Музей тарихи ҳақида

Музей тарихи ҳақида

 

Музейлар фаолияти ва вазифасидан келиб чиқиб, Наманган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи  маънавий-маърифий муассаса бўлиш билан бирга аждодлар меросини сақлайдиган, авлодларга кўрсатиб фахр ифтихор туйғуларини шакллантирувчи маскандир.

Наманган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи Наманган вилоятида 1920 йилда ташкил этилган. 1918 йил 19 апрелдаги Туркистон республикаси халқ комиссарлари советининг декретига асосан Наманган шаҳрининг марказидаги савдогар Ҳамдам Қаландаров дўкони биноси 1920 йилда музей учун ажратиб берилди. Бу музей Наманган шаҳридаги 1-мактабнинг физика ўқитувчиси Владимир Иванович Иванов ташаббуси билан ташкил этилган. Владимир Иванов 1919 йили халқ таълими нозирлигига ёзган хатида ўқувчиларга пухта билим бериш мақсадида Наманган шаҳрининг мактабларидаги барча физика ўқув асбобларини бир жойга жамлаш ва ягона физика лаборатория хонасини ташкил этишни таклиф қилган. Бу таклиф эса халқ таълими нозирлиги томонидан бажонидил маъқулланган. Маҳаллий ташкилот Туркистон оқсоқоллари Кенгаши маданият бўлимининг қарорига асосан Наманган шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфида физика музей кабинети ишга тушди. 1920 йилга келиб халқ таълими бўлими янги музейни моддий техника базасини мустаҳкамлашга эътиборини кучайтириб, экспонатлар сотиб олиш учун маблағ ажратди. Республикадаги кекса маънавий-маърифий муассаса бўлган музей мазкур бинода 1986 йилга қадар фаолият юритди.

Наманган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи ташкил бўлган дастлабки йилларда жамғарма фонди, бўлим ва экспозицияларни очиш учун етарли экспонатлар йўқ эди. Асосан экспонатлар геология, минерология ва зоологияга тегишли бўлиб, хазина фондида 1000 етмаган ашёлар бор эди. Булар ичида қисман маҳаллий аҳолини уй рўзғорда фойдаланадиган этнография буюмлари учрарди.

1920 йилда иш бошлаган ёш бу  масканда 1922 йилга келиб экспонатлари сони 900 тага етди. Музейни кенгайтириш ва экспонатлар сонини ортишида ҳамда халқ қўлидаги тарихий асори атиқаларни тўплашда шаҳар аҳолиси қўлдан келганча ўз ёрдамини кўрсатди.  Натижада 1923 йилга келиб музейдаги экспонатлар турларига қараб  қўйидаги бўлимлар ташкил этилди: 

1. Зоология

2. Минерология

3. Анатомия

4. Нумизматика

5. Ўқув қуроллари

Музей фаолиятини юритишда 1920-1927 йилларда В.И.Иванов музей раҳбари яъни мудири бўлиб, фақат 3 та штат мавжуд эди. Улар мудир ва фаррош, қоравул. Бугунги кунда музейда 68 та штат бирлиги бўлиб, улар техник ва илмий  ходимларга тақсимланган ҳолда  фаолият юритади.

Хар бир муассаса ва ташкилотни тараққиётида раҳбарнинг ўзига хос  роли бор. Худди шундай музей ривожини ва ролини оширишда 1927-37 йилларда музейга мудирлик қилган Иномжон Низамбаевнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Иномжон Низамбаев маърифатли инсон бўлиб, вилоятда маорифни ривожлантиришда ҳам улуш қўшиб, музейга тарихий экспонатларни жамлаш ва фондни тўлдиришда алоҳида жонбозлик кўрсатган. Буни исботини тарихий ҳужжатларга муҳрланган ҳисоботлардан, қайд этиш дафтарларидан ҳамда 1930 йилга келганда музей хазина фондидаги экспонатлар сони 3000 тага, зиёратчилар сони эса 20000 га етганида кўриш мумкин. И.Низамбаев саъйи ҳаракати билан Наманганда ҳосил байрами ташкил этилиб, бунда шаҳар ҳунарманд бирлашмалари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазма якунидан сўнг уларнинг кўп қисми музей хазина фондига ҳадя этилди, бу эса ўз-ўзидан экспонатлар сони ортганлигини кўрсатади.

1938 йилда музей кўргазма залларини қайта жиҳозлаш мақсадида  музей вақтинчалик ёпилади. 1939 йилда табиат, тарих, социализм қурилиши бўлимлари ташкил этилиб, жиҳозлаш ишлари тугагач, яна ўз ишини давом эттирди. 1940 йилга келиб эса экспонатлар сони 10000 тани ташкил этди.

