронец кашф қилган бўлиб, уни 1951-1961 йилларда археолог В.М.Спришевский томонидан ўрганилган.

Тарих фанлари доктори Ю.А.Заднепровский раҳбарлигида қидирув ва қазишма ишлари олиб борилган. 1982-1984 йилларда профессор Аҳмадали Асқаров раҳбарлигида Ю.А.Заднепровский, Е.А.Волкова, М.Б.Ментаргиян, Б.Х.Матбобоев, У.Рахмоновлар иштирокида қазиш ишлари давом эттирилган. Натижада шу нарса аниқландики, водийда шаҳарсозлик маданиятининг ҳамда сунъий деҳқончилик маданиятининг илк куртакларини Чуст маданияти ёдгорликларида учратилди. Бу маданият дастлаб ва энг кўп ўрганилган ёдгорликлар номи билан Чуст маданияти деб аталди. Энг биринчи ўрганилиб, фанга киритилган Чуст даври ёдгорликларининг Фарғона водийсидан топилган харобалари тарихий-археологик ва хронологик жиҳатдан сўнгги бронза (жез) даврига мансубдир. Бу ёдгорлик асосан эрадан аввалги иккинчи минг йилликнинг охири биринчи минг йилликнинг биринчи ярмига тўғри келади. 

 

Ўқувчи ёшлар тарих кўргазма залида

 

Буонамозор аҳолиси ибтидоий жамоа тузумида яшаганлиги ҳақиқатга яқин. Бинобарин, бу даврда эркаклар оғир юмушлар бажарганлар, аёллар эса жамоада катта роль ўйнаб, жамоани бошқарганлар.  Шунингдек, у ерда деҳқончилик билан шуғулланувчи аҳоли орасида ер, сув, қуёшга муносабат жуда кучли бўлган. Айниқса, сув илоҳийлаштирилган. Шу жиҳатдан сиз суратда кўриб турган Буонамозордаги қадимий булоқ ҳам илоҳийлаштирилган. Қадимги деҳқонлар бу булоқ атрофини кўкаламзорлаштириб, бу ерда деҳқончилик ишларини кенгайтиришган. Буонамозор, яъни “Бибиона мозори” деб ном олгани ҳам шу булоқни муқаддаслаштириш ва илоҳийлаштириш билан боғлиқ бўлса керак.

Бу манзилгоҳда милоддан аввалги Х-VIII асрлардан кейин ҳаёт тўхтаган. Манзилгоҳда турар жойлар эса вақтлар ўтиши билан шамол, қор ва ёмғирлар таъсирида емирилиб тепаликка айланиб қолган.

 

Текширишлардан маълум бўлишича, Буонамозорликлар керакли нарсаларни ўзларибилан бирга олиб кетиб бошқа қулай жойга ўрнашганлар. Бу хол хўжалик юритиш билан боғлиқ бўлиши керак, албатта. Ана шу тариқа даврлар ўтиши билан халқ орасида бу тепалик катта она ёки бошлиқ она-“Биби она” деб юритилиб, кейинчалик одамлар унга сиғина бошлаган. 

 

Бибионамозор зиёратгощидаги қайнар булоқ

 

Бундан кўринибтурибдики “Бибиона мозори” ҳеч қандай илоҳий кучга эга бўлган муқаддас жой эмас. Дам олиб хордиқ чиқарадиган соя-салқин жой холос. Бу ерда ҳеч қандай илоҳий мўъжиза йўқ.

Сиз экспозицияда кўриб турган бронза давридаги Бибионамозорлик деҳқонлар томонидан яратилган ва ишлатилган меҳнат қуролларидир. Шунингдек, археолог олимлар у ердан ғалла сақланадиган 80 та чуқур ўра-омборлар, ноёб гулдор сопол буюмлар комплекси, турли шаклдаги тош қуроллар ҳамда ҳайвон суяклари, шохлардан ясалган коллекциялар топилган.

Буонамозор  манзилгохининг топилиши ва ўрганилиши билан Фарғона водийсида, шу жумладан, Наманган вилоятида бундан 2800-3000 йил аввал ота-боболаримиз тоғ олди зоналарида сойлар соҳилида ва булоқлар атрофида илк бор суғорма деҳқончилик билан шуғулланганликларидан далолат беради. 

Бу  экспозицияда муқаддас китоб “Авесто”-қадимги тарихимизни ўрганишда ноёб манба эканлиги тўғрисида суҳбат қурамиз.

Ўз мазмуни, моҳиятига кўра якка худолик, инсонийлик, меҳр-шафқат, меҳнатсеварлик, юртпарварлик ғояларини тараннум этиб, одамзод аҳлини бунёдкорлик, яратувчиликка ундаган муқаддас “Авесто” олис тарихимизнинг асл дурдона асарлари сирасига киради.

Авесто китоби мил.ав. сўнгги минг йиллик бошлари ва ўрта асрларида яшаган ҳудудимиздаги қадимги халқларнинг ўзига хос турмуш-тарзи, хўжалик машғулоти, ижтимоий-маданий ҳаёти, урф-одатлари-ю, маросимлари ҳақида маълумот берувчи муҳим тарихий манбадир.

Юртбошимиз уқтирганидек: “Энг мўътабар, қадимги қўлёзмамиз ”Авесто” нинг яратилганига 3000 йил бўляпти. Бу нодир китоб бундан ХХХ аср муқаддам икки дарё оралиғида, мана шу заминда умргузаронлик қилган аждодларимизнинг биз авлодларига қолдирган маънавий, тарихий меросидир. “Авесто”нинг айни замонда бу қадим ўлкада буюк давлат,  буюк маънавият, буюк маданият бўлганидан гувоҳлик берувчи тарихий хужжатдирки, уни ҳеч ким инкор этолмайди. (И.Каримов “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” Т.наш.1998 18-бет).

Модомики, “Авесто” она тарихимизнинг муҳим таркибини ташкил этар экан, бу ноёб манба қачон, қаерда, ким томонидан яратилган? Тарихий манбаларни чуқур ўрганиш “Авесто”ни ҳақиқий Ватани Ўрта Осиё ўлкаси, унинг Хоразм воҳаси эканлигини тасдиқламоқда. Гап шундаки, “Авесто”да тилга олинган 16 та йирик ҳудудий номларнинг 9 таси Ўрта Осиёга  тааллуқлидир. Булар Гава (Суғда), Хваризм (Хоразм), Баҳди (Бақтрия), шунингдек, Ҳисор, Помр, Тангритоғ (Тянь Шань) тоғлари, чуқур кўллар-Каспий, Орол, Иссиқкўл, кенг дарёлари-Амударё ва Сирдарёлардир.   

         “Авесто” таълимотининг асосчиси тарихга пайғамбар номи билан кирган Зардушт исмли шахсдир. Зардушт “олтин туяли” ёки “Олтин туя етакловчи” деган маънони билдиради. Зардушт зардуштийлик ғояларини, динини аҳоли ўртасида ташвиқот-тарғибот қилган, бу жараён ниҳоятда қийин, мураккаб кечган, ҳудудма-ҳудуд  сарсон-саргардон кезиб юришга  мажбур бўлган.  Яна шу нарса эътиборга моликки, Зардуштийлик динини биринчилардан бўлиб қабул қилинган, уни ўз фуқароларига ёйилишига изн берган юрт ҳам Бақтриядир.

 

Беруний келтирган  ривоятга кўра, Зардушт Бақтрия подшохи Виштасп (Гуштасп) ва малика Хутлоса ҳузурига келиб, “Авесто” таълимотининг муқаддаслигини исбот этиш учун худога илтижо қилиб, ўз танасига қиздирилган мисни босишни сўрайди. Оловли мис эса унинг танасини зарарламагач, Виштасп ва унинг хотини, улардан сўнг бутун Бақтрия аҳолиси зардуштийлик эътиқодини қабул қилади. 

 

Ўқувчи ёшлар кўҳна тарихимизга оид экспозиция билан танишмоқдалар

 

Аввал бошда   “Авесто”  21 китобдан иборат бўлган. Эрон подшохи Доро I даврида “Авесто”  тўлиқ холда 12 минг қормол терисига зархал харфлар билан битилган. Искандарнинг Шарққа юриши билан “Авесто” нинг 5дн 3 қисми куйдириб юборилган.

Кейинроқ Парфия подшохлари Вологез I ва Вологез  V даврида (I –II асрларда) “Авесто”нинг қолган қутган қисмлари тўпланган.  Сосонийлар даврида (III- IV) “Авесто” қисмлари жамланиб, пахлавий тилида янгитдан китоб холига келтирилган.

Ҳозиргача “Авесто”нинг жами 21 китобидан “Ясна”-“Қурбонлик келтириш”, “Виспарат”-“Ҳамма ҳукмронлар”, “Яшт”-“Қадрлаш”, “Видевдат”-“Девларга қарши қонун” номли китоблари етиб келган.

“Авесто”  таълимоти бир томондан, ерли қабила, элатларни турли маҳаллий кўринишдаги бидъат ва хурафотлар таъсиридан халос бўлишига, иккинчидан, маҳаллий этносларнинг чуқур илдиз отиб, мустаҳкамланиб, этник шаклланишига ва учинчидан, ишлаб чиқариш жараёнининг тобора кенгайиб, ижтимой муносабатларнинг такомиллашуви жараёнига сезиларли туртки берарди.

“Авесто” да моддий дунё, борлиқ муқаддаслаштирилади. Ер,сув, ҳавони булғаш, оловга тупуриш энг оғир гуноҳ саналган. “Авесто” аввалги динларда расм бўлган инсонларни қурбонлик қилишни қатъиян ман этади ва унинг даҳлсизлигини ҳимоя қилади.

Зардушт динида олов муқаддаслаштирилган бўлиб, у инсоннинг бахту-саодати рамзи сифатида улуғланган. Шу боис аждодларимизнинг кўплаб тўй-томошалари, хурсандчилик маросимлари олов ёқиш, уни атрофида кенг давра  қуриш билан бу одатлар ўтказилган. Бу одатларнинг баъзилари ҳозиргача ҳам сақланиб қолган.

Зардуштийлик таълимотига кўра, доимий фароғатли ҳаёт инсон учун узоқ нотаниш ҳаёлий жаннатда эмас, балки инсонлар яшайдиган шу тириклик дунёсида ҳалол ва берилиб меҳнат қилиши, яхшилик ва хайрли иш қилишлари керак бўлади.

Хулоса қилиб, айтиш мумкинки, муқаддас “Авесто”  китоби буюк ўтмиш-далилларимизнинг кенг қмровли ҳаёт тарзини, умрбоқий урф-одатлари, таълим-тарбияси, бошқарув тизимини ўрганишимизда дастуруламал манба бўлиб хизмат қилади.   

Буюк ипак йўли” экспозицияси тўғрисида фикр юритар эканмиз, бу қадимий йўлнинг неча асрлар давомида не-не мамлакатлар ва халқларни бир-бирига боғлаш, алоқаларини мустаҳкамлашдаги мислсиз хизматни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз  бўлади.

Буюк ипак йўлининг очилиши (эрамиздан аввалги 138 й) машҳур Хитой сайёҳи, дипломат, сарой қўриқчилари зобити Чжан Цянь ва император Ву-Дининг номи билан боғлиқ. Ипак йўли I-II асрлар оралағида Чиннинг юксак даражада ривожланишига сабаб бўлди. 

 

Хитой билан асосан Ўрта Осиёлик савдогарлар савдо-сотиқ қилар эдилар. Гарчи Хитойлик сайёҳ Тань Ин форс кўрфазигача, македониялик Кай Тициан Ланьгжоугача етиб борган бўлсалар-да, йўл қийинчиликлари Хитой ва Рим ўртасида тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишга имкон бермади.   

«Буюк Ипак йўли» харитаси

 

VII-Х асрларда Буюк ипак йўлининг халқаро аҳамияти кучайди. Хитой араблар ва Византия билан алоқа ўрнатди. Буюк Ипак йўлида ташилган асосий мол-ипак ўзининг енгиллиги, ихчамлиги, қимматбаҳолиги туфайли талабгори кўп эди. Ипак асосан кўп ташилар эди. Ипак матоларининг эни ва узунлиги қонун томонидан белгиланган Хон даври учун ипак матоларининг эни ярим метр, узунлиги эса 9 метр бўлган.

Ипакдан ташқари,  Хитойдан чинни, сопол идишлар, олтин, темир, қурол-аслаҳа, гурунч, мол, май, қоғоз, пахта, кашта, лакланган буюмлар, бамбук ҳам олиб келинарди. Вьетнам дур, қимматбаҳо тошлар, заргарлик буюмлари, каркидон шохларини жўнатар эди. Хиндистондан олтин, кумуш, қалай, темир, қўрғошинлар, мис, шойи матолар, гиламлар, хушбўй моддалар, зираворлар, садаф, юган, тошбақа косалари, каркидон ва филларнинг шохлари келтирилган.

Форс ва Олд Осиё мамлакатлари қош ва соч бўёқлари, идишлар, қурол-аслаҳа, гиламлар, ёғоч,қимматбаҳо тошлар билан савдо-сотиқ қиларди. Ўрта Осиёдан хорижга матолар, гиламлар,  отлар, кашталар, палослар, мевалар, кўчатлар, ўргатилган ҳайвонлар, дориворлар, тақинчоқлар, рангли ойналар, қоғоз чиқарилар эди. Зотдор Ўрта Осиё отлари айниқса, қадрланар эди. Уйғурлар Хитойликларга бир отни   4.5 тўп ипакка алмаштирган бўлсалар, VII асрнинг иккинчи ярмига келиб бир отнинг нархи 10 тўпга етди. Буюк Ипак йўлидаги савдо-сотиқда Кичик Осиё (метал, мато,заргарлик буюмлари), Шарқий Ўрта ер денгизи (ойна, биллур, ложувард, олтин, кумуш), Европа (олтин, кумуш, қаҳрабо) давлатлари ҳам фаол иштирок этардилар.

Биринчи бор чек операциялари айни шу Буюк Ипак йўлида ўтказилган.

Бутун йўл бўйлаб, тахминан ҳар 25-30 километрда карвонсаройлар жойлашган бўлиб, у ерда савдогарлар ва уларнинг хизматкорлари учун 2-3 хонали ҳужралар, от-уловлар учун ҳам махсус жойлар бор эди.  Карвонсаройда ижарачилар учун хизмат кўрсатиш тизими мавжуд эди. Сартарошлар, хаттотлар, темирчилар, таржимон, қоровуллар шулар жумласидандир.

Ёзма манбаларнинг гувоҳлик беришича, 922 йилда араб халифаси Ал-Мухтадир томонидан Булғор шохига юборилган шундай карвон 3000 та юк ҳайвони ва 5000 кишидан иборат бўлган. Улар орасида рассомлар, меъморлар, дипломатлар, олимлар ва сайёҳлар бор эди.

XIV асрда Хитойда бўлган Марко Поло туташиб кетган карвон йўлларини илк бор “Ипак йўли” деб атаган.    

Буюк ипак йўли тушунчасини биринчи бўлиб фанга таниқли немис олими Фон Рихтгофен олиб кирган. У XIX асрнинг 70 йилларида ёзган “Хитой” номли классик асарида бу терминни илмий асослаб берди.

Буюк ипак йўлининг шуҳрати айниқса, XIV асрнинг иккинчи ярми ва XVасрда, яъни Амир Темур ва темурийлар даврида янада ортди. Бунинг боиси аввало шундаки, Амир Темур қудратли марказлашган давлат барпо этиши баробарида унинг барча ҳудудларида тинчлик ва осойишталик ўрнатди.

Буюк ипак йўли XVI асрдан эътиборан ўз аҳамияти ва ролини йўқотиб, тушкунлик сари юз тутди. Бу холларни қандай изоҳлаш мумкин?

Биринчидан, Амир Темур ва темурийлар сулоласининг пировард оқибатида чуқур инқрозга йўлиқиши ва тарих санасига бошқа ҳумрон сулолаларининг, чунончи Шайбонийхонлар, Аштархонийларни келиши.

Иккинчидан, Туркистондаги хонликлар, амир-беклар, сулолалар ўртасида хокимият талашиб олиб борилган ўзаро жангу жадаллар, доимо қон тўкилишлар натижасида ўлка тобора иқтисодий бухроналарга дуч кела борди, сиёсий беқарорлик авж олди.

Савдо-сотиқ бобида ҳамкорлик қилиш  имкониятларидан маҳрум бўлди. 

Учинчидан, илғор Европа олимлари, сайёҳлари томонидан XV- XVI асрлардан эътиборан бошланган буюк географик кашфиётлар, буларнинг натижасида жаҳоннинг турли қутблари томон янги, қулай сув йўлларининг очилиши, шу жумладан, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа жанубий-шарқий мамлакатларга томон шундай  йўлларни кашф этилиши, булар буюк Ипак йўли шуҳратининг пасайиши ва сўниб боришига олиб келди.

Ўзбекистоннинг миллий истиқлолга эришуви ва ўз мустақил давлатчилигига эга бўлиши унинг олдига кенг истиқбол уфқларини очиб берди.

Бугунги кунда Буюк Ипак йўли учинчи бор “кашф этилмоқда”-Буюк Ипак йўли бўйлаб савдо-сотиқни тиклаш, ўзаро фойдали халқаро алоқаларни вужудга келтириш ва ривожлантириш фикри уйғонди. Ўзбекистон бу ишларда ташаббус кўрсатиб, жаҳонга юз очди. Республика 4000 дан ортиқ археологик ва архитектура ёдгорликлари билан танишиш имкониятини яратди. 

Қуйидаги сайёҳлик маршрутлари белгиланди:

1.                Ашхобод- Мари- Чоржуй- Бухоро- Самарқанд- Панжикент- Ўратепа-Фарғона водийси- Ўш- Қашғар;

2.                Самарқанд- Тошкент- Жамбул- Чу дарёси водийси- Бишкек-Иссиқкўл- Қашғар.

Ўзбекистон хукумати Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар билан биргаликда қадимий ипак йўлида темир йўл тармоқларини қуриш ва автомобил йўлларини таъмирлаш, кенгайтириш, янгилаш, улар атрофини ободонлаштириш бўйича шартномалар тузди.

Тошкент-Алмати-Урумчи йўли яқин келажакда Ўзбекистонни Хитойнинг Лянган бандаргоҳи, Шанхай орқали эса Корея ва Япония билан боғлайди. Ўзбекистон-Қозоғистон-Россия-Украина-Белоруссия-шимолий-ғарбий транспорт магистрали фаолият кўрсатмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг Европа давлатларига кўплаб юк ташиш имконини беради. Шунингдек, Қамчиқ ва Резак довонлари орқали Тошкент-Фарғона-Ўш-Қашғар темир йўли қурилиши ҳам якунланади.

Буюк Ипак йўлини тикланиши иқтисодий манфаат билан бирга давлатларнинг маданий-сиёсий ҳаётига ҳам катта ижобий таъсир кўрсатади. Буюк Ипак йўлининг тикланиши борган сари улкан аҳамият касб этмоқда. Бу йўл яна қайтадан тикланаяпти. Бу дўстлик, маданият, давлатларнинг иқтисодий юксалиш йўли, бир сўз билан айтганда-тараққиёт йўлидир.

 

Қадимги Косон экспозициясида Сиз “Муғ қалъа” макетини шунингдек, Косонсой ҳудудидан топилган нодир-ноёб экспонатлар ҳисобланмиш кулолчилик буюмлари сопол парчалари, сопол кўзалар, сопол хумча, сопол коса ва сопол лаганларни кўриб турибсиз. Шунингдек,  Қадимий қалъа девор қолдиқларини сурат орқали гувоҳи бўлмоқдасиз. Булар ҳаммаси қадимги Косон тарихидан ҳикоя қилувчи тилсимлардир.

Тарихий асарларда ёзилишича, эрамиздан аввалги 1 асрда Фарғона водийси ўз даврининг кучли давлати бўлган Кушонлар салтанати таркибига кирган. Бу даврда Фарғона водийсининг энг йирик шаҳри ва маркази Косон шаҳри иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда муҳим рол ўйнаган.

Ёзма манбаларда, хусусан Хитой тилида 497 йилда ёзилган Бэйши номли манбада “Лона қадимги Давон хокимлиги, ҳоким қароргоҳи Гуйшань шаҳрида” деб хабар берилган. Хитойшунос Н.Я.Бичурин давр манбасига асосланиб Гуйшань Давань маркази, деб изоҳ берган. Шу вақтдан эътиборан Гуйшань фанда маълум.

А.Н.Бернштам 1946, 1948 йиллар Муғқалъада олиб борган қазишмалар асосида қуйидаги фикрни илгари суради. Кушонлар даврида Фарғонанинг сиёсий маркази шимолий Фарғонадаги Косон шаҳри бўлиб, Йебочжи туркий хоқон бўлган.

ХХ асрнинг 50 ва 80-йилларида Муғтепада  қазишмалар ўтказган археолог Ю.А.Заднепровский ҳам Шуйшань-бу ҳозирги Муғтепа қолдиғидир.

Ўз навбатида Муғтепа ёдгорлиги борасида бирмунча батафсилроқ тўхталсак.

 

Муғтепа хозирги Косонсой шаҳридан 2 км узоқликда Косонсой дарёсининг юқори оқимини чап қирғоғида жойлашган. Ушбу тепалик ҳозирда икки қисмга бўлинган бўлиб, уни Косонсой-  Ола буқа автомобиль йўли кесиб ўтган. Бу муғтепа ва Муғқалъа тепаликлари нисбатан кичик бўлиб, трапеция кўринишидадир.

 

Косонсойдаги «Му\тепа» археологик ёдгорлиги

 

Ҳозирги кунда қалъа емирилган деворлар ва бурчакларида кузатув бўлими жойлашган. Косон географик жойлашуви бўйича стратегик нуқтаи назарда жуда муҳим устунликка эга бўлган. 

Таниқли шарқшунос олим В.В.Бартольднинг ёзишича, Хитой манбаларида «Косой» деб аталган. Косон Турк хонлиги даврида турк хоқонлари вакилларининг қароргоҳи бўлган. 658 йилда Ғарбий Турк хоқонлиги ҳалокатга учрагач, Косон бутун водийнинг маркази бўлиб қолган. Дархақиқат, мелодий VI асрдан бошлаб то араблар истилосигача Косонда Турк хоқонлигининг асосочиси ҳисобланган Ашина хонадонидан чиққан вакил ўтирган.

Шаҳарнинг арки –аълоси ва салобатли мудофаа деворларининг қолдиқлари шу кунларда ҳам  қад кўтариб турибди. Тадқиқотлар давомида оз бўлсада шаҳар ҳунармандлари ясаган ҳар хил сопол идишлар топилган. Идишлар ўзининг ясалиш техникаси  ва технологияси жиҳатидан юқори сифатли эканлигидан айнан мазкур худудда ўтроқ шаҳар маданиятига хос хусусиятлар, хусусан ҳунармандчилик юқори даражада тараққий этганлигидан далолат беради.

VIII асрнинг биринчи чорагидан бошлаб то IХ асргача Фарғона водийси, хусусан, Косон шаҳри араблар томонидан босиб олинади ва махаллий ахоли ислом динига киради.

Мавороуннаҳр вилоятларининг ичида  энг кўп нуфузли худуд Фарғона водийси бўлганлигини тушуниб олиш қийин эмас. Ўрта аср муаллифларидан Мақдисий Х аср Фарғона вилоятида  40 та шаҳар бўлган деб ёзса, араб тарихчиси ат-Таборий Фарғонада 5 та йирик шаҳар- Хўжанд, Косон, Боб, Қува ва Фарғона шаҳарлари жойлашган деб таъкидлайди. Умуман олганда Фарғона IХ-Х асрларда иқтисодий жиҳатдан қуйидаги туманларга бўлинган. 

Косон, Жидгил ва Миёнрид, Шарқшунос В.В.Бертольднинг ёзишича,, Косон VIII аср охири Х асрда Фарғона давлатининг пойтахти бўлган.

IХ-Х асрларда Фарғона водийси Самонийлар давлатининг иқтисодий жиҳатдан ривожланган худудларидан бирига айланган. Косонни пойтахти Ахсикент шаҳрида бўлган самоний хукмдор Ибн Аҳмад Асад бошқарган. ХII асрда эса Косон кўп поғонали Қорахонийлар салтанатининг пойтахти шаҳарларидан бирига айланади.

1212 йил Фарғона водийсининг шимолий қисми, жумладан Косон шаҳри ҳам найманлар ҳукмдори Кучукхон қўл остига ўтди. Найманлар кейинчалик мўғул хукмдори Чингизхонга (1220-1221 й) ўз иҳтиёри билан қўшилди ва Чиғатой улуси таркибига кирди.

Амир Темур ва темурийлар ҳамда сўнгги ўрта асрларда ҳам Косон-Косонсой шаҳри шимолий Фарғонанинг ижтимоий – иқтисодий ва маданий марказларидан бири бўлиб қолди.

XV-XVI асрларда яшаб ижод этган машҳур олим, тасаввуф таълимотининг йирик намаёндаси Махдуми Аъзам ҳам Косон диёрида таваллуд топиб камолга етган. Айнан мазкур даврда  шаҳар худудида  Ғўзапоя масжиди (XV-XVI асрлар) қурилган. 1593 йилда  Косон шаҳрида Хапалак хўжа махалласида 1 та қорихона бўлганли ва бошқалар бу даврда шаҳарда илм-фан тараққий қилган масканлигини кўрсатади.

1620 йилги машъум зилзила натижасида Косон шаҳри ҳам водийнинг Ахсикент, Андижон, Марғилон шаҳарлари сингари жиддий талофат кўради.

Қўқон хонлиги даврида Косон шаҳри хонлик худудидаги йирик шаҳарлардан бири сифатида ўз мавқеига эга бўлиб келган. Айниқса бу даврда Косон шаҳри хонлик таркибига кирган 15 та бекликларидан бири Косон беклигининг маркази бўлган.

Демак, юқоридаги мулоҳазаларга хулоса қилиб айтиш мумкинки, Косонсой шаҳри ўзининг 2000 йилдан зиёд тарихи давомида турли тарихий воқеа ва ҳодисаларнинг гувоҳи бўлиши билан бирга Фарғона водийси ва бой шаҳарсозлик  анъаналарини ўзида  мужассам қилган маскан тарзида тараққий қилиб борган ва мамлакатимиз тарихининг ажралмас қисмидан бирини ташкил қилган.

Косон шаҳри номининг келиб чиқиши ва номланиши борасида ҳам фанда ягона фикр мавжуд эмас. Чунончи, айрим топонимик тадқиқотларда ушбу сўз Кушон сўзининг ўзгарган шакли бўлиб, IX асргача сўз ўртасида т-с, у-у-уо товуш ўзгариши юз берган, деб ёзилади. Х.Хасановнинг ёзишича, Кушон сўзи аслида халқ номи бўлиб, Кошон-Кушон номининг ўзгаришидир. Эронлик олимлар Саид Нафисий, доктор Муин, ўзбек тилшунос олимларидан профессорлар Н.Махмудов ва И.Йўлдошев “Косон”- “Косибон” сўзининг ассимиляцияга учраган шаклидир,..-деган хулосага келишган. Бу ўринда Косон 32 хунар ривожланган қадимги шаҳар эканлигини ҳисобга олсак, ушбу фикр ҳақиқатга яқинроқ.

Демак, “Косон” косиблар шаҳри, ҳунармандлар манзили, деган маънони англатар экан.   

Навбатдаги экспозициямиз нумизматика ва бонистика деб номланиб, ушбу экспозицияда Сиз турли даврларга мансуб танга ва қоғоз пулларни кўриб турибсиз. Нумизматика тангашунослик ҳақидаги фандир.

Тарихий манбалардан маълумки,  жуда қадим замонлардан бошлаб ишлаб чиқарилган маҳсулотларни турли қабила ва жамоалар ўртасида ўзаро айрибошлаш усули ҳар доим кўзланган натижани бермаган.  Чунки ишлаб чиқарилган маҳсулотга ҳар хил миқдорда меҳнат сарф қилган.  Шу боис махсулотларни тўғри айрибошлаш учун учинчи воситачи ўлчов буюми керак эди. Пул бирлиги металлдан ясалган тангалар турли давлатларда ҳар хил даврларда муомалага кириб келган. Қадимги туркий тилидаги мўйнаси қиммат “жонзот- олмахон”- тийин деб аталган. Унинг териси натурал айрибошлашда муҳим рол ўйнаганлиги учун тийин сўзи пул қиймат бирлигини кўрсатадиган атама бўлиб қолган. Ҳозирги ўзбек тилидан танга сўзи қадимги турк тилидаги “тамға” сўзидан келиб чиққан бўлиб, ҳокимлар турли металлар: олтин, кумуш, мисларга ўз тамғасини босиб муомалага чиқарганлар ва бу пуллар “тамға” пул деб юртилган, кейинроқ у танга сўзига айланиб кетган. Рус тилидаги “деньги” сўзи ҳам танга сўзидан олинган. Тангаларда ўтган асрлардаги диний эътиқодлар, фан-маданият даражаси акс этган, шунингдек, қадимги тиллар, ёзувлар, унвонлар, ҳокимлар, шаҳар ва зарбхоналар номи сақланиб қолган.

 

А.Темур давридаги зарб қилинган танга энг асосий тўлов воситаси сифатида давлатнинг халқаро сиёсий ва иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга хизмат қилган. А.Темур давлатининг танга пулларига талаб ва эҳтиёж кучли бўлганлиги учун ҳам бу пуллар нафақат Мовороуннаҳрда, балки Хуросон, Эрон ва Озарбайжон ҳудудларида ва Темурийлар ҳукмронлик қилган қатор марказий шаҳарларда ҳам зарб қилинган. Темурийлар тарихи Давлат музейи фондида ҳозирги кунда Темурийлар даврига тегишли тангалар сақланади. Бу тангаларнинг таркиби олтин, кумуш ва мисдан бўлиб, А.Темур ва Темурийлар номи билан зарб қилинган. 

XV аср (1494-1495йиллар) да Самарқандда зарб қилинган темурийларга оид тангалар.

 

 

Милоддан аввалги 3 асрда Ўрта Осиёда пул муомаласи бошланди. Фарғонада илк бор ўз тангаси чамаси 6 асрда пайдо бўлди. 7 аср ўрталари, 8 аср бошларида Туркистоннинг тангасозлик тарихида муҳим босқич бўлди.

7 асрнинг сўнгида Абдумалик Уммавий пул ислоҳоти ўтказиб, мусулмон тангасини зарб қилишга асос солди. Танганинг олд томонида “Ла илаҳа иллаллоҳ”, орқа томонига эса “Муҳаммад Аллоҳнинг расули” ёзувлари битилган. Танганинг номланиши металлга боғлиқ бўлган. Олтин танга –динор, кумуш танга-дирҳам, мис (бронза)танга-фалс деб юритилган.

Кейинчалик Сомонийлар тангаси вужудга келди. 10-11 аср чегарасида Сомонийлар ўрнини Қорахонийлар эгаллади. Кумуш инқирозини Қорахонийлар эгаллади. Кумуш инқирози ҳудди шу даврга тўғри келади. Қорахонийларнинг тангаси сомонийлар тангасидан ёзувининг нафислиги, умуман безакларининг хилма-хиллиги, сифатлилиги билан ажралиб туради. 16-аср бошларида Темурийлар давлатини Шайбонийлар эгаллади. 16-17 аср чегарасида Шайбонийлар ўрнини Аштархонийлар эгалади. Ҳар икки сулолада ҳам тангалар қиймати бир хил бўлди.

