Музей равнақига ҳисса қўшганлар

Музей равнақига ҳисса қўшганлар

Қадим - қадимдан бизга маълумки, Наманган Фарғона водийсининг гўзал, сўлим ва обод шаҳарларидан эди. Наманган – гуллар шаҳри. Бу лўнда таърифнинг ўзига хос, қарийб минг йиллик тарихи борки биз XIX асрнинг иккинчи ярмида Наманганга рус ва чет эл савдогарлари, сайёҳлари, олимлари келганида Наманган тўғрисида ёзиб қолдирган эсдаликларидан кўришимиз мумкин. Чунончи, Наманганда уезд бошлиғининг (капитан П.Аверьянов) ўринбосарлари бўлиб ишлаган В.П.Наливкин ва унинг хотини М.Наливкина ўша вақт шу ерда яшадилар. Истеъфога чиққач, у ўз оиласи билан Нанай қишлоғида бир неча йил яшаган. Эр–хотин Наливкинлар тарих, тил, этнографияга доир материаллар тўпладилар ва китоблар ёздилар. Масалан, Наливкин тўпланган материаллари асосида (маҳаллий тарихий манбалар, ривоятлар, ёрлиқлар, буйруқлар, иноятномалар ва бошқалар) «Қўқон хонлигининг қисқача тарихи» (Казань, 1886), В.Наливкин ва Наливкинанинг этнографияга доир «Очерки бўта женҳинў оседлого туземного населения Ферганў», «Русского–сартовский и сартовского–русский словарь» (Казань 1886), М.Наливкина «Сартовского–русский словарь по наречиям Наманганского уезда» каби асарлари Наманганда музей ташкил этиш учун ўша даврларда асосий манба ва туртки ролини ўйнаган эди. 

         Шўролар ҳокимияти пайдо бўлгандан кейин музейларга раҳбарлик қилиш вазифаси маориф халқ комиссарлар советига, яъни унинг қошида ташкил қилинган «Музей ишлари ва қадимги ёдгорликлар ҳамда санъатни асраш бўйича Бутунроссия коллегияси»нинг зиммасига юклатилди. Кейинчалик 1918 йилнинг майида бу коллегия маориф халқ комиссарлар советининг музей бўлимига айлантирилди ва барча музейларни бирлаштириш ва уларга рахбарлик қилиш вазифаси топширилди. Шунга мувофиқ бўлимлар ва бўлимчалар қилинди. Ўзбекистондаги маориф халқ комиссарлар советлари қошида ҳам ташкилланди. Музей ишига ташкилий ва илмий раҳбарлик шу тариқа таъминланиб, жойларда алоҳида ҳар хил йўналишдаги музейларни ташкил этишга ҳам эътибор қаратилди.

Владимир Иванович Иванов

Жумладан, ҳозирги кунда нафақат Фарғона водийсида, балки Республикамиздаги эътиборли илмий–тадқиқот ва маданий–маърифий даргоҳлари қаторидан муносиб ўрин олган Наманган вилоят ўлкани ўрганиш музейи 1920 йил 20 августда Наманган шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли 1 – мактаб физика ўқитувчиси Владимир Иванович Иванов ташаббуси билан барпо этилган. Ушбу мактаб музейида дастлаб физикадан ўқув асбоблари жамланган. Кейинчалик Иванов раҳбарлигида мактабнинг юқори синф ўқувчилари ўлка табиати, тарихи, этнографиясига оид экспонатларни олиб келиниши билан Наманганда ўлкашунослик музейини алоҳида ташкил этиш учун оммавий суръатда иш бошланди.

         Туркистон Республикаси халқ комиссарлар советининг 1918 йил 19 апрелдаги декрети билан Тошкентдаги княз Николай Рамоновнинг мажмуалари давлат мулки деб эълон қилинди. Унинг данғиллама ҳовлиси халқ музейига айлантирилди. Шу декретга асосан Наманган шаҳрининг марказидаги савдогар Ҳамдам Қаландаров дўкони биноси музейга ажратиб берилди.

         Наманган ўлкашунослик музейини ташкил бўлган дастлабки йилларда жамғарма фонди, бўлим ва экспозицияларни очиш учун етарли экспонатлари ҳам йўқ эди. Асосан кўпчилиги геология, минерология ва зоологияга тегишли бўлиб, хазина фондида 1000 га етмаган экспонатлар бор эди, холос. Булар ичида қисман маҳаллий аҳолининг уй – рўзғорида ишлатиладиган этнография буюмлар учрарди.

         Дастлабки йиллари иш ташкилий хусусиятга эга бўлган, йиғиб келинган экспонатларни тартибга келтириш, китобларни жой–жойига қўйиш талаб этиларди. Музейнинг биринчи директори В.И.Иванов ўзи физика ўқитувчиси бўлганлиги учун биз юқорида айтганимиздек экспонатлар тўплаш ва музейнинг айрим хазина – фонд ишларини тартибга келтиришда мактабнинг юқори синф ўқувчилари ҳамда рус муҳожирлари Фотиҳа Макаева, кейинчалик Хусан Макаевлар ҳам иштирок этганини кўрамиз.

         В.И.Иванов раҳбарлигида музей ишларини илмий асосда қилиниб, ҳар йили вилоятнинг чўл, тоғ зоналарига, яъни Нанай, Мамай, Чодак, Ғова, Косонсойга илмий экскурсиялар уюштирилиб, ўлкамиз табиатига, тарихига, маданияти ва ҳунармандчилик санъатига оид буюмлар йиғилиб, уларга илмий ишлов берилиб хазина–фонд бойитиб борилди. Натижада 1922 йилда музей экспонатлари сони 900 тага етади. Ташриф буюрувчиларнинг 500 нафардан ортган. Тарихий осори атиқалар тўплашда шаҳар аҳолиси қўлидан келганича ўз ёрдамини кўрсатади.

         1923 йилга келиб музейда қўйидаги бўлимлар бўлган: 

1. Зоологияга оид.

2. Минерологияга оид.