 

Унда ўлкамиз табиатига, тарихий ёдгорликларига, меъморчилик, амалий санъат, тиббиёт, маданий ҳаётни акс эттирувчи экспонатлар жамланди. Музейга ташриф буюрувчилар сони 23000 кишини ташкил этди. 1941 йил 2-жаҳон уруши бўлаётганлиги сабабли 1943 йилга қадар музей ўз фаолиятини вақтинча тўхтатди. 1943 йил 8 сентябрда Ўзбекистон Олий Советининг Наманган вилоятини ташкил этиш бўйича ташкилий қўмитаси томонидан Наманган вилоят ўлкашунослик музейини қайта очиш тўғрисида қарор қабул қилинди ва музей ўз фаолиятини юрита бошлади яъни 1943 йилдан вилоят ўлкани ўрганиш музейида 4 та бўлимга эга бўлган ҳолда қайтадан иш бошлади. 

 

Музейни аввалги биноси (1979 йил).

Бу даврларда музейга Ҳайдарали Зокиров, кейинчалик Набижон Аҳмедов, Иван Маленков, Обиджон Камоловлар раҳбарлик қилдилар. Улар раҳбарлик қилган даврларда музей илмий муассаса мақомида:

- ўлка табиати ва тарихини ўрганиш;

- табиат ҳақидаги илмий билимларни тарғиб этиш;

- ўлка табиий ресурслари намуналарини йиғиш ва тарғиб этиш;

- вилоят аҳлини Ватанга меҳр ва муҳаббат рухида тарбиялаш ишларида кўмаклашиш каби фаолият турларини олиб борилди.

1970 йилдан бошлаб музей илмий ходимлари этнографик маълумотлар ҳамда экспонатлар йиғиш ишларини кенгайтиришди. Натижада жуда кўплаб Наманган вилоятида раҳбарлик қилган ва фронтда қаҳрамонлик кўрсатган инсонлар тўғрисида маълумотлар жамланди.

Наманган вилоятидаги маданий муассасалар ва улар бинолари текширувдан ўтказилганда  Наманган вилоят ўлкашунослик музейига ҳам бино ажратиш кераклиги таъкидланди ва музей учун  ер ажратиш ва янги махсус бино барпо этиш масаласи  вилоят ҳокимлигининг кун тартибига киритилди.

Наманган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи учун янги бино қурилишида бир қатор раҳбар ходимларнинг хизматлари катта бўлган. Жумладан, вилоят партия комитетининг 1-котиби вилоят ижроия комитетининг раиси Ботирали Ҳакимов, вилоят маданият бошқармаси бошлиқлари Умархон Иминов, Ҳафиза Аҳмедова, Саноат Зияеваларнинг сайи ҳаракатларини алоҳида таъкидлаш мумкин.

1987 йилда Наманган шаҳрининг Нодим Номонгоний кўчасида қад ростлаган музей учун махсус лойиха асосида 3 қаватдан иборат кўркам бино барпо этилиб, Ўктамжон Рустамов раҳбарлиги даврида бу бинога кўчиб ўтилди.

 Ходимларнинг жонбозликлари ва самрали меҳнатлари натижасида музей 1998 йилда 1-тоифали музейлар қаторига кирди. Бу йили унинг директори Саидахон Муҳаммадиева бошчилигида 2-қаватда табиат бўлимини жиҳозлаш ишлари бошланди. Вилоят рассомлар уюшмасининг Т.Ашуров бошчилигидаги мусаввирлар гуруҳи вилоят табиатини очиб бериш учун ажратилган кўргазма залларини ўзгача бир кўринишда безадилар. Кейинги йилларда табиат бўлимини вилоятимизнинг табиати, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси намуналари ва турли мавзуларга оид диораммалар, витриналар билан жиҳозлаш ишларини олиб боришда Эркин Қорабоев раҳбарлигида фаолият юритган илмий ходимларни хизматлари беқиёсдир.

Иброҳимжон Юнусович Юсупов 2004 йил августидан Наманган вилоят тарихи ва маданияти музейига директор бўлиб тайинланди. Шу кундан бошлаб музейнинг илмий салоҳиятида тубдан ўзгаришлар ясалди, музей тараққиётида ривожланиш босқичига кўтарилди.

 

Умуман олганда Ватан остонадан бошланади. Шу Ватан тарихи, маданияти, урф-одати, маросими, анъаналарини билиш, ўрганиш ва келажак авлодга етказиш барчамизнинг бурчимиздир. Бу борада Наманган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейида ибратли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

         Жумладан, И.Юсупов, Э.Мирзаалиевлар муаллифлигида «Наманган вилояти меъморий обидалари сирлари» (2008), «Ахсикент» (2009), «Наманган шаҳар тарихидан лавҳалар» (2010) чоп этилиб кенг китобхонлар оммасига тақдим этилди.