 

18 асрда Ўрта Осиёдаги мустақил давлатлар Бухоро амирлиги-ю, Хива хонлиги, Қўқон хонликларида олтин, кумуш, мисдан тангалар зарб этилган.   

МИС ТАНГА

Қадимги Хитой тангалари каби бу танга хам анча қалинроқ, ўртасида тўртбурчак тешиги бор. XII-XIII асрларда Шарқий Туркистон, Или ва Чу водийси Еттисув ва Ўрта Осиёда ҳукмронлик қилган Қорахитойлар давлати хукмдорлари мана шу каби Яъин Хитой давлатидагига ўхшаш тангаларни зарб этдирганлар. Чингизхон қўшинлари бостириб киргунга ҳадар бу тангалар ўлкамизда киргунга қадар бу тангалар муомалада бўлган. Ушбу тангалар бизга  ўлкамизнинг XII-XIII асрдаги тарихини ёритиб берувчи манба хисобланади.

 

 

 КУМУШ ТАНГА

 

Бу танга VIII-IX асрларга оид бўлиб, асосан яқин Шарқ мамлакатларида кенг муомалада бўлган. Танга араб ва Мовароуннахр давлат-лари  ўртасидаги савдо-сотиқ жараёнида бизнинг ўлкамизга кириб келган.

 

Навбатдаги экспозициямиз “Мунчоқтепа” деб номланади.

IX-X асрларда яшаган араб сайёҳлари Ибн Хордадбек ва Истаҳрий томонидан битилган ёзма манбаларда Поп сўзи “Боб” деб тилга олинган бўлиб, бу арабча “Дарвоза” маъносини англатади. 983 йилда ёзилган номаълум муаллиф қаламига мансуб “Худуд-ул олам” (Олам чегаралари) номли китобининг “Мовароуннахр вилояти ва унинг шаҳарлари” деб номланган қисмида “Поб” сўзи ёзилиб, бу ўлка Шимолий Фарғонанинг савдо йўлида жойлашган обод шаҳарларидан бири сифатида таърифланган.

Поп ёзма манбаларда биринчи бўлиб 9-асрда Ибн Хордадбек ва Х асрнинг биринчи ярмида Истахрий томонидан “Боб” деб тилга олинган. Х асрнинг иккинчи ярмида номаълум муаллиф томонидан яратилган “Ҳудуд ал-олам” китобида бўлса, “Поб” шаклида ёзилиб, Шимолий Фарғонанинг  савдо йўлида жойлашган обод шаҳарларидан бири деган таърифни ўқиймиз, холос. Қадимги ва илк ўрта асрлардаги Поп тўғрисида ёзма манбаларда ҳеч қандай хабар тополмаймиз. Лекин археологик изланишлар Поп шаҳри қачон ва қаерда пайдо бўлганини аниқлашга имкон берди. Маълум бўлишича, Поп шаҳри милоднинг бошларида Сирдарёнинг ўнг соҳили бўйлаб кетган Ғовасой воҳасининг энг сўлим жойида пайдо бўлган экан.

6-7 асрларга келиб, Поп Ғовасой суғорма деҳқончилик районининг маркази сифатида гуллаб-яшнайди. Бу шаҳарнинг жуда оз қисмигина бизгача етибкелган. Арки аъло халқ орасида Баландтепа деб аталади. Ташқи шаҳар ҳудудида фақат некрополь, яъни шаҳар қабристони сақланиб қолган холос. Унинг ҳозирги номи Мунчоқтепа.

Мунчоқтепа аслида ўзаро яқин жойлашган тўррта тепалик бўлиб, 1960-1970 йилларда уларнинг иккинчиси бузиб ташланган, ҳозир ўрни пахтазор. Қолган иккитаси ҳам анчагина шикастланганига қарамай, жуда бой археологик материал беряпти. Айниқса, Сирдарё ёқалаб жойлашган ярим ой шаклидаги жанубий тепалик (70х25м) археологларни ҳайратда қолдиради.

 

У ерда қабр сағаналарга дуч келинди. Сағана ичидаги қамиш тобутлар фил суягидек ярқирар эди. Тобутлар орасига сопол идишлар, кўза ва тол новдаларидан жимжимадор қилиб тўқилган хар хил саватлар қўйилган. Бу ашёлар шундай  яхши сақланган эдики, гўё бу ерда куни кечагина дафн маросими ўтказилганидек таасурот қолдиради.  Сағана ичида беш қават қилиб устма-уст қўйилган тобутлар, ҳар бир қатор устига билакдек ва ундан йўғонроқ ёғочлардан 5-6 таси кўндалангича териб чиқилган.

Қамишдан ясалган тобут Сопол остадон V-VII асрлар 

                     Сопол остадон V-VII асрлар

 

Сағанага жами 47 та тобут қўйилган. Улардан 45 таси сараланган қамишлардан ясалган бўлиб, фақат 22 тасинигина  сақлаб қолишга муяссар бўлинди. Бу тобутларда ҳар хил ёшдаги эркак ва аёл суяклари қолдиғи бор.

Марҳумлар чалқанча ёткизилган, қўллари ёзиб қўйилган. Кўпгина марҳумларнинг боши остига матодан  тикилган ёстиқча ўрнини бир тутам  гулчечак эгаллаган. Айрим марҳумларнинг юзига ипак парда ёпилган, яна баъзиларининг оёқлари ипак лента билан бир-бирига боғлаб қўйилган. Бу холатларнинг бари шу ерда яшаб ўтган қадимги Фарғона аҳолисининг расм-русмлари ва диний қарашларидан келиб чиққан.

Марҳумлар тобутга уст-боши, қурол-яроғи, зеб-зийнати, идиш-товоқлари ва асбоб-ускуналари бирга қўйилган. Саватларда озиқ-овқат, қўй ва хар хил паранда гўшти, мевалардан шафтоли, ўрик, хурмо, гилос, ёнғоқ, хандон писта ва ер ёнғоқ қолдиқлари учрайди. Топилмалар орасидан пахта кўсаклари ва чаноқлари ҳам чиқдики, бу алоҳида аҳамиятга эга. Кўсаклар кўринишига кўра ҳозирги ипак пахта кўсагини эслатади.

Ашёларга қараб кулолчилик бу ерда яшаб ўтган аҳоли ҳаётида муҳим роль ўйнаганини кўриш мумкин. Минглаб сопол парчаларидан ташқари, ҳудди янгидай турган 70 дан зиёд идиш-товоқлар шундан далолат беради. Улар кулолчилик чархида ва қўлда ясалган бўлиб, баъзиларига жимжимадор қилиб гул солинган.

Қадимги попликларда тўқимачилик ҳунармандчиликнинг алоҳида соҳаси сифатида кенг ривожланган. Сағанадан ҳозирча икки хил ипак ва ип матодан тикилган либослар қолдиғи топилди. Ип йигирув ишлари билан хотин-қизлар шуғулланишган. Бунга аёллар тобутида учраган урчук ва урчук тошлар мисол бўла олади, шаклига кўра улар биз билган урчукларнинг айнан ўзгинаси.

 

Топилмалар заргарлик буюмлари ва тақинчоқлар ишлаб чиқаришга ҳам алоҳида эътибор беришган, зотан, топилмалар ичида энг кўпи мунчоқлардир, уларни сони ҳозир 10 минг донага етди. Мунчоқлар ярим қимматбаҳо тошлардан, ёғоч, данак, балиқ умуртқаси ва ҳайвон суякларидан тайёрланган, баъзиларида нақшинкор гуллар солинган. 

Рангли тошлардан ясалган мунчоқ  V-VII аср      

                               Рангли тошлардан ясалган мунчоқ  V-VII аср  

Мунчоқлардан ташқари, темир-бронзадан юксак дид ва маҳорат билан ясалган билакузук, сирға, узуклар ҳам топилди. Яна, сағаналардан аёлларнинг пардоз буюмларидан сурматош, сурмадон, тўғноғич, упа-эллик қутичалари   ҳам чиқди.

Ҳозирги тароқлардан фарқ қилмайдиган тароқлар, сочга тақиладиган тақинчоқлар қадимги Поп аёллари ўзларига қанчалик зеб берганини кўрсатади. Узун, қора сочлар учида бир-бирига урилиб жарангловчи бронза қўнғироқчалар ҳам бўлган. Тақинчоқлар орасида кўзмунчоқларни, улар ичида эса Хинд океанидан келитирлган чиғаноқларни алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Қадим-қадимдан тумор ва кўзмунчоқлар хавфли каслликлардан, “ёмон кўзлар”дан ва бахтсиз ҳодисалардан сақланиш учун тақиб юрилган. Баъзи тақинчоқлар бахт, омад келтиради деб тушунилган, масалан, феруза тошдан ясалган зеб-зийнатлар иффатлилик ва софдиллик рамзи деб билинган.

Ҳунармандчиликда ёғоч, суяк, қамиш кенг миқёсда ишлатилиб, улардан уй-рўзғор буюмлари ясалган. Масалан, топилмалар орасида хар хил катталикдаги нақшли ёғоч идишлар, мураккаб ўқ-ёй, рўзғорда ишлатиладиган курсичалар ва тарози паллалари бор. Ҳайвоннинг суяк ва шохларидан турли-туман қурол-аслаҳа дасталари, ўқ-ёй қисмлари тайёрланган. Айниқса, жимжимадор нақш билан безатилган пичоқ дастаси диққатга сазовор.

Қадимги попликлар қамиш, қўға ва дарахт навдаларини тўқиб буюм ясашга жуда моҳир бўлишган. Масалан, қамишдан тобутлар тайёрланган. Қўғадан ясалган хилма-хил саватлар куни-кеча тўқилгандек ялтираб турибди, улар шундай пишиқ тўқилганки, минг йиллар ўтганига қарамай ҳозир ҳам бирор  жойида чокини топиш қийин. Булардан ташқари, қамишдан ясалган кўҳна мусиқа асбоблари ҳам топилди. Шулардан бири қўшнайдир. У ёғочдан  ясалган ғилоф ичида жуда яхши ишланган, кўринишига қараганда ҳозирги қўшнайдан деярли фарқ қилмайди. Ғилоф ичида узунлиги бир қарич келадиган  бошқа чолғу асбоби ҳам бор. Қадимий чолғу асбобларининг Попдан топилиши  Ўзбекистон, қолаверса, Шарқ халқлари мусиқа маданияти тарихида муҳим янгилик бўилиши ва кўҳна чолғу асбобларини тадқиқ этишда янги саҳифлара очиши муқаррар.

Поп сағаналаридан тери ошлаш ва пойбзал тикиш тарихига доир қимматли маълумотлар ҳам тўпланди. Айниқса, чармдан ясалган меш ва пойабзал қолипи диққатга сазовор. 42-43 размерга тўғри келадиган бу қолип ёғочдан тўқиб тайёрланган. Темир буюмлар ичида кўпроқ пичоқ, ханжар, камар тўқаси учрайди, лекин улар жуда ёмон сақланган.

Сизга ҳурматли меҳмонлар (ўқувчилар, талабалар), Поп топилмалари, улар Фарғона халқларининг  илк ўрта аср тарихини ёритиши тўғрисида қисқача сўзладик холос. Бу топилмалар Фарғона маданиятининг ўзига хослиги ва қадимий анъаналарга эга эканлигидан далолат беради. 

Навбатдаги экспозициямиз “Ахсикент” деб номланиб, Сиз бу экспозицияда қадимий Фарғона пойтахти бўлмиш Ахсикент шаҳрини макетини ҳамда археологик қазишмалар даврида топилган сопол буюмлар, сопол кўзалар, сопол хум, сопол қувурлар ва бошқаларни кўриш билан нодир-ноёб топилмалар суратларини гувоҳи бўлиб турибсиз.

Археологик тадқиқотлар ва ёзма манбаларни гувоҳлик беришича, Ахсикент уч даврга бўлинади. Булар “Антик давр Ахсикенти”, “Ўрта асрлар Ахсикенти”, “Темур ва темурийлар даври Ахсикенти”.

 

Жомашуйдан Наманганга бориш йўлининг чап томонида жойлашган антик давр ёҳуд қулдорлик даври Ахсикенти деб аталган қисми эрамиздан аввалги III  ва эрамизнинг VI асрларига тааллуқли эканлиги маълум бўлди. Бу Ахсикент тарихи янги саҳифа бўлиб, унинг ёшини яна 13 асрга “улғайтирди”.  Ахсикентни ёши жиҳатидан Афросиёбга тенгдош шаҳар эканлигини археологик ашёлар тасдиқлади. Бинобарин, эрамиздан аввалги II асрда Фарғона бўйлаб саёҳат қилган Хитойлик жаҳонгашта сайёҳ Чжан Цянь 70 га яқин катта-кичик шаҳарларни қайд этган ҳолда, агар уларнинг номларини бирма-бир ёзганда эди, сўзсиз Ахсикентни биринчилар қаторида тилга оларди. Афсуски, бу антик Ахсикент ҳақида ёзма манбаларда ҳеч қандай маълумот учрамайди.

Тўрақўрғон туманидаги қадимий «Ахсикент» харобасини кўриниши

 

 

Марказий Осиёнинг бошқа йирик шаҳарлари сингари Ахсикентда қалъа, шаҳристон ва  работ  бўлган. Милодий Х-ХI асрларга келиб, унинг майдони 400 гектарга етган.

Қазишма ишларидан қалъа мустаҳкам мудофаа иншотлари билан ўраб олинган ва унинг энг пастки маданий қатламлари милоддан аввалги III- II асрларга оид экани маълум бўлди. Қалъа деворлари пахса ва хом ғиштдан қурилган бўлиб, минг йиллар давомида мудофаа холатини йўқотмаган, вақти-вақти билан таъмирланиб турилган, баъзида бутунлай қайтадан қурилган.

Милодий I асрларга келиб, Фарғона водийсининг дарё ва сой ҳавзаларидаги унумдор ерлар тўлиқ  ўзлаштирилган, яъни деҳқончилик кенг ривожланган. Шу билан бирга, халқаро савдо алоқаларининг кенгайиши, кўп тармоқли ҳунармандчиликнинг жадал ривожланиши, кончиликнинг тезкорлик билан ўсиши шаҳар маданиятининг гуллаб-яшнашига олиб келган.  Ахсикент шаҳри пойтахт шаҳарлар ичида томонлама ривожланган.

Буюк ипак йўли орқали хилма-хил товарлар, жумладан, ипак матолар, қимматбаҳо тошлар, олтин ва кумуш буюмлар, дори-дармонлар ва ранг-баранг бўёқлар, тулпорлар, ажойиб қушлар, мевалар ва хар хил ичимликлар олиб ўтилган. Тили ва диний эътиқодлари хар хил бўлишига қарамай, Ўрта Осиё, жумладан, Фарғона халқлари ёнма-ён, тинч-тотув ҳаёт кечирганлар.

VII-IX асрнинг бошларида Ахсикент араб йилномаларида «Фарғона» деб номланган, яъни  пойтахт шаҳар водий номи билан аталган. Илк араб йилномаларидан ҳисобланган  ат-Табарийнинг “Пайғамбарлар ва подшолар  тарихи” асарида (VII асрнинг бошлари) Фарғона водийсининг 5 та шаҳари тилга олинади. Улар, Хўжанд, Косон, Боб, Қубо, Фарғона. Унда Фарғона шаҳри ҳақида тўлиқ маълумот берилган.

Ибн Ҳордодбек ўзининг “Йўллар ва давлатлар” асарида VIII асрнинг охири (Х асрнинг бошларида)  Боб, Қубо шаҳарлар орасида Фарғона шаҳри жойлашганлиги ёзиб, унинг аниқ координаталарини беради. Унинг ёзишича, Боб ва Фарғона шаҳарлари орасидаги масофа 4 фарсах Қубо шаҳригача эса 10 фарсак бўлган.  Агар бир фарсакни 8 кмга тенг деб олсак, унда Бобдан Фарғона шаҳригача 32 км Фарғонадан Қубогача 80 кмни ташкил этади.

Ахсикент сингари пойтахт шаҳарлар янги ташкил топган сомонийлар давлати ривожида муҳим рол  ўйнаган. Ахсикент  марказлашган сомонийлар даврида Фарғона водийсининг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий маркази сифатида гуллаб-яшнаган.

 

Ахсикентдан топилган топилмалар ўз қиммати жиҳатидан жуда катта тарихий аҳамиятга эга. Шаҳристон ҳудудида арк-аълонинг шарқий томонида Х-ХII асрларга оид жомеъ масжиди топиб ўрганилганда  масжид ҳовлисининг ўртасида тўртбурчак шаклда ҳовуз бўлган, ҳовуз қирғоқлари ва масжид ҳовлиси пишиқ ғишт билан безатилган. Ҳовуз атрофида дарахтлар экилган. Шаҳристон ҳудудида темир ва мис эритадиган махсус печлар, ҳунармандларнинг устахоналаридан эса металл тоблайдиган ўчоқлар топилди. Ҳудди шу ерда тошга солса кесадиган Дамашқ қиличи номи билан машҳур Ахсикент қиличи ва ханжарлари тайёрланган.

Ахсикент қиличлари XII-XIII асрлар 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ахсикент шаҳрига 14-15 км масофадан ер ости қувурлар орқали сув олиб келинган.

Ахсикент археологик ёдгорлигидан топилган сопол сув қувурлари намунаси 

 

Бу ерда 10-12 асрларга оид ҳаммом бўлган. Унинг деворларида сақланиб қолган расм қолдиқлари диққатга сазовор. Хоналарни деворлари 200 йил давомида 50 мартагача нам ва сувга чидамли махсус қоришмалар билан сувалгани маълум бўлди.

ХI асрга келиб Қорахонийлар давлати даврида сиёсий пойтахт Ахсикентдан Ўзганга кўчирилган. Лекин археологик манбаларнинг гувоҳлик беришича, Ахсикент XI-XII асрларда ҳам аввалгидек Фарғона водийсининг иқтисодий маркази бўлибқолаверган.

Эски Ахси харобаларидан топилган сирланган сопол идишларнинг баъзиларидаги куфий ёзувли битикларни кўриш ва ўқиш мумкин. Баъзиларига эса афсонавий ва йиртқич ҳайвонлар ҳамда хонаки  қуш тасвирлари билан безатилган.

Ахсикент ҳунармандлари бу даврда сирли сопол идишларни безатиш, сирлаш борасида ўзига хос мактаб яратишган. Бунинг маҳсули бўлган ажойиб нақшинкор идишларнинг намуналари Париждаги Лувр давлат музейида ҳам  сақланмоқда.

XII асрнинг бошларида Ахсикент мўғуллар томонидан вайрон қилинган. Юқорида тилга олинган водопровод, саройлар, жомеъ масжиди бузиб ташланган ва Ахсикентнинг моҳир усталари қул қилиб Мўғулистонга олиб кетилган.

Темур ва темурийлар замонига мансуб бўлган Ахсикент шаҳри янги ерда Эски Ахси ёдгорлигидан 5,6 км шимоли-ғарбда, ҳозирги Яккайигит қишлоғи ўрнида қад кўтарган. Бу шаҳарнинг харобалари ҳозир ҳам халқ орасида Янги Ахси номи билан юритилади.

Янги Ахси ҳудудида жойлашган Ахсикент XVII асрнинг ўрталарида, яъни 1620 йилда бўлган кучли ер қимирлаши натижасида вайрон бўлган. Шундан сўнг Наманган-Фарғона водийсининг пойтахт шаҳарларидан бирига айланиб, тарих саҳифасига кирди.

Экскурсоводга қўшимча манба.

“Ахси” ва “Ахсикент” сўзининг этимологияси ва тарихий грамматик қурилиши хусусида тилшунос олимларнинг фикрларини эслатиб ўтамиз.

Марҳум шарқшунос олим Л.Жувонмардиев ўз тадқиқотларида Ахси сўзини қуйидагича изоҳлаган: “Ахсикент”-“Ахси” сўзи “Ахзи”дан олинган. Ануширвони Одил ҳар ўлкадан биттадан яхши иш қилувчи кишиларни келтириб, “Ахзи”га қўйиб янги вилоят қилган. Кўп айтиш натижасида ғалати қилиб Ахзи Ахси бўлиб кетган деб киши номига боғлайди.

Дарҳақиқат, ҳозир шарқшунослик институтида сақланаётган Фарғонанинг XVI-XIX асрлар ер-сув муносабатлари тарихига доир “Ёрлиқлар тўплами”да ва бошқа айрим манбаларда ҳам Ахсикент Ахсикат тарзида ёзилган. Чунончи, XV асрда ва ҳатто ундан илгари ҳам Фарғона вилояти «Ҳафтхона”, яъни етти қасаба (шаҳар)дан иборат бўлиб, Сирдарёнинг шимолида жойлашган. Ахсикент амир ва волийларининг манзилгоҳи эди, деб қайд этилган.

“Зафарнома” асарида ёзилишича, Нуширавон, Ануширвон (Ўлмас руҳ эгаси) номлри бўлган Хусрав I Ануширвон (532-579) Эронда ҳукм сурган паҳлавон подшолардан бири эди. У мамлакатда адолат ўрнатганлиги учун одиллик тимсоли сифатида талқин қилиниб, “Ануширвони Одил” деб юритилган.  Ибн  ал Фақиҳ (IX-X асрлар)нинг ёзишича, Фарғонани Ануширвон бино қилиб, бу ерга ҳар бир хонадондан биттадан кишини кўчирган. Шу муносабат билан Фарғона номи “Азхархона” (ҳар бир хонадондан) деб аталиб кетган эмиш. Шу ва шунга ўхшаш бошқа ривоятларда Ануширвони Одил даврида кўчириб келтирилган кишилардан бирининг оти Ахзи бўлиб, у барпо этган жой кейинчалик унинг номи билан аталиб Ахсикат бўлиб кетган дейилади, “Кент” сўзи жой, макон мазмунини англатади. Шунга кўра, Ахсикент-ахсининг юрти деган маъно келиб чиқади.     

Навбатдаги экспозициямиз “Ахсикент фожеаси” деб номланади. Сиз бу экспозиияда Темурийлар асос солган Ахси шаҳри 1620 йилда рўй берган ва фавқулотда кучли зилзила оқибатида ҳалокатга учраган хижрий йили билан 1030 йилда Ахси вилоятида шундай зилзила бўлади-ки Сирдарёдан чайқалиб чиққан сув дарё четидаги далаларни босиб кетди. Сув билан чиқариб ташланган балиқлар типирчилади ва ўлди. Катта дарахтлар илдизи билан юлиниб ерга тушди. Иморатлар қаттиқ ва тез-тез зилзиладан вайрон бўлиб, кўп одам йиқилган иморатлар остида қолиб ўлди. Кўп одамнинг оёқ-қўли синди, ҳайвонлар қўрқинчдан далаларга қараб қочди. Олти ойгача зилзила шундай бўлиб турди.

Биринчи куни зилзила 70 мартагача бориб етди. Шуниси қизиқки энг қаттиқ   зилзила Ахси қўрғонининг ичида бўлиб, атроф қишлоқларда унча қаттиқ бўлмади. Шахардан бир фарсах (17чақирим) ерда ҳеч қандай товуш эшитилмади. Ана шу вайронагарчиликдан сўнг Ахси қаъла шаҳри қайта тикланмади. Хароба холда унинг қолдиқлари ҳозир ҳам Тўрақўрғон туманида Сирдарё соҳилида сақланиб турибди.

Тирик қолган аҳоли эса яқин атрофларга, шу жумладан, бугунги Наманган шаҳри томонларга ҳам кўчиб кетган. Ахси харобага  айлангач, Шимолий Фарғонанинг асосий, иқтисодий ҳаётида Наманган шаҳри асосий рол ўйнайди. 

 

1620 йил “Ахсикент фожеаси” тасвири

 

Косонсойлик машҳур географ ва табиатшунос олим Сайид Муҳаммад Тоҳир ибн-Абдул Қосим томонидан 1640 йилда ёзилган “Минтақалар ажойиботлари” (Ажойиб ат-табобат) асарида ёзишича муаллиф зилзила оқибатларини ўз кўзи билан кўрган. 

Навбатдаги экспозиция “Қадимги Наманган шаҳрининг шаклланиши” деб номланади. Сиз бу экспозицияда  Наманган шаҳар ҳудудидан турли даврларда топилган  тарихий экспонатларни ҳамда Наманган тарихидан ҳикоя қилувчи суратларни кўриб турибсиз.

Наманган шаҳрининг шаклланиш тарихи ҳақида фикр юритишдан аввал, айрим тарихий манбаларга мурожаат қилсак. IX-Х аср араб географлари ўз асарларида Фарғонадаги шаҳарларни санаб ўтадилар. Улар томонидан тузилган хариталарда эса Х асрда Фарғонадаги 39 та шаҳарнинг номи санаб ўтилган. Булар ичида Ахсикент, Қува, Боб (Поп), Косон, Андижон ва бошқа шаҳарлар номи учрамайди. Аммо, Наманган шаҳри ҳам Фарғона водийсидаги энг қадимий шаҳарлардан бири эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Сўнгги йилларда қурилиш коммуникация мақсадларидаги ер ишларини олиб бориш жараёнида шаҳарнинг ёшига аниқлик киритувчи бир қанча сопол топилмалар қўлга киритилди. Ана шу топилмалар Х асрга оид эканлиги аниқланди. Бундан ташқари шаҳарни Сардоба даҳасида кўп қаватли узун қазилган катта чуқурдан маданий қатлам ва топилган буюмларнинг IX-ХI асрларга тегишли эканлиги ҳамда Қорахонийлар даврига оид мис чақалар топилди. Топилган сополларда шу идишдан овқат еганларга барака, мўл-кўлчилик тиланган арабча кўфий ёзув бор.

Ҳозирги кундаги асосий топилмалар IX-ХI асрларга, яъни Сомонийлар ва Қорахоний даврига мансуб буюмлар қолдиқларидан иборатдир. Бу топилмалар ичида Буюк ипак йўли ўтганлигини тасдиқловчи Византиянинг рангли шиша буюмлар синиқлари ҳарактерлидир.

Демак, Буюк Ипак йўлининг Бухоро-Самарқанд-Панжистон-Ўратепа-Чуст-Ахсикент-Ўзган-Ўш-Хитой йўналишларининг Ахсикент-Наманган-Учқўрғон-Жалолобод-Ўш-Хитой йўналишларида Наманган Сардоба даҳаси Карвонсаройи ва бозори ўзига хос аҳамият касб этган.

Мана шу ҳамда юқоридаги археологик ашёвий далиллар Наманган шаҳри сой соҳилида қишлоқ сифатида Х асрда ҳам мавжуд бўлган, дейиш учун асос бўла олади.

Кейинги йилларда Наманган тарихи бўйича олиб борилган изланишлар натижасида жуда қимматли маълумотлар топилди. Ўзбекистон Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида 6924 рақам остида бир ноёб қўлёзма сақланади. Мазкур қўлёзма Х асрда яшаб ўтган истеъдодли тазкиранавис олим ва мутассаввуф Аҳмад бин Саъдуддин ал-Ўзганий ан-Намонгонийнинг “Тазкирайи Буғрохоний” номли асридир.

Мазкур асарда “Жомеъи Аҳмад бин Саъдуддин ал-Ўзганий ан-Намонгоний (яъни аввал Ўзганлик, сўнгра Намонгонлик Саъдуддин ўғли Аҳмаднинг тўплами) деган сўзлар битилган. Бундан маълум бўладики, Саъдуддин бин Аҳмад аввал Ўзганда яшаб, сўнгра Наманган келиб яшаган. Бу ерда яшаб турган даврда “Тазкирайи Буғрохоний” асарини ёзган. Демак, Наманган номи Х аср ёзма манбаасида зикр этилган экан.

“Бобурнома”да ёзилишича, Бобур Косонсойдан келаётиб, Наманганга тушганлиги ҳақида тўхталиб, “Архиён Қурғонини (архиён қўрғони ҳозирги Тўрақўрғон туманидаги Маданият саройи ўрнида бўлиб, Арғин-сайрам қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли) ёзуқ қаталамоқни салоҳин топмай, бир шеърисида Ғазнаи Намангонга тушулди.

Бобурнинг “Ғазнаи Намонгон” деб аташи нимани билдиради ва у нимага ишора қилмоқчи? Бизнингча, у Наманганнинг гўзал табиати, ерининг серунумлиги, аҳолисининг меҳнатсеварлиги ва тўқлигини назарда тутган бўлса ажаб эмас.

 

В.Наливкиннинг “Қўқон хонлигининг қисқача тарихи”, “Ипак йўли афсоналари” китобларида қайд этилганидек, Наманган шаҳри пайдо бўлмасдан аввал унинг ўрнида учта жар бўлган экан. Ана шу жарларнинг ичида ўн қаландар яшаган экан. Уларнинг энг каттаси Хасти Лангар, ундан кейингиси Хасти Ҳизир экан. Шу атрофдаги аҳоли сув танқислигидан қийналиб келар экан. Шунда Хасти Лангарбобонинг маслаҳати билан Хасти Ҳизир қўлидаги хассани минган холда Навкент тарафига кетиб қолган экан. Худони амри билан Хасти Ҳизирнинг хассаси чизган чизиқ ўрнида ариқ пайдо бўлиб, одамлар сувдан баҳраманд бўлганлар. Намангансой ана шундай пайдо бўлган экан. 

Наманган шаҳрининг «Лаббай тоға» дахасида XVIII асрнинг  ўрталарида қад ростлаган «Мавлавий Намангоний» мақбараси.

 

Яна бир ривоят:

... Бухоро ҳукмдорларидан бири Наманган атрофидан ўтаётиб, шу ерда тўхтаб дам олади. Бу ажойиб, сўлим маскан унга жуда ёқиб қолади ва ўз яқинларидан бирига шу ерда шаҳар барпо қилиш  вазифасини юклайди.  Берилган ёрлиқда Наманганнинг тўрт фазилатга эга бўлиши, яъни гўзал, сўлим, обод ва гуллар шаҳрига айланиши алоҳида таъкидлаб ўтилган. Ривоятнинг қай даражада асосли экани бизга қоронғу. Ривоятга кўра, Бухоро хонлигининг асосчиси Абдуллохон II 1582 йилда Эрон билан бўлган урушда ғолиб чиқиб, кўплаб асирларни қўлга тушуради. У ана шу асирларни бир қисмини Фарғонага юборган эмиш. Хоннинг буйруғи билан Қашқарларнинг Оға уруғидан сотиб олинган қизларни ҳам шу асирларга мажбуран хотин қилиб беришган. Шундан сўнг асирлар водийнинг турли туманларига муқим яшаш учун тарқатилган. Чунончи, ҳозир Наманган ерларига 100 та оила юборилиб, жойлаштирилган. Ана шу ерда Намангон-Наманган номи билан аталган қишлоқ ташкил топган эмиш. Ким билсин дейсиз ривоятлар ҳақиқат булоғидан сув ичган дейилади.

А.З.Валидовнинг ёзишича, расмий ҳужжатларда Наманган 1758-1759 йилларда Андижон, Қўқон ва Марғилондан сўнг тўртинчи беклик деб кўрсатилган.

Қўқон хонлиги тарихини ёзган В.П.Наливкин ҳам “Қўқон хонлигининг қисқача тарихи” асарида XVI-XIX аср вақф ҳужжатларида тилга олинган Намангон 1643 йилларда қишлоқ бўлган деб таъкидлаб ўтилган.

Маҳмуд бинни Валининг ёзишича ҳам 1172 ҳижрий-1756 милодий йилларга доир ҳужжатларда ҳам Намангон вилоят сифатида тилга олинган.