3. Анатомияга оид.

4. Нумизматикага оид.

5. Ўқув қуроллари бўлимларидан иборат бўлган. 

         1920 – 1927 йилларда В.И.Иванов мудир эди. Фақат иккита штат: мудир ва фаррош, қоравул бўлган холос. У бир вақтнинг ўзида ҳам маъмур, ҳам илмий ходим вазифасини бажарган. Унинг илмий хусусияти ҳақида қўйидаги хужжат гувоҳлик беради:

         «1922 – 27 йилларда музей томонидан илмий характердаги қўйидаги ишлар кўзда тутилган:

а) Этнография бўлимини маҳаллий аҳолининг кийим–кечаклари билан тўлдириш, уй–рўзғор буюмлари яъни идиш–товоқ коллекциясини тўлдириш, Чуст ҳунармандлари маҳсулотлари эркак ва аёл дўппилари ҳамда пичоқлари коллекциясини бойитиш;

б) Табиатшунослик бўйича коллекцияни тўлдириш мақсадида ёз фаслида вилоятнинг Чуст, Янгиқўрғон ва Косонсой туманларига экскурсия уюштириш;

в) Маҳаллий аҳолининг турмуш тарзини ҳунармандчилик санъатини, савдо – сотиқ ишларини, меҳнат – фаолиятини акс эттирувчи фотосуратлар кўргазмасини ташкил этиш;

г) Аҳоли ҳадя қилган сопол буюмлар коллекциясини тартибга келтириш;

д) Аҳолидан нумизматикага оид (тангалар) экспонатларни йиғиб олиш ва уларни даврлаштириш ишларини амалга ошириш ва бошқалар».

Музей тарихида Иномжон Низомбоев сезиларли из қолдирган. У музейга 1927 йилдан 1937 йилгача мудирлик қилган. 1930 йилга келганда музей хазина фондидаги экспонатлар сони 3000 тага, зиёратчилар ташрифи 20 мингга етди. Айниқса, Иномжон Низомбоев саъй–ҳаракатлари билан шу йил Наманганда ташкил этилган ҳосил байрами муносабати билан шаҳар ҳунарманд бирлашмалари томонидан ишлаб чиқилаётган маҳсулотлар кўргазмаси бўлди. Кўргазма якунидан сўнг уларнинг кўп қисми музей хазина – фондига ҳадя этилиши ўз – ўзидан экспонатлар сони ортиб боришига имкон туғдирди.

30 – йилларда музей фаолиятида рўй берган ўзгаришлар кун тартибига малакали кадрлар тайёрлаш масаласи қўйилди. Музейларнинг 1 съездида (1930 йил 1 декабрь Москва) уқтириб ўтилганидек, бу айни муҳим масала эди, чунки музейшунослик илми музей иши билан чамбарчас боғлаб олиб бориш санъатини талаб қилади. Ҳар бир музейда икки илмий соҳа мавжуд:

Биринчиси, унинг илмий ихтисоси билан белгиланади. Тарих фани – тарих музейида, адабиётшунослик адабиёт музейида, санъат – санъатшунослик музейида ўрганилади. 

Иккинчи, соҳа эса комплектлаш, экспонатларни сақлаш, таъмирлаш, илмий тавсифлаш, экскурсия, экспозицион санъат назарияси ва методикаси. Шунингдек, музей фаолиятининг бошқа шакл ва услубларини ўрганувчи музейшунослик ҳам мавжуд. Ҳар куни ва ҳар соатда музейнинг илмий ходими гоҳ экспозициячи, гоҳ экскурсавод ёки адабиётшунос, гоҳ у ёки бу музейнинг тадбир ташкилотчиси сифатида намоён бўлади. 

Иномжон Низомбоев.

Вилоят ўлкани ўрганиш музейи илмий ходимларининг вазифаси янада оғирроқ эди. Улар ўз ўлкаларининг тарихи, иқтисодиёти, маданиятидан яхши хабардор бўлишлари, шу асосда моддий буюмлар йиғиб, экспозиция яратишлари лозим эди. Аммо, бошқа музейлардаги сингари Наманган вилоят ўлкани ўрганиш  музейи ҳам биз таҳлил қилаётган даврларда малакали кадрлар билан таъминлаш масаласи оғир эди. Шунга қарамай 30–40-йилларда музей тараққиётида самарали ишлар амалга оширилди.

Масалан, 30–йиллардан кейин музей жамоаси Наманган аҳолисини, айниқса мактаб ўқувчиларини табиатга қизиқишларини ҳисобга олиб, соҳага оид экспонатлар тўплаш ва намойиш этишга эътиборни кучайди. «Ўлкамизнинг географик тузилиши», «Аҳолиси», «Тупроқлари», «Иқлими», «Сув манбалари», «Тоғ манзараси» каби мавзуларда ёзма маълумотлар тўпланди. Турли–туман ўсимликлардан гербарийлар йиғилди ва ҳашоратлардан коллекция тўпланди. Бу давр учун энг ҳарактерлиси илмий ходимлар томонидан парранда ва ҳайвонлардан тирик бурчак ташкил қилинди. Кейинчалик парранда ва ҳайвонларни қотирмалари тайёрланди. Уларга маълум илмий ишлов берилгандан кейин хазина–фондга, ҳамда кўргазма залларига ўтказилди. 

Музей заҳматкашларидан бири Ҳайдар Зокиров 1927 йилдан бошлаб музейда тарих бўлимининг мудири бўлиб ишлади.

 

 

 

Ҳайдар Зокиров. 

1937 йилдан 1952 йилгача музейга мудирлик қилган. Орада, яъни 1942 йилдан 1943 йил май ойигача иккинчи жаҳон уруши жангоҳларида душманган қарши курашди. Қайтиб яна музей директорлиги лавозимида ишни давом эттирди. 1944 йилда унинг ташаббуси билан музейда Улуғ Ватан уруши бўлими очилди. Ҳайдар Зокиров 1952 йилдан халқ ижоди уйига ишга ўтди.

1938 йилда музей кўргазма залларини қайта жиҳозлаш мақсадида вақтинчалик беркитилди. 1939 йилда музейда қўйидаги

- Табиат;

- Тарих;

- Социализм қурилиши каби бўлимлар ташкил этилиб, яна музей ўз ишини давом эттирди:

1940 йил музей эскпонатлари сони 10,000 тага борди. Ўлкамиз табиатига, халқларимиз тарихий ёдгорликларига, меъморчилигига, бадиий амалий санъатига, шўролар замонидаги халқ маорифи, тиббиёти, маданй ҳаётга оид экспонатлар фондга тўпланган бўлиб, Фарғона водийси музейлари ичида муносиб ўрин эгаллади. Музейга кирувчилар 23,000 кишига етди.

1941 йил 22 июнда фашистлар германиясининг ҳужуми билан иккинчи жаҳон уруши гирдобига собиқ СССР халқлари ҳам тортилди. Оқибатда музей ўз фаолиятини вақтинча тўхтатди. 1943 йил 8 сентябрда Ўзбекистон Олий Советининг Наманган вилоятини ташкил этиш бўйича ташкилий қўмитаси томонидан Наманган вилоят ўлкашунослик музейини қайта очиш тўғрисида қарор қабул қилинди. (1939 йилда қайта ташкил этилган шаҳар ўлкашунослик музейи базасида). 1945 йил 20 октябрдаги Ўзбекистон ССР халқ коммисарлар Кенгашининг 1766-сонли қарори билан Наманган вилоят ўлкашунослик музейи Наманган вилоят халқ маорифи бўлимидан Наманган вилоят маданий–оқартув муассасалари бўлими тасарруфига ўтказилган. 

 

 1960 йилнинг 25 январида Ўзбекистон ССР Олий Совети Президуми фармонига биноан Наманган вилояти тугатилиши муносабати билан вилоят ўлкашунослик музейи ҳам айни вақтда Андижон вилоятига бўйсунувчи Наманган шаҳар ўлкашунослик музейига айлантирилган. 

 

 

 

  

 

 

Набижон Аҳмедов

Шу ўринда таъкидлашимиз керакки, 1952 йилдан 1960 йилгача музейга Набижон Аҳмедов директорлик қилган бўлиб, у кишининг саъй-ҳаракатлари, тинимсиз изланишлари, ташкилотчилик қобилияти туфайли бу ерда катта ишлар амалга оширилади. 

Музейнинг табиат бўлимини экспонатлар билан бойитишда 1947 – 1971 йилларда фаол ҳисса қўшган Иван Иванович Маленковнинг хизматлари катта бўлди. У музейда табиат бўлими мудири, илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, 1964 йилда музей директор вазифаларида ишлаб, музей тараққиётига фаол ҳисса қўшди.

 

 

  

  

 

 

Иван Иванович Маленков

1965 йил 30 мартидан 6 октябригача Обиджон Камалов музейда вақтинчалик директор вазифасини бажара бошлади 1965 йил 7 октябридан 1970 йилга қадар яна И.И.Маленков музей директорлигини давом эттирди. У 1966 йилда музейда қўшимча санъат бўлими ташкил этилишига асос солди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Обиджон Камолов

1967 йил 18 декабрда Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиумининг фармонига биноан Наманган вилояти қайта тикланди. Натижада 1968 йилда Наманган шаҳар ўлкашунослик музейи Наманган вилоят маданият бошқармаси тасарруфидаги вилоят ўлкани ўрганиш музейига айлантирилади. Музей таркиби; раҳбарият, фонд бўлими, оммавий ва илмий–оқартув ишлар бўлими, кутубхонадан иборат бўлган. Бухгалтерия–ҳисобот бўлими 1965 йилгача фаолият олиб борган. Марказлаштирилган бухгалтерия–ҳисобот тизими ташкилланиши муносабати билан бухгалтерия ҳисобот бўлими қисқаради.

Наманган вилоят ўлкани ўрганиш музейи илмий муассаса мақомида қўйидаги фаолият турини олиб борган;

- Ўлка табиати ва тарихини ўрганиш;

- Ўлка табиий ресурслари намуналарини йиғиш, тарғиб қилиш;

- Табиат ҳақидаги илмий билимларни тарқатиш;

- Меҳнаткашларни ватанга меҳр – муҳаббат рухида тарбиялаш ишларига кўмаклашиш ва бошқалар.

1970 йилдан бошлаб музей илмий ходимлари ҳар бир уруш қатнашчиси хонадонида бўлиб, улар хотирасини ёзиб, орден, медаллари, хат, сурат ва бошқа ашёларини олиб келиб, экспозицияларни янада бойитишди.

 

 

 

(ўнгдан чапга) Турғунбой Байханбаев, Икромжон Акбаров 

Юқоридаги ишларни амалга оширишда 1971 – 1976 ва 1978-1979 йилларда музей директори вазифасида ишлаган Икромжон Акбаровни, музей ходимлари, Томильченко Т.П, Ж.Тўраханов, Т.Бойхонбоев, А.Шукуров, Э.Миржалолов, И.Усмоновларнинг хизматлари салмоқли бўлган. Шу ҳаракатлар натижасида 1976 йилда мазкур даргоҳ иккинчи тоифали музейлар қаторига кирган. 

Бундан ташқари ўша пайтда вилоятимизнинг айрим хўжаликларида, Наманган туманидаги собиқ «Ленинград» колхози, Янгиқўрғон туманидаги «Ульянов» номли колхозларда ҳам Шон-шуҳрат уйлари 1974 йили тажриба сифатида ташкил этилган эди. 1975 йили эса вилоятимиздаги барча хўжаликларда ташкилот, корхона, ўқув юртларида оммавий тарзда ташкил қилинди. Бу ишда музей ходимлари ҳам фаол иштирок этишди. 