Айтиш мумкинки, Ахсикент зилзила оқибатида вайрон бўлгач, аҳолининг бир қисми Намангонга кўчиб ўтиши муносабати билан Шимолий Фарғонанинг сиёсий-иқтисодий ҳаётида Намангон шаҳри асосий роль ўйнаган.

Навбатдаги экспозициямиз “Қўқон хонлиги” деб номланади. Сиз экспозицияда кўриб турган экспонатлар хонлик тарихини ва маданиятини, ривожланиш босқичларини ҳикоя қилувчи тарихий қимматга эгалиги билан алоҳида хусусиятга эгадир.

Тарихий манбалардан  маълумки,  XVI асрда Марказий Осиёда 2 та хонлик  –Бухоро ва Хива хионликлари юзага келди. 1710 йилда ҳозирги Поп тумани ҳудудидаги Чодак хожалари қўзғолон кўтариб, Бухоро хонлигидан ажралган холда янги мустаҳкам сиёсий ҳокимиятни - Қўқон хонлигини вужудга келтирдилар. Унинг биринчи ҳукмдори Чодак хожаларига куёв бўлиб, ҳокимиятни тортиб олиб тахтга ўтирган  Шоҳруҳбий эди. Унинг биринчи қилган хизмати  кўчманчи жунғор, қалмиқ қабилаларининг хонликнинг шимолий-шарқий тарафдан кириб келишини олдини олиш бўлган.

Қўқон хонлигида минг қабиласи сулолалари 1875 йилгача ҳукмронлик қилди. Қўқон шаҳри четида жойлашган Тепақўрғон Қўқон хони Шоҳруҳбийнинг қароргоҳига айлантирилди. Тепақўрғонда мустаҳкам қалъа, бозор ва аҳоли яшайдиган маҳаллалар қурилди.

Қўқон хонлари Фарғона водийсини, Хўжанд, Ўратепани бирлаштиргач, Қўқон хонлигининг мустақиллиги XVIII аср ўрталарида Бухоро давлати томонидан тан олинди. 1809 йилда Тошкентни ва унга қарашли ҳудудларни Қўқон хонлигига бўйсундирилди.

 

XIX аср биринчи ярмида Қўқон хонлиги ҳудудий жиҳатдан Ўрта Осиёдаги йирик давлат эди. Қўқон хонлиги шарқда шарқий Туркистон, ғарбда Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги билан чегарадош эди. Хонлик ҳудуди шимолда уччала қозоқ жузларини батамом ўзига бўйсундириб олган Россия билан чегарадош эди. Хонликнинг жанубий чегаралари Қоратегин, Қўноб, Дарвоз, Шуғнон сингари тоғли ҳудудларни ўз ичига оларди, бу ҳудудлар учун Бухоро амирлиги билан қонли урушлар бўлар, улар қўлдан-қўлга ўтарди.

Қўқон хонлари қароргоҳи «Ўрда»

 

Қўқон хонлиги ҳудуди Бухоро амирлиги ва Хива хонлигидан фарқли ўлароқ, серсув дарёлари, сўлим водийлари, серҳосил, саҳоватли ерлари кўп эди. Хонликнинг маркази Қўқон, Марғилон, Ўзган, Андижон, Наманган каби йирик шаҳарлар жойлашган Фарғона водийси эди. Тошкент,Чимкент, Туркистон, Авлиё ота, Пишпак, Сўзоқ, Оқ Мачит каби йирик шаҳарлар ҳам Қўқон  хонлиги тасарруфида эди.

Қўқон хонлигида аҳоли нисбатан зич жойлашган бўлиб, тахминан 3 миллионча киши яшарди. Хонликнинг пойтахти Қўқонда 80000 аҳоли яшаган. Аҳолиси ўзбеклар, тожиклар, қирғизлар, қозоқлар, уйғурлар, қорақалпоқлардан иборат эди. Қўқон хонлигида давлат бошқаруви Бухоро ва Хиваникига ўхшарди. Хон ҳуқуқи ҳеч нима билан чегараланмаган, хокими мутлақ эди. Хондан кейинги иккинчи шахс вазир ҳисобланиб, муҳим давлат масалалари хон билан келишилган ҳолда хал этарди. Марказий давлат бошқарувида Қушбеги, Оталиқ, Девонбеги, Мингбоши, Шайхулислом, Қозикалон, Парвоначи, Шиғавул, Саркор, Иноқ, Дастурхончи, Амин, Яссавулбоши каби амалдорлар хизмат қиларди. Сарой қошида махсус кенгаш тузилган бўлиб, унинг таркибига энг олий  мансабдор шахслар кирган. Хон Кенгашнинг раиси ва масалани ҳал қилувчи шахс эди.

Қўқон хонлигида қўшинни, аслахахонани, ҳарбий ишларни Мингбоши бошқарарди. Қўшинда бешюзбоши, юзбоши ва ўнбоши ҳарбий лавозимлари бор эди. Ҳарбий қўшин қилич, найза, пилтали милтиқ билан қуроллантирилган, шунингдек, қўшинда тўплар ҳам бор эди.

Қўқон хонлиги 15 беклик, ҳарбий округга бўлинган бўлиб, уларнинг ярмидан кўпига хоннинг ўғиллари ёки қариндошлари ҳокимлик қиларди.

Экскурсоводга қўшимча манба:

Қўқонда минглар сулоласи ҳукмронлик қилган йиллар  1710-1875

Шоҳрух                       -                  1710-1721

Абдураҳим                            -                  1721-1733

Абдулкарим                -                  1733-1750

Абдураҳмон                -                  1750 (9 ой)

Эрдона                         -                  1751-1752

Бобобек                        -                  1752-1753

Эрдона (иккинчи марта) -               1753-1762

Сулаймон                     -                  1762-1763

Норбўта                       -                  1763-1798

Олимхон                      -                  1798-1810

Умархон                      -                  1810-1822

Муҳаммадалихон        -                  1822-1842

Шералихон                  -                  1842-1844

Муродхон                             -                  1844-

Худоёрхон                            -                  1845-1850

Маллахон                    -                  1858-1862

Худоёрхон (2 чи марта)-               1862-1863

Султон Сайидхон        -                  1863-1865

 

Худоёрхон (3 марта)                               1865-1875

 

Қўқон хонлари ва амалдорлари

 

Навбатдаги экспозиция “Қўқон хонлиги даврида Наманган” деб номланган бўлиб, бу экспозицияда сиз хонлик даврини ижтимоий-маданий, ҳунармандчилик соҳасида яратилган экспонатларни ҳамда фото суратларни кўриб турибсиз.

Тарихий манбалардан маълумки, 18 аср бошларида Фарғона водийсида марказлашган давлат-Қўқон хонлиги ташкил топди. Қўқон хонлиги маъмурий жиҳатдан 18 та бекликка бўлиниб бошқарилган. Булар орасида Чуст, Тўрақўрғон, Чортоқ, Косон, Наманган бекликлари манбаларда тилга олинади. Беклик маркази Наманган шаҳри бўлган.

Хитой манбаларида ҳам 1759-1760 йилларда Наманган (Хитойча Намуган) алоҳида беклик сифатида тилга олинган. Жумладан, “Наманган Қўқон сингари йирик шаҳарлардан бўлиб, унинг аҳолиси 10000 кишини ташкил этган, шунингдек, манбада бу даврда Андижон аҳолиси минг киши эканлигини ҳисобга олинса, ўз даври учун Наманган йирик шаҳар бўлган.

Наманган шаҳри Қўқон хонлиги даврида сиёсий, маданий ва иқтисодий жиҳатдан етакчи ўринларни бирини эгаллаган ва йирик иқтисодий марказлардан бирига айланган. Аста-секин Наманганнинг иқтисодий салоҳияти Ўрта Осиёда ҳам юксалиб борган. Ўрта Осиёнинг йирик марказларидан бўлган Тошкент, Бухоро, Қўқон, Туркистон, Авлиёота, Қашқар ва Наманган орасида йил давомида тўғридан-тўғри савдо карвонлари қатнаган.

Норин дарёсидан сув олувчи 1803 йилда қазилган Янги ариқ канали Наманган шаҳрининг ривожланишига катта таъсир кўрсатди. 1819 йилда Янгиариқнинг Қўқон хони Умархон томонидан кенгайтирилиши натижасида қуруқ ерлар ўзлаштирилиб, Наманган шаҳри янада кенгайган.

Наманган 19 аср бошларига келиб хонликнинг йирик марказларидан бирига айланган ва 1842-1845 йилларда атрофи мудофаа девори блилан ўралган. Маълумотларга қараганда, 19 асрнинг 20 йилларида Наманган шаҳрида тахминан 5000 уй бўлган ва уларда 25000 дан ортиқ аҳоли яшаган. 19 аср бошларига келганда  Фарғона водийсидаги энг йирик ва машҳур бозорлардан бири Наманганда бўлган.

Наманган бозори ҳунармандчилик, боғдорчилик маҳсулотлари ҳамда тоғли қирғизлар билан савдода хонликда ажралиб турган.

Намангандаги савдо муносабатлари Қўқон хонларининг ҳам доимо эътиборида эди. Хусусан, Қўқон хони Худоёрхон Наманганнинг иқтисодий салоҳиятини ҳисобга олиб, 500 дўкондан иборат йирик бозор қурдирган. Ҳар бир дўкон йилига беш тиллодан 10 тиллогача хон хазинасига даромад келтирган. 1875 йил А.Л.Кун Қўқон хонлигига келган даврда Наманганда мингдан ортиқ савдо дўкони борлигини ёзиб қолдирган.

Қўқон хонлигининг қўшни мамлакатларда ип-калаваси ҳам машҳур бўлиб, хонликдаги энг юқори сифатли калава Наманганники ҳисобланган.

Наманган турли хилдаги ўсимликлардан турли рангдаги сифатли бўёқ тайёрлаш ва ип газлама, ипак ип ҳамда ипак матоларни бўяш касби билан ҳам таниқли эди.

Наманган Қўқон каби хонликнинг муқовалаш ҳунари ривожланган шаҳарларидан бўлиб, бу ерда чарм ва қоғоздан яратилган муқовалар Ўрта Осиёнинг йирик марказлари-Самарқанда ва Хивада тайёрланган муқовалардан қолишмас эди.

Наманган беклиги фойдали қазилмаларга бойлиги билан ҳам машҳур бўлган. Олтин асосан Наманган бозорларига Косонсойдан келтирилган бўлса, нефть Наманган яқинидаги Мингбулоқ конидан қазиб олинган.

Туб жой аҳоли нефтьдан турли тери касалликларини (қўтир, яра-чақа ва ҳ.к) даволашда фойдаланилган. Наманган боғлари ва ҳўл-қуруқ мевалари хонлик ва Ўрта Осиё бозорларида ҳам машҳур бўлган.

Наманган атрофларида аҳоли деҳқончилик билан машҳур бўлган ва пахта, буғдой, шоли, арпа, полиз экинларини етиштирган. 

Навбатдаги экспозициямиз “Муҳрлар ва васиқалар” деб номланади. Сиз бу ерда турли даврларга мансуб бўлган муҳрларни ҳамда васиқа ҳужжатларини кўриб турибсиз.

Муҳр-юридик ёки жисмоний шахснинг номи тўлиқ ёзилган матннинг (матн ва расмнинг) қабариқ ёки ботиқ тасвири бўлган босма шакл (асбоб). Қоғоз, сурғуч, мум ва бошқа материалларга нусха туширишга хизмат қилади. Муҳр нусхасигача штамп нусхасидан фарқли ўлароқ тузатишлар ва қўшимчалар қилиш мумкин эмас.

Айрим холларда герб муҳри деб аталган кўриниш ҳосил қилиб, давлат герби тасвири бўлган юмалоқ шаклда бўлади. Ўтмишда муҳрнинг сопол, мис, пўлат, бронза, кумуш, олтиндан қилинган хиллари ҳам бўлган. Шакли тўртбурчак, доира, эллипссимон ва ҳоказо бўлган. 

МУҲР

 

Бу мухр аввал XVIII аср иккинчи ярмида Чор Россиясида зарб қилинган 5 тийинлик танга бўлган. Унинг олд қисми текисланиб, Намангандаги маҳаллий қозилардан бири учун мухр ясалган. Мухрда ой, кун, йил санаси абжад, яъни араб ёзувида ўйиб ёзилган. Бу каби мухрлар қадимда Ўрта Осиёдаги ҳар бир эътиборли шахс эшон, муфти, қози, амир, хонлар учун махсус тайёрланган.

Қадимда Ўрта Осиёдаги ҳар бир эътиборли одам, эшон, муфтий, қози, амир, хонларнинг ўз муҳри бўлган. Муҳр юзасига эгасининг номи, мансаби ва ясалган йили қайд этилган. Васиқа қоғозлари (ишонч ёрлиғи)-мол-мулкларни, мерос мулкларини қонуний хужжатлаштирилишидир. Қадимда ўлкамизда шахс ўздан қолдирадиган меросларни қози иштирокида, гувоҳлар ҳамроҳлигида қонуний тасдиқлатиб хужжатлаштирилган. 

Навбатдаги диорама “Кулолнинг иш жараёни” кўриниши бўлиб, унда сиз кулолни иш услуби ҳамда унинг устахонасидаги мавжуд буюмлар-экспонатлар билан танишасиз.

Қадимги тош даврида сопол идишлар нималигини билмаган ибтидоий одамлар, неолит даврида (янги тош асри) лойдан биринчи сопол буюмлар тайёрлаб, буюк кашфиётлар қилдилар. Сопол идишлар тайёрлаш-бронза асридан янада такомиллашиб асримизнинг бошларига келиб, кулолчилик, техника ва технологик жиҳатдан юқори даражаги кўтарила борди.

 

Фарғона водийсида Ахсикент, Риштон кулоллари томонидан олий сифатли ва нозик безакли сопол буюмлари яратилган. Кулолчилик маҳсулотларига қараб бир неча соҳаларга бўлинган. Масалан, Фарғона усталари кулолчилигида косагар кулол, кўзагар, лагансоз, тоғорасоз, хурмачи, хумчи ва ҳоказоларни ташкил этган. 

 

Қадимги ҳунармандлар иш жараёни билан танишиш

 

Кулолчиликда нақшли, сирланган идишлар тайёрлаш ривожланган. Масжид, мадраса, сарой ва йирик меъморий обидаларда сирланган сопол тахталарни ясовчи усталарни кошинчилар деб аталган.

Моҳир уста кулоллар идишларга ҳамда ғишт тахталарга ажойиб гул, нақш ва ёзувларни ишлаганлар. Маҳаллий идиш-товоқлар, чойнак, коса, пиёлалар, катта ҳажмдаги сув идиш, хум, тоғора, кўзалар, қувурлар маҳаллий кулоллар томонидан тайёрланган.

Сиз кўриб турган кулолнинг дўкони одатда уйнинг бир хонасида ёки ҳовли яқинида жойлашган. Дўкондаги ишлаб чиқариш қуроллари асосан хумдан ва чархдан иборат бўлган. Кулолчилик чархи халқа шаклидаги иккита кичик-кичик тахта вертикал ўқдан иборат   бўлиб, ўқнинг пастки қисми тош ёки ёғочдан ясалган тош кундага ўрнатилган. Юқори қисмидаги ёғоч диск (каллачарх, сартахта, каллак)ни уста ўтиргич (об ёғоч, асок)да ўтириб, юқоридагисигача лой қуйиб идиш ясайди. Идиш керакли шаклга келгач, чархдан пичоқ ёки ўроқ билан кесиб олиб, ховлида қуритишга қўйилган. Қуриган буюм бўёқ билан сирланиб, хумдонга солиб пиширилади.

Дўконда мазкур асбоблардан ташқари бўёқ ва сир тайёрлаш учун турли ҳажмдаги бир неча қозон, қўлтегирмон, кичкина сўқи, элак, мўйқалам, тароқ, махсус пичоқ ва бел ҳам бўлган. Катта хумлар қўлда ясалган. 

Навбатдаги экспозициямиз “Темирчилик” деб номланиб, ушбу диорамада сиз темирчи уста ҳунармандни устахонасининнг кўринишини кўриб турибсиз. Шунингдек, устахонада темирчи уста томонидан тайёрланган уй-рўзғор буюмлари ўроқ, қайчи, болға ва бошқалар ўрин олган.

Археологик тадқиқотлардан маълумки, милоддан аввалги бир минингчи йилларнинг бошларида аждодларимиз темирдан меҳнат қуроллари, қурол-яроғлар, безак буюмлар ясашни ўзлаштирганлар ва мамлакатимизда темирдан фойдаланиш кенг тарқалди. Одамлар ҳаётида темир даври бошланди.

Темирдан ясалган омоч, кетмон, белкурак ва бошқа меҳнат қуроллари анча кенг майдонларни ҳайдаш, тўғонлар қуриш, канал ва ариқлар қазиб сув чиқариш имконини беради. Булар деҳқончиликнинг юксалишига олиб келади.

Темирнинг кашф этилиши, ҳунармандчиликни янада юқори поғонага кўтарди. Темирдан қаттиқ ва ўткир пичоқлар, ўроқлар ясалиши, меҳнат унумдорлигини оширишга ёрдам берди.

Темир даврида темирчилик босқони, қўл тегирмони вужудга келди, металга ишлов бериш ривожланди.

Темирчилик ҳунари авлоддан-авлодга ўтибкелган. Хонлик давридаги шаҳарларда кўчаларнинг ҳар икки томонида темирчилик расталари бўлган.

Темирчиларнинг биринчи гуруҳи-эшик-занжирлари, халқалар, тақалар (от ва эшаклар учун), нағаллар (этик ва кавушлар учун) хар хил михлар, узангилар, темир рандалар (дурадгорлик учун) ва бошқалар тайёрланган.

Иккинчи гуруҳ темирчилар-деҳқонлар ва бинокорлар учун асбоблар, тош тараш усталар учун қуроллар, кетмон, ўроқ, болта, теша ва бошқаларни ясаганлар.

Учинчи гуруҳ темирчилар эса уй-рўзғор буюмлари-пичоқ, қайчи, арра, оташ курак, бигиз, устара, қилич, ханжар, қора чироқ кабиларни етказиб берганлар. Ёзма манбаларнинг гувоҳлик беришича. Фарғона водийси ҳунармандчилик марказларидан бири бўлганлиги таъкидланади. Антик ва Ўрта аср шаҳарлари ҳисобланган Ахсикент, Қува, Марғилон, Андижон, Наманган, Чуст ва Косон шаҳарлари  бунга мисол бўла олади. Водийнинг ана шу шаҳарларида металлсоз усталар томонидан ясалган қуроллар В.Бартольд эътироф этганидек, мўғуллар ҳукмронлигига қадар шу ерлардан узоқ Боғдодга олиб борилган.

Ҳозирги кунда ҳам Фарғона водийсининг Наманган, Чуст, Андижон, Марғилон, Қува ва Қўқон сингари шаҳарларида темирчилик касби авлоддан-авлодга ўтиб ривож топганлигини улар ишлаб чиқараётган буюмларда кўриш мумкин. 

Навбатдаги диорама “Каштачилик” деб номланиб, Сиз унда бир жуфт аёлларимиз кашта тикиб ўтирганлигини ҳамда каштачи аёллармиз томонидан тикиб тайёрланган сўзана, жойнамоз, белбоғ, белонпўши, ўқали рўмол ва бошқаларни кўриб турибсиз.

Биз яхши биламизки, каштачилик-Ўзбекистон амалий безак санъати турлари орасида ўзининг қадимий анъаналарига эга бўлган санъат тури ҳисобланиб, Ўрта Осиёнинг йирик савдо ҳунармандчилик марказлари ва қишлоқларида кенг тарқалган. Санъатнинг ушбу тури ўзининг поэтик ранг-баранглигини сақлаб қолиши билан бирга, халқ орасида қадрланиб, ўз моҳиятини йўқотмади. Каштачилик асосан олтита ҳудудий гуруҳларга, яъни мактабларга бўлинади. Жумладан, Нурота, Бухоро, Самарқанд, Шахрисабз, Тошкент ҳамда Фарғона каштачилик мактабларидир.  

Навбатдаги диораммамиз “Қурол яроғлар” деб номланади. Сиз ушбу диораммада энг қадимги қурол-яроғдан бошлаб, ҳозирги замонавий милтиқ, автомат, пистолет ва бошқа қуролларни ўз кўзингиз билан экспозицияда кўриб турибсиз. Душманнинг жонли кучларини, техникасини сафдан чиқариш ва иншоотларини вайрон қилиш учун мўлжалланган қурилма ва воситаларнинг умумий номи. Ибтидоий жамоа даврида ов ва мудофаа эҳтиёжлари учун дастлабки қуроллар: сўйил (йўғон таёқ), чўқмор тош, ўткир учли ёғоч найза (кейинчалик темир уч қадалган), сопқон ва найза улоқтириш мосламаси бўлди. Мезолит даврида камон; неолит даврида тошболта, тўқмоқ, ханжар ясай бошланди. Темир ишлатиш расм бўлгач (мил.ава. 1-минг йиллик боши) тиғли қуроллар – қилич ва найзалар тайёрлана бошлади. Қадимги шарқ давлатлари қўшинларида залвор тош ва ғўлаларни ирғитувчи мослама кенг қўлланилган. Порох кафш этилгач, ўтсочар қуроллар ясалди. Кейинчалик XVI-XV-XVI асрларда пилта милтиқ, тўппонча, артиллерия замбараклари пайдо бўлди. XIX аср ўрталаридан ўйиқ стволли артиллерия, карабин милтиқлар, миналар, тарпедалар яратилди. XIX аср охирлари ХХ аср бошларида автомат қуроллар (пулемёт ва бошқалар) пайдо бўлди.

 

ХХ аср 10-йилларида авиация бомбалари яратилди. Ҳозирги қурол-яроғнинг турлари: тиғли ва ўтсочар қуроллар, ракета қуроли, реактив қурол, миналар, тарпедалар, ядро қуроли, кимёвий қурол, бактериологик қурол. Тиғли қуроллар-пичоқ, қилич, ханжар, милтиқ штиги, найза; ўточар қуроллар-тўппонча, милтиқ, пулемёт, тўп, реактив артиллерия ва бошқалар киради. 

 

Жангчиларнинг қуроллари ва ҳимоя воситалари

 

Навбатдаги экспозициямиз “Чоризм мустамлакачилиги даврида Наманган” деб номланиб, сиз бу экспозицияда ана шу даврга оид ўлка харитасини, босқинчилик  юришларига раҳбарлик қилган чор генералларини суратларини ва шу даврда Наманган шаҳар кўча ва уйлари акс эттирилган фото суратлар ҳамда руслар ўлкани мустамлакага айлантиргандан сўнг Европада, Россияда тайёрланган ҳунармандчилик буюмларини-экспонатларни кўрасиз.

Қўқон хонлигининг Наманган беклиги сифатида мавжуд бўлиб келган ушбу ҳудуд Россия империяси томонидан забт этилгач, Наманган уездига айлантирлди. Хонлик батамом истило этилгач эса, 1876 йил 19 февралда унинг ўрнида Фарғона вилояти ташкил этилди. Вилоят таркибида олтита (Қўқон, Марғилон, Андижон, Наманган, Чуст ва Ўш) уездлари бор эди. Шу пайтдан бошлаб Наманган уезди Россия таркибига киритилган бошқа ҳудудлар каби янги-мустамлакачилик даврига кириб келди. Қўқон хонлигининг муҳим стратегик шаҳарларидан бири бўлиб келган Наманган уездининг маъмурий маркази бўлиб келди.

Янги тузилган Фарғона вилоятига 1875 йил тузилган Наманган бўлими бошлиғи, босқинчиликда ўзини кўрсатган рус генерали М.Д.Скобелев ҳарбий губернатор этиб тайинланди. Вилоятнинг умуий майдони 81032 кв.бўлиб, бу бутун ўлканинг 1:7 қисмига тенг эди.

Вилоятнинг муҳим таркибий қисми бўлган Наманган уъезди дастлаб 26 та волост, 131 та қишлоқ жамоаларига бирлаштирилиб, Наманган уезди таркибидаги волостлар сони 29 тага, қишлоқ жамоалари эса 151 тага етди.

Кейинчалик подшох маъмурияти Туркистоннинг доимий эгаси бўлиш учун “кўчириш” сиёсатини қўллади. Россиядан кўчириб келтирилганлар ҳисобига 8 та рус қишлоғи вужудга келди. Шу тариқа, Сирдарё, Фарғона, Самарқанд вилоятларида 1910  йилга келиб 124 та рус қишлоғи ташкил топди, уларда 70 мингга яқин кўчириб келтирилган аҳоли яшарди.

Подшох маъмурияти Туркистонни Россиянинг бир қисмига айлантириш, унинг жанубий чегараларида ҳарбий истеҳкомлар қуриш, бойликларни ва етиштирилаётган хом-ашёни ташиб кетиш мақсадида темир йўл қурилишини бошлаб юборди. 1880-1889    йилларда зудлик билан Красноводск, Ашхобод, Марв, Чоржуй, Кушка, Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Қўқон, Андижон шаҳарларини боғловчи Ўрта Осиё темир йўли қурилиши бошланди ва битказилди. 1890-1905 йилларда Тошкент-Оренбург темир йўли қурилиб, Туркистон Россиянинг маркази билан боғланди.

1912 йилда Наманганда ҳам темир йўл қурилиб, ишга туширилди, мустамлакачилар қанчалик бойиб борса, арзон ишчи кучи бўлган маҳаллий аҳоли шунчалик камбағаллашиб, қашшоқлашиб борди. Деҳқонлар оғир шартлар асосида қарз оларди, қарзини тўлай олмай ўзига тегишли ерини сотиб, ерсиз қоларди, мардикорлик, чорикорлик қилишга мажбур бўларди.  ХХ аср бошларидаги маълумотларга кўра, ўлка аҳолисининг 70 фоизи камбағал ва қашшоқлар, 17 фоизи ўрта хол, 13 фоизи ўзига тўқ, бой оилалар ҳисобланарди.

Россиялик сармоядорлар ўлкада пахта тозалаш, ёғ ва спирт ишлаб чиқариш, пиво, тамаки, ун, қанд, совун, ғишт, жун ювиш, охак қиздириш заводлари ва озиқ-овқат корхоналари қуриб, улардан мўмай даромад олишни йўлга қўйдилар. 1908 йилда ўлкада 378 та саноат корхоналари фаолият олиб борди. 1917 йилда уларнинг сони, Бухоро амирлиги ва Хива хонлигида қурилган корхоналарни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 1200 тага етди.

Россия империяси Туркистон халқини маънавий-маданий жиҳатдан тутқинликка солиш, ўзининг узоққа мўлжалланган манфаатига бўйсундириш сиёсатини юритди. Унинг моҳияти, мазмуни маҳаллий халқни унинг миллий, тарихий илдизларидан узиб ташлаш, халқнинг маънавий, маданий, тарихий меросини йўқ қилиш, хуллас руслаштиришдан иборат эди. Туркистоннинг ноёб тарихий, маънавий, маданий бойликлари талон-тарож қилинди. Ислом динига эътиқод, имомлар, масжид ва мадрасалар оёқ ости қилинди.

Бир сўз билан айтганда, Туркистон нафақат Чор Россиясини, шунингдек, Россиялик савдо-саноатчилар манфаатига хизмат қиладиган ўлкага айлантирилди. 

Навбатдаги экспозициямиз “Курашхона қўзғолони” деб номланиб, унда Сиз 1916 йил 11 июл куни эрта тонгда курашхона майдонига тўпланган халқ оммасини Чор маъмурлари томонидан ўққа тутилиши тасвирланган картинани кўриб турибсиз.

Тарихий манбалардан маълумки, биринчи жаҳон уруши, унда иштирок этаётган Россия империясини тобора холдан тойдирмоқда эди. Ўн минглаб аскарлар жангда қурбон бўлдилар. Талвасага тушган Россия Олий бош қўмондонлик штаби ҳарбий вазирликдан “Армия эҳтиёжлари учун салмоқли миқдорда куч ажратишни” зудлик билан талаб қилди. Бу кучни ҳарбий вазирлик мустамлакаларидан тўплашга умид боғлади.

Натижада, Россия императори Николай II 1916 йил 25 июнда Туркистон, Сибир ва Кавказдаги 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган эркакларни фронт орқасидаги хизматлар учун сафарбарлик эълон қилиш тўғрисида фармон чиқаради. Бу фармонга кўра Фарғона вилоятидан 50 минг киши юбориш мажбурияти юборилди.

 

Туркистоннинг туб аҳолиси, шу жумладан, Наманган халқи сафарбарликка қаршилик кўрсатиши, норозилик намойишлари ўтказилиши натижасида бу очиқ қўзғолонга айланиб кетди. Бундай қўзғолонлардан бири 1916 йил июлда Наманганда бўлиб ўтди. Шу куни эрта соат 7 ларда шаҳарнинг Лаббай тоға даҳасидаги Курашхона майдонида тўрт мингга яқин аҳоли тўпланиб, оқсоқоллардан чақирилувчилар рўйхатини йиртиб ташлашни талаб қилдилар. Шу пайтда шаҳарнинг эски шаҳар қисмига уъезд бошлиғининг ўринбосари Румянцев бошлиқ полиция қисми етиб келди, норози халқни кўриб, уларни тинчлантиришга ҳаракат қилди. Лекин ҳеч ким қулоқ солмади. Шундан сўнг бу ерга пулемёт билан қуролланган рота чақирилди. Тўпланган халқ аскарлардан чўчиш ўрнига “Урушда ўлгандан кўра, уйда ўлган афзал”, “Мардикорликка одам бермаймиз”-деган чақириқлар билан жавоб бердилар. Ғазаб ва нафратга тўлган оломон аскарларнинг пулемёт ва милтиқларига, кийимларига ёпишдилар. Шундан сўнг қўзғолончиларга қарши ўт очиш буюрилди, минглаб кишилар ўлди, ярадор бўлди. Маълумотларга қараганда, ярадорлар орасида уч аёл ва бир бола бўлган. 

 

1916 йил Намангандаги “Курашхона қўзғолони”

 

Уч ярим соат давом этган бу қўзғолон халқ ҳаётида ўчмас из қолдирди. Архивда сақланаётган ҳарбий суд материалларига қараганда, қўзғолонни ташкил этишда Ғофир хўжа сартарош,  дурадгор Абдураҳмон Розиқбаев, Йўлдошхўжа Усмонхўжаев, сувоқчи Йўлдош Мирзаев, этикдўз ака-укалар Мулла Усмон Қори ва Равшан қори Халфаевлар, қора ишчи Юнус Ёқуббоев, тўқувчи Дадабой Орифбоев ва бошқалар жонбозлик ва мардлик кўрсатиб ҳалок бўлганлар.

Намангандаги июл воқеалари  таъсирида Капа-волостининг Шўрқўрғон, Уйчи волостининг Ёрқўрғон, Қизил ровот ва Машад, Уйғур, Тошқўрғон, Тепақўрғон, Пешқўрғон, Тергачи волостининг Чиндовул қишлоқларида ҳам ана шундай  мардикорликка қарши қўзғолонлар бўлган.

Қўзғолон ўлкадаги чор Россияси мустамлакачилик тузумининг таги бўш заминда эканлиги ва унинг устунлари қимирлай бошлаганлигини кўрсатади. Қўзғолон Туркистон халқларининг ватанпарварлиги, ғурури сўнмаганлигини яна бир бор намоён этади. 