 

 

 

 

 

 

 

Музейни аввалги биносида Бангладешлик меҳмонлар музей ходимлари билан (1979 йил)

Шу ўринда 1971 йил 6 августдан 2001 йилгача музей фотографи (сураткаши) бўлиб ишлаган Жўрахон Тўрахоновнинг хизматлари алоҳида таҳсинга сазовордир. Жўрахон ака камтар, билимдон, ўз ишининг моҳир устаси сифатида нафақат музей тадбирларидан лавҳалар олиш, музейдан ташқарида археологик ёдгорликларни олимлар томонидан тадқиқ қилинишларда мунтазам ўзи ҳам қатнашиб, топилган ноёб – нодир буюмларни суратга олиш билан музей экспонатларини бойитишдан тиниб–тинчимас инсон сифатида тилга олинадилар. Жўрахон ака музей раҳбари Икромжон Акбаров тўғрисида хотирлаб «У киши ходимларга нисбатан ўта талабчан эди. Шунингдек, ходимларнинг талабини ўз ўрнида қондириш хислатлари билан ажралиб турардилар. Бу эса интизомни ходимлар ўртасида қатъий интизом ва ишчанликни ўрнатилишига омил бўлган»-дейдилар.

1977–1978 йилларда тажрибали география ўқитувчиси ўлкашуносликни жонкуяр изланувчиси, Наманган шаҳридаги 40-ўрта мактабда ташкил этилган музей асосчиси Абдулла Нуриддинов музейга икки йилгина директорлик қилдилар.

Аммо, шу қисқа фурсат ичида вилоят ўлкани ўрганиш музейи табиат ва археология бўлимларининг ривожланишини кузатамиз. Шунингдек, ёшлар билан гавжум бўлганлигини ҳамма катталар ҳам эслашади. Абдуллажон Нуриддинов жонкуяр устоз ҳамда янги экспозиция кўргазмаларини ташкил этиш билимдони бўлганлиги учун мунтазам равишда «Қушлар байрами» ўқувчи ёшларни кўпроқ ўзига жалб қилувчи кўнгилочар тадбирлар, мулоқотлар ўтказилиши билан илмий ходимлар илмий оммавий, маърифий ишларга шунингдек, фонд ишларига катта эътибор қаратганлар.

 

 

Абдуллажон Нуриддинов

1979 йили музей ҳаётида катта из қолдирган. Чунки, июль ойида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш соҳасида бутуниттифоқ миқиёсидаги семинар ўтказилди. Наманган вилоят Шон-шуҳрат уйида олиб борилган ишларга юқори баҳо берилди. Собиқ Совет Иттифоқи маршали В.И.Чуйков келиб семинарда иштирок этди. У Сталинград жангида 62-Армия Қўмондони бўлган эди.

Орадан кўп ўтмай жамоатчилик музейларига амалий ва методик-услубий ёрдам беришни янада яхшилаш мақсадида метод бўлим ташкил қилинди. Бўлимлар сони 8тага етди. Бу:

- Табиат бўлими;

- Инқилобгача бўлган давр бўлими;

- Совет даври бўлими;

- Улуғ Ватан уруши даври бўлими-Шон-шуҳрат уйи;

- Санъат бўлими;

- Фонд-хазина бўлими;

- Метод бўлими;

- Илмий оқартув ишлари бўлимларидан иборат эди.

Шу ўринда музей иши учун бутун қалби, билими ва кучини фидо этиб ишлаган ажойиб жонкуяр тарихчи Юсуфжон Исмоилов фаолияти тўғрисида икки оғизгина гапириб ўтишни жоиз деб топдик. Юсуфжон Исмоилов 1979 йилдан музейнинг услубият бўлимида катта илмий ходим лавозимида иш бошлаб, орадан кўп ўтмай «Амалий санъат бўлими» мудири, «Инқилобгача бўлган давр бўлими» мудири ва «Услубият бўлими» мудири лавозимларида 1985 йилгача ишлади. У ўз ишининг билимдони, фидоийси эди. Буни биз қуйидаги унинг қаламига мансуб музей иш фаолиятига бағишланган илмий-услубий қўлланмалари мисолида кўришимиз мумкин. Жумладан, 1981 йилдан бошлаб, «Жамоатчилик музейлари учун услубий кўрсатмалар» рисоласини босмадан чиқарди. 1982-1985 йилларда бир нечта илмий-услубий тавсияномалар, плакатлар, илмий маърузалари нашр этилди.

Вилоят «Жанговар ва меҳнат шуҳрати уйи» (ҳозирги Хотира ва қадрлаш уйи)да иш фаолиятини давом эттириб, юздан ортиқ жамоатчилик уй-музейларини паспортлаштирди. Поп ва Янгиқўрғон туман марказлари, Чодак қишлоғида уй музейларини ташкил этишда экспозиция муаллифи бўлди. 1995 йил эса Наманган шаҳар «Шон-шуҳрат уйи»ни ташкил қилинишида экспозиция муаллифи ва уни амалга оширилишида бевосита ташаббус кўрсатиш орқали музей тарихида алоҳида из қолдирган ходим сифатида тилга олинади.   

Ҳамидхон Дадабоев 1979–1986 йил ноябрига қадар музей директори сифатида жуда катта ташкилий-маданий ишларни амалга оширди. Бизга маълумки, 1920-30 йилларда динга қарши курашнинг кескин, оғир хатоларга тўла сурони халқимизнинг асрлар давомида юрак тўрида асраб-авайлаб келган қўлёзмаларини ҳамда юксак меъморчилик намуналари бўлган масжиду-мадрасалар, работу-мақбараларни ер билан яксон қилиб ташлади. Сақланиб қолганларидан эса турли мақсадларда омборхона, кичик шоҳи-атлас тўқиш корхоналари сифатида фойдаланиб келинган эди. 1980 йиллардан кейин қадимий меъморий обидаларга бўлган муносабат ўзгариши билан ароқ, вино омборхоналари сифатида қадрсизланиб келинаётган меъморий обидалар ўзини қайта қаддини ростлай бошлади. Буни биз 1984-1985 йилларда Наманган шаҳрида ташкил этилган маънавий-маърифий ишларда кўришимиз мумкин. Жумладан, Наманган шаҳридаги Мулла Қирғиз мадрасасида «Адабиёт музейи» ўз фаолиятини бошлаган бўлса, Хўжамнинг мақбараси, Атауллихон тўра масжиди биноларида вилоят ўлкани ўрганиш музейи санъат бўлимлари жойлаштирилиб у ерда санъат кўргазмалари ташкил этилган эди. 

Айниқса, бу даврларда музейнинг ҳозирги фаолият олиб бораётган янги биносини лойиҳа-сметасини тайёрлаш ва амалга ошириш масаласи Ҳамидхон Дадабоевга тинчлик бермас эди. Ўша йиллари Наманганда музей учун 3 қаватли замон талабидаги мослаштирилган бинони қуриш анча мушкул эди. Сабаби қурилиш лойиҳа сметаси бир миллиондан кўп бўлган қурилиш ишлари лойиҳасига марказдан (Москва) рухсат олингандан кейингина амалга ошириш мумкин эди. Музей биносининг дастлабки лойиҳа сметаси бир миллион икки юз саксон минг сўмга режалаштирилган эди. Аммо, марказнинг қаршилигига учради. Охир оқибат музей биносининг лойиҳа сметасини тўққиз юз етмиш беш минг сўм қилиб белгиланиши билан Республика миқиёсида тасдиқланиб, 1986 йилда қурилиш ишлари бошланиб, 1987 йилда янги музей биноси қуриб битказилди.

 Музейнинг янги биноси кўриниши

Музейнинг ҳозирги янги биноси қурилишида вилоятнинг бир қатор раҳбар ходимларининг хизматлари катта бўлган. Жумладан, вилоят партия комитетининг биринчи котиби Назир Ражабов, вилоят ижроия комитетининг раиси Ботирали Ҳакимов, вилоят маданият бошқармаси бошлиқлари бўлиб ишлаган Умархон Иминов, Ҳафиза Аҳмедова, Санъат Зиёеваларнинг саъйи-ҳаракатлари алоҳида ҳурматга лойиқдир. Шунингдек, музей биносини қуришга сардорлик қилган прораб Маҳмуджон Сайдуллаевни қурувчилик санъати ҳозирда шаҳримиз меҳмонлари ва вилоят аҳли томонидан эъзоз билан тилга олинмоқда.      

 Яна бу дарвнинг ўзига хос характерли томони шундаки, бу даврда музейда ўз ишини билимдонлари, ўз касбига меҳр қўйган инсонлар ишлаганлиги ҳурмат билан тилга олинади. Жумладан, санъат бўлимида Лопатинская Людмила Петровна (1977-1991), музей хазина–фонд бўлими мудири Томильченко Таиса Петровна, илмий ходим Багаева Т.Ю., совет даври бўлимида Солиев Н, Абдуллаева М, Нишанова М, Мирзаахмедов А, санъат бўлимида М.Акрамов, метод бўлимда Ю.Исмаилов, шон-шухрат уйида З.Дадабоев, тарих бўлими мудири Исоқжон Усмонов, табиат бўлимида Эргашали Миржалолов ва бошқалар музей ривожи учун салмоқли хисса қўшганлар. 

Вилоят ўлкани ўрганиш музейи янги бинога кўчиб ўтишдан аввал 1984-1987 йилларда эски турмани ўрнида КГБ идорасида жойлашиб, фаолият кўрсатиб келган. 1987 йилда Ўктамжон Рустамов директорлиги даврида ҳозирги янги бинога кўчиб ўтган. Ўктамжон Рустамов 1986-1988 йилда музейга раҳбарлик қилган. Бу даврда музейнинг табиат бўлимида бир қатор ибратли тадбирлар, кўргазмалар амалга оширилди. Айниқса, бу даврда музей ёшлар билан гавжум бўлганлигини, мунтазам равишда «Қушлар байрами» ва бошқа ўқувчи ёшлар тадбирлари амалга оширилганлигини гувоҳи бўламиз.

 

 

(ўнгдан чапга) Академик Ахмадали Асқаров, музей директори Абдужалил Ғаниев 

1988 – 1994 йилгача Абдужалил Ғаниев музейга раҳбарлик қилдилар. Бу даврда, яъни 1988 йилда музей учун типовой лойиҳа бўйича ҳозир Нодим Намонгоний кўчасида йирик бино қурилди. 1970 – 1988 йилларда музей экспонатларга ниҳоятда бой бўлган илмий даргоҳга айланади. Бу ерда Республикамиз, вилоятимиз табиати, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини акс эттирувчи ранг – баранг экспозициялар мавжуд эди.

 

1994 – 1997 йилларда Авазбек Қирғизбоев музей раҳбари, илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Саидахон Муҳаммадиевалар турли тадбирлар, учрашувлар ташкилотчиси сифатида, илмий ходимлар Т.Бойхонбоев, И.Якубжанов, Ибрагимов ва бошқалар ташаббускорлиги билан ажралиб турарди.

 

 

 

 

 

 

(ўнгдан чапга) А.Бўстонов, И.Ёқубжонов, А.Қирғизбоев, С.Муҳаммадиева.

1997 – 2000 йилларда Саидахон Мухаммадиева музейга раҳбарлик қилди. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Саидахон Муҳаммадиева эл корини ҳамма нарсадан устун қўювчи инсон эди дея хотирлашади касбдошлари. У 1946 йили зиёлилар оиласида дунёга келди. Ўрта мактабни битириб, Наманган Давлат педагогика институтининг рус тили ва адабиёти факультетини тугаллаб, Наманган шаҳрининг Шўро худудида жойлашган 14–мактабга ишлай бошлади.

Кейинчалик қаерда бўлса ҳам ўз вазифасига сидқидилдан ёндошди. Шу боис уни халқ таълими раҳбарлари «Гўзал» массивида жойлашган 35 – бошланғич мактабга директор қилиб тайинлашди. У бу топшириқни ҳам бажонидил қабул қилди ва мактаб опанинг тиришқоқлиги, ташкилотчилик маҳоратининг юқорилигидан кўп ўтмай ўрта мактаб даражасига кўтарилди. 