Навбатдаги экспозициямиз «ХХ аср бошларида Наманган» деб номланиб сиз бу экспозицияда Наманганга олиб келинган темир йўл харитаси, водийга биринчи бўлиб келган автомобиль ва бошқа шу каби экспонатлар билан танишасиз. Чор мустамлакачилари Ўрта Осиёда ўз ҳукмронлигини ўрнатиб, бу ердаги энг арзон бўлган саноат хом – ашёси бўлган пахта ва бошқа қишлоқ-хўжалик маҳсулотларини Россиянинг саноати ривожланган шаҳарларига олиб кетиши ҳамда бунинг эвазига Россия саноат маҳсулотларини мустамлака ўлкаларига олиб келиш мақсадида темир йўл транспортини шакллантиришни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган эдилар.     

1899 йилдан бошлаб темир йўл транспорти  Фарғона водийсига кириб кела бошлади. 1912-1913 йилларда Қўқон Наманган, 1916 йилда Наманган- Жалолобод темир йўллари қурилиб, ишга туширилди.

Шундай қилиб, Х1Х аср охири ХХ аср бошларида ўлкамизда темир йўл транспорти билан бир қаторда саноатнинг айрим тармоқлари ҳам шакллана бошлади. Чунки, бу даврларда Наманган уездида бой табиий ресурслар, қишлоқ-хўжалик хом-ашёси биёр бўлишига қарамасдан саноат (фабрика, завод ишлаб чиқариши) бошланғич босқичда эди. Х1Х асрнинг 80-йилларидан бошлаб дастлабки завод ва фабрика, ишлаб чиқариш корхоналари қурила бошлади. Асосий саноат корхоналари пахтани қайта ишлаш заводларидан иборат эди. 1914 йилда Наманган уездида жами 28 та пахта тозалаш заводи қурилган. Наманганга темир йўл транспорти келгандан сўнггина ташкил топа бошлади. 1913 йилда Наманганда 40 га яқин саноат корхонаси мавжуд эди. Лекин шунга қарамай, Наманган Россиянинг иқтисодий - маданий жиҳатдан қолоқ ҳудудларидан бўлиб, асосий маҳсулотлари ип, газлама, шойи ва жун газламалар, қишлоқ - хўжалик воситалари, пойабзал, турли хил металл маҳсулотлари ва бошқа шу каби тайёр маҳсулотлар сотиладиган бозор, метрополияга менерал хом-ашё ва хўжалик маҳсулотлари (пахта, пилла, қуруқ мева), етказиб берадиган ҳудудлардан бири бўлиб келган. 

Навбатдаги экспозиция “Истиқлолчилик ҳаракати” деб номланиб, унда сиз мамлакат мустақиллиги учун кураш олиб борган ва бу курашларга   раҳбарлик қилган ўлкамиздан чиққан фидоий инсонларнинг суратларини кўриб турибсиз.

Тарихий манбалардан маълумки, Туркистонда октябрь (1917 й) тўнтарилишидан кейин содир бўлган жараёни шуни кўрсатдики, большевиклар томонидан ўрнатилган совет режими ўлка халқларига нафақат мустақиллик, ҳатто миллий мухториятни ҳам раво кўрмади. Мустақиллик осонликча қўлга киритилмаслигини тушуниб етган ўн минглаб йигитлар қўлларига қурол олиб, большевиклар ва босқинчи қизил армияга қарши қуролли ҳаракатни бошлаб юборди.  Бироқ бу ҳаракатнинг бошланиши совет Туркистони ва Россиядаги расмий доиралар томонидан назоратга олиниб, уни бостириш учун барча қатъий чоралар кўрилди. Коммунистик мафкура ва совет режими ҳукмронлиги йилларида бу ҳаракат сохталаштирилиб, у “босмачилик” деб аталди ҳамда унинг иштирокчиларига “босмачилар” деб тамға босилди. Совет тарғиботи ва ташвиқоти бу соҳада барча воситалардан унумли фойдаланди.

1918 йил март ойига келиб Фарғона водийсида 40 дан ортиқ мустақил қўрбошилар отрядлари фаолият кўрсатар эди. Катта Эргаш Қўқон, Мадаминбек Марғилон, Парпи Андижон, Муҳиддинбек Новқат (Олой), Омонполвон ва Рахмонқул Наманган, ака-ука Шермуҳаммадбек, Нурмуҳаммадбек, Яккатут (Марғилон), Жонибек Қози (Ўзган), Холхўжа Эшон каби қўмондонлар бошчилигидаги отрядлар ҳарбий ҳаракатларни олиб борганлар.

1918 йил 2 сентябрда Наманган уеъзди Тўрақўрғон волости (бўлиси) Шарқ қишлоғида Катта Эргаш қўрбоши ўзининг 400 йигитдан иборат кичик отряди ва Қобил қўрбоши гуруҳи билан биргаликда Сергеев бошчилигидаги қизил аскарлар отрядига қарши жангга кирди. Тўп ва пулемётлари бўлган қизил армия жангчилари бу жангда мағлубиятга учраб, орқага чекиндилар.

Дашноқлар томонидан Фарғона водийсида 1918 йилда қилинган ҳунрезликлар ичида Чуст шаҳридаги фожеали воқеалар ўз даҳшати билан алоҳида ажралиб туради. Наманган ва Қўқондан жўнатилган ва аксарияти дошноқлардан иборат бўлган қизил армия жангчилари шаҳардаги тинч мусулмон аҳолининг 1500 ни ваҳшийларча ўлдирди. Дошноқлар отрядининг командири бу холатни шарҳлаб, “Биз бугунги кунни ҳудди қимматбаҳо олмосни қўлга киритгандек 20 ой сабрсизлик билан кутган эдик”-деб таъкидлайди. Қатағон ва террор билан бирга шаҳарда оммавий равишда талон-тарож ҳам ўтказилди.

Туркистондаги истиқлолчилик ҳаракати 1919-1920 йил январ ойининг ўрталарига келиб, Фарғона водийсига марказдан кўплаб қўшимча ҳарбий кучларнинг ташланиши, натижасида ташаббус Қизил армия қўлига ўтди.

Водийдаги истиқлолчилик ҳаракати гуруллаб авж олган жойлардан бири бу пайтга келиб Наманган уеъзди  ҳисобланади. Наманган уеъздидаги қўрбошиларга Омон Полвон ва Баястон Амир лашкарбошиси (Баястон) қўмондонлик қилган эди. 1923 йил 28-29 январда Омон Полвон Чортоқ ва Жийдакападаги гарнизонларга икки марта ҳужум қилади.

1923 йил январ ойида Наманган уеъздида ҳам ҳудди Марғилон ва Қўқон уеъздларидагидек 2000 га яқин йигитлар истиқлолчилик ҳаракати сафида эдилар. Бироқ, Наманган уеъзди 1 январдаги ГПУ Махсус бўлимининг ҳисобида эса 880 та йигит “босмачи” сифатида рўйҳатда туради.

Машҳур қўрбоши Рахмонқулнинг ҳалокатидан кейин Наманган уеъздида ҳаракат қилаётган Боястон ва Омон Полвон, оқсоқол Омонқул каби қўрбошиларнинг гуруҳлари 1922 йил охирига қадар қизил аскарларга қарши курашни давом эттиришди. Оқибатда жанглар 1923 йил охирларигача давом этиб, пировардида бу ерда ҳам совет хокимияти ўрнатилди. Облик алоҳида волост (бўлис) сифатида Сирдарё вилояти Тошкент уеъзди таркибига киритилди. 1923 йил октябр ойида Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракатига қизил аскарлар томонидан яна бир кучли зарба берилди. Октябрь ойида қизил аскарларга таслим бўлишга мажбур бўлган қўрбошилар орасида Қўқон ватанпарварларининг бошлиғи Ислом Полвон ва унинг понсоди Калқўчқор (3октябр),  асакалик  Аҳмад Полвон (28 октябр) каби нуфузли қўрбошилар бор эди.

Бир сўз билан айтганда, Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракатининг ажралмас қисми бўлган Намангандаги озодлик кураши 1924 йил охирида асосан мағлубиятга учраган бўлса ҳам, Наманганлик истиқлолчилар 1925-1935 йиллар давомида совет режимига қарши курашни имконият доирасида давом эттиришди. Хуллас, Намангандаги миллий озодлик ҳаракати тарихига зарҳал саҳифалар билан ёзилди. 

Навбатдаги экспозициямиз “Қатағонлик ҳаракати” деб номланиб,  унда Сиз 20-30 йилларда “Совет ҳукмрон режими” томонидан асоссиз бўҳтонлар, халқ душмани, аксилинқилобчи, миллатчи сингари тамғаларни бериб, қатағон қилинган ҳамюртларимизнинг илоғор вакилларини кўриб турибсиз.     

Тарихдан маълумки, ўз халқи, юртининг миллий манфаатларини ҳимоя қилиб, унинг истқболини кўзлаб, ўзида куч-ирода топиб, бор ҳақиқатни айтишга журъат қилган миллат кишилари биринчи навбатда ҳукмрон марказнинг қаҳр-ғазабига дучор бўлади. Қатағонлик зулмкорлари, уларнинг гумашталари бир имо-ишора билан бундай юрт фидоийларини орадан олиб ташлаш, фаолиятини оғмачилик, бузғунчиликда айблаш, шаънига халқ душмани, аксилинқилобчи, буржуа малайлари сингари асоссиз бўҳтонлар билан лаънат тамғасини тиркашга доим тайёр турардилар.

Ўзбекистон Олий судининг раиси лавозимида ишлаб келган Саъдулла Қосимов ва унинг яқин маслакдошлари деб топилган Н.Алимов, Б.Шарипов каби 7 киши 1929 йилнинг иккинчи ярмида қамоққа олинадилар. Уларга атайин тўқиб чиқарилган “айблов иши”га сиёсий тус берилади. Бунга кўра, улар республикадаги миллатчи ташкилотлар билан алоқа боғлаганликда айбланадилар. Улар “босмачилик” (аслида истиқлолчилик) ҳаракатига ён босганликда қораланадилар. Бу гуруҳнинг 4 та аъзоси мана шундай айблар билан айбланиб, отиб ташланадилар, қолган 3 киши эса кўп йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинадилар.

Ўзбекистон равнақи, истиқболи учун, халқнинг бахту саодати, фаровон турмушига эришиш учун фидоийлик кўрсатган Файзулла Хўжаев, Турар Рисқулов Абдулла Раҳимбоев, Акмал Икромов, Исроил Ортиқов, Абдулла Каримов ва бошқа ўнлаб номдор маҳаллий раҳбар кадрларнинг ҳаёт қисмати ҳам пировардида мана шундай фожеа билан якун топди.

Фақат 1937-1939 йилларда Ўзбекистонда ҳаммаси бўлиб 43 мингдан зиёд киши қамоққа олинган. Улардан 6 минг 920 нафари отиб ташланган, 37 минг нафари эса турли муддатли қамоқ ва сургунларга ҳукм этилган.

Бу ўринда ўзбек адабиётининг устунлари бўлган, ноёб ижодлари билан халқ меҳрини қозонган Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир, Элбек(Машриқ Юнусов), Ғози Юнус каби ажойиб истеъдодлар қуруқ бўхтону туҳматлар асосида “халқ душмани” сифатида жисмонан йўқ қилиниб, ёрқин фаолияти сўндирилди.

Бу кўргуликка Наманганлик ижодкорлардан Исҳоқхон Ибрат, Муҳаммадшариф Сўфизода, Усмон Носир, Рафиқ Мўмин, Лутфилла Олимийлар дастлабкилар қаторида дучор қилиндилар.

Биз миллий истқлол даври кишилари жонажон юртимиз эрки, озодлиги ва мустақиллиги йўлида курашиб, қатағон қурбонлари бўлиб кетган азиз ва мукаррам инсонлар хотирасини доимо қалбимиз тўрида сақламоғимиз керак бўлади. Бу ҳар биримиз учун фарзу қарздир. Юртбошимизнинг 2001 йил 1 майдаги фармони билан 31 август кунининг “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” деб эълон қилинганлиги ғоятда қувонарлидир. Бу ҳозирги миннатдор авлод кишиларининг ўтганлар, шаҳид кетганлар хотираси олдидаги эҳтиромининг умумхалқ ва умумдавлат эътирофидир. 

Навбатдаги экспозиция “1941-1945 йилларда Наманган” деб номланиб, унда Сиз “Иккинчи жаҳон уруши” йилларида Наманганликларнинг меҳнат ва жанг майдонларида кўрсатган жасоратлари, қаҳрамонликлари билан танишасиз. Унда Сиз экспозициядан жой олган Наманганлик қаҳрамонлар суратини, шу давр тарихидан садо берувчи хужжатлар, буюмлар, мактублар ва ўша давр рўзномаларида эълон қилинган мақолаларни кўриш, ўқиш орқали оталаримиз жасоратига яна бир бора тасаннолар айтасиз.

Тарихий манбалардан маълумки, бу уруш 61 мамлакатни, ер юзи аҳолисининг 80 фоизини ўз домига тортди ва олти йил давом этди. Жаҳон империялизмининг энг ёвуз, тиш-тирноғигача қуролланган, зарбдор кучи бўлган фашистлар Германияси  билан собиқ совет иттифоқи халқлари йилма-йилига беш йил, яъни 1418 кеча ва кундуз ҳаёт мамот жанги олиб борди ва урушда собиқ Совет иттифоқи ғалаба қилди.

Ғалаба! Бунга осонликча эришилмади. Фашизм устидан қозонилган бу ғалаба халқларнинг эркинлиги, озодликка бўлган ишонч-эътиқоди туфайли қўлга киритилди.

Маълумотларнинг гувоҳлик беришича, урушда вилоятимиздан 78900 киши қатнашган, шундан 23830 киши жанг майдонларида ҳалок бўлган.

 Урушдан эсон-омон қайтган 55 минг хамюртларимиздан 53 мингдан ортиғи урушдан кейинги йилларда вафот этди. Ҳозирда эса улар бармоқ билан санарли даражада қолдилар.

Наманган вилоятига бағишланган “Хотира” китоби уч жилддан иборат бўлиб, унда 27000 дан ортиқ ҳамюртларимиз исми-шарифларини ўқишимиз мумкин. Булар ҳаммаси она-Ватаним деб жанг майдонида шаҳид бўлган ёки бедарак йўқолган Ватаннинг мард ўғлонларидир.

Уруш даҳшати туфайли ота-оналардан айрим ва бутунлай етим бўлиб қолган турли миллат болалари серқуёш юртимизда, ўзбек оилалари бағридан бошпана топдилар. Уруш йиллари республикамизнинг бошқа жойларидаги каби Наманган вилоятида ҳам болаларга ғамхўрлик қилиш умумхалқ ишига айланиб кетди. 1941 йилнинг ўзида Наманганликлар бошпанасиз ва ота-онасидан ажраган уч минг нафар болаларни ўз бағрига олди. Булардан 350 нафари Наманган тумани, 400 нафари Тўрақўрғон, 300 нафари Уйчи ва яна шунчаси Косонсой тумани меҳнаткашлари хонадонларига жойлаштирилди. Айниқса, бу борада Наманган туманидаги колхоз раиси Султонмуҳаммад Қамбаров 11 нафар болани фарзандликка олгани ўзбек халқини қанчалик бағри кенг эканлигидан нишонадир. Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин.

Наманганликларнинг фронтадги жасоратлари ҳам тарих зарварақларига бир умр муҳрланиб қолди. Довруғи тилларда достон бўлган Сталинград солномасида машҳур “Павлов уйи” ҳимоячиси Тўрақўрғон тумани, Киров номли колхоз аъзоси Камол Турғуновнинг урушда кўрсатган жасорати бунга ёрқин мисолдир. Ёйинки, Наманганлик партизанлар Жамолхон Муҳиддинов, Мамаёқуб Холиқов, Абдуғани Саттаровларни, Наманганлик аёлларимиздан 100 дан ортиқ хотин-қизларни жангларда мардлик намуналарини кўрсатганликлари, булардан Мухаббатхон Исмаилова ва Саида Султоновалар алоҳида жасорат тимсолига айланганлигини келажак авлод ҳеч қачон ёддан чиқармайди ва улар билан фахрланадилар.

Ҳурматли меҳмонлар, 1941-1945 йиллардаги оталар жасоратини ёддан чиқармайлик, улар жасорати ҳамиша қалбимизда, руҳимизда бўлмоғи керакки, ҳеч қачон мусаффо осмонимизни қора булутлар қопламасин дея тилак билдириш билан мустақил юртмиизни тинчлиги, осойишталиги йўлида ҳаммамиз масъул эканлигимизни ёдда тутмоқ зарур. 

Навбатдаги экспозициямиз «Тикланиш даври» деб номланиб, унда сиз иккинчи жаҳон урушидан кейин Наманганда халқ хўжалигини қайта тиклаш борасида фаоллик кўрсатган ташкилотлар ва меҳнат илғорларини фотосуратларини кўриш билан бирга ўша давр тарихи билан танишасиз.

Урушдан кейинги йилларда Ўзбекистон халқ хўжалигининг тинч қурилишга ўтиши мураккаб ҳалқаро вазиятда кечди. Урушдан сўнг фашизм устидан қозонилган ғалабага катта ҳисса қўшган Ўзбекистон халқлари олдида харбийлашган халқ хўжалигини тинч қурилиш йўлига солиш уни урушдан олдинги даражага етказиш ва ривожлантириш каби мураккаб вазифалар турарди. 50-60 йилларда кўпроқ бўз ерларни ўзлаштириш ва шу асосда пахта ва ғалла етиштиришни кўпайтириш чоралари кўрилди.

Наманган вилоятида шу йилларда 17000 гектардан зиёд янги ерлар ўзлаштирилиб, бу ерларни суғориш учун 250 дан ортиқ доимий ва кўчма насос станциялари ишга туширилди. Урушдан кейиинги тикланиш даврида яъни 1946-1950 йилларда мавжуд саноат корхоналарининг техник имкониятлари кенгайтирилди, саноат корхоналарини  ривожлантириш соҳасида сезиларли ўзгаришлар юз бермади. 1950 йил Наманган вилояти саноат корхоналари 158,4 млн. сўмлик ялпи маҳсулот ишлаб чиқарди. (1940 йилга нисбатан 50% кўпайди). Наманган вилоятида саноат махсулоти ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми 1951-1955 йилларда 74,6%, 1956-1960 йилларда 5% ва 1961-1965 йилларда 39,6% ташкил қилди. 

Навбатдаги экспозиция «60-80 йилларда Наманган» деб номланади. Ушбу экспозицияда сиз Наманганда халқ хўжалигининг турли жабҳаларида олиб борилган ислоҳотлар, қилинган ўзгаришларнинг фотосуратлари ва ҳужжатларини кўриш билан ўша давр тарихи билан танишасиз.

Ўтган асрнинг 50- йиллари охири 60- йиллар бошида Ўзбекистонда пахтачиликни ҳар томонлама ривожлантириш йўлига ўтказилиши республиканинг барча вилоятларида, жумладан Наманганда ҳам ирригация-мелиорация ишларини кенгайтиришни талаб этди. Олдинига янги қурилишларга эмас, балки путурдан кетган ирригация ислоҳотлари, каналлар ва ариқ - зовурларни тиклашга асосий эътибор қаратилди. 70-йилларга келганда республикада  ижтимоий ривожланиш муаммолари, уларнинг ҳал қилинишидан кўра тезроқ кўпайиб кескинлашиб борди. Бошқарувнинг маъмурий буйруқбозлик усуллари ва иқтисодиётни қаттиқ режалаштириш принципи вазиятни янада мураккаблаштирди. Бу ҳол саноатни ривожлантиришни ҳам қийин аҳволга солиб қўйди. Ўзбекистонни пахта базасига айлантиришга ҳаракат қилиниб, энг унумдор экин майдонлари, суғориладиган ерлар ғўза экишга ажратилди. Озиқ - овқат экинларини яроқсиз ерларга, тоғ олди ҳудудларига, қумлоқ ва тўқайзорларга суриб чиқарилди. Табиат ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш муаммоси 1970-1985 йилларда башарият учун катта ташвиш туғдирди. Орол денгизи фожиаси совет ҳукумати ва КПССнинг  атроф-муҳит, табиий ресурслардан фойдаланишда ўйламасдан юритган сиёсати натижаси бўлди. 

Навбатдаги экспозициямиз «Музейимиз тарихи» деб номланади. Сиз ушбу экспозицияда музейга асос солган дастлабки музей директоридан шу кунгача бўлган музей раҳбарларини фотосуратларини кўриш орқали, уларнинг музей ривожига қўшган улкан ишлари билан танишасиз.

Наманган вилоят ўлкани ўрганиш музейи, нафақат Фарғона водийсида балки Республикамиздаги кекса илмий ва маданият муассасаларидан бири ҳисобланади. Бу илмий даргоҳ 1920 йилда Наманган шаҳридаги 1- мактаб физика ўқитувчиси Владимир Иванович Иванов ташаббуси билан барпо этилган.

Музейда дастлаб физикадан ўқув асбоблари жамланган бўлиб, унга савдогар Ҳамдам Қаландаровнинг Наманган шаҳрининг марказидаги дўкони биноси ажратиб берилган. Кейинчалик бу бинода экспонатларнинг сони  ва турлари кўпайиб халқ музейи мақомини олишга асос бўлди.

1922 йилда бу ердаги экспонатлар сони 900 тага етади. Экпонатлар сонини кўпайтиришда 1927-1937 йилларда музейга раҳбарлик қилган Иномжон Низомбоевнинг хизматлари беқиёсдир.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида музей фаолияти вақтинча тўхтатилди. 1947 йилда музей қайтадан иш бошлаб, 4 та бўлим ташкил этилди.

Шундан сўнг Наманган шаҳар ўлкани ўрганиш музейи деб юритила бошланди. Унга Ҳайдарали Зокиров, кейинчалик Набижон Аҳмедовлар раҳбарлик қилдилар. 1967 йилда Наманган вилоятини қайта ташкил этилиши натижасида 1968 йилдан эса бу даргоҳ Наманган вилоят ўлкани ўрганиш музейига айлантирилди. Музейнинг табиат бўлимини экспонатлар билан бойитишда 1960-1970 йилларда раҳбарлик қилган Иван Иванович Маленьковнинг хизматлари катта. 1970-1980 йилларда эса музей экспонатларга ниҳоятда бой бўлган илмий муасасага айланди. Бу ерда республикамиз, вилоятимиз табиати, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини акс эттирувчи ранг баранг экспозициялар ташкил этилди.

1986 йил музей учун замонавий лойиҳа бўйича ҳозирги Нодим Намонгоний кўчасидаги йирик бинога тамал тоши қўйилди ва бу бинога 1988 йил ёзида кўчиб ўтилди. Ходимларнинг жонбозликлари, меҳнатлари самараси эвазига музей 1988 йилда 1-тоифали музейлар сафига қўшилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 23 декабрдаги «Республика музейлари фаолиятларини яхшилаш чора тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг 1998 йил 12 январдаги «Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Бу тарихий хужжат Президентимизнинг маънавиятга кўрсатган ғамхўрлигининг яна бир ифодасидир. Музейнинг жамият ҳаётидаги ўрни, ахамияти шундан иборатки, у инсонларнинг миллий онгини, тафаккурини ўсишида муҳим омил ҳисобланади. 

Ҳукуматимиз қарорида «Халқимиз тарихини тўла қонли акс эттирувчи ноёб ашёларни тўплаш катта ижтимоий аҳамиятга эга» дейилади. Давлатимиз иқтисодий қийинчиликларга қарамай нодир буюмларни харид қилиш учун кўп миқдорда маблағлар ажратмоқда.

Музейнинг илмий салоҳиятига ва илмий тадқиқот ишларига ҳам эътибор кучайтирилди.

Ҳозирда Наманган вилоят ўлкани ўрганиш музейида 4 та бўлим «Табиат», «Тарих», «Адабиёт ва санъат», «Хазина» бўлимлари, мустақиллик, адабиёт, маънавият секторлари мунтазам равишда фаолият кўрсатади. Бундан ташқари 2012 йил 15 июндаги Наманган вилоят Ҳокимининг 220-сонли Қарори асосида Косонсой тумани «Халқ музейи» филиал қилиб бириктирилди. Косонсой туманидаги «Хотира ва қадрлаш» музейи музейимизни филиали сифатида туман ахлига маънавий- маърифий тарғибот ишларини олиб боришда музейда юқори кўрсаткичларга эришмоқда. 

Ҳурматли меҳмонлар (ўқувчилар), мана сиз билан биргаликда тарих бўлимининг “Этнография”  кўргазмалар залига сайёҳатимизни бошламоқдамиз.

Хўш, Этнография нима дегани? Бу ҳақида икки оғиз сўз юритсак. Этнография-халқ ҳақидаги фан бўлиб, у халқни ўрганувчи, таърифловчи фан ёки халқшунослик фани деб ҳам юритилади.

Этнография сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, “этнос” халқ, “графен”-тариф, яъни халқни таърифлаш деган маънони англатади.

 

   Этнография-дунё халқларининг маданиятини, маиший ҳаётини, келиб чиқиши (этногенези)ни, жойлашиши (этник географияси)ни ва маданият тарихини, ўзаро алоқа ва муносабатларини ўргатувчи ижтимоий-тарихий фандир.

 

“Этнография” кўргазма зали кўриниши

 

Мана, сиз этнография нима дегани ва нимани ўрганиши ҳақида ҳам қисқа тушунчага эга бўлдингиз. Энди эса музейимизнинг этнография кўргазмалар залига саёҳат қиламиз.

Бу ерда кулолларимиз меҳнати, ақл-заковати орқали тайёрланган уй-рўзғор буюмларини, ёғочсоз усталаримиз томонидан ишланган ёғоч буюмларни, XVII-ХХ асрларга тааллуқли мис идиш-товоқларни, улардан мис кўзалар, мис қумғонлар, мис лаганлар, мис косаларни кўздан кечирар  эканмиз, уларнинг ясалиш шакл шамойили, уларга чекиб туширилган нақшлар ўзининг хусн таровати билан мисгар усталар санъатига тасаннолар айтгинг келади.

Айтиш мумкинки, ҳунармандчилик ўзбекларнинг энг қадимги ва асосий хўжалик касбларидан бири бўлиб ҳисобланади. 

МИС КЎЗА  (XIX-ХХ аср)

 

 

         МИС КЎЗА (XIX-ХХ аср)

 

Ушбу кўргазмалар залида “Ўзбек уйи”, “Ўзбек ҳовлиси”, “Ўзига тўқ хонадон” кўриниши орқали халқларнинг миллий хусусиятлари уларнинг уйи, уй-рўзғор буюмлари ва жихозлари, кийим-кечак ва таомларида айниқса, ёрқин ифодаланади. Шунинг учун ҳам этнографларнинг диққат марказида моддий маданият туради.

 

Шунингдек, бу кўргазмалар залида “Ўзбек миллий кийимлари”, “Аёллар миллий тақинчоқлари”, “Кашталар”, “Қуров ёстиқ ва жияклар”, “Гул қолиплар”, “Дўппилар” ҳамда ҳунармандчиликнинг асосий қуролларидан қайчилар ва бошқа этнографик буюмларни ўз кўзингиз билан кўриб аждодларимиз санъатига ўзингиз хулосалар берасиз.

 

Аёллар паранжиси ва зебу-зийнат буюмлари

 

Биз ўзбек халқининг кийим-кечакларини ўрганиш этнографик жиҳатдан анча муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрамиз. Улар асосида ўзбек халқининг маданий савиясини у яшаган географик муҳитни бир қадар белгилаш мумкин. 

Ҳурматли меҳмонлар, мана ҳаммамиз учун қадрли ва азиз бўлган “Мустақиллик йилларида Наманган” кўргазмалар залимиз бўйлаб саёҳатимизни давом эттириш тараддудидамиз.

Келинг, шу ерда саёҳатимизни бошлаш арафасида бироз чекиниш қилиб, мустақиллик нима, унинг мақсад ва моҳияти нимада?-деган саволларни ўртоқлашиб кўрайлик.

Истиқлолнинг тонг отаридаёқ муҳтарам юртбошимиз бу халқимиз учун, юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир оила ва ҳар бир инсон учун муносиб турмуш шароитини яратиш, деб шарҳлаган эдилар.

Бунинг учун эса уларнинг тинчлиги ва осойишталикни таъминлаш ва мустаҳкамлаш зарур.

Тинчлик ва фаровонлик ўз ўзидан келмаслигини, унга бунёдкор меҳнат, Ватан озодлиги ва ободлиги йўлида кураш билангина эришиш мумкинлигини ўқтирган эдилар.

 

Бугун мамлакатимизнинг қайси бир тумани, шаҳри ё вилоятига борманг, ана шу сиёсатни амалга ошириш йўлида Президентимиз кўрсатмаларини бажариш учун халқимиз томонидан илхом ва ғайрат билан қилинаётган бунёдкорлик ишлари ҳамда унинг самараси дилларингизни яйратади, кўзингизни қувонтиради. Истиқлол бахш этган эркинлик, ижодий кўтаринкилик Ватан кўркига кўрк қўшиб, Ўзбекистон шаънини улуғлашга, унинг дунёга танилишига омил бўлаётганидан ифтихор туясиз.

 Наманган вилоятининг хорижий мамлакталар билан ҳамкорлиги

 

Ватанимизнинг шарқ томонида етти ярим минг квадрат километрларга ястаниб, Тянь-Шан Қурама ва Чотқол тоғлари ён бағрида яшнаб ётган Наманган вилоятининг бугунги жамолида, одамлар чеҳрасидаги хушнудлигида, ёшларнинг интилиши ва ғайратларида ҳам ана шундай фахру ғурур намоён.

Ахир азим Пойтахт Тошкентни водий билан боғлаб турган Қамчиқ довонида бунёд этилган ер ости йўлларининг, қатнов қисмларининг бир неча бор кенгайгани кимнинг кўзини қувонтирмайди?

Шу йўлдан чиқиб келаётганда Поп, Чуст, Тўрақўрғон туманларида, шунингдек, Наманган шаҳрида 23 йил ичида пайдо бўлган маҳобатли бинолар, кўчалар кўрки кимнинг ҳавасини келтирмайди?!

Келинг, яхшиси мустақиллик кўргазмалар зали экспозицияларини бирма-бир кўздан кечириб саёҳат ўтказиш орқали мустақил Ватанимизнинг қисқа фурсатда қўлга киритган ютуқлари билан танишиб чиқиб, ўзимиз яна бир бор гувоҳи бўлайлик. 

Биринчи экспозициямиз “Ўзбекистоннинг истиқлол ва тараққиёт йўлидаги тарихий воқеалар” деб номланади - Мустақиллик-олий неъмат. Истиқлол оддий сўз эмас. Унинг замирида қадимий анъаналар ва қадриятларимизни қайта тиклаш, истиқбол сари озод ва эркин қадам ташлаш имкониятлари мужассам.

1991 йил 31 августда Ўзбекистон Олий Кенгашининг XV чақириқ навбатдан ташқари олтинчи сессияси кун тартибида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги масалалар қўйилиб, шу куни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги тўғрисида Олий Кенгаш Баёноти” қабул қилинди.

Олий Кенгаш мазкур баёнот орқали халқаро ҳуқуқий хужжатларда қайд этилган ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига асосланиб, Республика халқларининг тақдири учун бутун масъулиятни англаб, Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини ва озод суверен давлат Ўзбекистон Республикаси ташкил этилганлигини тантанали равишда эълон қилди.