Саида опадаги жўшқинлик, ўлка тарихига қизиқиш 1987 йили вилоят ўлкани ўрганиш музейига етаклаб келди. Шу йилдан бошлаб музейнинг оммавий бўлимини бошқара бошлади. Музейда ўтказиладиган барча тадбирларда фаол иштирок этиб, бир нечта кўргазмалар уюштирди. Музей жамоаси вакили Саидахон опа 1997 йили Москвага малака ошириш учун ўқишга юборилди. У ўзининг тиришқоқлиги, жонкуярлиги боис бўлим мудирлигидан илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, сўнгра музей директори лавозимларига кўтарилди.

 

 

Саидахон Муҳаммадиева

Аёл кишининг, айниқса ўзбек аёлининг раҳбарлик лавозимида ишлаши оғир ва масъулиятли. Лекин, у ана шу масъулиятнинг уддасидан чиқди. Бир–биридан ширин–шакар, қобил 2 қиз, бир ўғилни тарбиялаш билан бирга музей ривожи учун бор билим ва куч-қувватини сарфлади.     

Ана шу пайтда ходимларнинг фаол меҳнатлари самараси эвазига музей 1998 йилда биринчи тоифали музейлар қаторига кирди. 1998 йили музей раҳбари Саидахон Муҳаммадиева бошчилигида иккинчи қаватда табиат бўлимини жиҳозлаш ишлари бошланди. Вилоят рассомлар уюшмасининг Т.Ашуров бошчилигидаги мусаввирлар гуруҳи кўргазма залларини ўзгача бир кўринишда безади.

1997 – 1999 йилларда музейда қўйидаги бўлимлар мавжуд эди:

         Табиат, оммавий-оқартув, илмий услубиёт, ҳозирги замон, тарих, санъат, хазина, жанговар шон–шуҳрат (ҳозирги «Хотира ва қадрлаш уйи), «Машраб уй музейи» бўлимлари.

         2000 – 2002 йилларда Каҳрамон Асқаров музей раҳбарлиги даврида музей хазина – фондини тўлдириш ишларига катта эътибор қаратилди. Натижада 2002 йилда музей хазина ва кўргазма залларидаги экспонатлар сони 62,771 донани ташкил этди. 

         2002 – 2004 йил августгача Ҳамидхон Дадабоев музейга раҳбарлик қилди.  Назаримда, турли тоифадаги одамлар бор. Шулардан бир тоифаси бутун дунё ғами билан яшайди. Уларнинг қилган иши элга ас қотади. Айримлар ўз мамлакати, Ватани учун куйиб-ёнади. Биров ўз шаҳри ёки тумани, кимдир ўз қишлоғи ва маҳалласининг ғами билан яшайди. У ҳам ҳудудига нафи тегадиган иш қилиб, кўпчиликни хурсанд қилади.

 

 

Ҳамидхон Дадабоев 

Ҳамидхон Дадабоев ана шундай одамлар сарасига киради. Мен Ҳамидхон ака билан музейга ишга келмасимдан аввал, аниқроғи у киши З.М.Бобур номидаги истироҳат боғи директор вазифасида ишлаётган пайтида хизмат юзасидан суҳбатлашган эдим. Ана шу бир маротабалик суҳбат менда у кишига нисбатан ҳурмат туйғуларини кучайтирганди. Раҳбарга хос босиқлик, камтарлик, ўз ишини яхши билишлик, катаю кичикни ким бўлишдан қатъий назар ҳурматлаш қобилиятига эга. Ҳамидхон акадаги инсонийлик, меҳр-оқибат ҳам ўзгача. У киши тўғрисида тез-тез музейда суҳбат қурилганда фақат ибратли тарзда тилга олинади. Музейда ишлаб нафақага чиққан касбдошларини ёйинки улар ўтиб кетишган бўлсаларда оиласини байрам арафасида ёнларига музейнинг ёши катта ходимларини олган ҳолда совға-салом билан табриклаб келишни ҳеч қачон тарк этмаган. Инсонийлик дегани шу бўлса керак-да.

         Биз юқорида айтдик, Ҳамидхон Дадабоев ўз ишини яхши биларди. Ҳақиқатдан, у киши қаерда ишламасин биринчи навбатда ходимнинг ижтимоий-оилавий, иқтисодий аҳволига катта эътибор қаратарди. Барчага яхши иш шароитини яратиб бериш билан бирга музей иши учун ҳар бир ходимдан катта масъулият билан ёндошишни талаб қиларди. Ана шунинг учун ҳам у киши раҳбарлиги даврида айниқса, 2003 йил «Обод маҳалла йили» Давлат дастурини бажариш, бу борада вилоятда олиб борилаётган ҳайрли ишларни ёритиш, тарғиб этишни ташкил этишда ҳамда музейга кўплаб ўқувчи, талаба ёшларни жалб қилишда, кўчма музейлар ташкил этишда чинакамига шахсий намуна кўрсатганлар.

         2003 – 2004 йилларда музейда табиат, тарих, санъат, услубиёт бўлимлари, хазина, маънавият, адабиёт ва қўлёзмалар секторлари мавжуд эди. Экспонатлар сони 63,118 тани ташкил этди.

         2004 – 2014 йиллар энг қайноқ йиллари бўлиб ҳисобланади, десак муболаға бўлмас. Музей тарихида тарих фанлари доктори, профессор Иброҳимжон Юнусович Юсуповнинг 2004 йил августидан музейга раҳбарлик даврининг бошланиши музейнинг ижтимоий–илмий– маърифий ва ташкилий ишларида жуда катта силжишлар бўлдиким, вилоят ўлкани ўрганиш музейи қисқа муддат ичида нафақат Фарғона водийси музейлари орасида, ҳатто Республика музейлари ўртасида алоҳида нуфузга, ўрнига эга бўлиш билан бирга Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирлигида ҳурмат билан тилга олина бошланди. Бундай шарафга эга бўлишимизда ҳурматли устозимиз, жонкуяр тарихчи олим, меҳрибон мураббий Иброҳимжон Юнусовичнинг ташкилотчилик қобилиятлари, ғайрат шижоатлари вилоят ва республикада элга танилганликларининг туфайлидир.