Олий Кенгаш сессияси “Ўзбекистон Республикасининг Давлат Мустақиллигини эълон қилиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Қарорда –       “1 сентябрь  Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни” деб белгилансин ва 1991 йилдан бошлаб, бу кун байрам ва дам олиш куни деб эълон қилинсин”-деб қатъий белгилаб қўйилди. 

Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги ҳақидаги бу ҳужжат ўзбек халқининг асрий орзуси рўёбга чиққанлигининг ҳуқуқий ифодаси бўлди.

Ўзбекистон Республикасининг мустақил давлат деб эълон қилинган дастлабки кунларданоқ мустақил давлат рамзларини жорий қилиш юзасидан амалий чоралар кўрила бошланди.

Ўзбекистон Республикасинингдавлат байроғи тўғрисида, Давлат гербининг нусхаси ва Давлат мадҳиясининг  мусиқий баёни ҳақида махсус қарорлар қабул қилинди.

 

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрда бўлиб ўтган VIII –сессиясида “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. 

 

Ўзбекистоннинг истиқлол ва тараққиёт йўлидаги тарихий воқеалар

 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи мамлакатимиз ҳудудида илгари мавжуд бўлган ғоят қудратли салтанатлар туғларига хос бўлган  энг яхши анъаналарни, ғояларни давом эттирган, улуғ аждодларимизнинг ақида ва маслакларига мос келган қамровларни давом эттирган ҳолда миллат табиати ва халқимиз руҳиятидан келиб чиқиб, унинг миллий ва маънавий жиҳатларини ҳам ўзида мужассам эттирмоғи керак эди.

Байроқдаги мовий ранг ҳаётимиз мазмуни акс этган мангу осмон ва оби ҳаёт рамзидир. Тимсоллар тилида бу яхшиликни, донишмандликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради.Мовий ранг азалдан қадрланган. Амир Темур ҳам ўз байроғига шу рангни танлаган.

Байроқдаги оқ ранг тинчлик ва поклик тимсолидир. Ёш мустақил давлат йўлининг мусаффо, беғубор ва чароғон бўлиши учун яхши ният ифодасидир.

Қизил йўллар- бу ҳар бир тирик жоннинг қон томири, унда жўш уриб турган ҳаётий куч тириклик белгиси.

Яшил ранг-Ўзбекистоннинг саҳоватли ва табаррук тупроғи, гўзал табиати тимсоли, одамларни атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ундайди.

Ярим ой-ўзбек халқининг кўп асрлик анъаналарига мос келади. Ярим ой ва юлдузлар мусаффо осмон ва тинчликнинг ифодасидир.

12 юлдуз тасвири – азалдан мукаммаллик, баркамолликни англатган. Бу тимсол бир йилда 12 ой борлигини англатади.

1992 йил 2 июль Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Х сессиясида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида” Қонун қабул қилинди. Давлат гербидаги ҳар бир белги чуқур маънога эга.

Герб марказидаги хумо қуши –бахт, саодат ва эрксеварлик рамзи.

Гербнинг юқори қисмидаги саккиз қиррали юлдуз республиканинг барқарорлиги сифатида тасвирланган.

Қуёш-давлатимизнинг йўли ҳамиша нурафшон бўлишини билдирган, яхши ният, айни пайтда у Ўзбекистоннинг ноёб иқлимга эга мамлакат, серқуёш эканлигини билдиради.

Бошоқлар-ризқ-рўзимиз тимсоли, тўкин-сочинлик ифодаси, оқ пахта-Ўзбекистон донғини дунёга таратган бебаҳо бойлигимиз рамзи.

1992 йил 10 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг XI сессиясида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Шоир Абдулла Орипов ва бастакор Мутал Бурхонов томонидан тайёрланган мадҳия варианти тасдиқланди.

Ислом Каримов –мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Президенти.

1991 йил охирида Ўзбекистон ҳаётида том маънода оламшумул тарихий воқеа содир бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида Қонун қабул қилинди.

Ўзбекистон Президенти 5 йил муддатга сайланади, бир фуқаронинг ўзи кетма-кет икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Президенти бўлиши мумкин эмас, деб белгилаб қўйилган.

1991 йил 29 декабрда халқимиз мустақиллиги рамзи сифатида биринчи умухалқ ҳоҳиш-иродаси билан мустақил Ўзбекистон Республикаси Президенти сайланди. Президент И.Каримов –ўзбек миллий давлатининг асосчиси.

1992 йил 8 декабрда 12 чақириқ Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгаши XI сессияси бўлди. Унда Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилиш ҳақидаги масала кўрилди. Сессия иштирокчилари якдиллик билан Ўзбекистон Конституциясини қабул қилдилар. Конституция 6 бўлим, 26 боб ва 128 моддадан иборатдир.

Ўзбекистоннинг асосий қонуни бўлмиш ушбу Конституцияда давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқларига бўлиниши принципининг энг муҳим тамойил сифатида белгилаб берилди.  

Биринчи бўлимнинг марказида Ўзбекистон харитаси жойлашганлиги учун Ўзбекистон тўғрисида қисқача маълумот. Ўзбекистон-суверен демократик республика.

Ўзбекистон Республикасининг майдони 448,9 минг кв.м. Республика 12 вилоят, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқ ва овуллар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасидан иборат. Давлат бошлиғи-Президент, сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан етти йил муддатга сайланади. Президент Ўзбекистон Республикаси Қуролли куларининг Олий Бош Қўмондони ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг олий давлат вакиллик органи- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидир.

У қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади. Олий Мажлис икки палатадан:Қонунчилик палатаси (қуйи палата) ва Сенат (юқори палата)дан иборат. Ижро этувччи хокимият- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси. Республика аҳолиси 26021.3 минг киши (2005 йил). Ўзбекистонда 125 дан ортиқ милат ва элат вакиллари яшайди. Расмий давлат тили-ўзбек тили, пул бирлиги-сўм. 

 

Навбатдаги экспозициямиз «Давлатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмуни» деб номланади - Мустақиллик йилларида Наманган вилоятида ҳозирги кунга қадар жами 3000га яқин саноат корхонлари рўйхатга олиниб, шундан 85 таси йирик, 58 та ўрта, 2000 дан ортиғи эса кичик корхона ва микрофирмаларни ташкил этади. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 40 фоизини енгил саноат, 37.2 фоизини озиқ-овқат, 22.7 фоизини машинасозлик ва метални қайта ишлаш, кимё, мебель каби маҳсулотлар ташкил этади.

 

Давлатимизда олиб борилаётган иқтисодий  ислоҳотлар мазмуни

 

Озиқ-овқат маҳсулотларининг 50 фоизини “НЕСТЛЕ Ўзбекистон” қўшма корхонаси маҳсулотлари ташкил этади. Енгил саноат корхоналари ичида “Наманган Текстиль”, “Нотўқимачи”, “Силк Роад”, “Кока-кола”, “Муслим текс” каби қатор қўшма корхоналар ташкил этади.

Шулардан, “Марвель Джуско”, “Нестле Ўзбекистон”, “Бунёд”, “Голден Фрут” қўшма корхоналари, “Наманган текстиль”, “Мехмаш” акционерлик жамиятлари, “Дамбоғ пойабзал “ ишлаб чиқариш хусусий корхонаси, “Нестле” қўшма корхонаси томонидан қадоқланган минерал сувлар, хар-хил турдаги консерва маҳсулотлари, пойабзал, пайпоқ, сочиқ, спорт анжомлари ва формалари, электрон тарози, газонокосилка, полипропилен қоплар шулар жумласидандир.

Вилоятда ўтган давр мобайнида ишлаб чиқариш ҳажми ўсиши билан бирга саноат корхоналарида янги иш ўринлари яратилмоқда ва эскирган технологияларни модернизация қилиш, янги технологиялар олиб кириш ишлари амалга оширилди ва оширилмоқда.

Ушбу бўлимда “Косонсой тўқимачи” ишлаб чиқариш корхонаси, “Дамбоғ” пойабзалллари МЧЖ корхонаси, “Бунёд” Ўзбекистон-Хитой ва Нестле Ўзбекистон- Швейцария қўшма корхонаси маҳсулотларидан намуналар қўйилган.   

Навбатдаги экспозициямимз  «Маънавий қадриятлар ва миллий ўзликни англашнинг шаклланиши» деб номланади-  Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб, халқимиз тарихида бутунлай янги давр бошланди.

Бу давр истиқлол ғоялари орқали шаклланаётган соғлом, ҳар томонлама ҳаётий ва инсон манфаатларига хизмат қиладиган ғоялар замони сифатида дунёга келмоқда.

 

Президент И.Каримов ташаббуси билан амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида маънавий сарчашмаларимиз қайта кўз очди.

 

Маънавий қадриятлар ва миллий ўзликни англашнинг тикланиши

 

Айниқса, миллий қадриятларимизни тиклаш, тарихимизни чуқур ўрганиш, меъморий ёдгорликлар ҳамда зиёртгоҳларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.буюк алломаларимиз ва қадимий шаҳарларимизнинг юбилейлари халқаро миқёсда нишонланаётгани ҳам бунинг яққол далилидир. 

Жумладан: 1998 йил- Қува шаҳрининг 2000 йиллиги;

2002 йил – Шаҳрисабзнинг 2700 йиллиги;

2007 йил –Марғилон шаҳрининг 2000 йиллиги;

2007 йил – Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги;

2009 йил –Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги. 

Бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудида 4000 зиёд моддий ва маънавий обида умумжаҳон меросини ноёб намунаси сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилган.

Ўзбек халқи ва миллатининг жасоратли қаҳрамонлари сифатида ардоқланиб келаётган Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, ислом оламининг етук намоёндалари Имом ат-Термизий, Имом ал-Бухорий, Бурхонидин Марғилонийлар бугунги кунда барча ўзбек халқининг фахри ва ифтихоридир.

 ХХ аср бошларида янгиликларни юртимизга олиб келган ва зиё тарқатувчи аждодларимиз Исҳоқхон Ибрат, Муҳаммадшариф Сўфизода, Усмон Носир, Рафиқ Мўмин, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат каби юзлаб фидоийлар қатағонлик қурбонига айландилар. Мустақиллик йилларида 1999 йил ва 2001 йилларда хукуматимиз томонидан чиқарилган қарорлар асосида юртимизда “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” жорий этилди. “Шаҳидлар майдони”, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи ташкил этилди.

Шунингдек, Наманган вилоят ҳокимлигининг ташаббуси билан қатағон йилларида Мулла Бозор Охунд мақбараси,Мулла Қирғиз масжиди ва бошқа бир қатор мажмуалар қайта тикланди. Яна бир диққатга сазовор ишлардан бири Хотира майдонидир. 

Навбатдаги экспозициямиз «Наманган вилоятининг жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорлиги» деб номланади - Мустақиллик йилларида  жаҳоннинг 53 та мамлакатлари билан ташқи иқтисодий алоқалар ўрнатилди. Бугунги кунда 42 та узоқ ва 11 та яқин хорижий давлатлар билан ташқи иқтисодий алоқалар ўрнатилган бўлиб, вилоятнинг 140 тадан зиёд ташкилоти экспорт ва импорт амалиётларида иштирок этмоқда. Бир қанча хорижий мамлакатлар билан иқтисодий хамкорликни йўлга қўйишга эришилди. Бу масала Республика ва вилоят ривожининг устивор давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолди. Бу йўналишда “Ўзбек хориж савдо” (Ўзбекинторг) бирлашмаси ташкил этилди. Давлат буюртмаларини бажарган ва дотациялар билан қўллаб-қувватловчи бирлашма давлатга катта даромад келтирди. 1992 йил 12 июлда ташқи савдо хорижий алоқалар давлат коммитети Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига айлантирилди. Ўзбекистон ва европа Иттифоқи ўртасида тўқимачилик маҳсулотлари бўйича битим тузилган.

Ўзбекистон экспортининг асосий маҳсулоти пахта толаси, пахта толаси экспорти бўйича жаҳонда АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради.

Вилоятнинг 139 та ташкилоти экспорт ва импорт амалиётларида иштирок этмоқда.

Россия Федерацияси ва Туркия давлатлари вилоятимизда йирик сармоялар қўймоқда.  Хитой, Германия, Италия, Канада, Франция, Литва, Гонконг, Польша, Чехия ва Покистон каби давлатлар инвесторларини вилоятимизга бўлган қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Мустақиллик йилларида ушбу мамлакатларнинг сармоялари иштирокида вилоятда 70дан ортиқ қўшма корхоналар барпо этилди. 

Навбатдаги экспозициямиз «Қишлоқ хўжалиги» деб номланади - Ўзбекистон Республикаси  мустақилликка эришгандан сўнг бозор иқтисодиётини ривожлантириш йўли билан иқтисодий ислохотларни чуқурлаштиришда мулкчилик шаклини ўзгартириш, чуқурлаштиришда, яъни ишлаб чиқаришда хусусий секторнинг ўрнини кўпайтиришга катта эътибор қаратилди. Бу қисқа муддат ичида мулкчилик шаклини ўзгартириш ўзсамарасини кўрсатди.

Халқ истъмоли маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ички ва ташқи бозорни тўлдиришда хусусий секторнинг ўрни кўпайди.

 

Қишлоқда аграр ва иқтисодий муносабатларни ислоҳ қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Мустақилликнинг биринчи йилларида қабул қилинган “Ер тўғрисида”ги, “Кооперация тўғрисида”ги, “Ижара тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжаликлари тўғрисида”ги Қонунлар ва қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва хукумат қарорлари қишлоқда янги ҳуқуқий муносабатларни вужудга келтиришга имконият яратди. 

 

Наманган вилояти қишлоқ хўжалигининг юксалиши

 

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишда ҳам катта ютуқларга эришилди. Жумладан, дон харид қилиш шу даврда 20.0 мартага ўсди. 2011 йилга қадар вилоятдаги қишлоқ хўжалигидаги ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш 467.1 млрд сўмни, шундан деҳқончиликда  325.3 млрд сўмни ва чорвачиликда  141.8 млрд сўмни ташкил этди.

Вилоятда айниқса 2011 йилга қадар ғаллачиликда катта ютуқларга эришилди. Ушбу соҳада ҳосилдорлик 50.2 центнерга етказилди. Бу 1991 йилга нисбатан 20 центнерга кўпдир.

2008 йилга келиб деярли 100 фоиз ер майдонлари фермер хўжаликлари ихтиёрига берилди.

Наманганлик ер билан тиллашиб катта бўлган Чортоқ ва Тўрақўрғон туманларида ўзининг меҳнати билан элга танилган меҳнат қаҳрамонлари етишиб чиқдилар. Улардан 1999 йилда Абдували Абдурахимов, 2004 йилда Абдурайим Хомидов ва 2007 йилда Халчахон  Мирзаевалар меҳнатлари эвазига энг олий унвон Олтин юлдуз нишони ҳамда “Ўзбекистон қаҳрамони” унвони билан тақдирландилар. 

     Навбатдаги экспозициямиз «Таълим-тарбия, илм-фан ва касб-ҳунар соҳасидаги ютуқлар ҳамда ислоҳотлар» деб номланади - Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришилган дастлабки йилларданоқ таълим-тарбия ва илм-фанга катта эътибор берила бошланди. Жумладан, 1997 йил Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”, Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 24 феврал куни “Академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини бошқариш тўғрисида”ги 77-сонли қарори ва 2011 йил 20 май куни “Олий таълим муассасаларини моддий техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Қарори қабул қилинди.

Наманган шаҳрида кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга оширишда олий ўқув юртларини ўрни ва ҳиссаси катта. Шаҳарда 1 та университет, 2 та институт бўлиб, Наманган Давлат Университети Президентимиз фармони билан 1992 йилда Педагогика институти негизида ташкил топди. Мустақиллик туфайли Республикани барча вилоятлардаги каби бизнинг вилоятда ҳам касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар қурилиши кенг қамровда амалга оширилди. 1998 йилдан 2010 йилларга қадар жаҳон андозаларига мос ва жавоб бера оладиган 100 дан ортиқ касб-ҳунар коллежлари ҳамда 20 га яқин академик лицейлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Вилоятдаги мавжуд 678 умумий ўрта таълим мактаблариининг барчасида кутубхоналар мавжуд бўлиб, улардан бадиий адабиётлар сони 479.275 нафарни ташкил этади.

Вилоят халқ таълими бошқармасида Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги, “Кадарлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги, “Таълимда ислоғотларни чуқурлаштириш бўйича қабул қилинган фармонлари, хукуматнинг қарор ва фармойишлари асосида муайян ишлар амалга оширилди.

Вилоятда 678 та умумтаълим мактабларда 31992 нафар педагогик ходимлар фаолият кўрсатадилар. Улардан 21758 нафари ёки 68.3% олий маълумотли 1293 нафари тугалланмаган олий ва 8491 нафари ўрта маълумотли мутахассислардир. Янги ўқув йили арафасида улар сафига 874 нафар олий маълумотли мутахассислар келиб қўшиладилар.

Илғор тажрибага эга бўлган янгиликлар яратган фан олимпиадаларида ғолиб деб топилган 7 нафар ўқитувчилар давлат мукофоти билан, 35 нафар “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан, 60 нафари ҳокимликлар ва халқ таълими бошқармаси фахрий ёрлиқлари билан тақдирланганлар. 

Маориф соҳасининг жонкуяр фидоийларидан Наманган шаҳридаги 60-мактаб миллий истиқлол ғоялари фани ўқитувчиси Саида Аҳмадалиева “2009 йил ўқитувчиси” ғолиби, “йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”, республика танлови ғолиби, 2010 йил “Шуҳрат медали” ва “халқ таълими аълочиси” каби унвонларни олган.

Йўлдошева Муножот Наманган шаҳридаги 35-мактаб “миллий истиқлол ғояси” фани ўқитувчиси  “йилнинг энг яхши ўқиитувчиси” 2011 йил республика  босқичи танловининг ғолиби”, “халқ таълими аълочиси” каби нишонларга сазовор бўлган.

Таълим тўғрисидаги Қонун асосида юртимизда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларни ташкил этилиши ёшларни жаҳон андозаларига мос билим олишларига имконият яратди. Натижада, бугун вилоятимизда академик лицейлар сони 11 та ва касб-ҳунар коллежлари сони 107 та бўлиб, замонавий ўқув лаборатория ускуналари, компьютер техникаси, янги авлод даврсликлари ва ўқув-услубий воситлари билан таъминланган.

 

Ўрта махсус ўқув юртларидаги ўқитувчилар сони бугунга келиб, 8804 тани ташкил этади.

 

Мустақиллик неъматлари

 

Академик лицей ва касб-ҳунар коллежи талабалари мамлакатимиз миқёсида ўтказиб келинаётган турли хил тадбирларда фаол иштирок этмоқдалар ва совринли ўринларни қўлга киритмоқдалар.

Чортоқ педагогика коллежи талабаси Хулкарой Сулаймонова 2006 йилда “Зулфия” мукофотига сазовор бўлди. Яна шу коллеж талабаси  Аъзам Нуриддинов 2010 йил “Келажак овози” танловининг республика босқичи совриндори бўлди.    

Навбатдаги экспозициямиз «Наманган вилоятида туризмни ривожлантириш» деб номланади - “Ўзбектуризм” миллий компанияси Наманган вилоят сайёҳлик ва экскурсиялар бюроси 2003 йил мартда ташкил топган бўлиб, асосий фаолияти маҳаллий фуқароларни сайёҳатларга юбориш ва хорижий сайёҳларни қабул қилиш, сайёҳларга экскурсия хизмати кўрсатишдан иборат. Шунингдек, вилоятдаги мулк шаклидан қатъий назар, туризм соҳасида лицензия олган ташкилотлар (мехмонхона, туристик базалар, фирма ва ташкилотлар) фаолиятини мувофиқлаштиради. Шунингдек, туризм соҳасида методик ёрдам кўрсатади ва кадрларни тайёрлайди.

Ҳозирги кунда вилоятда 10 та ташкилот туризм соҳасида фаолият кўрсатмоқда.

Улардан:

1.     Наманган вилоят саёҳат ва экскурсия бюроси;

2.     “Кўксарой сайёҳлик турбазаси”;

3.     Otabek trade bron servis” хусусий корхонаси;

4.     “Сайдана” қўшма корхонаси;

5.     “Наманган” меҳмонхонаси;

6.      “Истиқлол” меҳмонхонаси;

7.     “Туркистон меҳмонхонаси;

8.     “Дўстлик теннис клуби” меҳмонхонаси;

9.     Фитнес клуб;

10.           “Чорсу” меҳмонхонаси;

Бир йилда 33 мингдан зиёд сайёҳларга хизмат кўрсатилади. Шундан хорижий сайёҳлар 2010 йилда 1600 нафарни ташкил этди.2000 дан зиёд маҳаллий фуқаролар маҳаллий йўналишларга юборилди.

Хорижий алоқалар.

“Ўзбек туризм” вилоят бюроси ҳозирги кунда кўплаб хорижий  мамлакатлар, жумладан, Англия, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой, Малазия, Тайланд, Франция, Япония, Германия, Ҳиндистон, Италия каби кўплаб мамлакатлар билан алоқалар боғланган. Вилоятимизга кўплаб сайёҳлар, жумладан, қўшни вилоятлар Андижон ва Фарғона вилоятларидан ташриф буюрмоқдалар.

 

Навбатдаги  экспозициямиз «Мустақиллик транспортлари» - деб номланади - Мустақиллик йилларида Наманган вилояти шаҳар ва қишлоқ йўлларини равон қилишборасида катта ҳажмдаги ишлар бажарилди. Жумладан, Наманган шаҳрининг ўзида Бобуршох, Дўстлик, Охунбобоев, Марғилон, А.Темур ва Оромгоҳ кўчалари кенгайтирилди. Айниқса, Чорсу ҳудудида бунёд этилган автомобилларни ер ости ўтиш йўли билан ҳамда 2010 йилда тугалланган Наманган-Тўрақўрғон йўналишида жойлашган “Навбаҳор” ўйингоҳи ёнидаги ер ости йўли фойдаланишга топширилди. Бу эса шу ҳудудларда транспорт қатнови тиғизликларига барҳам бериш билан бирга турли автоҳалокат содир этилишини олдини олади. Аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни янада яхшилаш бўйича Янгиқўрғон, Тўрақўрғон, Чортоқ туманларида асосий йўллар кенгайтирилди.

Шу билан бирга вилоятнинг туманларга қатновчи автобуслар, маршрут таксилари қатнови йўлга қўйилди. “Наманганавтотеххизмат”  хиссадорлик жамияти бугунги кунда Наманган йўловчи ташиш унитар корхонаси номидан олган корхоналаримизнинг асосида автобуслар олиб келиб, йўналишларга чиқардилар.

Темир йўл хизматида Андижон-Қўқон йўналиши хафтада 1 маротаба Андижон-Москва йўналиши йўлга қўйилган.

 

Ҳаво транпспорти бўйича Наманган аэропортига бориш учун кенгайтирилган кўчалар барпо этилиб, бу ҳаво транспорти намунали хизмат кўрсатмоқда. Ҳар йили Фарғона водийси аҳолисини ҳаж ва умра сафарига шу ердан кузатиб ва шу ерда кутиб олинади. 

Фарғона водийсини республикамиз пойтахти билан боғловчи Тошкент-Ўш автомобил йўлининг Қамчиқ довонида 1990 йиллар охирида узунлиги 358 ва 891 метрдан иборат бўлган 2 та тоннель қуриб битказилди ва у аҳолига хизмат қилмоқда.

 

              Навбатдаги  экспозициямиз «Наманган ҳунармандлари» деб номланади - Вилоятда тарихий-маданий ҳунармандчилик ўзига хос тарзда шаклланган.  Олиб борилган тадқиқотлар, археологик топилмаларга асосланиб, ўлкмизда қадимдан ҳунармандчилик кенг ривожланганлигини эътироф этиш мумкин. Қилинган меҳнатлар натижасида ҳунармандчилик алоҳида соҳа сифатида ажралиб, йиллар ўтган сари ривожланиб борган. Маҳаллий ҳунармандчилик халқ хўжалигига зарур маҳсулотлар ишлаб чиқариб, техник ва бадиий жиҳатдан юксак даражага кўтарилган.

Вилоятда ўзбек миллий ҳунармандчилигининг кўп соҳаларида ниҳоятда юксак санъат намуналари  яратилиб, ажойиб амалий касб-ҳунар сифатида танилган. Миллий ҳунармандчиликлардан кулолчилик, темирчилик, дўппичилик, каштачилик,чеварчилик, бешикчилик, дурадгорлик, заргарлик ва бошқалар кенг ривожланган. Шулардан дўппичилик ва пичоқчилик ўзбек халқини айниқса Наманганнинг Чуст дўппилари, пичоқлари ўзига хослиги билан дунёга танилган. Мамлакатимизда 1995 йилдан бошлаб, халқ ҳунармандчилигини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент фармонидан сўнг янада ривожлана бошлади.

Вилоятимиздаги баъзи ҳунармандлар тўғрисида маълумотлар бериб ўтамиз.

1.    Ўзбекистон халқ усталари ва ҳунармандларининг “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси Неъматжон Солиев 1952 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Неъматжон Солиев дастлаб меҳнат фаолиятини ҳунармандчиликнинг дурадгорчилигидан бошлаган. У ўз устида мустақил ишлаши ва ижодий изланиши туфайли кулолчилик ҳунарини эгаллади. Даставвал сопол буюмлар ишлаб чиқариш ва пардозлаш цехида ишлаб, ўз ихтироларини амалга жорий этиш орқали Наманган шаҳрида биринчи бўлиб, хонадон шароитида чинни буюмлар ишлаб чиқаришга эришди.

Н.Солиев 1996 йилда кам ёқилғи сарф этадиган ва маҳаллий хом-ашёлардан тайёрланадиган чинни буюмларни тайёрлашни йўлга қўйди. Замон талабларини тез ва тўғри англаб билганлиги туфайли ҳам ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сифатини яхшилаб, чинни буюмларни 8 хилдан 38 хилга кўпайтирди. Унинг устахонасидв ишлаш учун барча шароитлар етарли.

У ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг сифатига эътибор бериш билан бирга шоггирдлар тайёрлашга ҳам катта эътибор беради. Ҳар йили 25-30 нафар шогирдлар тайёрлайди.

2.    “Ҳунарманд” уюшмаси Наманган вилоят бошқармаси аъзоси миллий пичоқчилик устаси Рахимжон Убайдуллаев “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан ўтказиладиган тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда.чуст пичоқчилик соҳасини ёш авлодга ўргатишда салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

Пичоқчилик санъатининг ўзига хос бўлган барча услубларини, яъни Чуст, Марғилон пичоқчилик услубларини ўзи ясаган пичоқларда ишлатишга ҳаракат қилади.

Чуст пичоқларида нақшларни мос келишига катта эътибор беради. У айниқса, ишлатадиган материалларини танлашга алоҳида ёндошиб, фойдаланишга қулай, зарарсиз кўркам бўлишига ва миллийликни сақлаб қолишга эътибор беради.

Пичоқчилик ҳунари борки, бу уста томонидан ўта сабр ва аниқликни талаб этади. Бу жараёнлар Р.Убайдуллаев томонидан ҳам тўла бажарилишига эришилган.

3.  “Ҳунарманд” уюшмаси Наманган вилоят бошқармаси аъзоси ёғоч ўймакорлиги устаси Махмуджон Жўраев 1999 йилда “Ўзбекистон Республикаси халқ устаси” фахрий унвонига, 2008 йилда “Меҳнат шуҳрати” орденига сазовор бўлган.

М.Жўраев миллий ҳунармандчилик ривожига катта ҳисса қўшиб келаётган ишбилармон, ташаббускор ва янгиликка интилувчан, мамлакатимизда танилган усталардан биридир.

У иш фаолиятини шогирд- дурадгорликдан бошлаб, катта уста мавқеъига эришди. Дурадгорлик ёғоч ўймакорлиги касбини давом эттирди ва 90 нафардан зиёд шогирд тайёрлади. У ёғочдан ўзбек миллий нақш безаклари билан безатилган уй-рўзғор буюмлари, хонтахта, дереза, миллий зиналар, совға қутича буюмлари ишлабчиқаришни йўлга қўйган.

М.Жўраев 2000 йилда миллий услубда ёғочдан тайёрланган сўриларни Самарқанддаги Имом Бухорий ва Бухородаги Баҳоуддин Нақшбандий мажмуаларига тақдим этган.

У Ўзбекистон Бадиий Академияси ҳамда “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бўлими бошқарув Кенгашининг аъзоси ҳисобланади.

 

Навбатдаги  экспозициямиз «Соғлиқни сақлашда эришилган ютуқлар» деб номланади - Мустақиллик йилларида Наманган   вилоятининг туман ва шаҳарларида яшаётган аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий маданиятни ошириш борасида ҳам сезиларли ишлар олиб борилди.

Биргина шаҳар аҳолисига 2000 ўринга мўлжалланган 12 та шифохона, 4900 қатновга эга бўлган 15 поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктлари малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Айниқса, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш маркази, Республика Акушерлик ва Гинекология илмий-текшириш институти Наманган филиали, “Оналар ва болалар скрининг маркази”, “Диагностика маркази”, вилоят кўп тармоқли шифохоналарининг қайта таъмирланиши ҳамда 4-шаҳар болалар шифохонасининг ва яна кўплаб диспансерлар, поликлиникалар мукаммал таъмирланиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналари ҳамда оргтехника жиҳозлари билан таъминланганлиги туфайли аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тубдан яхшиланди. 2003 йилда Наманган шаҳрида ташкил этилган “Сайдана” халқаро тиббиёт маркази қўшма корхонаси ҳам халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бугунги кунда нафақат вилоятимизда балки Фарғона водийси, ҳатто Република миқёсида ном қозонишга улгурган ушбу шифо масканида хирургия, урология, гинекология, терапия, кардиология, эндокринология, неврология ва онкология каби ўндан ортиқ бўлимларда 30 га яқин врач, 60 га яқин хамширалар беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқдалар. Вилоятда соғликни сақлаш тизимида бугунги кунда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Вилоят аҳолисига 5100 га яқин малакали врачлар, 21000 дан зиёд ўрта махсус маълумотли тиббиёт ходимлари хизмат кўрсатмоқдалар. Уларнинг меҳнатлари ҳукуматимиз ва Президентимиз томонидан муносиб тақдирланиб бормоқда. Тиббиёт ходимлари орасида Ўзбекистоннинг орден ва медаллари билан  мукофотланганлар ҳамда тиббиёт аълочилари бор. Жумладан, тиббиёт соҳасидаги кўп йиллик самарали хизматлари учун Президентимиз фармонига асосан Республика Акушерлик ва гинекология илмий текшириш институти Наманган филиали врачи Ойшахон Қўчқарова “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонига сазовор бўлди.

Вилоятда Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш муаммолари қайтадан кўрила бошланди. Бозор муносабатларига ўтиш соғлиқни сақлаш соҳасига ҳам янги талаблар қўйди. Хусусан, маъмурий-бошқариш сарф-харажатларини камайтириш, касалларни бир қисимини уларнинг аҳволига, холатига қараб туну-кун эмас, балки фақат кундузи даволанишга ўтказиш, жарроҳлик ёрдами кўрсатишда иш ҳажмининг бир қисмини касалхонадан поликлиникага кўчириш, касалхонларадаги кам самарали ўринлар сонини қисқартириш, шартнома асосида бажариладиган ишлар учун ҳақ олиш, яъни пуллик хизмат жорий этишга ўтилди.

Соғлиқни сақлаш ишининг асосий таомили-профилактика йўналишидир.

Амбулатория, поликлиникалар фаолиятини жадаллаштиришга уларнинг касалликларини аниқлаш соҳасидаги имкониятларини кенгайтиришга, тиббий ёрдам кўрсатишнинг иқтисодий жиҳатидан фойдали янги шаклларини яратишга, оила поликлиникалари, кундузги касалхоналар, қатнаб даволанадиган жаррохлик марказлари, амбулаторияларда даволанишнинг ихтисослаштирилган комплекслари, маҳалла касалхоналари барпо этишга катта эътибор берилмоқда.

 

Навбатдаги  экспозициямиз «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида эришилган ютуқлар» деб номланади -  Ёшларни жисмонан соғлом ва бақувват бўлиб, вояга етишлари учун шаҳарларда ва чекка қишлоқларда ҳам спортни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. 1992 йил 14 январда “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Республикадаги 233 та стадион, 5040 та спорт зали, 135 та сузиш ҳавзаси, 32865 та спорт майдончаси, 4841 та футбол майдони, 1833 та отиш тири майдони, 13139 та волейбол, 7196 та баскетбол майдончаси ва 168 та тениис корти ва бошқа кўплаб саройлар фаолият кўрсатмоқдалар.

Республикамизда анъанага айланган “Баркмол авлод”, “Умид ниҳоллари” ва “Универсиада” спорт мусобақалари ёшларни баркамол авлод, ҳар томонлама чиниққан эканликларини тасдиқловчи босқичлардир. Янгиқўрғон тумани Искавот қишлоғи баскетбол ва футбол соҳаларида нафақат вилоят, республикада машҳур бўлсалар, Чустликлар теннисчиларни етказиб бермоқдалар. Наманган шаҳрида эса “Ёшлар спорт мажмуаси”, “Паҳлавон” “Дўстлик” теннис корти ҳамда халқ таълими муассасаларида ва маҳалларда ташкил этилган спорт иншоотлари фаолият кўрсатмоқда. Бу ғамхўрликларга жавоабн вилоят ёшлари ҳам спорт соҳаларида фаол иштирок этмоқдалар. Жумладан, вилоятда 24 нафар жаҳон чемпиони, 22 нафар халқаро тоифадаги спорт усталари, 75 нафар спорт усталари, 975 нафар спорт усталигига номзод 2000 га яқин 1-разрядли спортчилар тайёрланди. 1991 йилдан бугунги кунга қадар Республика ва халқаро миқёсидаги нуфузли мусобақалар бўлиб ўтди. Вилоят спортчилари 2 та жаҳон, 6 та Осиё биринчиликлари, 18 та халқаро турнирлари, 70 та республика мусобақаларида қатнашиб, 185 та олтин, 242 та кумуш, 310 та бронза медалларни қўлга киритдилар.

Спорт соҳасидаги стендда Наманган шаҳрида жойлашган “Дўстлик” теннис корти ва Наманган шаҳрида жойлашган “Паҳлавон” спорт мажмуаси биноларини суратлари жойлашган.

Шунингдек, спорт соҳасидаги мураббийлар ва бир гуруҳ вилоятимиздан чиққан спорт усталарининг, жумладан, Наманган Олимпия заҳиралари коллежи бош мураббийси Анастасия Скопина, вилоят каратэ федерацияси масъул котиби Аюб Тошбоев, Таэквандо бўйича Осиё  чемпиони Нодир Набиев, каратэ бўйича қора белбоғ соҳиби 2003 йил Ўзбекистон чемпиони Бекзод Алиев, халқаро тоифадаги спорт устаси 1991 йил оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони Сергей Сирцов, стол тенниси бўйича жаҳон чемпиони “Шуҳрат” медали соҳиби Севара Қодировалари ва бошқаларни мисол қилиш мумкин.

 

Навбатдаги  экспозициямиз «Маданият ва санъат» деб номланади -

Вилоят аҳолисининг маданиятини, турмуш даражасини янада юксалтириш, ёшларни хар томонлама баркамол авлод этиб тарбиялаш борасида ҳам бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Бу соҳада 412 та оммавий кутубхона, 167 та маданият муассасалари, 40 та кинотеатр, 104 та жамоатчилик музейлари, А.Навоий номидаги вилоят бўлими, вилоят хокимининг “Маънавият ва маърифат маркази” аҳолининг маънавий дам олишни таъминлашда асосий роль ўйнамоқда. Наманган шаҳрининг марказида жойлашган З.М.Бобур номли боғда ҳам қатор бунёдкорлик, ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Наманганнинг кўркини кўрсатувчи бу муҳташам бино ва боғларда турли оммавий тадбирлар ўтказилган ва ўтказилиб келинмоқда.

Қисқа қилиб айтганда, мустақиллик йилларида бошқа соҳалар каби санъат соҳасига ҳам катта эътибор қаратилди. Ҳар бир санъат соҳалари истиқлол ҳоялари асосида қайта ислоҳ қилинди ва ривожланиши учун кенг имкониятлар яратилди.

Буни биз “Ўзбекистон-Ватаним маним”, “Ягонасан муқаддас Ватан”, “Шарқ тароналари”, “Ниҳол” сингари кўрик-танловлар ҳамда тасвирий санъат соҳасида ҳам кўришимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 7 апрелидаги               ПҚ-1091-сонли Қарорига мувофиқ, халқимиз авваламбор униб-ўсиб келаётган ёш авлод қалбида она Ватанга муҳаббат, садоқат туйғуларини камол топтириш, она юрт тақдирига дахлдорлик ватанни шарафлайдиган ор-номус, қадр-қиммат, ғурур ва ифтихор каби фазилатлари маҳорат билан ифода этилган етук қўшиқлар яратиш.

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 9 августдаги 169-Қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Президентининг ёш истеъдолар учун “Ниҳол” мукофоти тўғрисида Низом қабул қилинди. Ушбу “Ниҳол” мукофотига вилоятимиздан етишиб чиққан ёш санъаткорлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист  Самандар Хамроқулов, Малика Эгамбердиева ва Алишер Файзлар сазовор бўлишди.        

  1998 йил 12 январ РҒ-1912-сонли Президент И.А.Каримов томонидан, Ўзбекистон театр санъатини ривожлантириш тўғрисидаги тарихий фармоннинг қабул қилиниши санъатнинг барча соҳаларида бўлганидек, театр санъатида ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, вилоят марказидаги А.Навоий номли мусиқали драма ва комедия театри биноси тубдан қайта таъмирланди.

 Театр ижодкорлари фаолиятларини ҳам янгича замон талаби асосида қайта ташкил этиб, устоз санъаткорлари Ўзбекистон халқ артистлари К.Рахимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист А.Тожибоев, К.Расулова, М.Абдуллаева ва театрнинг ёш актёрлари билан фаолият кўрсатмоқдалар.

Стендда Олий Мажлис депутати, шоир З.Мансур Ўзбекистон  халқ шоири Х.Шарипов, Ўзбекистон  халқ артисти К.Рахимов, марҳум шоир, драматург Х.Саъдулла ва З.Мансурлар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар К.Расулова ва М.Абдуллаевалар.

Ўртада ва ўнг томонда маданият ўчоқлари –А.Навоий мусиқали драма ва комедия театри ва вилоят телевидениесининг бинолари Ўзбекистон халқ рассоми Бахтиёр Назаров хайкалтарошлар М.Рахмонбердиев, М.Шаходатов ҳамда Ўзбекистон Бадиий Академиясининг раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нурларнинг суратлар акс этган.

Шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти З.Бойханова ҳамда вилоят театрлари ижодкорлари суратлари берилган.

Ёзма адабиёт Наманганда кўҳна асрлардан бошлаб ривожланиб келди. Қадимий Ахсикентда 11-12 асрларда сўз санъатининг бир қанча йирик намоёндалари камол топдилар.

Абу Рашид-Аҳмад Ахсикентий, Абул вафо Ахсикантийлар ўз даврининг етук адиб ва олимлари эдилар.

Ўзбек мумтоз адабиётининг намоёндаси Мирзо Бобур, оташнафас шоир Бобораҳим Машраб шу ўлкада вояга етдилар.  18-аср охири ва 19-асрларда адабиётнинг кўзга кўринган вакиллари Фазлий, Нодир, Ғозий, Мажзуб, Муқимий, Мухлис, Нодим, Шавқий, Ибрат, Ҳайрат ва Хилватийлардан иборат ижодкорлар гуруҳи Наманганда эътиборли бой адабий муҳитни вужудга келтирди.

Исҳоқхон Ибрат, Муҳаммадшариф Сўфизодалар 20 аср бошларида жадидчилик, миллий уйғониш ҳаракатининг етук вакиллари сифатида фаолият кўрсатдилар.

Шоир Рафиқ Мўмин, Усмон Носир ўзбек адабиётининг таниқли намоёндаларидан эдилар. Зафар Диёр болаларнинг севимли шоири бўлса, Чустий, Шухий, Азиз Турсун ва Ҳабиб Саъдуллаларни бутун мамлакатда эътироф этадилар. 

 

Ҳурматли меҳмонлар (ўқувчилар, талабалар), мана Сиз билан ҳамкорликда музейимизнинг «Санъат» бўлими кўргазма заллари бўйлаб  саёҳатимизни бошламоқдамиз.

 

Хўш, санъат ўзи нима дегани? Санъат-ижтимоий онг шаклларидан бири, инсоният маънавий маданиятининг тарихий қисми, дунёни амалий-маъанавий англашнинг специфик тури.  

 

Ўз ичига тасвирий санъат, архитектура, мусиқа, театр, кино, бадиий адабиёт ва бошқаларни олади.

 Санъат кўргазма залига кириш

 

Санъат бўлими кўргазма экспозицияларида сиз ўлкамизнинг энг қадимги даврларидан шу кунимизгача шаклланиб, санъат дурдоналари билан ҳамда вилоятимиздан етишиб чиққан машҳур санъаткорларимизнинг ҳаёти ва ижоди билан танишиш орқали эстетик завқ оласиз деган умид билдирамиз. Шу ўринда айтиш мумкинки, ўлкмизда санъатни шаклланиши ва ривожи жумладан, ўзбек халқининг тасвирий санъати жуда қадимий бўлиб, унинг сарчашмалари ибтидоий жамоа давридан, тош асридан бошланади.

 

Келинг, яхшиси биргаликда ушбу мавзуни тўлароқ “Қадимий тасвирлар” деб номланувчи биринчи экспозициямизни биргаликда таҳлил қилиш орқали уни сир-асрорларини ўрганиб чиқайлик.

Юқорида айтганимиздек, ибтидоий жамоа даврига мансуб турли ранглар воситасида тошга битилган жуда кўп тасвирлар республикамиз жанубида, “Кўҳитонг тоғидаги Зараутсойдан топилган. Бу жойни санъатшунослар катта санъат кошонасига қиёс қиладилар. Зараут (суғдийча Зарауд-тоғ оралиғининг ўт-ўланга ва сувга мўл жойи).

Бу ерда ёввойи ҳўкизлар ови тасвири диққатга сазовордир: овчилар ҳайвон терисидан ёпинчиқ ёпиниб, туяқуш кўринишидаги ҳўкизга яқинлашмоқда ва унга болтача, тош найза ёки камон билан ҳамла қилмоқда.

Бундай қадимий тоғ тасвирлари обидалари яна  Самарқанд яқинидаги Илонсой ва Оқсойдан, Тошкент яқинидаги Хўжакентдан, Фарғонадаги Сувратсой ва бошқа жойлардан топилган.

 

Қарангки, сиз экспозицияда кўриб турган тош суратлар, Чодак ва Варзик қишлоқлари тоғ бағридан топилган бўлиб, бундан 15 минг йил илгари одамлар бу ерларда яшаш билан биргаликда тошларга ўйиб ишланган тасвирий санъат обидалари ўша давр одамлари ҳаёти, машғулоти ва дунёқарашининг ифодаси деса бўлади.

Чодак ва Варзик қишлоғида сақланиб қолган тош суратлар

Айтиш мумкинки, тошларга чизиб қолдирилган ва бизгача етиб келган суратлар тасвирий санъатнинг нодир асарларигина бўлиб қолмасдан, шу билан барча ўлкамизда бир вақтлар кенг тарқалган, ҳозир эса яшамайдиган ёки камёб ҳайвон ва ўсимлик турлари ҳақида маълумот берувчи манба бўлиб  хизмат қилади.

Кўриниб турибдики, тасвир, нақш, хаттотлик, заргарлик аждодларимизнинг жуда ҳам қадимий ҳунарлари бўлган. Навбатдаги экспозициямиз-“Кулолчилик санъати” деб номланиб,

Қадимги тош даврида сопол идишлар нималигини билмаган ибтидоий одамлар, неолит даврида (янги тош асри) лойдан биринчи сопол буюмлар ишлаб, буюк кашфиёт қилдилар. 

Сопол идишлар тайёрлаш бронза асрида (эрамиздан аввалги уч минг йилликдан бир минг йилликнинг ўрталаригача) янада такомиллашиб, бу даврга мансуб манзилгоҳлари илк бор яна Хоразмда, сўнгра Қуйи Зарафшон ва Фарғона водийсидан топилди.

Чунончи, Чуст шаҳри яқинида жойлашган Буонамозорни қазиш вақтида кулолчилик чархида фойдаланиб ясалган сопол идишларнинг 35 хил шаклга эга бўлган кўплаб намуналари топилди ва “Чуст маданияти” номи билан фанга киритилган. 

 

Ғурумсарой кулоллари буюмларидан намуналар

 

Кўҳна Ахсикентдан топилган энг ажойиб кулолчилик намуналаридан бири юнон идиши (амфора) га ўхшаш ложувард сир берилган қўшалоқ кўза бўлиб, қадимий Фарғона кулочилигининг классик намуналаридан бири дейиш мумкин.

Бинобарин, ахсикентликлар ишлаб чиқарган санъаткорона ясалган сопол буюмлар ҳатто хориж мамлкатлар бозорларида ҳам шуҳрат қозонган. Бу даврнинг сопол идишлари ўзининг ихчамлиги ва гулларининг кўркамлиги билан Афросиёб ва Бухоро буюмлари билан бемалол рақобат қила олган.

Наманган воҳасида қадимги Боб (Поп), Ахсикент, Косонсой ва Чуст кулоллари маҳсулоти “Буюк ипак йўли” шаҳарларида ўз вақтида машҳур бўлган.

 Бугунги  кунда ҳамюртларимиз аждодларимиздан мерос бўлиб қолган  сирли сопол буюмларининг ажойиб намуналари борлиги билан ҳақли равишда фахрланадилар.  

Ҳозирда аждодлари санъатини давом эттираётган сеҳрли бармоқ соҳиблари етишиб чиқдики, улар яратган санъат асарлари нафақат мустақил республикамизда, Франция, ГДР, Венгрия, АҚШ, Польша, Италия ва бошқа мамалкатлардаги кўргазмаларда юқори баҳоланиши билан Ғурумсарой кулолчилиги довруғини оламга таратди.халқ амалий санъати усталари бўлган Мақсудали кулол Туронов ва Махмуд кулол Рахимовларни нафақат Ғурумсарой қишлоғи, туман, вилоятда, балки республикада ҳам ҳурмат билан тилга олишади. 

Навбатдаги экспозициямиз-“Кандакорлик санъати” деб номланади. Сиз экспозицияда кўриб турган ранго-ранг нақш бериб ишланган буюмлардан “Чойнак”, “овқат ташиш учун идиш”, “Офтоба”, “Лаган” ва бошқалар нақш, безакларининг ўзига хослиги билан гўзаллик, нафосат устани маҳоратини кўрсатиб беради.

Хўш, “Кандакорлик” нима ўзи, кандакорлик-амалий санъат тури, ўймакорликнинг металл буюмларни ўйиб, чизиб нақш, тасвир ишлаш соҳаси. Халқ амалий санъатида кандакорлик-металлдан ясалган бадиий буюмларга бўртма усулда ишлов бериш (торевтика) алоҳида ўрин эгаллайди. Бу санъат қадимийлиги жиҳатидан кулолчиликдан кейинги ўринда туради. Жуда қадим замонларданоқ биринж, яъни бронзадан буюмлар ясаш урф бўлган. III-VIII асрларда яратилган кандакорлик буюмларининг ўзига хос умумий жиҳати шундаки, бу даврда ҳукмдорлар ва аёънлар учун буюмлар махсус буюртмалар асосида қимматбаҳо металлар, яъни олтин, кумушдан ишланган.

 

IX-Х асрда Ўрта Осиёга ислом динининг кириб келиши билан кандакорлик асарларида янги ғоявий услуб намоён бўлган. Асосан, бирмунча арзон материаллар-мис ва миснинг қалай, қўрғошин, кумуш билан ҳосил қилинган турли қотишмаларидан буюмлар ясалган.

Нақшинкор мис буюмлари намуналари

 

Илк ўрта аср (IX- XII) кандакорликнинг муҳим хусусиятларидан яна бири, буюмларда ёзувли нақшларнинг кўп қўлланилишидир.

Қадаҳ ва идишларга “куфий ва насҳ” усулида битилган ёзувларда унинг номаълум соҳибига омад, тан-сиҳатлик, бахт-саодат, фаровонлик каби эзгу тилаклар баён қилинган.

ХIII –ХV асрларда уста кандакорлар идишларнинг ташқи кўриниши бежирим бўлиши учун безакларга кумуш ва олтин ипларни қадаб, зар бериш услубини яратдилар. XVI-XVIII аср кандакорлигида бу усул янада равнақ топиб, идишлар, шунингдек, қурол-аслаҳалар, дубулға, шамширлар ўйма нақшлар ҳамда қимматбаҳо метал ва ранг-баранг тошлар билан зийнатланган.

19 аср охирларига келиб, Фарғона кандакорлик мактаби усталари (Абдуфозил Отауллаев, Мулла Сиддиқ Отауллаев ва бошқалар) буюмларни безашда кўркам боғлар, чаманзорларни эслатувчи нафис нақшларни саёз, тор заминли қилиб ишлаганлар, ўзига хос тарзда пардозлаганлар, баъзан мужассамотга меъморий тасвирлар ҳам киритилган.

19 аср охири 20 аср бошларида ясалган кандакорлик буюмлари шакли хилма хил (чойдиш, мис кўза, коса, лаган, кашкул, офтоба, қумғон ва бошқлар) тайёрланган ҳамда ниҳоятда нозик ва бежирим қилиб нақшланган. 

Навбатдаги экспозициямиз-“Заргарлик” деб номланади. Бизга маълумки, заргарлик –бадиий ҳунармандлик соҳаси, олтин, кумуш, мис, қалай каби рангли металлардан зеб-зийнат буюмлари,тақинчоқлар безак буюмлари ясаш касби тушунилади.

Ўлкамизда ўтказилган археологик қазилмалардан топилган топилмалар заргарлик қадимдан мавжудлигини кўрсатади. Қадимги Миср, Юнонистон, Эрон, Хитой заргарлари заргарлик буюмлари тайёрлашда маржон, нефрит, қаҳрабо ва бошқалардан кенг фойдаланган.

Ўзбекистон музейларида сақланаётган топилмалар республика ҳудудида (Юнон-Бақтрия подшолиги, милоддан аввалги 3-2 аср, қадимги Хоразм, асосан мил.авв.

1чи минг йиллик ўрталаридан мил. 8 аср ўрталаригача) заргарлик  ривож топганлигини кўрсатади. Бухоро, Самарқанд, Тошкент, хива, Қўқон, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарларда заргарлик ривожланган.

Бу ривожланишни Наманган воҳасининг қадимий шаҳарлари Ахсикент, Боб(Поп) , Чуст заргарлари ижодий фаолиятида ҳам кўришимиз мумкин. Жумладан, Попликлар заргарлик буюмлари ва тақинчоқлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор беришган, зотан топилмалар ичида энг кўпи мунчоқлар бўлиб, уларнинг сони ҳозир 10 минг донага етди.

Мунчоқлар ярим қимматбаҳо тошлардан, ёғоч, данак, балиқ умуртқалари ва ҳайвон суякларидан тайёрланган, баъзиларига нақшлар гуллар солинган.

 Мунчоқлардан ташқари темир бронзадан юксак дид ва маҳорат билан ясалган билакузук, сирға, узуклар ҳам топилди.

 

Поп аёллари ўзларига қанчалик зеб берганини кўрсатади. 

 

Рангли тошлардан ясалган мунчоқларV-VII асрлар

 

Тақинчоқлар орасида кўзмунчоқларни, улар ичида эса Хинд океанидан келтирилган чиғаноқларни алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Яна айтиш мумкинки, Ахсикент заргарлари томонидан тайёрланган сирға, узуклар ва бошқа зеб-зийнатлар машҳурлик билан донг тартган.

Қадим қадимдан тумор ва кўзмунчоқлар хавфли касалликлардан, “ёмон кўзлар” ва бахтсиз ҳодислардан сақланиш учун яратилган.

Баъзи тақинчоқлар бахт, омад келтиради деб тушунилган. Масалан, феруза тошдан ясалган зеб-зийнатлар иффатлилик ва софдиллик рамзи деб билинган.

Келинг, биргаликда музей экспозициясидан жой олган айрим заргарлик буюмларини биргаликда кўриб чиқиб, уларни ясаган моҳир усталаримиз санъатига ошно бўлайлик. 

Навбатдаги экспозициямиз-“Томоша санъати” деб номланиб,    у театр санъатига бағишланган - Биз яхши биламизки, буюк бобокалонимиз Низомиддин мир Алишер Навоий ҳазратларининг табаррук номлари билан юритилувчи зиё масканлари, қадмжолар диёримизда беҳисоб.

Бироқ гуллар ва боғ-роғлар диёри, ширинсуҳан ва меҳмоннавоз инсонлар макони Наманган шаҳрининг шундоққина марказида, Чорсу бозорининг ўнг қанотида ғоят серҳашам ва сервиқор бир кошона борки, уни билмаган, унда яшаб, ижод қилган табаррук инсонларни танимаганлар кам топилади.

Ҳа, ҳа, бу ўша-Алишер Навоий номидаги Наманган вилоят мусиқали драма ва комедия театри биноси...

 

Наманган театри ҳақида гап кетганда, ўзбек миллий театр санъати ривожида ўз ўрни ва кучли мавқеъига эга бўлган, ўзига хос ижодий йўли ва мактаби билан кўплаб санъат дарғаларини камолга етказган ва бу билан театр санъатининг юксалишига улкан ҳисса қўша олган республикамиздаги, таъбир жоиз бўлса, бақувват ва сермаҳсул ижодий жамоа саналади.

Вилоят театрида намойиш этилган спектакльдан саҳна кўриниши

 

Мана сиз экспозицияда вилоятимиз театрининг дарғалари, вилоят театрининг тамал тошини қўйган машҳур халқ артистлари Сорахон Эшотўраева, Собир Рахмоний, Раззоқ Хамроев, Мукаррамхоним Азизова, Хабибахоним Охунова, Маматхон Убайдуллаев, Онахон Тожибоева, Ўринбой Нуралиевлар билан бирга, орамиздан ёш кетган истеъдодли халқ севган санъаткорлар Маърифат Қорабоева, Рустам қизиқ Хамроқулов, Нуриддин Қосимов, Пўлат Валиев, Валижон Сайдалиевларни кўриб турибсиз. Бу инсонларни театр етказди, элга танитди. Улар орамизда бўлишмасада, ҳамиша санъатимиз гултожиси сифатида қалбимизда яшайдилар.

Наманган шаҳрида 1931 йил бошларида йирикроқ ҳаваскорлик жамоаларини бир гуруҳга бирлаштириш зарурияти туғилган эди. Мазкур гуруҳ илк бор 1931 йил 15 июнда “.Султоновнинг “Интилиш” спекталини саҳнага олиб чиқиб, унинг тақдимотини ўтказади.

Вилоят театрининг ҳозирги биноси 1957 йилда фойдаланишга топширилган. Томоша зали 500нафар томошабинга мўлжалланган, бино 2001 йилда қайтадан таъмирланган.

Қўшимча манба: 1931 йил 25 июнда труппанинг илк программасидан сўнг бир неча кун ўтибоқ, маориф коллегиясининг Наманган бўлими йиғилишида Давлат драма театрини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилинади. 

         Навбатдаги экспозицияда вилоятимизда рақс санъатини ривожлантиришда жонбозлик кўрсатган раққос балетмейстрлар: Насриддин Мажидов ва Турғунжон Сиддиқовларнинг  суратлари қўйилган. Улар жуда кўп ансамбль бўлиб уюшган ҳаваскор раққос ва раққосаларни тайёрлашда  камарбаста бўлишган.

Балейтместерлар Екатерина Холмирзаева, Дилдора Хўжаевалар Наманган санъат коллежида “Халқ рақси” кафедрасининг устоз ўқитувчиларидандир. Ҳозирги кунда мазкур коллеж вилоятда раққосалар етиштириб чиқарадиган ягона ўқув юртидир. Коллеж директори Нортожи Юсупова республика кўрик танлови лауретлари билан тушган суратни кўриб турибсиз. Санъат ҳомийси Гулнора Каримова ҳам лауретлар билан бирга суратга тушган.

         Ўзбек  мусиқа маданияти қадимий ва ранго-ранг, айни пайтда янги замон анъаналарини ўзида мужассам этган холда ривож топмоқда. Бунда аввало халқ мусиқаси, мумтоз мусиқий мерос, миллий бастакорлик, ҳозирги замон бастакорлиги, шунингдек халқ ҳаваскорлиги ҳамда жўшқин оммабоп эстрада ижодиёти  каби  шаклан  ва услубан  ниҳоятда сержило жабҳалар борлигини яхши биласиз.     

Навбатдаги экспозицияда кўриб турганингиз бастакорлик ва фольклор деб аталиб машҳур “Ёр-ёр” ансамбли раҳбари Турсуной Валиева вилоятда, ундан ташқарида ҳам машҳур эди. У фольклор намуналарини табиий асл холига мос қилиб, қайта ишлади ва саҳна талабларига мувофиқ ижро этиб, элга танилди.

Бастакор Махмуджон Иномовнинг ижодий баркамоллиги, ўзига хос бастакорлик услуби, ижрочилик фаолиятини миллий мақом мулкимиз талқини билан  боғлаётган ва ўнлаб ёш талантларни катта йўлга кузатаётгани таҳсинга лойиқ. “Наманган гуллари” фольклор этнографик ансамбли раҳбари, марҳум ҳофиз Самижон Болтаев ансамбл аъзолари билан тушган бу суратда талантлар ўнлаб хориж давлатларида ўз маҳоратларини намойиш этишган.

Ака-ука Махмуджон ва Толибжон Дадабоевлар фолклор ва мумтоз қўшиқлар ижрочиси бўлиб элга танилганлар.

 Хофиз Маъруфжон Ориповнинг қўшиқчилик услуби бадиий-мантиқий ечимларини пухта эгаллаб улгургани, ижодкор-устозлар асарларини кенг тарғиб қилаётганини қайд этиш мумкин. 

Бу экспозицияда “Наманганлик хофизлар ва хонандалар” халқ артисти Камолиддин Рахимов ижодининг сермаҳсуллиги ҳамда қўшиқлар қамрови кенг эканлиги диққатга сазовордир. Марҳум хофиз Турдали Сайдуллаевнинг “Дарёга беҳи отдим” деб номланган қўшиғи ҳали қулоғимиз остида жаранглайди. Хофизлар М.Орипов, Йўлдошали Тиллабоев, Хамидхон Маллабоев, Холисхон Турсунова, Валижон Сайдалиевлар ҳам касбдошлар ва кенг тингловчилар доирасида тан олинган хофизлардир. 

Навбатдаги экспозиция “Тасвирий санъат ва халқ амалий санъати” деб номланиб унда сиз  кучли рангтасвир мактаби шаклланганини кўрасиз. Аммо, усталарнинг ижодий салоҳияти, узоқ йиллар мобайнида катта мафкуравий назорат остида бўлишига қарамай, мустақиллик берган руҳ эркинлиги рассомларнинг ўз-ўзини бадиий ифода этишлари учун янги куч-қувват берди. Улар энди мавзу ва услуб танлашда эркиндирлар.

 

Рангтасвирчи рассом Пўлат Жалиловнинг икки асари олдида турибсиз: “Машраб мутаассиб руҳонийлар орасида” ва “Шоирнинг нидоси” теран ғояли асарлар бўлиб, бир вақтнинг ўзида фожеавий оҳанг беради. “Шоирнинг нидоси” асари кайфиятга салбий таъсир этувчи оҳанглар “Қуллар бозори” ва “Машрабнинг ёшлиги” асарларида кўринади. П.Жалилов “Манзара” ва “Портрет” жанрларида ҳам баракали ижод қилиб. Ҳозирда Наманган санъат коллежида талабаларга санъат сирларини ўргатмоқда.

 

Санъат бўлимида намойиш этилаётган рассом асари билан танишиш

 

Иброхим Валихўжаевнинг учта асари кўргазмага қўйилган. “Шох Фозил мақбараси”, “Кутилмаган тўхталиш” ва “Баҳор” асарлари томошабинни ғоятда кучли мушоҳадага, мантиқий фикрлашга ундайди ва юксак санъаткорона тафаккур талаб қилади. Рассомнинг ўзига хос мактаби бор.

Унинг юксак диди, ҳаммадан бошқача мушохадаси, ўз асарларини фалсафий ғоялар билан суғоради.

Ажойиб рассом Журъат Рахмоновнинг ишларида реалистик асос кучли таъсир кўрсатади. Унинг асарлари юксак маҳорат ва диққат билан ишланганлиги, бўёқларнинг фактурали қуйилиши, шунингдек, образнинг руҳий тўлақонлиги (1942 йил кузи, “Хризонтема”)  билан ажралиб туради.

   Рассом Тўражон Ашуров табиат ошиғи, вилоятимизнинг тоғли Янгиқўрғон туманида яшайди. Сиз кўриб турган “Хамза”, “Подшо ота”, “Ибрат” картиналари реалистик, академик йўналишда чизилган бўлиб, анъанавий тарзда кекса ва ўрта авлод рассмолари ижодига мансуб дейиш мумкин.

Маданият ва санъат арбоблари рассомда алоҳида қизиқиш уйғотади. Унинг асарлари мутлақ гуманизм ғоялари билан суғорилган ҳолда юксак бадиий ижодини, фалсафий дунёсини намойиш этади.

Рассом Равшан Йўлдошев ёрқин безакдорлик йўсинини нозик дид билан ҳис этиш қобилияти бор. Наманган шаҳридаги “Тантаналар уйи”, “Тўқувчилар” биноси, сув хўжалиги идораси, “Пахтали кўл” санаторияси ва бошқа кўпгина бинолар деворларига ишланган мозаикалар билан безаб, шаҳарсозлик ишларида ўз ҳиссасини қўшди.

 

Унинг мана бу суратлари “Мажнун” ва “Афросиёб фрескаси” намойишга қўйилган. Испан қироли Карлос “Менинг бир армоним бор, Афросиёб фрескасини асл нусхасини бир кўрсам эди” деган эди. Рассомнинг бу асарини чизишга журъат этганининг ўзи бир жасорат.