         Устозлар ҳақида қалам тебратиш ҳам ёқимли, ҳам масъулиятли. Ёқимли томони, шундай инсон билан яқиндан мулоқот қилган, ундан сабоқ олиб, ўгитларидан баҳраманд бўлган дамларни эслаш бўлса, иккинчи жиҳати эса ана шундай инсоннинг ҳаёт фаолиятлари, ижодлари ва ғайратларини оқ қоғозга тушириб бериш масъулиятидир.

         Ҳаётда инсон мавжудлигининг ўзиёқ катта бахт. Бироқ, ато этилган ана шу умрни ким, қандай ўтказади? Бу унинг табиатидан, яшаган, тарбия олган муҳити тақозосидан келиб чиқади: биров умр бўйи меҳнат қилади, ўзгаларга ҳамиша яхшиликни соғиниб яшайди. Элимга, юртимга бирор нафим тегса, дейди. Айримлар эса, ўз қобиғига биқиниб олади – да, фақат ўзини ўйлаб яшайди. Лекин, бундайлар эл назаридан қоладилар. Унинг номи жисми билан баробар ўтади. 

         Лекин катта қалб эгаси Иброҳимжон Юнусович бутун умрини халқи бахт-саодати, юрти равнақи учун сарф этган, аввало устоз, жонкуяр ва ғамхўр раҳбар, тиниб–тинчимас, ғайратли, ташкилотчи ходим, илм–фан тарғиботчиси. Музейшунос, бир қатор орден, медал ва ташаккурномалар соҳибининг тўла ҳаёт йўли ёшларимиз учун ибрат мактаби бўлиши шубҳасиз.

Одам боласининг дунёга келиб, яшаб, ўтгунгача умрини икки эшик орасига менгзаймиз. Таниқли ёзувчимиз таъбири билан айтганда, биров унга биттагина бўлсада, ғишт қўйиб ўтади, айримлар эса ундан юлиб ўтади. Гоҳида биз босиб ўтаётган йўллар, ҳар куни ёки кун ора кириб чиқадиган бино, ёки оддийгина гулзор, ёки соя–салқин бериб турадиган ҳушманзара дарахтларга эътибор беравермаймиз. Бир пайтлар шулар бўлмагани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

 

Иброҳимжон Юнусович Юсупов

Лекин, Наманганликлар музейнинг обод, кўркам, файзли бўлишида, илмий салоҳиятини юксалишида, илмий-маърифий ҳамда оммавий ишларнинг юқори савияга кўтарилишида, музей кўргазма залларининг замон талаби руҳида қайта жиҳозланишида, музейнинг вилоят, туман, шаҳар ҳамда шаҳримизга ташриф буюрган зиёратчи меҳмонлар билан гавжум бўлишида Иброҳим Юсупов бош-қош турганлигини яхши билишади.

         Ана шундай қобилиятлари туфайли музей жамоасида ҳамжиҳатлик, ишчанлик руҳияти шакллантирилди. 2004 – 2014 йилларда музей ҳаётида улкан ишлар амалга оширилди. Жумладан, музейнинг 3 - қават кўргазмалар зали тамомила янгитдан экспозицион режа асосида қайта жиҳозлаш амалга оширилди. У ерда тарих, этнография, мустақиллик йилларида Наманган, Наманган адабий муҳити, санъати кўргазмалар залига янгича кўриниш қиёфаси киритилди. Табиат кўргазма залида эса ёшларимиз учун зарур бўлган ўлка табиатига хос экспозициялар яратилди. Шунингдек, музейнинг юраги бўлган хазина – фонд иши қайта йўлга қўйилиб, хазина–фонд хоналари мукаммал таъмирланиб, экспонатларни ўз йўналишлари бўйича жойлаштириш ишлари амалга оширилди. Замонавий шкаф, стеляжлар ҳамда компьютерлар билан жиҳозланиб хазина–фонд меъёрий хужжатларини Низом асосида юритиш амалга оширилиб келинмоқда. Айниқса, музейни том қисмини тўлиқ шиферланиши ва илмий ходимлар учун янги стол – стуллар келтирилиши, замон талабидаги оргтехника, компьютерлар билан таъминланиши музей ҳаётида катта ишлар амалга оширилишига катта имкониятлар очиб бермоқда. Натижада музейимиз водий ва республикада ўз ўрни ва салоҳиятига эга бўлиб бораётганлиги биз музейчилар учун қувонарли ҳолдир. Бу эса ўз–ўзидан музейда турли–туман тадбирлар, мулоқотлар, суҳбатлар ўтказиш учун кенг имкониятлар яратиб бериш билан кенг қамровли фуқароларни ўқувчи талаба ёшларни аждодлар меросига, Ватанга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялашдек буюк ишга манбаа бўлиб келмоқда.

Ҳаёт инсонга бир марта берилади. Ана шу ҳаётини қай тарзда яшаши, ўз ҳаётига умр гузаронлик қилиши ўз қўлида. Кимдир ўз умрини гўзал ва такрорланмас орзулар-истаклар, тилаклар, яшаш бахтининг жомидан лиммо-лим бахт шаробини симиб яшайди. Кимдир ўз умрини бемақсад ўтказиб, эзгу ишлардан мосуво бўлиши ҳам инсоннинг ўз ихтиёрида. Холбуки, яхшилик ва ёмонлик икки эшик орасидаги масофачалик бир қадамдир.

Биз ана шу умрни ибратга арзирли ўтказган ва вилоятда ҳам ўз ўрнига эга Эркин Мирзаалиев 2004 йилдан 2015 йилгача Наманган вилояти ўлкани ўрганиш музейида сектор мудири, бўлим мудири, директор ўринбосари каби лавозимларда иш юритиб фаолият кўрсатиб келмоқда.