Санъат кўргазма залининг умумий кўриниши

 

 

Алижон Турдалиев Нам.ДУнинг тасвирий  ва амалий санъат кафедраси мудири, доцент. “Қўша қариганлар” асари эса кўплаб хорижий давлатларда намойиш этилган. Салобатли дарахат олдида ёш келин-куёв. Дарахтларнинг чирмашиши садоқат, келин-куёв эса муҳаббат, вафо рамзи. Икки ёш кучли ва садоқатли қўша қариган дарахтларга ҳавас билан боқади. Ҳудди шу дарахтлардек бир-бирига суяниб, бир-бирини эъзозлаб, бахтли умр кечиришга ваъда бераётгандек туюлади. Рассомнинг ушбу асарини муҳаббат ва оилага садоқат ҳақида қўшиқ дейиш мумкин.

  Рассом Ҳайдарали Усмонов “Бобораҳим Машраб” мукофоти соҳиби, бир қанча танловлар ғолиби, унинг “Совчилар”, “Кутиш”, “Ёш она”, “Куз” картиналари томошабинда катта таассурот қолдирмоқда. Ўнлаб хорижий давлатлардаги шахсий кўргазмаларда кўплаб асарлари жой олган. Унинг асарларида ранг жилоси, композицияси, тематиканинг танланиши билан ўзига хос тасвирлаш истеъдодини намойиш эта олди.

Рассом  Эркин  Азизовнинг “Ширмон билан наюртморт”, “Наманган боғи” ва “Автопортрет”ини кўриб турибсиз. Унинг ижодида рангтасвир санъатининг портрет, манзара, анималистик жанрлари етакчилик қилади.

Асарларнинг асосий қисмини ўлкамиз табиати, унинг одамлари, уларнинг кундалик турмуши, меҳнат фаолиятлари ёрқин бўёқларда акс эттирилган. Унинг юқоридаги каби ўнлаб асарлари томошабинни мунозарага чорлайди. Рассом она табиатга муҳаббатли бўлишга чақиради.

 

Сиз   «Машҳур мусаввир ҳамюртларимиз» экспозициясида уларни фотосуратлари орқали танишиш бахтига муяссар бўласиз. Мана  улар: - Акмал Нур (Нуриддинов Акмал Нуриддинович)- 06.11.1948 йилда Наманганда туғилган, Ўзбекистон халқ рассоми.

 

Наманганлик таниқли рассом Акмал Нур ижодидан намуналар

 

Қозоқов Ортиқали Турғунович -27.10.1960 йилда туғилган. Ўзбекистон республикаси санъат арбоби. Ўзбекистон республикаси Бадиий академияси олтин медал соҳиби.

Назаров  Бахтиёр Маматжонович-кино рассоми. 02.05.1942 йилда туғилган. Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби.

Эркин Азизов- рангтасвирчи рассом. 1942 йилда Наманганда туғилган. Ўзбекистон Республикаси Бадиий академияси дипломи ва “Кумуш медали” соҳиби.

Валихўжаев Иброҳим-рассом. 28.11.1958 йилда Наманганда туғилган. Ўзбекистон Республикаси  Бадиий академияси аъзоси.

Раҳмонов Журъат Собирович- рассом. 25.07.1952 йилда туғилган.   Ўзбекистон Республикаси Бадиий академияси “Олтин медали” соҳиби.

Ашуров Тўражон-рассом. 02.08.1949 йилда туғилган. Ўзбекистон Республикаси Бадиий академияси аъзоси.

Усмонов Ҳайдарали Муҳаммадалиевич-рангтасвирчи рассом. 1960 йилда туғилган. “Бобораҳим Машраб” мукофоти соҳиби, “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танлови ғолиби.

Ўзбекистон халқ усталари Акпаров Асқарбек Одамшоевич ва Махмуджон Жўраевлар наққошлик ва ёғоч ўймакорлиги санъатининг усталари ҳисобланадлар. Академик Асқарбек Акпаров 1952 йил 2 октябрда туғилган. Наққош уста ганчкорлик ва бадиий буюмларни безаш соҳаларибилан шуғулланади. Ўзбекистон Республикаси Бадиий академияси Наманган вилоят бўлими бошлиғи бўлиб ишлаб келмоқда. Музейимизнинг биринчи қаватидаги фоеси шифти ва деворларини шу уста ва у бошчилик қилган гуруҳ томонидан безалган. 50 дан ортиқ иншоотлар (музейлар, миллий чойхоналар, санъат саройлари ва маъмурий бинолар)ни безаган. Ўнлаб хорижий, ўндан ортиқ МДҲ давлатларида ва республика кўргазмаларида қатнашган.      

АДАБИЁТ КЎРГАЗМА ЗАЛИНИНГ ЭКСКУРСИЯ МАТНИ 

Ҳурматли меҳмонлар (ўқувчи талабалар) музейимизни Адабиёт кўргазма заллари бўйлаб саёҳатимизни башлаймиз. Бизга маълумки,  Наманган ўлкаси кўплаб олимлар, орифлар, фозилларни вояга етказди. Бутун Туркистон заминида 9-12 асрларда юзага келган илк уйғониш даврида Фарғона водийси, жумладан, Наманган воҳаси жаҳон фани юксалишида залворли ўринга эга бўлган алломаларни камол топтирди. 8-аср охирида мамлакат пойтахти Ахсида туғилиб ўсган Аҳмад Фарғоний фалаккиёт, риёзиёт ва жуғрофия фанлари ривожига улкан улуш қўшди.

 

Шарқда Ҳосиб, Оврупада Алфраганус номи билан машҳур бўлди. Поп шаҳридан Х асрда йирик шахс ва донишманд Умар Боб Фарғоний етишиб чиқди. Чунончи, Мавлоно Лутфилло Чустий Нақшбандий тариқатининг атоқли вакили мақомига етган Қашқарда пешволик қилган Ҳидоятулло Офоқ Ҳожа Маҳдуми Аъзам Косонийнинг эвараларидандир.

 

Адабиёт кўргазма зали кўриниши

 

Қўшиқ, мақол, топишмоқ, афсона, ривоят, оғзаки драма ва бошқлар фольклорнинг асосий жанрлари бўлиб, улар муайян бир ижтимоий –маиший функцияни ҳам адо этади.

Туркий халқларда фольклор материалларини ёзиб олиш бўйича дастлабки тажрибалар 11 асрдан бошлаб кўзга ташланади. Бунга Маҳмуд Қошғарийнниг “Девони луғотут турк” асаридаги қадимги қўшиқ, лирик шеър ва мақолларни кўрсатиш мумкин. Шоирлар ва ёзувчилар эртаклар, асотирлар, афсона ва ривоятларни халқ оғзидан ёзиб олиб қайта ишлай бошлаганлар.

Фольклор материалларини жамлаб уни халқ ҳаёти ва маиший турмушнинг барча томонларига кириб боришига фольклоршунос олимлар Ғози олим, Ғулом Зафарий, Элбек, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Пўлкан шоир ва 1960-70 йилларда эса Т.Мирзаев, М.Алавия, З.Хусаинова, Т.Ғозибоев, О.Собиров, Т.Очилов, Ғ.Жалолов меҳнатлари беқиёс бўлиб,  самарали ижод қилдилар.   

Ушбу экспозицияда фольлоршунос олим Муродов Малик Муродовични кўриб турибсиз. У 1933 йилда Наманган вилояти Чортоқ туманида таваллуд топган. У 1955 йили Тошкент давлат университетининг филология факультетини тугаллаган. Малик Муродов мактабда ўқитувчи, директор ҳамда туман маориф бўлимида катта инспектор лавозимларида ишлаган. 1961 йилда А.С.Пушкин номидаги Фанлар Академиясининг тил ва адабиёт институтида аспирантурани тамомлади ва шу ерда катта илмий ходим, кейинчалик А.навоий номидаги музейда бўлим бошлиғи, Х.Сулаймонов номидаги қўлёзмалар илмий текшириш институтининг қўлёзмалар бўлимида ишлаган.

Кейинги йилларда эса Тошкент Маданият институтининг ёшлар адабиёти кафедраси бўлим бошлиғи бўлиб фаолият олиб борган. Шу ижодий даврида 200 дан ортиқ мақола, эртак ва достонлар ёзади. 

Ушбу экспозицияда шоир Робиддин Исҳоқов кўриб турибсиз. У 1927 йил 20 майда Янгиқўрғон тумани Паромон қишлоғида дунёга келган. Болалик чоғларида бувиси-отинойи Тўхтахон ва онаси Ҳурнисо Турсуновада эшитган эртаклар, аллалар, ёр-ёру, ўланлар таъсирида эл-юртга, адабиётга меҳр уйғонди. Ватанга меҳр-муҳаббат уни умрининг сўнгги дақиқаларига қадар тарк этмади. Робиддин Исхоқов 1934 йил Парамон қишлоғида бошланғич мактабга кириб, уни 1938 йилда 4 синфни аъло бахолар билан тугатди, 5 синфни Ҳазратишох қишлоғи мактабида давом эттирди. Иккинчи жаҳон уруши бошланган пайтда эса ёш бўлсада хисоб - китоб, сўзлаш, ўқиш-ёзиш илмидан бохабар Робиддин фронтчи бригада ҳисобчилигига тайинланади. 1943 йилдан жамоа хўжалиги ёшлар ташкилотига раҳбарлик қила бошлади. “1941-1945 йиллардаги шавкатли меҳнати учун” медали билан тақдирланди. У 1949 йилда Заркент қишлоғидаги 30 ўрта мактабнинг 8-синфига ўқишга кирди. 1951 йилда Ўзбекитонда чиқаётган “Ленин учқуни” газетасига Робиддин Исхоқовнинг “Биринчи номзод” сарлавҳали шеъри босилди.

1953 йилда талабалик чоғидан ижодкор Ўзбекистон ва Қирғизистон хофизлари томонидан ханузгача куйланиб келаётга, амалда халқ ашуласига айланиб кетган машҳур Олатов қирғизининг қизи бор, қимизи бор қирғизнинг бир қизи бор сатрлари билан бошланувчи машҳур “Қирғиз қизга” шеъри дунёга келди.

У “Ёниб ёндирмасам ўчайин шамдек, ёниб ёндирмасам зоедир умрим” шиори билан яшади,ижод қилди. 1989 йилнинг 5 мартида бу ёруғ дунёдан кўз юмди. Вафотидан сўнг дафтарда қолган сатрлардан жамланган китоби бежиз “Мустақиллик болалари” деб номланмаган. 

Навбатдаги экспозициямиз Наманганлик хаттотларга бағишланган. Хаттотлик-арабча коллиграф ёзув хат санъати китоб кўчириш касби маъноларини англатади. Хаттотлик санъати Ўрта Осиёда қадимдан ривож топган. Ёзув пайдо бўлгандан кейин махсус кишилар хаттотлик билан шуғуллана бошлаганлар. Айниқса, араб ёзуви тарқалганидан кейин хаттотлик кенг ривож топган. Ўрта осиёда матбаачилик вужудга келгандан кейин китоб тайёрлаш, уларнинг нусхасини кўпайтириш иши билан хаттотлар шуғулланган. Саройларда айрим амалдорлар ҳузурида хаттотлар жамоалари ташкил топган. Масалан: Мирзо Бойсунғур саройида 40 та хаттот ишлаган. Хаттотлик санъати услублари тўғрисида кўп рисолалар яратилган. Амир Темур ҳукмронлиги даврида хаттотликнинг настаълиқ услуби яратилган.  Уни яартган машҳур хаттот Мирали Табризий, шунингдек, Султонали Машхабий, Мажнун ибн Камолиддин Рафиқий, Дарвеш Муҳаммад ибн Мухаддам дўст Бухорий, Мунис Хоразмий, Исҳоқхон Тўра Қўрғоний кабиларнинг хаттотлик санъати ҳақидаги рисолалари бизгача етиб келган. Уларда ёзилишича, хаттотликда 7 хил асосий санъат мавжуд: сулс, муҳаққақ, насх, тавқеъ, риқоъ, таълиқ, настаълиқ кабилардир.

7 асрда араб ёзувининг кенг тарқалган услубларидан бири куфий хати ихтиро қилингунча Ўрта Осиёда турли ёзув усуллари мавжуд бўлган. 19 асрда яшаган Наманганлик хаттот ва котиб Охунд бин Мир Хасан Намангоний ҳижрий 1259 милодий 1843 йилда Наманган шаҳрида Алишер Навоийнинг “Ҳазойин ул маъоний” номли асарини юксак дид билан кўчириб ёзган. Ҳозирда бу асар шарқшунослик илмий текшириш институтининг қўлёзмалар хазинасида 11679 рақами остида сақланмоқда. Мулло Муҳаммад Тохир 19 асрда Наманганда яшаган хаттотлардан бири бўлиб, ҳижрий 1272, милодий 1855 йилда А.Навоийнинг терма девонини настаълиқ хати билан моҳирона кўчириб ёзган. Ҳозирда бу девон  Бухоро шаҳар ўлкашунослик музейида 1068 рақам остида сақланмоқда.китобнинг ҳажми 453 вароқ. 19 асрда яшаган Наманганлик хаттот ва котиб Муҳаммад Олим ҳижрий 1225, милодий 1811 йилда А.Навоийнинг “Хазойин ул маъоний” номли асарини юқори дид билан настаълиқ хатида кўчириб ёзган. Ҳозирда бу асар Душанбе шаҳрида Тожикистон фанлар академияси шарқшунослик институтининг китоблар хазинасида 796-1 рақами остида сақланмоқда. Китоб 464 вароқдан иборат. 

19 асрда яшаган Наманганлик котиб ва хаттот Мулло Муҳиддин ҳижрий 1300, милодий 1882-1885 йилда А.Навоийнинг “Хазойин ул маъоний интиқобий” асарини юксак маҳорат билан настаълиқ хатида кўчириб ёзган. Ҳозирда бу китоб шарқшунослик илмий текшириш институтининг китоблар хазинасида 1279 рақами остида сақланмоқда. 

19 асрда яшаган  Наманганлик хаттот ва котиб Мулло Худайберди ҳижрий 1300, милодий 1882 йилда “Шахрий рисолаий мумгузий” номли араб тили грамматикасига оид рисолани юпқа Қўқон  қоғозига йирик настаълиқ хати билан моҳирона кўчириб ёзган. Ҳозирда мазкур асар шарқшунослик илмий текшириш институтининг китоблар хазинасида 413 рақами остида сақланмоқда. 

18 аср охири 19 аср бошларида яшаган, Наманганлик котиб ва хаттот Мулло Абдуллох бин Мулло Тошфўлот Намангоний ҳижрий 1217 йил 18 раббиъул аввалда, милодий 1802 йил 19 июлда Сўфи Аллоёрнинг “Маслак ул мутаққийн” номли асарини кулранг Қўқон қоғозига очиқ настаълиқ хатида ёзган. Ҳозирда мазкур асар шарқшунослик илмий текшириш институтиниг китоблар хазинасида 1577 рақами остида сақланмоқда.    

  18 асрнинг иккинчи ярмида яшаган , Наманганлик котиб  ҳижрий 1305, милодий 1887-1888 йилда “Жоме ур-румуз”, “Шарҳи авлод” ва Абул лаисСамарқандийнинг “Хозунат ул-асрор” номли асаридан танлаб олинган айрим бобларни кўчириб мажмуа тузган. Мазкур мажмуага Бедил шеърларидан намуналар киритган ҳамда Абу Ханифа ва Имом Аъзамнинг “Фикх ул-акбар” номли асаридан мисоллар берган. Асарни зўр маҳорат ва дид билан ёзган. Ҳозирда мазкур асар Шарқшунослик илмий текшириш институтининг китоблар хазинасида 7362 рақами остида сақланмоқда. 

 

Навбатдаги экспозициямиз давлат арбоби, саркарда, шоир ва тарихчи, Хиндистонда Бобурийлар сулоласининг асосчиси Захириддин Муҳаммад Бобурга бағишланган. У  1483 йил 14 февралда Ахсидаги Катта Йигит қишлоғида туғилган. 1530 йил 26 декабрда Агра шаҳрида вафот этган, Қобулда дафн қилинган. Бобур темурийларнинг сўнгги вакили.  У 12 ёшида Фарғона тахтига ўтирган. Мовороуннаҳрда марказлашган давлатни тиклашга ҳаракат қилган. Мағлубиятга учраб Афғонистонга чекинган. 1526 йилда Ҳиндистонни забт этиб, Бобурийлар давлатига ва сулоласига асос солган. Бобурнинг қомусий асари “Бобурнома” туркий тилдаги дастлабки насрий мемориал асар ҳисобланади. У бадиий, тарихий, этнографик табиатшунослик нуқтаи назаридан улкан аҳамиятга эга. “Бобурнома” бир қанча  Европа халқлари тилларига таржима қилинган. Бобурнинг ғазаллари, рубоий ва қитъалари машҳур. Бизгача адабиёт назарияси (Муфассал) мусиқашунослик, ҳарбий санъат (Ҳарб иши), ҳуқуқшуносликка оид (мубаййин) рисолалари, мактублари ҳамда Хўжа Ахрорнинг “Волидия” рисоласининг форс тилидан ўзбек тилига шеър билан қилган таржимаси (1582 й) етиб келган. 

 

Бобур ижоди билан танишув

 

Навбатдаги экспозициямиз ўзбек шоири ва мутафаккири Боборахим Машрабга бағишланган. Унинг ҳаёти ва ижодига оид маълумотлар шоир вафотидан кейин ярим ҳақиқат, ярим афсонадан иборат қисса шаклидаги “девонаи Машраб” (баъзи холларда “Машраб девони”) китоби орқали бизга етиб келган. Мазкур китоб шоир ҳақидаги энг муҳим манбаа ҳисобланади. Балҳ ҳокими Маҳмуд Қатағон амри ва руҳонийларнинг фатвоси билан исёнкор шоир сифатида дорга осиб ўлдирилган. Шоир ижодининг ғоявий йўналиши учун муҳим хусусият, ўша давр ижтимоий зиддиятларини тасаввуф пардаси остида акс эттиришдир. Асосан лирикада қалам тебратган шоир Шарқ шеъриятининг ғазал, мустазод, муҳаммас каби шаклларида шеърлар яратган. Анъанавий ишқий мавзуларда яратган ранг-баранг асарлари жўшқин ҳис-туйғуларга, ёқимли, жарангдор қофия ва радифларга бойлиги билан ажралиб туради.

Машраб ўз шеърларининг мусиқийлигига, ҳар жиҳатдан пухта бўлишига доимо эътиборберган, шунинг учун ҳам унинг шеърлари ўзбек халқининг ашула ва қўшиқ репертурларидан кенг ўрин эгаллаган.  Машраб шеърияти ўзбек шеъриятининг кейинги тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатди. 

Навбатдаги экспозициямиз ўзбек адабиётининг етук кўзга кўринган намоёндаларидан бири Сулаймонхўжа Улуғхўжа ўғли Нодим Намонгонийга бағишланган Нодим Намонгоний Наманган шаҳрининг Жомеъ (Ҳозирги байналминал) маҳалласида ўқимишли оилада туғилиб ўсган. У Саидқулибек мадрасасида таҳсил олган. Мадрасада ўқиётган йилларидаёқ шеърий ижод билан Муқимийнинг энг яқин дўсти ва маслакдоши бўлган. Шоир классик адабиётнинг ҳамма жанрларида самарали ижод қилди. 1902-1903 йиллар Нодим Туркия, Миср ва Арабистонга сафар қилади. Ҳаж ибодатини адо этади. 1910 йил 26 июнда вафот этади. Шоир умр бўйи Навоий, Бобур, Фузулий ва бошқа илғор Шарқ мутафаккирлари анъаналарини давом эттириб, ўзбек ва тожик тилларида лирик, ҳажвий асарлар яратган.

Унинг ижодий мероси тўпланган қўлёзмалари республика Шарқшунослик илмий тадқиқот институтида ва Навоий номидаги қўлёзмалар  институтида сақланади.1908, 1911 йиллар Нодимнинг бир неча лирик шеърлари “туҳфатул Обиддин” ва “Анисул Ошиқин” номли баёзда нашр этилди. 1945 йилда шоирнинг айрим шеърлари “Ўзбек адабиёти хрестоматияси” да босилиб чиққан. 1964 йили Нодимнинг “танланган асарлари” тўплами Тошкентда нашрдан чиқади. Нодим номида Наманганда кўча ва мактаб мавжуд. 

Навбатдаги экспозициямиз Муҳаммадшариф Эгамберди ўғли Сўфизодага бағишланган. У  1869 йил 29 январда Чустда туғилган, унинг отаси пичоқчи ҳунарманд бўлган. Сўфизода 1893 йилда она шаҳри Чустда воёнлари, чор амалдорларини, мутаасибларни ҳажв қилувчи шеърлари учун “бадасл”, “беадаб”, “даҳрий” деб аталади ва ўлимга ҳукм қилинади. Шоир ўз ватанини тарк этишга ва 14 йил (1900-1914) турли мамлакатларда истиқомат қилишга мажбур бўлади. У Ўрта Осиё шаҳарларида, жумладан, Мареда, Тифлис, Боку, Арабистон, Ҳиндистон, Туркия ва Афғонистонда бўлади.  Истамбул университетида таҳсил олади. Ҳиндистонда ўқитувчилик қилади. 1914 йилда Чустга қайтади ва янги мактаб очади. Мактабда дунёвий фанларни ўқитади. Ҳажвиялар, шеърлар ёзади. Натижада, Чуст амалдорлари ва уламолари билан зиддият вужудга келади. Мактаб тарқатилиб, шоир яна яшириниб яшашга мажбур бўлади. 1915 йилда чет элга кетади. Ҳиндистонда ўқитувчилик қилади, таъқиб остига олинади. Қўлёзма девони куйдирилади. Афғонистонга келади. 1918 йилда маориф министрининг муовини, кейин Туркистонга бораётган афғон консуллигининг  таржимони қилиб тайинланади.1919 йилда афғон делегацияси   таркибида Туркистонга келади ва ўз ватанида қолади.

Сўфизода уч тилда-ўзбек, форс ва озарбайжон тилларида ижод қилган.

“Айтинг бу сўзимни”, “Даканинг”, “Ватан”, “Муслималар”, “Хонимлар исминда”, “Ўзбек хонимига”, “Ҳақиқатдан кўз юмганлар”, “Қалайсизлар”, “Беш ёрлар тилидан”, “Яшнатайлик шонли Шўрони!” шеърлари мавжуд.  

Маърифатпарвар шоир Сўфизоданинг жуда кўплаб ёзган шеърий тўпламлари, илмий мақолалари, турк маърифатпарварлари билан биргаликда қилган ижод намуналари Туркия архив-музейларида сақланмоқда. 1926 йил 27 февралда Ўзбекистон Ижтимоий Шўролар жумхурияти биринчи бўлиб Сўфизодага “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвони беради. 1937 йил 5 майда касалхонада ҳибсга олинади. 

Навбатдаги экпозициямиз Хилватийга бағишланган. У 1861 йилда Жийдакапа қишлоғида дунёга келди. Бошланғич таълимни ўз қишлоғида олиб, сўнгра Наманган шаҳридаги Азизхўжа Эшон мадрасасида Иноятхон Лангарийдан таълим олади. У ёшликдан араб, форс, тожик тилларини ўрганади, натижада истеъдодли шоир,моҳир таржимон ва донишманд бўлиб етишади. Хилватий Бедил, Жомий, Навоий, Фузулий анъаналарини давом эттирди, уларни шеърларига назира ва муҳаммаслар боғлади. Муқимий, Фитрат, Нодим Намонгоний, Ҳайрат ва бошқалар билан дўст бўлди.

Хилватий ўзидан бир девон “Сайрул Жибол мин Сайрир-рижол”, “саёҳатнома”, “Чироғи мактаб” номли панднома ва “Мавлуд-ун Набий! Номли арабчадан ўзбек тилига қилган таржимасини бизларга мерос қилиб қолдирди. Шоир Хилватий устози Иноятхон Лангарий вафотига бағишлаб 40 банддан иборат “Бугун” радифли марсия ёзган. Хилватий 1924 йилда ўз қишлоғи Жийдакапада вафот этади. 

Навбатдаги экспозициямиз Мулла Йўлдошхўжа Отахўжа ўғли (Доғий)га бағишланган. У  1880 йилда Наманганнинг Чинор маҳалласида, деҳқон оиласида туғилган. Шоир учун оғир ҳаёт жуда эрта бошланган. У ўн ёшида меҳрибон онасидан, ўн икки ёшида эса мушфиқ отасидан жудо бўлган.   Дастлаб ўша пайтдаги йирик бойлардан Қодирхонбой эшигида хизмат қилган. Бой унга оталарча ғамхўрлик кўрсатиб, илм таҳсил олмоғи учун имконият яратиб беради. У эски мактабда юрган кезларида шоир Нодимнинг ўғли Мусалламхон Тўра йигитлик пайтларида Нодим хонадонига тез-тез бориб турар, унда бўладиган шеърий мунозара, мушоираларни диққат билан тинглар эди. Ўзининг машқ қилиб юрган бир икки шеърларини Нодимга ўқиб берган. Мушоирада ҳозир бўлган шоир Мулла Йўлдош Хилватий 15 ёшли ёш шоирнинг шеърларига юксак баҳо бериб, истиқболларига яхши тилаклар билдиради ва у кишига “Доғий” деб тахаллус беришни тавсия қилади. Бу суҳбатдан сўнг Доғийда шеъриятга бўлган ихлос янада ортади. У илм ўрганиш билан бирга йигирма ёшларида тикувчига шогирда тушади. Бу касбни мукаммал эгаллагач, Ўш шаҳрида тикувчилик дўконини очиб, Ўш, Ўзганд, Жалолобод шаҳарларида 10 йил мобайнида тўн савдоси билан шуғулланади. Наманганга қайтгач, ўз ҳаётини шеъриятга бағишлайди. Тинимсиз мутоала  натижасида яхшигина шоир бўлиб етишади. Ҳофиз, Жомий, Навоий, Фузулий, Нодира, Убайдий, Ғиёсий, Зебо, Рожий сингари кўплаб шоирларнинг ғазалларига муҳаммаслар битади.

Мулла Йўлдошхўжа Отахўжа ўғли диний илмлардан хабардор бўлиш билан бирга Нақшбандия тариқатини ҳам яхшигина ўрганган эди.

Тасаввуф сирларини аввал Ғозихон Тўрадан, сўнгра Яхъёхон Тўра ва мулла Акбарали Охунд қоридан ўрганган. Шеърияти билан танишар экансиз, унда Сўфиёна ишқ, солиҳларга хос тарзда ўзини маломат қилиш ва яратган марҳаматидан умидвор бўлиш руҳи сингдирилганлигини кўрасиз. Қуйидаги байт фикримизни бир далилидир.

Кел,эй кўнгил бу кун сен

Ҳиммат эт, мулки фанодин кеч,

У ано фи-илоҳ агар мақсад эса,

Сен мосуводин кеч.

Машъум қатағон йилларида шоир ҳам давлат сиёсий бошқармаси (ГПУ)   қамоқхонасида 39 кун ушлаб турилиб, турли сўроқ ва қийноқларга дучор бўлди. Унга айблов учун шеърлари ашёвий далил йўқлиги сабабли кўп ўтмай озод қилинди. Бу воқеани у киши ўзини “Азоб” радифли муҳаммасидан ифода этган. У уруш йилларида колхозда тикувчи, колхозчи каби турли ишлар билан банд бўлди. Мулла Йўлдошхўжа Отахўжа ўғли (Доғий) 1974 йил 16 мартда табаррук 94 ёшида вафот этади.     

Навбатдаги экспозициямиз Рафиқ Мўминга бағишланган. У  1900 йил 7 февралида Наманган шаҳрида, ташвишли асримиз билан қарийб эгизак бўлиб туғилди. Унинг отаси ўша даврдаги фақир кишилардан бири бўлиб, серфарзанд оиласини зўрға тебратган. Рафиқ Мўмин мадраса тупроғини ялагунга қадар ҳам хатли-саводли, Шарқ шеърияти чаманидан баҳра олган бола эди. Кейинчалик у мадраса таълимини олгач, отаси сингари хусусий мутоалага берилиб, кўпгина ўзбек мумтоз адабиёти вакилларининг асарлари билан танишиб чиқди.айниқса, Машраб ғазалларидаги халқчил оҳанглар, кишилик ҳаётининг паст-баланд манзараларига қизғин муносабат уни ўз домига тортди. У мадрасадан қайтиши билан отасининг ёнида бўлиб, унга ҳам ёрдам беради. Аммо, ота бошқа замон келаётганини, бу замонда ўрис тилини билмаган кишилар хор бўлишини сезиб, ўғлини рус-тузем мактабига ўқишга берди. Ўша даврда Наманганда Ғофир Қосимов, Нуриддин Қориев, Солижон Хожиев, Усмон Абдурахмонов, Иномжон Низомбоев каби инқилобчилар фаоллик кўрсатаётган эдилар. Рафиқ Мўмин саводсизликка чек қўйиш, етим-есир болаларга ғамхўрлик кўрсатиш, дастлабки совет мактабларини ташкил этишда улар билан бирга ижодий ишларга қўл урди. У яхши хонанда ва бастакор ҳам эди. У ўз шеърларига куй тўқиб, болаларга ўргатар эди. шу даврда бадиий ижод билан ҳам шуғулланди, кўплаб лирик ва ҳажвий асарлар ёзди: “Муштум”, “Машраб” каби лирик ва ҳажвий журналларнинг фаол мухбирига айланди. “Қопчиғай!, Ёрилтош”, “Ишчи бобо”, “Ойдин”, “Захоки морон” сингари пьесалар ёзиб саҳнага қўйди, халқ ривоятларидан таъсирланиб, “Болагўр”, “Қизил қиз”, “Занглаган пичоқ” каби достонлар яратди. Ижодий куч ва ғайратга тўлиб тошган шоир “Кўк кўйлак” тўгарагини ташкил этиб, ёш санъаткор дўстлари учун қўшиқ ижод қилди.  1937 йилнинг 25 майида Рафиқ Мўмин ўзбек ёзувчилар орасида биринчилардан бўлиб қамоққа олинди. 1947 йил қамоқдан жисмонан ва руҳан эзилиб қайтган шоир узоқ яшай олмади. 1951 йилнинг 5 майида 51 ёшида вафот этди.

Оқлангунгача яшаш унга насиб этмади. Шоирнинг ўзи ёзганидек, “Тарихнинг хатоси йилларча тургай, қизиққан сўргай, армонинг билгай”. 

Навбатдаги экспозициямиз Хўжаев Набихон Чустийга бағишланган. У Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида камбағал тикувчи оиласида 1903 йилда туғилган. Чуст ва Қўқондаги эски мактабларда. Кейин эса турли малака ошириш курсларида ўқийди. Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театрида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аппаратида, А.Навоий номли тил ва адабиёт илмий текшириш олийгоҳида хизмат қилган. 

Чустий Катта Фарғона канали, Каттақўрғон, Косонсой сув омборлари қурувчилари билан бир сафда туриб, ўз шеърий овози билан мададкор бўлган. Чустий “Қўзғал”, “Шамшир”, “Лолазор”, “Ҳаёт завқли”, “Гул мавсуми”, “Ғазаллар” каби шеърий тўпламлари ва “Зафарнома”, “Кийикнома” каби шеърий поэмалари ҳамда бир қатор драмматик асарларнинг муаллифидир. 1968 йили Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти Чустийнинг “Ҳаётнома” шеърлари девонини босмадан чиқарди. Шоир 80 йил умр кўрди. Чустий 1983 йили ўз шаҳри Чустда вафот этди. 

Навбатдаги экспозициямиз Ўзбек прозасининг истеъдодли вакилларидан бири Парда Турсунга бағишланган. У 1909 йилнинг 7 ноябрида Наманган вилояти, Поп тумани, Чоркесар қишлоғида туғилган. Ёш Парда 1919-1923 йилларда Тошкентнинг бешёғоч даҳасидаги Иноят қори уйидан бошпана топган ва 1923-1927 йилларда Алмалий номидаги Ўлка Ўзбек тажриба мактабини, 1923-1927 йиллари  Тошкент педагогика билимгоҳини тугатади.   

1935-1936 йилларда Ўрта Осиё иқтисод институтида бир мунча муддат таҳсил кўргач, Ўзбекистон Марказий Ижроия қўмитаси раиси Йўлдош Охунбобоевнинг шахсий котиби, Ўзбекистон полиграф агентлигида адабий ходим ва муҳаррир, партия тарихи институтида илмий ходим бўлиб ишлаган. Бу даврда П.Турсун истеъдодли ёзувчи ва таржимон сифатида танилади. П.Турсуннинг адабий фаолияти 1929-30 йилларда кичик-кичик ҳикоялар: “Алвасти”, “Зўрлик” ва бошқа тўпламлар ёзиш билан бошланган бўлса, П.Турсуннинг бу ҳикояларидан кейинчалик унинг “Ҳақ йўли” автобиографик қиссаси “Ўсиб чиққан” П.Турсун 1940 йилда ёзган бу қиссаси устида узоқ вақт ишлаб, уни 1947 йилда нашр этади. Кейинчалик мазкур қиссага сайқал бериш, унда белгиланган қаҳрамонлар ҳаёти ва жамоалаштириш даври манзараларини тасвирлашда давом эттириб, дастлаб “Ўқитувчиликнинг йўли”, повестини кейин эса “Ўқитувчи” романининг муаллифига айланди. Ҳукумат ёзувчининг ўзбек адабиёти тараққиётидаги катта хизматларини тақдрилаб, уни “Ҳурмат белгиси” ордени, қатор медал ва фахрий ёрлиқлар билан мукофотладт. Парда Турсун 1957 йил 28 сентябрда вафот этди. Тошкент ва Намангандаги бир неча мактаб ва кўчаларга унинг номи берилган. 

Навбатдаги экспозициямиз Азиз Турсунга бағишланади.  У 1917 йил 7 ноябрда Наманган шаҳрида арабасоз-кустар оиласида дунёга келган. Мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ “Лола” номли пьесаси мактаб саҳнасида қўйилган.

Урушгача бўлган йилларда “Ҳикмат”, “Тохир ва Зухра”, “Баҳром ва Дилором” номли пьесалар ёзиб, машқ қилган. Улуғ ватан урушида иштирок этган. 1944 йилда А.Турсунни вилоят радио комитетига таклиф қилишди ва бевосита у журналистик фаолиятини бошлади. Шу йили “Ўлсанг шаҳидсан, ўлдирсанг ғози” номли радио инсенировкасини ёзди ва радиода эшиттирди. У ўз она шаҳридаги макатбларда муаллимлик, директорлик қилди, вилоят газеталарида муҳаррир бўлди. Театр директори вазифасида ишлади. Немис фашизмга қарши урушда ўнг қўлидан айрилиб қайтган шоир ва адиб умр бўйи сабот-матонат билан ижод қилди. Шеър ва ғазаллари, ҳикоя ва очерклари ҳамда саҳна асарлари-“Унутилмас кунлар”, “Ақл ёшда эмас бошда” ва “Машраб” драмалари ўз мухлисларига эга. А.Турсун нафақат шоир ва адиб истеъдодли таржимон ҳам эди. Доғистон ёзувчиси Камол Абуковнинг “Мени кечир”, “Марям” номли пьесасини зўр маҳорат билан ўзбек тилига таржима қилган, Луи Гусенарнинг уч қисмдан иборат “Бриллиант ўғрилари” номли саргузашт романини ҳам таржима қилган. 

Навбатдаги экспозициямиз Ўзбек адабиётининг атоқли вакили, истеъдодли шоир, драматург ва таржимон Усмон Носирга бағишланган. У  1912 йил  13 ноябрда Наманган шаҳринг Чуқур кўча даҳасида камбағал косиб оиласида туғилган. 1916 йил Усмоннинг отаси Маматхўжа вафот этгач, онаси Холамбиби билан Қўқонга кўчиб боради. 1921-1924йилларда Қўқондаги бошланғич мактабни битирди, у 6 синфда ўқиб юрган кезида илк шеърларини битган.1929-30 йилларда У.Носир Қўқондаги педкурсда илмий мудир ва ўқитувчи бўлиб ишлайди. У 1930йилда Москвага кинематография институтининг сценария факультетига ўқишга боради, лекин бетоблиги туфайли 1931 йили Қўқонга қайтади. Шу йили у Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлади. У.Носир 1932 йили Самарқанддаги педакадемияга (ҳозирги Самарқанд дорилфунуни)га ўқишга киради, бу вақтда у Самарқанд ва Қўқон адабий ҳаётида қатнашади, унинг шеърлари, достон ва тақризлари Самарқанддаги “Ленин йўли”, Қўқондаги “Янги Фарғона” рўзномаларида босилиб туради. Усмон Носир 1935 йилда Тошкентга келади ва “Ёш Ленинчи” рўзномасига ишга киради, бу ерда адабий ҳаёт билан танишади ва янги асарлар яратади. Шоир 1927-1937 йилларда китобхонларга кўплаб асарлар тақдим этди. 1932 йилда “Қуёш билан суҳбат”, “Сафарбар сатрлар” номли биринчи тўпламлари босилди. Кейинроқ У.Носирнинг “Трактробод”, “Юрак”, “Меҳрим” шеърий тўпламлари, “Шоир”, “Норбўта”,”Нахшон” достонлари яратилди. “Зафар” драмаси эса Самарқандда қўйила бошланди.

Усмон Носирнинг рус, тожик, қозоқ, қирғиз, қорқалпоқ, татар халқлари адабиётидан кўплаб таржималари у қатағон қилингач йўқолиб кетган, унинг шеърий тўпламлари, достон ва драммалари нашриётда босилмай қолиб етди. Шоир Усмон Носир мураккаб ижодий йўлни босиб ўтди. У беш томдан ошиқ ҳажмда адабий мерос қолдирди. 1937 йил 13 июлда “Халқ душмани” сифатида ноҳақ ҳибсга олинади.1944 йил 9 мартда Кемерова област Суслова совхозида Усмон Носир ҳақида “Унутмас мени боғим” фильми намойиш этилади. Унинг номи Мариинск шаҳридаги кўчага қўйилган.

Усмон Носирнинг нашр этилган асарлари:

1959 йили “Танланган асарлар”

1969-70 йиллар “Танланган асарлар” (икки томлик)

1984 йили “Юрак” китоби босилди. 

 

Навбатдаги экспозициямиз Шоир Абдулвоҳид Шухийга бағишланган.  У 1916 йилнинг25 сентябрида Наманган шаҳри Чуқур кўча даҳасида туғилган. Ёш Абдулвоҳид шеъриятга ёшлигидан иштиёқманд эди. Мактабда ўқиб юрган пайтлари 12 ёшиданоқ шеър машқ қилишга киришган. Илк шеъри 1933 йилда “Зарбдор” газетасида босилиб чиққан. Шу илк қадамдан кейин унинг шеърлари матбуотда ёритилиб боради ва шоир номи эл орасига тарала бошлайди. Буюк Навоий ва бошқа устозлар меросини ўрганиш билан ижодий такомилга интилади. Ўша вақтда Наманганда яшаб ижод этган улуғ маърифатпарвар шоир Сўфизода билан яқин муносабатда бўлади, машқларини унинг назаридан ўтказиб туради. 

Кейинроқ Чустий, Чархий, Ҳабибий, Ҳислатий, Ҳайратий, Киромий каби ғазалнавис шоирлар билан танишиб, улар суҳбатидан баҳра олади ва уларга эргашади.   1933-39 йилларда маориф соҳасида хизмат қилади. У 1940 йилларга келганда ижодкор сифатида бир мунча етилган эди. Ўзбекитоннинг ўша вақтдаги раҳбари Усмон Юсупов Шухийдаги истеъдод қирраларини пайқаб, уни Тошкентга олдириб келади. Бу ерда Ойбек, Ғ.Ғулом, Х.Олимжон, М.Шайхзодалар билан танишиб, улардан сабоқ олади. Унинг ғазалларида Ғанижон Тошматов, Саиджон Калонов кабитаниқли бастакорлар куй басталайдилар. Наманганга қайтганидан кейин Шухий асосан санъат даргоҳларида фаолият кўрсатади.  Хўжалик соҳасидаги лавозимларда ишлайди. Аммо, оғир хасталик уни 1973 йил 30 августда ҳаётдан олиб кетди. 1971 йилда Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида ғазалхон шоирларнинг шеърларидан иборат баёзбосилиб чиқди. Баёз Шухий ҳақидаги маълумот ва ғазаллари билан бошланади. Тўпламдан шоирниг 20 та шеъри ўрин олган. Китоб номи ҳам Шухийнинг ғазалидан олиниб, “Чертганда дуторимни” деб номланган.  

Навбатдаги экспозициямиз Жонрид Абдуллахоновга бағишланган.  У 1929 йил 3 мартда туғилган. Биринчи шеърлари нашр қилинганда у 21 –бошланғич мактабнинг 3 синфида ўқирди. “Сталинград жангчиларига” деган иккинчи шеъри Телман номли 5 ўрта мактабнинг 5 синфида ўқиётган чоғларида нашр қилинган. Кейинчалик шеърларини тўплаб, “Мактабдошларим” номли китоби нашр қилинган. Уруш йилларида унинг дастлабки “Алексей Пешков” радиопьесаси дунёга келди. 1949 йили Ўрта Осиё давлат университети филология факултетининг журналистика  бўлимига ўқишга кирди. Шеърлар тўплами, “Ҳикоялар”, “Тўйга келинглар”, “Ажойиб дамлар” номли китоблари ҳам шу йилларда нашр этилган. 1956 йили собиқ СССР Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. “Олов қалблар” номли пьесаси ҳам энг яхши саҳна асарлари учун эълон қилинган республика конкурсида ғолиб бўлган. 1978 йили 3 китобдан иборат “Борса келмас” номли романини ёзди. 

Навбатдаги экспозициямиз Ҳусниддин Шариповга бағишланган. У  1933 йили Наманган вилояти Поп туманида туғилган. Қишлоқ хўжалик техникуми ва Тошкент қишлоқ хўжалик институтини ўрмон суғориш куллиётини тамомлаган. “Гулистон” журналини адабиёт бўлимини бошлиғи сифатида ишлаган. 1962 йили “Шарқ юлдузи” журналида бўлим мудири вазифасида фаолият кўрсатди ва шу йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлди. Биринчи шеъри “Навоий”, биринчи шеърий тўплами “Ниҳол” нашр этилган. Унинг дастлабки шеър ва достонлари “Сотволдидан салом”, “Боғ маҳалла болалари”, “Тановар”, “Биринчи довон”, “Ҳақиқат ери”, “Шундай савол” шеърий романлари ва бошқалардан иборат. Х.Шариповнинг 18 та шеърий тўпламлари нашр этилган. “Ер қалби”, “Ер ҳақида мадҳия”, “Мен сизга айтмоқчиман”, “Лирика”, “Достонлар” бошқа шунингдек, болалар учун 3та китоби чоп этилган. 1983 йили Ғ.Ғулом номидаги нашриётда шоирнинг 2 жилдли китоби босилиб чиқди.

Унинг “Ота ўғли” мусиқали драмаси, “Чол ва кампир” лирик комедиялари саҳналаштирилган. Х.Шарипов, В.Маяковский, Д.Бедного, П.Тичина, С.Маршак, А.Кулешова, Р.Гамзатов ва бошқа кўплаб рус шоир ва ёзувчиларининг кўплаб асарларини рус тилидан ўзбек тилига таржима қилган. 

Навбатдаги экспозициямиз Турғун Пўлатга бағишланган. У 1927 йили Наманган шаҳрида туғилган. У ёшлигидан адабиётга қизиқди. Рус тилини мукаммал ўрганди. У кўп вақт жамоа ва давлат хўжаликларида ишлаган.  Ёзувчи сифатида 50-йилларда матбуотда кўрина бошлади. 1951 йили “Наманган ҳақиқати” газетасига ишга таклиф этилди. Ўзбекистон телеграф агентлигида таржимон бўлиб ишлади. Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида проза бўлимини бошқарди. Дастлаб “Бизнинг бобо”, “Буюк савдо”, “Мангу қўлдошимсан”, “Фестивал қўшиғи” каби шеърий асарлар ёзган. Айни чоғда “Аёллар исёни”, “Жиғилдон қори”, “Тўра хужжат” каби ҳажвий ҳикояларни эълон қилган. Айниқса, унинг “Ичкуёв” қиссаси эътиборга сазовор. Турғун Пўлатга шу номдаги телевизион бадиий фильми учун 1979 йилда (вафотидан сўнг)  Ҳамза номидаги республика давлат мукофоти берилган. 

Навбатдаги экспозициямиз Ҳабиб Саъдуллага бағишланган. У 1942 йил 6 апрелда Наманган шаҳрида туғилган. Шоир, драматург, публицист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, 1959 йилда Наманган шаҳридаги 5-ўрта мактабни, 1971 йилда Тошкент давлат дорилфунини сиртдан битирган. “Муштум” журнали, “Ленин учқуни” ва “Наманган ҳақиқати” рўзномаларида  ишлаган. 1973-90 йилга қадар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлимида масъул котиби вазифасида ишлаган.  1990-1999 йилга қадар вилоят маданият бошқармасининг бошлиғи лавозимида ишлаган. “Океандан шабада”, “Баҳор билан суҳбат”, “Мулоқот”, “Яна остонангда”, “Эҳтиром”, “Нур қадри”, “Кўчамдан жонон ўтганда”, “Усмон атлас”, “Боғлар юртин боласимиз” каби шеърий китоблари, “Тонг мусаффо бўлса” қисса ва мақолалар китоби чоп этилган. 1990 йилда шеър ва достонлар тўплами “У порога твоего” номи билан Москвада босилди.

Шеър, ғазаллари қўшиқ қилиб куйланмоқда. Х.Саъдулла “Юсуф ва Зулайҳо”, “Меҳр қуёши”, “Раҳмат иғвогар” каби саҳна асарлари муаллифи ҳамдир. 1974 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Х.Саъдулла 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов Фармони билан Ўзбекистон халқ шоири унвонига сазовор бўлди. Х.Саъдулла 2006 йилда вафот этди.  

Адабиётшунос олимлардан: Исматулла Абдуллаев, Алихон Халилбеков, Одилжон Носиров ва Нуриддин Бобохўжаевлар самарали ижод қилганлар. 

Набатдаги экспозициямиз Исматулла Абдуллаевга бағишланган. У  1927 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Наманган ўқитувчилар институтининг биринчи битирувчиларидан. У 1946 йили Ўрта Осиё Давлат университетининг Шарқ факултетига ўқишга кириб, 1951 йили тамомлади. 1952-57 йилларда Наманган педагогика институтида ўқитувчилик қилди.

1957-60 йилларда аспирантурада ўқиди ва 1993 йилгача Ўзбекистон Фанлар Академиясининг шарқшунослик институтида кичик, катта ва етакчи илмий ходимлик вазифларида, узлуксиз илмий иш билан шуғулланган. Бу ерда Шарқ тиллари кафедрасини бошқариб, педагогик тарбиявий ишларга фаол киришиб кетди. И.Абдуллаевга 1963 йили филология фанлари номзоди, 1979 йили филология фанлари доктори, профессорлик ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби унвонлари берилган. Абу Райҳон Беруний номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. У ўзининг нодир, қимматбаҳо шахсий кутубхонасини университетимиз кутубхонасига холис ҳадя қилган. 

Навбатдаги экспозициямиз филология фанлари номзоди,  доцент Алихон Халилбоевга бағишланган. Наманган ўқитувчилар институтининг биринчи битирувчиларидан. Олим 1925 йилда Наманган шаҳрида туғилган. 1942 йил институтнинг ўзбек тили ва адабиёти факултетига ўқишга кириб, 1944 йилда тамомлаган. Кейин Ўрта Осиё Давлат университетининг филология факултетини тугатди. 1947 йилдан Наманган педагогика билим юрти ўқитувчиси, 1963 йилдан 43 мактаб директори бўлиб ишлади. “Нодим”, танланган шеърлар тўплами, “Наманган адабий муҳити” номли китоблари нашр этилган. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси нашр этган “Ўзбек адабиёти тарихи” кўп жилдли китобларига муаллифлик қилди. Кўп йиллик самарали хизматлари учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, қатор медаллар, фахрий унвонлардан ташқари “Шуҳрат” медали, халқ таълими аълочиси ва бошқа ташкилотларнинг қатор фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган. 

Навбатдаги экспозициямиз Наманган Давлат Университети профессори  Одилжон Носировга бағишланган.У 1950 йилдан бери бадиий ва илмий ижод билан шуғулланиб келади. Айни пайтда, у дарматургия ва таржимачиликда ҳам ўз кучини синаб кўрган. Унинг ўнлаб илмий асарлари китоб бўлиб босилиб чиққан, “Снарядлар ёнгинангда портламоқда”, “Жудоликдаги йиллар”, “Болтиқбўйи эртаклари”, “Сеҳрли тойчоқ” сингари таржималари олам юзини кўрган.

У юзлаб ширинтаб ғазаллар муаллифи. 1969йилда “Ўзбек адабиётида ғазал жанри, унинг пайдо бўлиши ва ривожланиши” мавзусида дессертация ёқлаб, филология фанлари номзоди илмий даражасини олди. 70-90 йилар орасида 100 дан ортиқ илмий мақолалр ёзди, қўлёзмаларни назардан ўтказди. Ижодий тақризлар қилди, нашриётларга тавсияномалар битди. Кўзга кўринган иқтидорли олим бўлиб танилган. У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси унвонини олди. 

Навбатдаги экспозициямиз Нуриддин Бобохўжаевга бағишланган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, республикада хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, 1952 йилда матбуотга қатнашади. Нуриддин Бобохўжаев 1929 йилда А.Фазлий маҳалласида деҳқон оиласида таваллуд топган.

Отаси Бувахўжа Рустамхўжа ўғли деҳқон бўлган, оналари уй ишлари билан шуғулланувчи аёл, у ҳам деҳқон бўлган. Н.Бобохўжаев 9-мактабда 7 синфни битирган, 7-мактабда экстерн имтихондан ўтиб, аттестат олган. 1948 йилда 16 мактабда ишлаган, 1949 йилдан 1953 йилгача Фарғона олийгоҳида таълим олган. 1958-60 йилларда редакцияда, 1960 йилдан 2000 йилгача Наманган педагогика институтида ўқитувчи, кафедра мудири, проректор бўлиб ишлаган. Н.Бобохўжаев бир неча асарлар муаллифидир. Унинг иккита драмаси саҳналаштирилган, филология фанлари номзодлиги учун ёзган диссертацияси нашр этилган, олим 7 нафар фарзанднинг отаси бўлиб, улар ҳам ота касбини эгаллаган. 

Навбатдаги экспозициямизда Сиз Наманган вилояти Ёзувчилар уюшмаси аъзолари  фотосуратлари ва ижод махсулотлари билан танишасиз. 

1.                Эрмамат Нурматов-1937 йилда Чуст туманининг Олмос қишлоғида туғилган. 1955 йилда Чустдаги 17 мактабни, 1960 йилда Наманган Давлат педагогика институтининг тарих филология куллиётини тамомлаган. “Олмос”, “Боқий бахт”, “Яхшилик”, “Муҳаббат боғи”, “Соғиниш” каби шеърий китоблар муаллифидир. Матбуотда узоқ йиллик самарали меҳнатлари эвазига “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан тақдирланган. 

2.                Абдуғани Абдувалиев-1942 йилда Наманган шаҳрининг Ғишткўприк даҳасида туғилган. Тошкент Давлат олий санъат билимгоҳини битирган. Кўплаб ҳажвий ҳикоялар, қатор қиссалар, комедиялар, миниатюралар, “Эчки сути”, “Қарсаклар давом этади” номли китоблар муаллифи. “Наманган ҳақиқати” рўзномасининг маданият бўлими мудири. 

3.                Зиёвиддин Мансуров – 1954 йилда Уйчи туманидаги Машад қишлоғида туғилган. Жумҳурият ёш ижодкорларининг 4 семинари  иштирокчиси. 

Шеърлари “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи” ойномалари, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” рўзномаси, шунингдек, “Ёшлар овози” гулдасталарида босилган. “Қалбим парчалари” номли шеърий тўплами “Ёзувчи” нашриётида чоп этилган. Ўнлаб қўшиқлари таниқли хофизлар томонидан куйланган. 

4.                Санобар Хасанова – 1934 йилда Қўқон шаҳрида туғилган. Фарғона Давлат муаллимлар олийгоҳининг ўзбек тили ва адабиёти бўлимини тамомлаган. Шоиранинг шеър ва достонлари “Ёшлик дафтари”, “Гулдаста”, “Қизлар совғаси”, “Биллур жилғалар”, “Чашма” баёзлари ҳамда “Водий қўшиқлари”, “Меҳрим” 1978 йил номли шеърий китоблари босилиб чиқди. 

5.                Обиджон Жуманазаров – 1942 йил Андижон вилоятининг Шахрихон туманида дунёга келган. 1964 йилда Тошкент давлат дорилфунунининг журналистика куллиётини битирган. Унинг “Лочинлар парвози”,  “Ирода”, “Улкан қалб эгалари”, “Адир шамоли”, “Палитрук жангга бошлайди”, “Сени ватан кутади”, “Парихон қаёққа ёқолди”, “Бир оламнинг икки юзи”, “Меҳрим сенга табиат”, “Кўксарой қўшиғи” каби 13 номдаги қисса, ҳужжатли қисса, очерклар, фелетонлар тўпламлари босилиб чиққан. 

6.                Боқий Мирзо Умрзоқов- 1954 йилда Чортоқ шаҳрида туғилган. Қўқон Давлат  педагогика институтида таҳсил олган. Ҳозирга қадар “Янги кун”, “Узукдаги ёқут кўз”, “Кўнгил хиёбони” шеърий китоблари, “Халққа бағишланган умр”, “Оҳу соясида бир лаҳза”, “Юрт бўйлаган одамлар”, “Қайдасан Чарос?” китоблари нашр этилган.

 7.                Дилбар Бону (Ҳайдарова)- 1952 йилда Учқўрғон туманида туғилган. Наманган давлат дорилфунуни, Москвадаги М.Горкий номидаги жаҳон адабиёти олийгоҳларини тамомлаган.  Шоиранинг “Норин мавжлари”, “Кўклам қизи”, “Ишқ сўқмоғи”, “Гуллар нафаси” номли тўпламлари чоп этилган.      

8.                Ёқуб Ахмаджонов- Наманган шаҳрида туғилган. Адибнинг бир қанча асарлари бошқа халқлар тилига таржима қилинган. У “Садоқат”, “оқ турналар”, “Учинчи имкон”, “Соҳилдаги оқ тошлар”, “Сардоба шотутлари” номли китоблар муаллифи.Ёзувчининг “Ахсикентдан топилган беш ривоят”, “Болаликнинг олти дақиқаси”,  “Бузилган мақбара деворидаги битиклар” достонлари, “Қояда”, “Олис сайёрадаги фожеа”, “Мусаввир” шеърий драмалари, “Аллома ҳақида нақл”, “Ёлғизлик тафсири” каби насрий асарлар муаллифи. Унинг сўнгги йилларда “Гумоноид” номли романи чоп этилди. 

9.                Абдулла Жаббор-1950 йилда Наманган шаҳрида туғилган. 1979 йилда Наманган давлат педагогика институтини, 1985 йилда Москвадаги Олий адабиёт курсини тамомлаган. 

1978 йилда “Нурафшон йўл”, “Хиёнат”, “Чорраҳа”, “Зўрдан зўр чиқса”, “Кўзгу” каби саҳна асарлари театрлар томонидан саҳнага қўйилган. 

10.           Лутфилло Маҳмуд – Чортоқ туманининг Алихон қишлоғида туғилган. “Қаддингдан ўргилай қадрдонлар!”, “Шох Машрабнинг сози”, “Гулмидинг, булбулмидинг, Ҳабиба?”,  “Ўчиб ўтган юлдузлар изи”, “Баҳримда ватан ишқи” , “Боғларга баҳор келди”, “Ҳар кунинг Навруз бўлсин”, “Келажагинг буюклигига ишонаман”, “Қайдасиз?”, “Дилмуроднинг дилкаш давралари”, “Биз ўтган йўлларда”, “Қуръони карим мавзулари кўрсаткичи”  каби китоблари нашр этилган. 

11.           Жамолиддин Муслим – 1965 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Наманган санъат олийгоҳининг “Сув иншоотлари қурилиш” мутахассислиги бўйича тамомлаган. “Кўкка ўралаётган изтироб”  шеърий китоби, араб ёзувида битилган “Муомалат” рисоласини жорий ёзувга ўгириб, халқнинг маънавий мулкига айланишига ўз улушини қўшган. 

12.           Носир Аббос- (Носир Деҳқонов)-1963 йилда Чортоқ шаҳрида туғилган. Шоирнинг “Қўш ирмоқ қўшиқлари”, “Муҳаббатдан арзим бор” шеърий тўпламлари нашр этилган. “Ўзбекистон овози” республика нашрининг  вилоятдаги мухбири. 

13.           Лобар Рустамова – 1955 йил Янгиқўрғон тумани Заркент қишлоғида туғилган. 1957 йили Наманган Давлат педагогика институтининг филология куллиётини тамомлаган. Ижодидан намуналар республика, вилоят, туман вақтли нашрларида босилиб чиққан. Унинг “Мураббий баёзи”, “Катта йўлга туташ сўқмоқлар”, “Дарёда айтилган алла”, “Оймома жилмайди” китоблари нашр этилган. 

14.           Содиқ Сайхун-1954 йил Тўрақўрғон туманида туғилган. Аввал Наманган давлат дорилфунунини ўзбек филологияси куллиётини, сўнгра Тошкент давлат дорилфунунининг жунралистика куллиётини тамомлаган. Унинг “Тўрақўрғоннома”, “Бугун кечанинг эртаси”, “Ўн саккиз ёш эдинг”, “Бобурнинг болалиги”, “Севги сеҳри” китоблари чоп этилган. 

 

Музейимиз экспозициялари билан танишув мана шу ерда ниҳоясига етди. Агарда Сизни қизиқтирган саволлар бўлса, марҳамат.

Ҳурматли меҳмонлар! Шунинг билан бизнинг Наманган вилоят ўлкани ўрганиш музейидаги экспозициялар билан танишув ниҳоясига етди. Ташрифингиз учун раҳмат!

 Экскурсовод учун қўшимча манбаалар 

Бош матн-экспозиция бўлимининг мавзуси ва мажмуига сарлавҳа вазифасини бажарувчи матн. Бош матн музейга кирган одамни экспозиция бўйлаб тўғри йўналишида ва унинг таркибий мавзусини англаб олишда катта ёрдам беради. 

Диорама-экспозиция жамламаси бўлиб, бош планига фазовий буюм билан орқа тарафига тасвирий санъат аралашмаси билан қурилган ўзига хос экспозиция асари. Тарих музейларида бирон-бир аҳамиятли тарихий воқеаларини қайта тиклашда уни келувчилар ҳиссиётини таъсирини кучайтириш учун яратилади. 

Комплекс экскурсия-ўз ичига битта мавзуни ёритувчи музей экспозицияларини, намойишга қўйилган музей ва музейдан ташқари объектларни олади. 

Музей экскурсия дарси-музей илмий-маърифий ишининг бир тури. У музей базасида белгиланган ўқув режасига асосан ўқитувчи ва экскурсавод томонидан тайёрланади ва ўтказилади. 

Музей экскурсияси-музей экспозиция ёки хазина (фонд) омборхоналари бўйлаб ўтказиладиган экскурсия тури. Музей экскурсия турлари музейнинг касбий ихтисослашувига қараб бўлинади: бадиий, тарихий ва ҳоказо; экскурсия ўтказиладиган жой ва худуд бўйича; экспозиция, очиқ хазина (фонд), музейдан ташқари ва комплекс экскурсиялари; қўйилган мақсад билан; умумтаълим, ўқув, махсус, экскурсия дарслар; экскурсиялар таркибига қараб: ёши, касбий ихтисоси ва турар жойига қараб. Ўозирги кунда замонавий музейларда янги экскурсия турларини ишлаб чиқариш услублари кенг тарқалган.

Масалан: экскурсия дастурига қайси бир воқеа иштирокчининг ҳикоясини киритиш мумкин. 

Музейдан ташқари экскурсия-музейнинг илмий-маърифий ишларидан бир кўриниш. У ўз ичига хотира жойлари, меъморчилик иншоотлари ва табиат ёдгорликларини қамраб олади. 

Танишиш экскурсияси-экскурсантларга музейнинг асосий экспозицияси бўйлаб улар тўғрисида умумий маълумотлар берадиган экскурсия тури. Масалан: ўлкашунослик музейида бу кўринишдаги экскурсия ташриф буюрувчиларга шаҳар ёки ўлканинг босиб ўтган тарихи тўғрисида маълумотлар беради. (табиат, ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, маданияти, санъати). 

Тематик экскурсия-белгиланган мавзуда ўтказиладиган музей экскурсияси. Бошқа экскурсияларга қараганда тематик экскурсия битта мавзули ёки бўлмаса, муаммони кенгроқ акс эттиради.

Услубий экскурсия-барча турдаги музей мутахассисларига уларнинг малакасини янада ошириш мақсадида ўтказиладиган музей экскурсияси. Услубий экскурсия ягона мавзуни ёритувчи экскурсия ўтказиш услубини ўрганишга, экспозиция ва музей хазина (фонд) билан танишишга бағишланган экскурсияга, экспозицияни тузиш принциплари ва хазина (фонд) ишининг услубларини бойитишга қаратилган. 

Экскурсия бюроси-экскурсия ишларини ташкил этувчи музей бўлинмаси. Марказий ва вилоят миқиёсидаги музейларда экскурсия бюроси илмий-маърифий ишлар бўлими таркибида бўлади. 

Экскурсия гуруҳи-музейга ташриф қилувчилар билан ишлаш гуруҳларидан бири экскурсия гуруҳи корхона, муассасалар томонидан ташкил қилинади ва музейда шаклланади. Бу гуруҳ 25 га яқин кишини ўз ичига олади. 

Экскурсия йўналиши-экскурсияларнинг мавзуси, экскурсия гуруҳи характеридан келиб чиқиб, музей томонидан ишлаб чиқилган кўргазмаларни кўриб чиқиш тартиби. 

Экскурсия лектори-музейнинг илмий-маърифий бўлими ходими бўлиб, асосий экспозицияларда ва музейдан ташқари жойларда маърифий-оммбоп ишларни олиб боради. Музей мутахассиси бўлиб, музейга оид фанлардан тайёргарликдан ўтган ҳамда аудитория билан ишлай биладиган, рухшунослик, педагоглик, музей илмий-маърифий ишлар методикаси асосларини биладиган ходим.      

  

Мундарижа 

Сўз боши ўрнида

Табиат кўргазма заллари бўйлаб экскурсия

Тарих ва этнография кўргазма заллари бўйлаб экскурсия

Мустақиллик йилларида Наманган кўргазма заллари бўйлаб экскурсия

Санъат кўргазма заллари бўйлаб экскурсия

 

Адабиёт кўргазма заллари бўйлаб экскурсия