Эркин Мирзаалиевнинг маориф, маданият соҳаларини ривожлантириш учун иш бошлаганига мана, 40 йилдан ортиқ вақт ўтибди. Бу йиллар давомида олиб борган самарали меҳнатлари инобатга олиниб, ташкилотлар, ҳокимликлар, вазирликларнинг фахрий ёрлиқлари, эсдалик совғалари билан тақдирланди, илми ва зукколиги, нотиқлиги билан элга танилди. 

2001 йилда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг “Олий таълим фидоийси” кўкрак нишони билан мукофотланди.

Наманган вилоятининг ўтмиши ва бугунги тарихи, сирли ва мўъжизакор масканлари, қишлоқлар тарихи, машҳур из қолдирган юртдошларимиз, аждодларимиз ҳаётини ёритиш борасидаги изланишлари билан китоблар ёзди ва кўплаб шогирдлар тарбиялади.

Ватин тарихига бағишланган илмий-оммабоп китоблар, рисолалар яратди-ки, улар вилоят тарихини ўрганувчи ва қизиқувчилар учун қўлланма вазифасини бажармоқда.

Эркин Мирзаалиев ҳаётининг 2004-2015 йиллар оралиғидаги фаолиятини кузатганда уни ҳали вилоятда бир тўплам ёки китоб қилиб жамланма бўлмаган долзарб мавзуларни ёритилган китоб ва рисолалар тайёрлагани ҳамда чоп эттирганини кўришимиз мумкин.

Жумладан, “Наманган вилояти археологик ёдгорликлари” (2005 йил), “Тарих-маънавият кўзгуси” (2006 йил), “Наманган вилоятининг меъморий обидалари сирлари” (2008 йил), “Ахсикент” (2009 йил) “Наманган вилояти ўлкани ўрганиш музейи: кеча ва бугун” (2010 йил), “Наманган шаҳар тарихидан лавҳалар” (2010  йил), “Нанайнома ёҳуд мозийга назар” (2013 йил), “Чодак – тарихи, тавсифи  ва васфи” (2014 йил) каби илмий монографик китобларни санаб ўтиш мумкин.

Ўзаро суҳбат чоғида Эркин Мирзаалиев устозларини тез-тез ҳурмат билан тилга оларди, Наманганни элга танитган инсонлар билан фахр-ифтихор туйғуларини шакллантириш билан бирга, уларга эҳтиром тариқасида вилоят ва республика газета журналларига барчани хабардор этиш умидида мақолалар тайёрлаб жўнатардилар. Айниқса, устози Йўлчи Қосимовни берган ўгитларини  тез-тез ёдга оларди. Эркин Мирзаалиев доимо тез-тез такрорлайдиган сўзи: “Дунё ўткинчи. Ўзлигини англаб етган, қалбига қулоқ тутган ҳар бир инсон ўзи мен бу дунёда нима иш қилдим, яна нималар қилишга қодирман, вақтим ва қурбим нималарга етади дея савол бериши керак.

Мана, ҳаёт тажрибасида кўрдик. Ҳунармандлар яратган буюмлар боқий, маънавий асарлар битганлар асарлари билан асрлар оша яшаяпти. Улар қолдирган маълумотлар биз учун манба, ёруғ юлдуз ва нарвон вазифасини бажармоқда. Шунинг учун билганларини, ўрганганларини мерос қолдириш керак, рисолалар, китоблар тайёрлаш керак.” Бешафқат ўлим Эркин Мирзаалиевни 19 март 2015 йил куни орамиздан олиб кетди. Унинг хотираси музей ходимлари қалбида яшажак.

Музей тарих, табиат бўлими экспозицияларини мавзуий яратиш ва жиҳозлашда Эркин Қорабоевни ҳам алоҳида ўрни бор. Э.Қорабоев камтар шу билан меҳнатсевар ва масъулиятли ходимлардан биридир. Уларни самарали меҳнатларини Наманган вилоят ҳокимлиги тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикасининг Давлат мукофоти «Шуҳрат» медалига сазовар бўлган. Музейлар ва шаҳар юбилейлари ҳамда кўргазмаларда ҳам фаол иштирок этиб, «Энг яхши сайрбон», «Энг ноёб экспонат эгаси» каби номенациялар ғолиблигини қўлга киритиб, музей нуфузини таъминлаган.

Бўлимда ажойиб инсон, меҳнатсевар, ишлаб чарчамас, билганларини ўзгалар билан ўртоқлашиш хислатига эга, музей иши билимдони, тажрибали тарихчи Қорабоев Эркин Собирович бўлим катта илмий ходими вазифасини бажариб келмоқда. 

Эркин ака илмга чанқоқлиги, ўтмиш тарихни билишга қизиқиши, ўлка тарихига оид ҳар бир ҳужжат, манба, китобларни ўз фарзандидек эъзозлаши, фондда сақланаётган тарихий фото суратларга қараб суҳбатлаша олиши, қадимий археологик буюмларни таърифу тавсифини яхши билиши билан ҳамиша қадрли. Зиёратчиларни ўзбек ва рус тилларда илмий, қизиқарли экскурсияларга етаклайди.

2012 йилда Чортоқ  шаҳридаги “Мучум”  МФЙ ҳудудидан топилган сопол хум жойи ва унинг тарихини ўрганиб қайтди.  Республика газета ва журналларида вилоят тарихига оид «Наманган неча ёшда?», «Мулла Бозор Охунд зиёратгоҳи», «Қадимий Чортоқнинг афсона ва тилсимлари», «Болалар дунёси газетаси»да «На Чорсу праздонавли Навруз»,  «Продолжим созидательную работу» каби мақолалари эълон қилинган.

Шогирдларидан 2 нафари вилоят олий ўқув юртларида, 4 нафари ёнма-ён  меҳнат қилмоқда. 

Фидойи ва жонкуяр маънавият тарғиботчиси сифатида вилоят фаоллари ва аҳолиси орасида ҳурмат қозонган.